Эзра

Эзра

Шоҳ Куруш яҳудийларга Қуддусга қайтиш учун ижозат беради

1 Форс шоҳи Куруш ҳукмронлигининг биринчи йилида Эгамизнинг Еремиё орқали билдирган сўзлари бажо бўлиши учун, Эгамиз шоҳ Курушнинг юрагига Қуддусдаги Маъбадни қайта қуриш истагини солди. Шундай қилиб, Куруш ўз шоҳлигининг ҳамма томонига хабарчилар жўнатди ва ёзма фармонда қуйидагиларни эълон қилди:

2 “Форс шоҳи Куруш шундай демоқда: Самовий Худо — Эгамиз ер юзидаги жамики шоҳликларни менга берган. У Яҳудо юртидаги Қуддус шаҳрида Ўзига бир уй қуришни менга топширди.

3 Худонинг халқидан бўлганларга мен ижозат бераман: улар Қуддусга боришлари ва Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг уйини қайта қуришлари мумкин. Қуддусда сажда қилинадиган Худо Удир. Исроил халқига ўзларининг Худоси ёр бўлсин.

4 Сургундаги яҳудийлар яшайдиган ҳамма жойда шундай деб эълон қилинсин: Қуддусга қайтмайдиган яҳудийлар қайтадиган яҳудийларга ёрдам берсин. Уларга кумуш, олтин, сафар учун зарур буюмлар ва чорва беришсин. Булардан ташқари, Худонинг Қуддусдаги уйи қайта қурилиши учун кўнгилдан чиқариб назрлар беришсин.”

5 Шундай қилиб, Яҳудо ва Бенямин қабилаларининг уруғбошилари, руҳонийлар ва левилар, шунингдек, Худо руҳлантирган ҳар бир одам Эгамизнинг Қуддусдаги уйини қайта қуриш учун сафарга тайёрланди.

6 Барча қўшнилари уларга чин кўнгилдан чиқариб назрлар бердилар. Булардан ташқари, кумуш идишлар, олтин, сафар учун буюмлар, чорва ва бошқа қимматбаҳо ҳадялар бериб ёрдам қилдилар.

7 Шоҳ Куруш Эгамизнинг уйига тегишли бўлган буюмларни олиб келишни буюрди. Бу буюмларни шоҳ Навухадназар Қуддусдан олиб келиб, ўзининг худолари уйига қўйган эди.

8 Шоҳ Куруш бу буюмларни хазинабон Митрадот назорати остига топширди. Митрадот эса буларни санаб, Яҳудо йўлбошчиси Шашбаззарга берди.

9 Буюмларнинг рўйхати қуйидагича эди:

олтин тоғорачалар — 30 та

кумуш тоғорачалар — 1000 та

бошқа идишлар — 29 та

10 олтин косалар — 30 та

кумуш косалар — 410 та

бошқа буюмлар — 1000 та.

11 Олтин ва кумуш буюмларнинг жами 5400 та эди. Шашбаззар бошқа асирлар қаторида Бобилдан Қуддусга қайтиб кетаётганда, бу буюмларнинг ҳаммасини ўзи билан олиб кетди.

Сургундан қайтиб келганларнинг рўйхати

1-2 Бобил шоҳи Навухадназар асир қилиб олиб кетган яҳудийларнинг бир қисми Қуддусга ва Яҳудо юртидаги ўз шаҳарларига қайтиб келиб, ўрнашдилар. Улар Зарубабел, Ёшуа, Нахимиё, Сараё, Ралиё, Мардохай, Билшон, Миспар, Биғвай, Рахум ва Банах бошчилигида қайтиб келган эдилар.

Исроил уруғлари ота–боболари бўйича рўйхат қилинади

Сургундан қайтиб келган Исроил эркакларининг сони қуйидагича эди:

3 Парўш уруғидан — 2172 нафар эркак.

4 Шафатиё уруғидан — 372 нафар эркак.

5 Орах уруғидан — 775 нафар эркак.

6 Пахатмўаб, яъни Ешува ҳамда Йўаб уруғларидан — 2812 нафар эркак.

7 Элам уруғидан — 1254 нафар эркак.

8 Затту уруғидан — 945 нафар эркак.

9 Заккай уруғидан — 760 нафар эркак.

10 Баних уруғидан — 642 нафар эркак.

11 Бўвай уруғидан — 623 нафар эркак.

12 Озгад уруғидан — 1222 нафар эркак.

13 Одонихам уруғидан — 666 нафар эркак.

14 Биғвай уруғидан — 2056 нафар эркак.

15 Адин уруғидан — 454 нафар эркак.

16 Отер, яъни Ёхизқиё уруғидан — 98 нафар эркак.

17 Безай уруғидан — 323 нафар эркак.

18 Йўра уруғидан — 112 нафар эркак.

19 Хашум уруғидан — 223 нафар эркак.

20 Гибор уруғидан — 95 нафар эркак.

Исроил уруғлари ота–боболарининг шаҳарлари бўйича рўйхат қилинади

21 Таги Байтлаҳмлик — 123 нафар эркак.

22 Таги Натуфолик — 56 нафар эркак.

23 Таги Онотўтлик — 128 нафар эркак.

24 Таги Озмобитлик — 42 нафар эркак.

25 Таги Хират–Аримлик, Хафиралик ва Барўтлик — 743 нафар эркак.

26 Таги Рамалик ва Геболик — 621 нафар эркак.

27 Таги Михмашлик — 122 нафар эркак.

28 Таги Байтиллик ва Айлик — 223 нафар эркак.

29 Таги Наволик — 52 нафар эркак.

30 Таги Махбишлик — 156 нафар эркак.

31 Таги Эламлик — 1254 нафар эркак.

32 Таги Харимлик — 320 нафар эркак.

33 Таги Лўдлик, Ҳодидлик ва Онўлик — 725 нафар эркак.

34 Таги Ерихолик — 345 нафар эркак.

35 Таги Санолик — 3630 нафар эркак.

Руҳонийлар уруғлари

36 Сургундан қайтиб келган руҳонийларнинг сони қуйидагича эди:

Ёшуа наслининг Ёдиё уруғидан — 973 нафар эркак.

37 Иммар уруғидан — 1052 нафар эркак.

38 Пашхур уруғидан — 1247 нафар эркак.

39 Харим уруғидан — 1017 нафар эркак.

Левилар уруғлари

40 Сургундан қайтиб келган левилар уруғларининг сони қуйидагича эди:

Хўдавиё наслидан бўлган Ешува ҳамда Кадмил уруғларидан — 74 нафар эркак.

41 Осиф уруғидан бўлган қўшиқчилар — 128 нафар эркак.

42 Шаллум, Отер, Талмўн, Оққув, Хатита ва Шўвай уруғларидан бўлган Маъбад дарвозабонлари, ҳаммаси бўлиб — 139 нафар эркак.

Маъбад хизматкорлари уруғлари

43 Сургундан қайтиб келган Маъбад хизматкорларининг уруғлари қуйидагилар эди:

Зихо, Хасуфа, Таббайўт,

44 Керош, Сиёҳо, Падўн,

45 Лавон, Хагава, Оққув,

46 Хагав, Шалмай, Ханон,

47 Гиддол, Гахар, Раё,

48 Ратан, Накудо, Ғаззом,

49 Уззо, Посиёх, Бесай,

50 Оснах, Муним, Нафусим,

51 Бобуҳ, Хакуфа, Хорхур,

52 Базулут, Махидо, Харша,

53 Боркис, Сисаро, Тамах,

54 Назиё, Хатифа.

Сулаймоннинг қароллари уруғлари

55 Сулаймон қаролларининг сургундан қайтиб келган уруғлари қуйидагилар эди:

Сўтай, Сўфарат, Парудо,

56 Ялох, Дархун, Гиддол,

57 Шафатиё, Хаттил, Пахаратҳаззавойим, Омай.

58 Маъбад хизматкорлари ва Сулаймоннинг қароллари уруғларидан бўлганларнинг жами 392 киши эди.

Насл–насаби номаълум уруғлар

59-60 Қуйидагилар Тел–Малах, Тел–Харша, Харуб, Адон ва Иммар шаҳарларидан келган эдилар:

Далоё, Тўвиё ва Накудо уруғлари — 652 киши.

Лекин булар ўзларининг уруғбошиси Исроил авлодига мансублигини исботлай олмасдилар.

61-62 Қуйидаги руҳонийлар уруғлари ҳам ўз насабномасини топа олмадилар: Хаваё, Хаккўз ва Борзулай уруғлари. (Борзулайнинг бобоси Гиладлик Борзулай деган одамнинг қизига уйланган бўлиб, бу уруғ ўша аёлнинг уруғи номи билан юритилар эди.) Шу сабабдан улар хизмат қилишга нопок ҳисобланиб, руҳонийликка қабул қилинмадилар.

63 Яҳудо ҳокими уларга шундай деди: “Бирорта руҳоний Худодан Урим ва Туммим орқали руҳоний эканлигингизни сўраб, тасдиқламагунча, сизлар назрларнинг руҳонийларга тегишли улушидан тановул қилмайсизлар.”

Сургундан қайтиб келган жамоанинг жами

64 Бу жамоа жами 42.360 кишидан иборат эди.

65 Булардан ташқари, қул ва чўрилари — 7337 киши, қул ва чўри қўшиқчилар 200 киши эди.

66 Жамоанинг 736 та оти, 245 та хачири,

67 435 та туяси, 6720 та эшаги бор эди.

68 Асирлар жамоаси Қуддусга — Эгамиз уйининг вайроналари олдига келишди. Шу заҳоти, баъзи уруғбошилар Худонинг уйини олдинги ўрнида қайта тиклаш учун кўнгилдан чиқариб назрлар келтирдилар.

69 Ҳар бири қурби етганча назр атади. Улар қурилиш учун жами 61.000 олтин танга, 190 пуд кумуш ва руҳонийлар учун 100 та кўйлак бердилар.

70 Руҳонийлар, левилар, қўшиқчилар, Маъбад дарвозабонлари, Маъбад хизматкорлари ва халқдан бир қанчаси Қуддусга ҳамда унинг атрофидаги шаҳарларга ўрнашиб олдилар. Исроил халқининг қолганлари эса ўз шаҳарларига бориб жойлашдилар.

Қуддусда сажда қилиш қайтадан бошланади

1 Исроил халқи ўз шаҳарларига ўрнашиб олгандан кейин, еттинчи ойда ҳаммаси Қуддусда йиғилишди.

2 Ёҳузадах ўғли Ёшуа, унинг руҳоний ҳамкорлари ва Шалтиёл ўғли Зарубабел ўз уруғ–аймоғи билан биргаликда Исроил халқининг Худосига атаб, қурбонгоҳни қайтадан қурдилар. Улар Худонинг одами Мусонинг Таврот китобида ёзилган амрларига мувофиқ куйдириладиган қурбонликларни келтирмоқчи эдилар.

3 Улар маҳаллий халқлардан қўрқишларига қарамай, қурбонгоҳни олдинги пойдевори устига қурдилар. Қурбонгоҳнинг устида ҳар куни эрталаб ва кечқурун Эгамизга қурбонликларни куйдириб назр қилдилар.

4 Сўнгра Мусонинг қонунида ёзилгани сингари, Чайла байрамини нишонладилар. Байрамнинг ҳар бир кунига оид қурбонликлар келтириб, куйдирдилар.

5 Улар кунда куйдириладиган қурбонликлардан ташқари, ҳар ойда нишонланадиган янги ой шодиёнасида ва йил давомида Эгамизга атаб нишонланадиган байрамларда қурбонликлар келтирдилар. Шунингдек, кўнгилдан чиқариб қурбонликлар олиб келдилар.

6 Хуллас, одамлар еттинчи ойнинг биринчи кунидан бошлаб, Эгамизга атаб куйдириладиган қурбонликларни келтира бошлаган эдилар. Лекин Эгамизнинг Маъбади пойдевори ҳали ётқизилмаган эди.

Халқ Маъбадни қайта қура бошлайди

7 Халқ тош йўнувчиларни ва дурадгорларни пул билан таъминлаб турди. Улар Форс шоҳи Курушнинг ижозати билан Ўрта ер денгизи орқали Лубнондан Яффа шаҳрига садр ёғочларини келтирдилар. Ёғочларни олиб келган Сидонликлар ва Тирликларга егулик, ичимлик ва зайтун мойи бердилар.

8 Сургундан қайтганлар Худонинг Қуддусдаги уйи вайроналари олдига келганларига бир йилу икки ой бўлгач, улар Эгамизнинг уйини қайта қуришни бошладилар. Қурилишда Шалтиёл ўғли Зарубабел, Ёҳузадах ўғли Ёшуа, руҳонийлар ва левилар, шунингдек, сургундан қайтиб келган ҳамма одамлар иштирок этди. Улар қурилиш ишларини назорат қилиш учун йигирма ва ундан юқори ёшдаги левиларни тайинладилар.

9 Худонинг уйи қурилишини Ешува, унинг ўғиллари ва қариндошлари, Кадмил ва унинг ўғиллари назорат қилар эдилар. (Ешува ва Кадмил Хўдавиё наслидан эдилар.) Уларга бу ишда левиларнинг Ханадод уруғи ёрдам берар эди.

10 Бинокорлар Эгамиз Маъбадининг пойдеворини ётқизиб бўлганларидан кейин, руҳонийлар ўз либосларини кийдилар. Исроил шоҳи Довуднинг кўрсатмаларига мувофиқ, руҳонийлар карнайлари билан, Осиф наслидан бўлган левилар зиллари билан Эгамизга ҳамду сано айтиш учун ўз жойларини эгалладилар.

11 Улар Эгамизга ҳамду сано ва шукроналар айтиб, шундай нақорат куйладилар:

“Эгамиз яхшидир,

Унинг Исроилга бўлган содиқ севгиси абадийдир.”

Эгамизнинг уйи пойдевори ётқизилгани учун бутун халқ баланд овоз билан Эгамизга ҳамду сано айтди.

12 Одамлар хурсандчиликдан бақирарди, Эгамизнинг олдинги уйини кўрган ёши улуғ руҳонийлар, левилар ва уруғбошиларнинг кўпчилиги эса уйнинг пойдеворини кўрганларида ҳўнграб йиғладилар.

13 Халқ шунчалик қаттиқ бақирардики, овозлари узоқдан ҳам эшитилиб турарди. Буни эшитганлар хурсандчилик овозларини йиғи товушидан фарқлай олмасди.

Душманлар Маъбаднинг қайта қурилишига тўсқинлик қиладилар

1 Яҳудо ва Бенямин қабиласининг ғанимлари: “Сургундан қайтиб келганлар Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Маъбадини қайта қураётган эканлар”, деган хабарни эшитиб қолишди.

2 Улар Зарубабелнинг ва уруғбошиларнинг олдига келиб, шундай дедилар: “Биз ҳам сизларга қўшилиб Худойингизнинг уйини қурайлик, чунки биз ҳам, сизлар сингари, Худойингизга сажда қиламиз. Оссурия шоҳи Исархаддўн бизни бу ерга олиб келгандан буён Худойингизга қурбонлик қилиб келяпмиз.”

3 Лекин Зарубабел, Ёшуа ва Исроилнинг бошқа уруғбошилари уларга шундай деб жавоб бердилар: “Сизлар Худойимизга уйни биз билан бирга қурмайсизлар. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз учун уйни ўзимиз қурамиз. Форс шоҳи Куруш буни бизга буюрган.”

4 Шундан кейин маҳаллий халқдан бўлган бу ғанимлар Яҳудо халқини саросимага солиб, қўрқитишга ва қурилиш ишларидан қайтаришга ҳаракат қилишди.

5 Улар амалдорларга пора бериб, Форс шоҳи Курушнинг бутун ҳукмронлиги давомида Маъбадни қайта қуриш режаларига қаршилик қилиб келдилар. Бу аҳвол то Доро тахтни эгаллаб, Форс шоҳи бўлгунга қадар давом этган эди.

Яҳудийлар яна қаршиликларга дуч келадилар

6 Бир неча йилдан кейин шоҳ Ахашвераш тахтга чиқди. Ахашвераш ҳукмронлигининг бошларида, ғанимлар Яҳудо юрти ва Қуддус шаҳрида яшаётган яҳудийларга қарши айбнома ёздилар.

7 Ҳатто кейинроқ — Форс шоҳи Артахшас ҳукмронлиги даврида ҳам Бишлам, Митрадот, Тўвал ва уларнинг бошқа шериклари шоҳга мактуб ёздилар. Мактуб орамийча ёзилиб, таржима қилинди.

8 Кейин ҳоким Рахум ва котиб Шимшай ҳам шоҳ Артахшасга Қуддус аҳолисини қоралаб мактуб ёзди. Мактуб шундай сўзлар билан бошланган эди:

9 “Ҳоким Рахумдан, котиб Шимшайдан ва уларнинг бошқа шериклари — ҳакамлар, йўлбошчилар, амалдорлар, Эрахликлар, Бобилликлар, Шушанликлар, яъни Элам халқидан,

10 шунингдек, улуғ ва қудратли шоҳ Ўснапар Самария шаҳарларига ва Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятга олиб келиб ўрнаштирган турли халқлардан мактуб.”

11 Улар юборган мактубнинг мазмуни қуйидагича эди:

“Шоҳ Артахшас жаноби олийлари! Биз — Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятда истиқомат қилувчи қулларингиз сизга салом йўлламоқдамиз.

12 Жаноби олийларига шу нарса маълум бўлсинким, сизнинг қўл остингиздаги бошқа ўлкалардан Қуддусга келиб ўрнашган яҳудийлар исёнкор, бехосият шаҳарни қайтадан тикламоқдалар. Улар пойдевор ётқизиб, тез орада шаҳар деворларини ҳам қуриб тугатадилар.

13 Жаноби олийларини шундан хабардор қилмоқчимизки, агар шаҳар қайтадан қурилиб, деворлари ҳам битса, яҳудийлар ўлпон, солиқ ва хирож тўламай қўядилар. Натижада шоҳликнинг даромади камайиб кетади.

14 Саройнинг тузига биз ҳам шерик бўлганимиз учун шоҳимизнинг шарманда бўлишига қараб ўтиришимиз бизга тўғри келмайди. Шунинг учун мактуб жўнатиб, шоҳимизни хабардор қилмоқчи бўлдик.

15 Сиз фармон беринг: ота–боболарингизнинг йилномаларини кўриб чиқишсин. Бу шаҳар ғалаён макони бўлганини ўша йилномалардан топасиз. Бу шаҳар илгаридан ҳукмдорлар ва вилоят ҳокимларига қарши бош кўтариб, кўп муаммолар туғдирган, шу сабабли вайрон қилинган эди.

16 Биз жаноби олийларига шуни маълум қилиб қўймоқчимизки, агар бу шаҳар қайта қурилиб, деворлари битса, Фурот дарёсининг ғарбидаги бу вилоятга эгалик қила олмай қоласиз.”

17 Шоҳ қуйидагича жавоб жўнатди:

“Самарияда ва Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятда истиқомат қилаётган ҳоким Рахумга, котиб Шимшайга ва уларнинг бошқа шерикларига салом йўллайман.

18 Сизлар менга юборган мактуб ҳузуримда таржима қилиниб, ўқиб эшиттирилди.

19 Шундай қилиб, менинг фармонимга биноан, текширув олиб борилди ва бу шаҳар олдиндан шоҳларга қарши исён кўтаргани аниқланди. Ҳақиқатан ҳам, бу шаҳар исёну ғалаён макони бўлган экан.

20 Қуддусда қудратли шоҳлар бўлган экан. Улар Фурот дарёсининг ғарбидаги барча юртларни бошқарган эканлар, ўша юртлардан ўлпон, солиқ ва хирож йиққан эканлар.

21 Шунинг учун яҳудийларга буюринглар, ишни тўхтатсинлар. Мен фармон бермагунимча шаҳар қайта қурилмасин.

22 Ҳушёр бўлинглар: менинг манфаатимга зарар келтирадиган иш бошқа қилинмасин.”

23 Шоҳ Артахшаснинг мактуби Рахум, котиб Шимшай ва уларнинг шериклари ҳузурида ўқилгач, улар шоша–пиша Қуддусга бордилар, шаҳар қурилишини тўхтатишга яҳудийларни мажбурладилар.

Маъбаддаги қурилиш ишлари қайта бошланади

24 Худонинг Қуддусдаги уйини қайта қуриш ишлари тўхтатилган эди. Форс шоҳи Доро ҳукмронлигининг иккинчи йилигача у ерда ҳеч қандай иш қилинмади.

1 Ўша даврда Хаггей ва Иддо ўғли Закариё пайғамбарлар Яҳудо юртидаги ва Қуддусдаги яҳудийларга Исроил халқининг Худоси номидан башорат қила бошладилар.

2 Шунда Шалтиёл ўғли Зарубабел ва Ёҳузадах ўғли Ёшуа Худонинг Қуддусдаги уйини қайта қуришга яна киришдилар. Худонинг пайғамбарлари уларнинг ишини қўллаб–қувватлаб турдилар.

3 Ўша заҳоти Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокими Таттанай билан Шатарбўзанай ҳамда уларнинг шериклари яҳудийларнинг олдига келиб: “Бу уйни кўтаришга, уни қайта қуришга ким сизларга ижозат берди?” деб сўрашди.

4 Бинони қураётган одамларнинг исмларини айтишни талаб қилишди.

5 Лекин Худо яҳудий оқсоқолларига назарини солган эди. Шунинг учун Форс амалдорлари шоҳ Дорога мактуб юборишга қарор қилдилар. “Мактубга жавоб келмагунча яҳудийларни тўхтатмаймиз”, деб келишиб олдилар.

Шоҳ Дорога юборилган мактуб

6 Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокими Таттанай, Шатарбўзанай ва уларнинг шериклари — вилоят амалдорлари шоҳ Дорога мактуб юбордилар.

7 Улар юборган мактубнинг мазмуни қуйидагича эди:

“Шоҳ Доро жаноби олийларига тинчлик–омонлик бўлсин!

8 Шоҳ жанобларига маълум бўлсинки, биз Яҳудо вилоятида улуғ Худога атаб қурилаётган уйга борган эдик. Бу уй йўнилган тошлардан ва садр ёғочидан қуриляпти. Иш қунт билан қилиняпти, қурилиш бир маромда илгарилаб боряпти.

9 Биз ўша ердаги оқсоқоллар билан гаплашдик, улардан: «Бу уйни кўтаришга, уни қайта қуришга ким сизларга ижозат берди?» деб сўрадик.

10 Сизни хабардор қилиб қўяйлик деб, уларга бошчилик қилаётган одамларнинг исмларини ҳам сўрадик.

11 Уларнинг бизга берган жавоби шу бўлди: «Биз Самовий Худонинг қулларимиз. Биз тиклаётган Худонинг бу уйи анча йиллар олдин Исроилнинг улуғ бир шоҳи томонидан қуриб битказилган эди.

12 Лекин ота–боболаримиз Самовий Худони ғазаблантирдилар. Шунинг учун Худо уларни Халдей қабиласидан бўлган Бобил шоҳи Навухадназарнинг қўлига берди. Навухадназар бу уйни вайрон қилиб, халқни Бобилга сургун қилди.

13-14 Худонинг уйидан олтин ва кумуш буюмларни олиб, Бобилдаги маъбадга олиб кетди. Лекин Бобил шоҳи Куруш ўз ҳукмронлигининг биринчи йилида, Худонинг уйи қайта қурилсин, деб фармон чиқарди. У ҳатто Қуддусдаги Маъбадга қарашли ўша олтин ва кумуш буюмларни Бобилдаги маъбаддан олиб келишни буюриб, Шашбаззар деган одамга берди. Шоҳ Курушнинг ўзи Шашбаззарни Яҳудонинг ҳокими қилиб тайинлади.

15 У Шашбаззарга шундай деди: ‘Бу буюмларни Қуддусга олиб бор. Худонинг уйини олдинги ўрнида қурдириб, буюмларни Маъбадга жойлаштир.’

16 Шунда Шашбаззар келиб, Худонинг Қуддусдаги уйи пойдеворини ётқиздирди. Ўшандан буён ҳозиргача қурилиш давом этмоқда, ҳали тугагани йўқ.»

17 Энди, шоҳимизга маъқул бўлса, Бобилдаги шоҳлик йилномаларини синчиклаб қараб чиқсалар. Ўшанда шоҳ Куруш Худонинг Қуддусдаги ўша уйини қайта қуриш учун фармон чиқарганми ёки йўқми, кўрадилар. Шоҳимиз бу ишга оид қарорларини бизга маълум қилишларини сўраймиз.”

Шоҳ Курушнинг фармони қидирилади

1 Шундан сўнг шоҳ Доро, Бобилда сақланадиган ҳужжатлар синчиклаб қараб чиқилсин, деб фармон берди.

2 Ниҳоят, Мидия вилоятининг маркази Экбатана шаҳридаги архивдан бир ўрама қоғоз топилди. Унда қуйидагилар ёзилган эди:

3 “Шоҳ Куруш ўз ҳукмронлигининг биринчи йилида Худонинг Қуддусдаги уйига оид шундай фармон чиқарди: Худонинг уйи олдинги ўрнида қайта қурилсин, токи одамлар у ерда қурбонликлар келтира оладиган бўлишсин. Бу уйнинг баландлиги олтмиш тирсак, кенглиги ҳам олтмиш тирсак бўлсин.

4 Деворлари йўнилган тош ва ёғочдан қурилсин, ҳар уч қатор тошнинг устига бир қатор ёғоч ётқизилсин. Харажатлар шоҳ хазинасидан тўлансин.

5 Бундан ташқари, Навухадназар Қуддусдаги Маъбаддан Бобилга олиб келган Худонинг уйига тегишли буюмлар ҳам Қуддусга қайтариб олиб борилсин. Ҳаммаси Худонинг уйига олдингидай жойлаштирилсин.”

Шоҳ Доро Маъбаддаги ишларни давом эттиришни буюради

6 Шоҳ Доро шундай мактуб жўнатди: “Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокими Таттанай, Шатарбўзанай ва уларнинг шериклари — вилоят амалдорлари! Сизлар нари туринглар!

7 Худонинг уйидаги ишларга аралашманглар. Яҳудо ҳокими ва яҳудий оқсоқоллари Худонинг уйини олдинги ўрнида қайтадан қураверишсин.

8 Бундан ташқари, сизлар яҳудий оқсоқолларига Худонинг уйини қайта қуришда қуйидагича ёрдам беришингизни амр қиламан: иш учун керак бўлган ҳамма маблағни уларга кечиктирмай етказиб туринглар. Маблағни Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятдан йиғилган ўлпондан — шоҳ хазинасидан тўланглар.

9 Қуддусдаги руҳонийлар Самовий Худога ҳар куни куйдириладиган назрларни келтира олишлари учун уларни керакли нарсалар билан таъминланглар. Уларга сўраганини — буқа, қўчқор, қўзиларни, шунингдек, буғдой, туз, шароб ва зайтун мойини беринглар.

10 Шунда улар Самовий Худога маъқул келадиган қурбонликларни назр қила оладиган бўлишади ҳамда мени ва фарзандларимни дуо қилиб юришади.

11 Яна буюраман: ким бу фармонимни ўзгартирса, ўша одамнинг уйидан хода суғуриб олинсин. Айбдор одам тик ўрнатилган ходанинг учига қоқилсин. Қилган жинояти учун уйи бузиб ташланиб, гўнгтепага айлантирилсин.

12 Бу фармонимни ўзгартиришга уринган ёки Худонинг Қуддусдаги уйини йўқотишга ҳаракат қилган ҳар қандай шоҳ ёки халқни Худонинг Ўзи йўқ қилсин. Зотан, Худо улуғланиши учун Ўзига Қуддус шаҳрини танлаган. Бу фармонни мен, Доро, жорий қилдим. Фармоним сўзсиз бажарилсин.”

Маъбад қуриб битказилади ва Худога бағишланади

13 Шоҳ Доро юборган буйруққа мувофиқ, Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокими Таттанай, Шатарбўзанай ва уларнинг шериклари шоҳнинг фармонини сўзсиз бажаришди.

14 Шундай қилиб, яҳудий оқсоқоллари Худонинг уйини қуравердилар, иш бир маромда илгарилаб борарди. Хаггей ва Иддо ўғли Закариё пайғамбарлар эса башоратлари билан уларни руҳлантириб турдилар. Яҳудий оқсоқоллари Исроил халқининг Худоси амрига ҳамда Форс шоҳлари Куруш, Доро ва Артахшаснинг фармонларига кўра, қурилишни тамомладилар.

15 Адар ойининг учинчи куни, шоҳ Доро ҳукмронлигининг олтинчи йилида Худонинг уйи қурилиши тугатилди.

16 Исроил халқи — руҳонийлар, левилар ва сургундан қайтган бошқа одамлар шод–хуррамлик билан уйни Худога бағишладилар.

17 Улар Худо уйининг бағишланишига атаб, 100 та буқа, 200 та қўчқор, 400 та қўзини қурбонлик қилдилар. Исроил қабилаларининг сонига кўра, бутун Исроил халқи учун 12 та такани гуноҳ қурбонлиги қилдилар.

18 Сўнг руҳоний ва левиларни гуруҳларга бўлдилар, уларга Худонинг Қуддусдаги уйида бажариладиган вазифаларни тақсимлаб бердилар. Буларнинг ҳаммасини Мусонинг китобида ёзилган кўрсатмалар бўйича қилдилар.

Фисиҳ зиёфати ва Хамиртурушсиз нон байрами

19 Сургундан қайтганлар кейинги йилнинг биринчи ойи ўн тўртинчи кунида Фисиҳ зиёфатини ўтказдилар.

20 Руҳонийлар ва левилар ўзларини покладилар. Ҳаммалари пок бўлганларидан кейин, левилар сургундан қайтган халқ учун, руҳонийлар учун ва ўзлари учун Фисиҳ қўзисини сўйдилар.

21 Сургундан қайтган Исроил халқи Фисиҳ таомидан тановул қилди. Юртдаги бошқа одамлар ҳам яҳудийларга қўшилиб, Фисиҳ таомидан тановул қилдилар. Улар Исроил халқининг Худосига — Эгамизга сажда қилиш учун қўшни халқларнинг бутпарастлик удумларидан воз кечган эдилар.

22 Ҳаммаси шод–хуррамлик билан етти кун давомида Хамиртурушсиз нон байрамини биргаликда нишонладилар. Улар хурсанд эдилар, чунки Эгамиз уларни Оссурия шоҳининг илтифотига сазовор қилган эди. Оссурия шоҳи уларга Исроил халқи Худосининг уйини қайта қуришда ёрдам берганди.

Эзра Қуддусга келади

1 Орадан кўп йиллар ўтди. Форс шоҳи Артахшас ҳукмронлиги даврида Эзра деган бир одам бор эди. Унинг насабномаси қуйидагича эди:

Эзра — Сараёнинг ўғли,

Сараё — Озариёнинг ўғли,

Озариё — Хилқиёнинг ўғли,

2 Хилқиё — Шаллумнинг ўғли,

Шаллум — Зодўхнинг ўғли,

Зодўх — Охитобнинг ўғли,

3 Охитоб — Эмориёнинг ўғли,

Эмориё — Озариёнинг ўғли,

Озариё — Маройўтнинг ўғли,

4 Маройўт — Зарахиёнинг ўғли,

Зарахиё — Уззининг ўғли,

Уззи — Буккининг ўғли,

5 Букки — Абушуванинг ўғли,

Абушува — Финхазнинг ўғли,

Финхаз — Элазарнинг ўғли,

Элазар — олий руҳоний Ҳоруннинг ўғли эди.

6-7 Эзра Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг Мусога берган қонунини жуда яхши биладиган моҳир тафсирчи эди.

Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг еттинчи йилида Эзра Бобилдан Қуддусга томон йўлга отланди. Исроил халқидан, руҳонийлардан, левилардан, қўшиқчилардан, Маъбад дарвозабонларидан, Маъбад хизматкорларидан баъзилари ҳам Эзра билан бирга Қуддусга кетмоқчи бўлдилар. Эзрага Эгаси Худо ёр бўлгани учун, шоҳ унга сўраган нарсасини инъом қилди.

8-9 Биринчи ойнинг биринчи кунида улар Эзранинг бошчилигида Бобилдан чиқдилар. Эзрага Худонинг марҳамати ёр бўлгани учун, улар тўрт ойдан кейин — бешинчи ойнинг биринчи кунида Қуддусга етиб келдилар.

10 Эзра бутун ҳаётини Эгамиз берган Таврот китобини ўрганишга, унга амал қилишга, Тавротдаги қонун–қоидаларни Исроил халқига ўргатишга бағишлаган эди.

Шоҳ Артахшаснинг Эзрага берган хати

11 Эгамизнинг Исроил халқига берган амр ва қонунларининг моҳир тафсирчиси — руҳоний Эзрага шоҳ Артахшас мактуб берган эди. Мактубнинг мазмуни қуйидагича эди:

12 “Самовий Худо қонунларининг моҳир тафсирчиси — руҳоний Эзрага шоҳаншоҳ Артахшасдан саломлар бўлсин.

13 Менинг шоҳлигимда истиқомат қилаётган Исроил халқидан, шунингдек, руҳоний ва левилардан сен билан Қуддусга кетишни истаган ҳар кимга ижозат берилсин, деб фармон бераман.

14 Мен ва еттита маслаҳатчим сени Яҳудо юрти ва Қуддусга юбориб, у ердаги вазиятни текшириб чиқишингга ваколат берамиз. Сенга топширилган Худойингнинг қонуни у ерда ижро этиляптими ёки йўқми, билиб кел.

15 Қуддусда маскан қилган Исроил халқининг Худосига биз кўнгилдан чиқариб назр қилган кумуш ва олтинларни ҳам ўзинг билан олиб кет.

16 Бобил вилояти бўйлаб сен тўплайдиган ҳамма кумуш ва олтинни ол. Исроил халқи ва уларнинг руҳонийлари ўз Худосининг Қуддусдаги уйи учун кўнгилдан чиқариб берадиган назрларни ҳам олиб кет.

17 Бу кумуш ва олтинга, биринчи навбатда, буқалар, қўчқорлар, қўзилар, уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назрларини сотиб ол. Буларни Худойингнинг Қуддусдаги уйи қурбонгоҳида назр қил.

18 Қолган кумуш ва олтинни эса Худойингнинг хоҳишига мувофиқ, ўзингга ва ҳамкорларингга маъқул келганича ишлатсанг бўлади.

19 Худойингнинг уйида фойдаланиш учун берилган буюмларни Қуддусдаги Худога инъом қил.

20 Борди–ю, Худойингнинг уйи учун яна бошқа харажатлар талаб қилинса, маблағни шоҳ хазинасидан олишинг мумкин.

21 Мен, шоҳ Артахшас, Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят хазинабонларининг ҳаммасига фармон бераман: Самовий Худо қонунларининг моҳир тафсирчиси — руҳоний Эзра нима талаб қилмасин, унинг талаби сўзсиз ижро этилсин.

22 200 пудга қадар кумуш, 1000 тоғорага қадар буғдой, 200 кўзага қадар шароб, 200 кўзага қадар мой ва керагича туз берилсин.

23 Самовий Худо Ўз уйи учун нималарни амр қилган бўлса, ўша нарсалар албатта муҳайё қилинсин. Мендан ва менинг меросхўрларимдан Худо ғазабланмасин.

24 Биз яна сизларни хабардор қиламизки, руҳонийлардан, левилардан, қўшиқчилардан, Маъбад дарвозабонларидан, Маъбад хизматкорларидан, Худонинг уйидаги бошқа хизматкорлардан ўлпон, солиқ ёки хирож олиш ман этилади.

25 Сен эса, Эзра, Худо берган донолик билан қози ва ҳакамларни тайинла. Улар Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятда Худойингнинг қонунларини биладиган жамики халқни ҳукм қилсинлар. Қонунларни билмайдиган одамларга сизлар таълим беринглар.

26 Худойингнинг қонунига ва шоҳнинг қонунига итоат қилмаганларнинг ҳаммаси албатта жазога тортилсин: қатл қилинсин ёки сургун қилинсин, қамоққа ташлансин ёки мол–мулки мусодара қилинсин.”

Эзра Худони мадҳ қилади

27 Ота–боболаримизнинг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эгам Қуддусдаги уйини шарафлаш истагини шоҳнинг юрагига солди.

28 Эгам Худонинг марҳамати билан мен шоҳнинг, унинг маслаҳатчилари ва барча обрўли аъёнларининг илтифотига сазовор бўлдим.

Эзра сафарга тайёрланади

Эгам Худо менга ёр бўлгани учун мен дадил бўлиб, Исроил йўлбошчиларини ўзим билан олиб кетгани тўпладим.

Эзра билан бирга сургундан қайтиб келган одамлар

1 Шоҳ Артахшас ҳукмронлиги даврида мен билан бирга Бобилдан кетган уруғбошилар ва улар билан бирга рўйхатга олинганлар қуйидагилар эди:

2-3 Финхаз уруғидан — Гершом.

Итамар уруғидан — Дониёр.

Довуд уруғидан — Шаханиё наслидан бўлган Хаттуш.

Парўш уруғидан — Закариё ва у билан бирга рўйхатга олинган 150 нафар эркак.

4 Пахатмўаб уруғидан — Зарахиё ўғли Элихўнай ва у билан бирга 200 нафар эркак.

5 Затту уруғидан — Яхазиёл ўғли Шаханиё ва у билан бирга 300 нафар эркак.

6 Адин уруғидан — Йўнатан ўғли Эвид ва у билан бирга 50 нафар эркак.

7 Элам уруғидан — Оталиё ўғли Ешаё ва у билан бирга 70 нафар эркак.

8 Шафатиё наслидан — Микойил ўғли Забадиё ва у билан бирга 80 нафар эркак.

9 Йўаб наслидан — Ёхиёл ўғли Ободиё ва у билан бирга 218 нафар эркак.

10 Баних уруғидан — Йўсифиё ўғли Шалумит ва у билан бирга 160 нафар эркак.

11 Бўвай уруғидан — Бўвай ўғли Закариё ва у билан бирга 28 нафар эркак.

12 Озгад уруғидан — Хаккатан ўғли Йўханон ва у билан бирга 110 нафар эркак.

13 Одонихам уруғидан — Элифалет, Явиёл, Шамаё ва улар билан бирга 60 нафар эркак. Элифалет, Явиёл ва Шамаё қариндошлари орасидан энг охирги бўлиб қайтиб келдилар.

14 Биғвай уруғидан — Утай, Заккур ва улар билан бирга 70 нафар эркак.

Эзра Маъбадда хизмат қилиш учун левиларни чақиртиради

15 Мен уларни Оҳабо шаҳрига оқиб борадиган дарё бўйида тўпладим. Ўша жойда биз уч кун турдик. Мен тўпланганларни синчиклаб кўриб чиқдим, уларнинг орасида руҳонийларни топдим, лекин левилар йўқ эди.

16 Кейин йўлбошчилар Элиазарни, Ориёлни, Шамаёни, Элнатанни, Ёривни, Элнатанни, Натанни, Закариёни, Машулломни ҳамда Таврот устозлари Йўхарив ва Элнатанни чақиртирдим.

17 Уларни Косифиёдаги левиларнинг йўлбошчиси Иддонинг ҳузурига жўнатаётиб, уларга шундай деб тайинладим: “Иддонинг ҳузурига боргач, унга, унинг шерикларига, Косифиёдаги Маъбад хизматкорларига айтинглар, Худонинг уйи учун левиларни юборишсин.”

18 Худойимизнинг марҳамати бизга ёр бўлгани учун, улар Шаравиё деган лаёқатли бир одамни, ўғиллари ва қариндошлари билан бирга юбордилар. Шаравиё Ёқуб ўғли Леви наслининг Махли уруғидан эди. Келганлар жами 18 нафар эркак эдилар.

19 Шунингдек, Марори уруғидан Хашавиё ва Ешаё ўғиллари ва қариндошлари билан бирга юборилган эди. Улар жами 20 нафар эркак эдилар.

20 Булардан ташқари, 220 нафар Маъбад хизматкори ҳам юборилди. Уларнинг ҳаммаси номма–ном қайд этилган. Бу хизматкорларнинг аждодларини шоҳ Довуд ва унинг аъёнлари левиларга ёрдам бериш учун тайинлаган эдилар.

Эзра рўза эълон қилади

21 Худодан: “Бизни, болаларимизни ва бутун мол–мулкимизни сафарда сақлагин”, деб сўраб, тоат–ибодат қилишимиз учун мен Оҳабо дарёси бўйида рўза эълон қилдим.

22 Шоҳдан: “Бизни йўлда душмандан ҳимоя қилиш учун бир гуруҳ сипоҳ ва отлиқлар беринг”, деб сўрашга хижолат бўлардим. Чунки биз шоҳга: “Худойимиз Унга юз бурганларнинг ҳаммасига марҳамат қилади, лекин Ундан юз ўгирганларга ғазабини сочади”, деб айтган эдик.

23 Шундай қилиб, биз рўза тутдик ва Худойимизга, бизни сақлагин, деб илтижо қилдик. Худойимиз бизнинг илтижоларимизни эшитди.

Маъбад учун ҳадялар

24 Сўнгра мен бош руҳонийларнинг орасидан ўн иккита руҳонийни — Шаравиёни, Хашавиёни ва уларнинг қариндошларидан ўнтасини танлаб олдим.

25 Худойимизнинг уйи учун назр қилинган кумуш, олтин ва буюмларни уларнинг ҳузурида тарозида тортдим. Шоҳ, унинг маслаҳатчилари, аъёнлари, Бобил вилоятидаги бутун Исроил халқи назр қилган бу ҳадяларни уларга топширдим.

26 Мен уларга топширган назрларнинг миқдори қуйидагича эди:

1400 пуд кумуш,

200 пуд кумуш буюм,

200 пуд олтин,

27 ярим пуд чиқадиган 20 та олтин коса,

қиймати олтинга тенг бўлган, сайқалланган аъло сифатли 2 та бронза буюм.

28 Мен уларга шундай дедим: “Сизлар Эгамизга бағишлангансизлар, буюмлар ҳам Эгамизга бағишланган. Бу кумуш ва олтинлар ота–боболаримизнинг Худоси — Эгамизга чин кўнгилдан назр қилинган.

29 Сизлар бу назрларни Қуддусга олиб боргунларингизгача эҳтиёт қилиб сақланглар. Сўнг буларни Эгамизнинг уйи омборида бош руҳонийлар, левилар ва уруғбошилар ҳузурида тарозида тортинглар.”

30 Шундай қилиб, руҳонийлар ва левилар тарозида тортилган бу кумуш, олтин ва буюмларни Худойимизнинг Қуддусдаги уйига олиб бориш учун қабул қилиб олдилар.

Қуддусга сафар

31 Биринчи ойнинг ўн иккинчи куни биз Оҳабо дарёси бўйидан Қуддус томон йўлга тушдик. Худойимиз бизга ёр эди. Йўлда кетаётганимизда, У бизни душман ҳужумидан ва қароқчилардан ҳимоя қилди.

32 Биз Қуддусга етиб келиб, у ерда уч кун турдик.

33 Тўртинчи куни эса кумуш, олтин ва буюмларни Худойимизнинг уйида тарозида тортиб, Уриё ўғли руҳоний Миромўтга топширдик. Унинг ёнида Финхаз ўғли руҳоний Элазар, шунингдек, левилардан Ешува ўғли Йўзабад ва Биннуй ўғли Новадиё бор эдилар.

34 Ўша куни биз ҳамма нарсани тарозида тортиб, ҳисоблаб чиқдик, ҳар бир нарсанинг вазнини ёзиб қўйдик.

35 Шундан сўнг сургундан қайтиб келганлар Исроил халқининг Худосига қурбонликлар келтирдилар. Улар бутун Исроил халқи учун 12 та буқани, 96 та қўчқорни, 77 та қўзини Эгамизга қурбонлик қилиб куйдирдилар. Булардан ташқари, халқни гуноҳларидан поклаш учун 12 та такани қурбонлик қилдилар.

36 Сўнг шоҳнинг фармонини Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ноибларига ва ҳокимларига олиб бордилар. Ноиблар билан ҳокимлар халққа ва Худонинг уйига ёрдам кўрсатдилар.

Исроил халқининг хиёнати

1 Шу воқеалардан кейин Исроил халқининг йўлбошчилари менинг олдимга келиб, шундай дейишди: “Сургундан қайтган Исроил халқининг кўпчилиги, ҳатто баъзи руҳонийлар билан левилар маҳаллий халқлардан ўзларини сақламадилар. Улар Канъон, Хет, Париз, Ёбус, Оммон, Мўаб, Миср ва Амор халқларининг жирканч одатларини ўзлаштириб олдилар.

2 Яҳудий эркакларининг баъзилари ўша халқларнинг қизларига уйландилар, ўғилларига ҳам ўша халқларнинг қизларидан олиб бердилар. Шу тариқа муқаддас халқ юртдаги бошқа халқлар билан чатишиб кетди. Бу хиёнатни йўлбошчилар билан амалдорлар бошлаб беришди.”

3 Мен бу гапларни эшитганимда қайғудан кўйлагим ва ридоимни йиртиб ташладим, соч–соқолимни юлдим. Қаттиқ изтиробда қолдим.

4 Сургундан қайтганларнинг бу хиёнати дастидан Исроил Худосининг сўзларидан қўрқадиган ҳамма одамлар менинг атрофимга тўпландилар. Мен эса кечки қурбонлик назр қилинадиган пайтгача изтироб чекиб ўтиравердим.

Эзра илтижо қилади

5 Кечки қурбонлик пайтида мен ҳамон изтироб чекканимча ўтирган ўрнимдан турдим. Кўйлакларим ва ридоим йиртилган ҳолатда тиз чўкдим. Эгам Худога қўлларимни чўзиб,

6 ёлвордим:

“Эй Худойим! Қаттиқ хижолатдаман, ҳузурингда бошимни кўтаришга ботинолмайман. Эй Худойим! Айбларимиз бошимиздан ҳам ошиб кетган, гуноҳларимиз тоғдай уйилиб, осмону фалакка етган.

7 Ота–боболаримиз давридан шу кунгача биз гуноҳга ботиб келдик. Айбларимиз туфайли Сен бизни, шоҳларимизни, руҳонийларимизни бошқа юртларнинг шоҳларига мағлуб қилдинг. Улар бизни ўлдиришди, талон–тарож қилишди, асир қилиб олиб кетишди, худди ҳозиргидай, биз шармандали аҳволга тушдик.

8 Энди эса, эй Эгамиз Худо, Сен қисқа вақт давомида бизга шафқатингни кўрсатиб, бизни омон сақладинг, муқаддас масканинг олдига жойлаштирдинг. Бизга умид бердинг, қуллигимизда озгина бўлса ҳам, ҳаловат ато қилдинг.

9 Эй Худойимиз, биз қул бўлсак ҳам, Сен бизни тарк этмадинг. Бизга марҳамат кўрсатиб, Форс шоҳининг илтифотига сазовор қилдинг. Бизга янги ҳаёт ато қилдинг, уйингни қайта қуришимизга, уни тиклашимизга имконият бердинг, Яҳудо юртида ва Қуддусда бехатар яшашимизга имконият яратдинг.

10 Эй Худойимиз, энди нима ҳам дердик?! Буларнинг ҳаммасидан кейин ҳам биз амрларингга риоя қилмадик.

11 Сен пайғамбар қулларинг орқали шундай амр берган эдинг: «Сизлар эгалик қилиш учун кираётган бу юрт маҳаллий халқларнинг бутпараст удумлари туфайли ҳаром бўлган. Халқлар жирканч одатлари билан бутун юртни у бошидан бу бошигача булғадилар.

12 Шунинг учун уларга қиз узатманглар, ўғилларингизга уларнинг қизларини олиб берманглар. Уларга ҳеч қачон тинчлик ва фаровонликни раво кўрманглар. Шундагина сизлар кучли бўласизлар, юртнинг аъло ҳосилидан еб, роҳатланасизлар, бу юртни болаларингизга абадий мерос қилиб қолдирасизлар.»

13 Қабиҳ ишларимиз, ўзларимизнинг айбларимиз бошимизга тушган ҳамма кўргиликларга сабаб бўлди. Аслида, эй Худойим, Сен бизни гуноҳларимиз учун янада кўп жазолашинг керак эди, лекин ундай қилмадинг, айримларимизни омон сақладинг. Мана шулардан кейин ҳам

14 биз амрларингни буздик. Жирканч одатларга муккасидан кетган халқлар билан қуда–андачилик қилдик! Энди Сен биздан ғазабланиб, биронтамизни ҳам тирик қолдирмай қириб ташлашинг аниқ!

15 Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз, Сен адолатлисан. Шунга қарамай, шу кунгача Сен бизни асраб келдинг. Сенинг олдингда туришга ҳақимиз йўқ, лекин мана, айбларимиз билан олдингда турибмиз.”

Халқ гуноҳи учун тавба қилади

1 Эзра Худонинг уйи олдида ўзини ерга отиб йиғлаганича, халқнинг гуноҳларини эътироф этди. У Худога илтижо қилаётганда, атрофига Исроилдан катта жамоа — эркагу аёл, болалар йиғилишди. Халқ ҳам аччиқ–аччиқ йиғларди.

2 Элам наслидан Ёхиёл ўғли Шаханиё Эзрага шундай дея мурожаат қилди: “Биз маҳаллий халқларнинг бутпараст аёлларига уйланиб, Худойимизга хиёнат қилдик. Лекин шунга қарамай, биз — Исроил халқи учун ҳали ҳам умид бор!

3 Келинг, Худойимиз билан аҳд қилайлик. Ҳазратим, сизнинг маслаҳатингизга кўра ва Худойимизнинг сўзларидан қўрқадиганларнинг маслаҳатига кўра, барча бутпараст хотинларни болалари билан бирга қўйиб юборайлик. Худонинг қонунига амал қилайлик.

4 Қани ҳазратим, ишга киришинг, бу сизнинг бурчингиздир. Биз сиз биланмиз. Дадил бўлинг, ишни бошланг.”

5 Шунда Эзра ўрнидан туриб, руҳонийларнинг, левиларнинг ва бутун Исроил халқининг бошлиқларига, айтилганларни қиламиз, деб онт ичирди. Ҳаммалари онт ичдилар.

6 Сўнг Эзра Худонинг уйи олдидан кетиб, Элиашаб ўғли Ёҳуханоннинг хонасига борди, тунни ўша ерда ўтказди. У на нон еди, на сув ичди, сургундан қайтганларнинг хиёнаткорлиги дастидан қайғураётган эди.

7 “Сургундан қайтганларнинг ҳаммаси Қуддусга тўплансин”, деб Яҳудо юрти ва Қуддус бўйлаб жар солинди.

8 “Агар кимки уч кун ичида келмаса, йўлбошчиларнинг ва оқсоқолларнинг буйруғига кўра, уларнинг ҳамма мол–мулки мусодара қилинсин, ўзлари сургундан қайтганлар жамоасидан чиқарилсин”, деб хабар берилди.

9 Уч кун ичида Яҳудо ва Бенямин ҳудудида яшаётганларнинг ҳаммаси Қуддусда тўпланди. Бу воқеа тўққизинчи ойнинг йигирманчи кунида рўй берди. Одамлар Худонинг уйи олдидаги ҳовлида жойлашиб ўтирди. Аҳволнинг жиддийлигидан ва кучли ёмғир ёғаётганидан халқ титрарди.

10 Руҳоний Эзра ўрнидан туриб, халққа деди: “Сизлар бутпараст аёлларга уйланиб, Эгамизга хиёнат қилдингизлар, Исроил халқининг айблари устига айб орттирдингизлар.

11 Энди ота–боболарингизнинг Худоси — Эгамиз олдида бу гуноҳларингизни тан олинглар, Унинг хоҳиши бўйича иш тутинглар. Ўзларингизни маҳаллий халқлардан айириб, бутпараст хотинларингизни қўйиб юборинглар.”

12 Шундан кейин бутун жамоа баланд овоз билан жавоб берди: “Сиз ҳақсиз! Айтганларингизни қиламиз.

13 Лекин халқ кўп, ёмғир ҳам ёғяпти, шунинг учун очиқ жойда тура олмаймиз. Орамиздаги кўпчилик бу гуноҳга қўл урган, шунинг учун бу масалани бир–икки кунда ҳал қилиб бўлмайди.

14 Майли, йўлбошчиларимиз Қуддусда қолсинлар, улар бу ишнинг масъулиятини ўз зиммаларига олсинлар. Бутпараст аёлларга уйланганларнинг ҳаммаси белгиланган вақтда ўз шаҳар оқсоқоли ва ҳаками билан бирга келишсин. Бу қилмишимиздан ғазабланган Худо шунда ғазабидан тушади.”

15 Фақат Осойил ўғли Йўнатан билан Тихво ўғли Яхзиё бу таклифга қарши чиқдилар, левилардан Машуллом ва Шаббатай ҳам уларни қўллаб–қувватладилар.

16 Шундай қилиб, сургундан қайтганлар берилган таклифни қабул қилдилар. Руҳоний Эзра уруғбошилар орасидан одамларни тайинлаб, уларнинг исмларини ёзиб қўйди. Ўнинчи ойнинг биринчи куни улар бу ишни текширишга киришдилар.

17 Биринчи ойнинг биринчи кунига келиб, бутпараст аёлларга уйланган барча эркаклар билан боғлиқ бўлган масала кўриб чиқилди.

Бутпараст аёлларга уйланганларнинг рўйхати

18-19 Бутпараст аёлларга уйланган одамлар қуйидагилардир:

Руҳонийлардан:

Ёҳузадах ўғли Ёшуанинг уруғидан ва унинг ҳамкорларидан — Масиё, Элиазар, Ёрив ва Гадалиё. Улар хотинларини қўйиб юборишга онт ичдилар ва айблари учун битта қўчқорни айб қурбонлиги қилдилар.

20 Иммар уруғидан — Хонин ва Забадиё.

21 Харим уруғидан — Масиё, Илёс, Шамаё, Ёхиёл ва Уззиё.

22 Пашхур уруғидан — Элийўнай, Масиё, Исмоил, Натанил, Йўзабад ва Эласах.

23 Левилардан:

Йўзабад, Шимах, Килаёх (Килит деб ҳам айтилади), Патихиё, Яҳудо ва Элиазар.

24 Қўшиқчилардан:

Элиашаб.

Маъбад дарвозабонларидан:

Шаллум, Талим ва Ури.

25 Исроил халқининг қолганларидан:

Парўш уруғидан — Ромиё, Йизиё, Малкиё, Миёмин, Элазар, Малкиё ва Бинаё.

26 Элам уруғидан — Маттаниё, Закариё, Ёхиёл, Абди, Ёримўт ва Илёс.

27 Затту уруғидан — Элийўнай, Элиашаб, Маттаниё, Ёримўт, Забад ва Азизах.

28 Бўвай уруғидан — Ёҳуханон, Ханониё, Заббай ва Отлей.

29 Баних уруғидан — Машуллом, Маллух, Одаё, Ёшув, Шаёл ва Ёримўт.

30 Пахатмўаб уруғидан — Адна, Хилол, Бинаё, Масиё, Маттаниё, Базалил, Биннуй ва Манаше.

31-32 Харим уруғидан — Элиазар, Ишшиё, Малкиё, Шамаё, Шимўн, Бенямин, Маллух, Шамариё.

33 Хашум уруғидан — Маттанай, Маттатах, Забад, Элифалет, Ёримай, Манаше ва Шимах.

34-37 Баних уруғидан — Мадай, Имром, Увал, Бинаё, Бидаё, Халух, Ваниё, Миромўт, Элиашаб, Маттаниё, Маттанай ва Ясой.

38-42 Биннуй уруғидан — Шимах, Шаламиё, Натан, Одаё, Махнадбай, Шошай, Шорой, Озариёл, Шаламиё, Шамариё, Шаллум, Эмориё ва Юсуф.

43 Наво уруғидан — Явиёл, Маттитиё, Забад, Забино, Яддай, Йўэл ва Бинаё.

44 Юқоридагиларнинг ҳаммаси бутпараст аёлларга уйланган эдилар. Ўша аёллардан айримлари уларга фарзандлар ҳам туғиб берган эдилар.