Эфесликлар

Эфесликлар

Дуойи салом

1 Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлусдан Исо Масиҳга содиқ бўлган Эфес шаҳридаги Худонинг азизларига салом!

2 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.

Худонинг илоҳий режаси

3 Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога ҳамду санолар бўлсин. У самодаги барча руҳий баракаларни Масиҳ орқали бизларга берди.

4 Масиҳга тегишли бўлишимиз учун Худо бизни дунё яратилишидан олдин танлади. Энди биз Худонинг олдида муқаддас ва бенуқсон, бир–биримизга меҳр боғлаган инсонлар бўла оламиз.

5 Худо бизни Исо Масиҳ орқали Ўзига фарзанд қилиб олишни азалданоқ қарор қилган эди. Худонинг хоҳиш–иродаси шу бўлиб, бундан У ҳузур–ҳаловат топди.

6 Худо Ўзининг суюкли Ўғли орқали бизга буюк иноят кўрсатгани учун Унга ҳамду санолар бўлсин.

7-8 Масиҳнинг тўкилган қони орқали Худо бизни кечириб, гуноҳларимиздан озод қилди. Шундай қилиб, Худо бизнинг ҳаётимизни тўлдирган инояти қанчалик бой эканлигини кўрсатди. У бизга донолигу ақл–идрок ато этди.

9 Ўз иродасининг сирини маълум қилди. Бу иродаси Исо Масиҳ орқали бажо бўлишини Худо олдиндан режалаштирган эди ва бундан У ҳузур–ҳаловат топди.

10 Худо бу режасини Ўзи белгилаган вақтда тўла амалга ошириб, еру осмондаги бор мавжудотни Масиҳнинг ҳокимияти остига бирлаштиради.

11 Биз Масиҳ орқали Худонинг халқи бўлдик. Бу Худонинг азалдан белгилаган режаси бўйича амалга ошди. Ахир, Худо ҳар бир нарсани Ўз хоҳиш–иродаси бўйича амалга оширади.

12 Шундай экан, биз ҳаммамиз — Масиҳга умид боғлаганлар Худога шон–шуҳрат келтириш учун яшашимиз лозим.

13 Сизлар ҳақиқат каломи, яъни нажот келтирган Хушхабарни эшитган эдингиз. Шу туфайли Масиҳга имон келтирган эдингиз. Худо ваъда қилган Муқаддас Руҳини сизларга бериб, Ўзига тегишли эканлигингизни тасдиқлади.

14 Муқаддас Руҳ биз келажакда оладиган қут–баракаларга кафил сифатида берилди. Ҳа, вақти келиб, Худо Ўзига тегишли бўлганларни бутунлай озод қилади. Шуларнинг ҳаммаси Худога шон–шуҳрат келтиради.

Шукрона ибодати

15 Раббимиз Исога бўлган имонингиз ва Худонинг азиз халқига бўлган меҳр–муҳаббатингиз ҳақида эшитганимдан бери,

16 сизлар учун ибодат қилганимда, тинмай Худога шукурлар айтаман.

17 Раббимиз Исо Масиҳнинг Худоси, улуғ Отамиз, Ўзини таниб–билишингиз учун Муқаддас Руҳ орқали сизга донолик ва ақл–идрок ато қилсин.

18 Худо сизларнинг қалбингизни нурга тўлдирсин, токи Худо сизларни даъват қилиб, сизларга қандай умид берганлигини, Худонинг халқи У учун нақадар бой мулк эканлигини тушуниб олинглар.

19 Худонинг биз — имонлиларга кўрсатган тенги йўқ қудрати нақадар буюклигини ҳам билиб олинг. Мана шу буюк қудрати билан

20 Худо Масиҳни ўликдан тирилтирди ва самода Уни Ўзининг ўнг томонига ўтирғизди.

21 Исони Худо у дунёю бу дунёдаги ҳар бир ҳокимият ва ҳукмронлик, ҳар қандай куч ва салтанат, ҳар бир мавжудотдан устун қилди.

22 Бутун борлиқни Исонинг оёқлари остига тобе қилди. Уни бутун борлиқдан юқори қўйиб, имонлилар жамоатига бош қилди.

23 Имонлилар жамоати Масиҳнинг танасидир. Борлиқни ҳар жиҳатдан бутун қиладиган Масиҳ жамоатни баркамол қилади.

Худонинг инояти туфайли ҳаётга эришиш

1 Сизлар бир вақтлар гуноҳлару айбларингиз туфайли руҳан ўлик эдингизлар.

2 Сизлар бу дунёнинг одатлари бўйича, ёвуз руҳий кучларнинг ҳокими бўлган шайтонга бўйсуниб, гуноҳга ботиб яшардингиз. Худога итоат қилмай яшаётганларнинг юракларида амал қилаётган шайтондир.

3 Биз ҳам бир вақтлар худбин истакларимизни қондириб яшар эдик. Тана эҳтиросларига ва бемаъни ўй–хаёлларга берилиб яшайдиган, барча одамзод каби, табиатан Худонинг қаҳр–ғазабига лойиқ бўлган итоатсиз инсонлар эдик.

4 Аммо меҳр–шафқатга бой Худо Ўзининг бизга бўлган буюк муҳаббатини қуйидагича кўрсатди:

5 гарчи биз гуноҳларимиз туфайли руҳан ўлик бўлсак ҳам, Худо бизни Масиҳ билан бирга тирилтирди. Биз Худонинг инояти туфайли қутқарилганмиз.

6 Худо бизни Масиҳ билан бирга тирилтирди ва бизга самода У билан бирга жой берди. Булар Исо Масиҳ туфайли амалга ошди.

7 Худонинг инояти беҳад мўл эканлиги то абад намоён бўлиши учун, У бизга Исо Масиҳ орқали меҳр–шафқат кўрсатди.

8 Ахир, сизлар Худодан иноят топиб, имон орқали нажот топгансиз. Бу Худонинг инъомидир, сизнинг ютуғингиз эмас.

9 Яна ҳеч ким: “Мен савоб ишларим туфайли қутулганман”, деб мақтанмасин.

10 Ахир, биз Худонинг ижодимиз. Худо бизни хайрли ишлар қилишимиз учун Исо Масиҳ орқали яратди, бу ишларни биз учун азалданоқ тайёрлаб қўйган эди.

Исо Масиҳ орқали халқлар бирлашади

11 Эсингизда бўлсин, суннат қилинган яҳудийлар бир вақтлар сиз — ғайрияҳудий бўлганларни “суннатсиз” деб атардилар. Ваҳоланки, яҳудийларнинг суннати фақатгина жисмоний суннат эди.

12 Ўша пайтда сизлар Масиҳни билмас эдингизлар, Исроил халқига тегишли эмасдингиз. Худонинг Исроил халқи билан тузган аҳдларига ва берган ваъдаларига бегона бўлиб, бу дунёда умидсиз ва Худосиз яшар эдингиз.

13 Сизлар олдин Худодан узоқ эдингиз, энди эса Исо Масиҳ орқали, Унинг тўкилган қони туфайли Худога яқинлашдингиз.

14-15 Масиҳнинг Ўзи бизнинг тинчлик манбаимиздир. У Ўз танасини фидо қилиб, яҳудийлар ва ғайрияҳудийларни бирлаштирди, уларнинг орасидаги адоват деворини қулатди. Исо Масиҳ яҳудийларга берилган қонунни ва унинг амрларию қоидаларини бекор қилди. Масиҳ туфайли ғайрияҳудийлар билан яҳудийлар бирлашиб, янги бир халқ бўлдилар, шундай қилиб Масиҳ тинчлик ўрнатди.

16 Хочдаги ўлими орқали Масиҳ ғайрияҳудийларни ҳам, яҳудийларни ҳам Худо билан яраштирди–да, уларнинг орасидаги адоватни йўқ қилди.

17 Масиҳ келиб, сизларга — олдин Худодан узоқ бўлганларга ҳам, Худога яқин бўлганларга ҳам тинчлик Хушхабарини эълон қилди.

18 Масиҳ туфайли энди ҳаммамиз бир Руҳ орқали Отамиз Худонинг ҳузурига кира оламиз.

19 Демак, сизлар энди бегона ҳам, келгинди ҳам эмассизлар, балки Худонинг азиз халқи қаторидасиз, Унинг хонадони аъзоси бўлдингизлар.

20 Сизлар худди бир бинодайсизлар. Бу бинонинг асоси ҳаворийлару пайғамбарлардир. Бинонинг тамал тоши эса Исо Масиҳнинг Ўзидир.

21 Бу иморат Раббимиз Исо Масиҳ орқали бир бўлиб, юксалиб боради ва Унга бағишланган муқаддас маъбад бўлади.

22 Исо Масиҳга тегишли бўлганингиз учун сизлар ҳам бу иморатнинг бир қисмисиз. Бу иморатни Худонинг Руҳи Ўзига маскан қилиб олади.

Худо сирли режасини аён қилади

1 Мана, Исо Масиҳ ҳақи сиз — ғайрияҳудийларга қилган хизматим сабабли маҳбус бўлганман.

2 Худо Ўз иноятини сизларга етказиш вазифасини менга топширди. Сизлар албатта бу ҳақда эшитгансизлар.

3 Юқорида қисқача ёзганимдай, Худо бу сирни менга ваҳий орқали маълум қилди.

4 Сизлар ёзганларимни ўқиб, Масиҳ ҳақидаги сирни қандай фаҳмлаганимни тушуниб оласизлар.

5 Бу сир олдинги наслларга аён қилинмаган эди. Энди эса Муқаддас Руҳ орқали Худонинг муқаддас ҳаворийлари ва пайғамбарларига аён қилинди.

6 Бу сирнинг моҳияти қуйидагичадир: ғайрияҳудийлар ҳам Хушхабарга ишониб, Исо Масиҳ орқали Худо Ўз халқига ато қиладиган баракаларга шерик бўладилар. Улар билан бирга бир тана аъзолари бўлиб, Худонинг Ўз халқига берган ваъдасидан баҳраманд бўладилар.

7 Хушхабарни тарқатиш хизмати менга Худонинг инояти бўйича топширилди. Бу иноятни Худо менга Ўзининг куч–қудрати орқали берди.

8 Мен Худонинг азизлари орасида энг арзимагани эдим. Масиҳнинг ақл бовар қилмас бойлиги ҳақидаги Хушхабарни ғайрияҳудийларга етказишим учун менга Худонинг инояти берилди.

9 Худонинг сирли режасини энди ҳаммага ошкор қилиш вазифаси менга юкланди. Бутун борлиқни яратган Худо бу сирни асрлар давомида пинҳон тутган эди.

10 Ўзининг кўп қиррали донолиги имонлилар жамоати орқали самовий кучлару салтанатларга маълум бўлиши учун Худо шундай қилди.

11 Худонинг Раббимиз Исо Масиҳ орқали рўёбга чиқарган азалий мақсади шу эди.

12 Биз Исо Масиҳ туфайли ва Унга бўлган имонимиз туфайли Худонинг ҳузурига дадиллик ва тўла жасорат билан яқинлашиш имконига эгамиз.

13 Шундай экан, сизлардан ўтинаман, менинг азоб–уқубатларимни деб, руҳингиз ҳеч тушмасин. Аксинча, сизлар учун чеккан азоб–уқубатларим билан фахрланинглар.

Павлуснинг ибодати

14 Юқорида айтиб ўтганларим ҳақида ўйлаганимда, самовий Отамиз олдида тиз чўкиб, ибодат қиламан.

15 Ер юзидаги ва осмону фалакдаги ҳар бир жонзотнинг ҳаёт манбаи самовий Отадир.

16 Менинг тоат–ибодатларим қуйидагичадир: Худо Ўзининг улуғвор бойлиги билан сизларга куч–қудрат бериб, Ўз Руҳи билан ички борлиғингизни бақувват қилсин.

17 Имонингиз орқали Масиҳ юрагингиздан жой олсин.

18-19 Сизлар илдизи чуқур дарахтдай бўлинг, Худонинг севгиси сизларни барқарор қилсин. Худонинг барча азизлари билан бирга, Масиҳнинг ақл бовар қилмас севгиси қанчалик кенг, қанчалик чексиз, қанчалик юксак ва теран эканлигини тўла англаб, билиб олинглар. Шунда ҳаётингиз Худонинг камолотига тўлиб–тошади.

20 Худо ҳаётимизда амал қилаётган қудрати билан биз сўраган ёки тасаввур қилганларимизни ва ҳатто хаёлимизга келмаганларни ҳам бажаришга қодирдир.

21 Имонлилар жамоати ва Исо Масиҳ орқали Худога насллар оша то абад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

Имонлиларнинг бирлиги ва янги ҳаёти

1 Раббимиз Исо ҳақи маҳбус бўлган мен — Павлус сизлардан ўтиниб сўрайман: Худо сизларни Ўзига даъват қилганини ёддан чиқармай, шу даъватга муносиб тарзда яшанглар.

2 Доимо камтар ва мулойим бўлинглар, меҳр–муҳаббат билан бир–бирингизга нисбатан сабр–тоқатли бўлинглар.

3 Ўзаро тинч–тотув яшаб, Муқаддас Руҳ ато қилган бирдамликни сақлашга жон куйдиринглар.

4 Ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз, қалбимиздаги Муқаддас Руҳ ҳам бирдир. Шунингдек, Худо бизни даъват қилиб, ҳаммамизга берган умид ҳам бирдир.

5 Раббимиз бир, имонимиз ҳам бирдир, бир мақсадда сувга чўмдирилганмиз.

6 Барчамизнинг Отамиз Худо бирдир. У ҳаммамиздан устун бўлиб, ҳаммамиз орқали Ўз иродасини бажо қилади. У ҳаммамизнинг орамиздадир.

7 Масиҳ Ўз иноятига кўра, ҳар биримизга турли хил инъомлар берган.

8 Мана, Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган:

“Юксакларга чиқди У,

Асирларни ортидан эргаштирди.

Инсонларга ҳадялар берди.”

9 У юксакларга чиқди деган сўзлар нимани билдиради? У олдин пастга — ер юзига тушгандан бошқа нимани билдириши мумкин?!

10 Пастга тушган Зот, коинотни ҳар жиҳатдан бутун қилай деб, фалак тоқидан ҳам юқорироққа чиқди.

11 Масиҳ баъзиларни ҳаворий, баъзиларни эса пайғамбар, баъзиларни Хушхабар воизи, яна бошқаларни жамоатларнинг чўпонларию устозлари қилиб тайинлади,

12 токи улар Худонинг азиз халқини хизмат қилишга тайёрласинлар. Шунда Масиҳнинг танаси, яъни жамоат имонда мустаҳкам туради.

13 Бунинг натижасида ҳаммамиз имонда якдил, Худонинг Ўғли Масиҳни таниб–биладиган, Унинг камолига эришган етук одамлар бўламиз.

14 Шунда биз норасида гўдакларга ўхшамаймиз, шамол эсган томонга эгиладиган новдадай бўлмаймиз. Ҳар хил таълимотлар ва қув одамларнинг ҳийлаю айёрликларига лаққа тушавермаймиз.

15 Келинглар, меҳр–муҳаббат билан ҳақиқатни айтиб, жамоатнинг боши бўлган Масиҳга ўхшаб ҳар жиҳатдан етук инсонлар бўлайлик.

16 Унинг бошчилигида бутун бадан паю бўғинлар ёрдамида ўзаро уланади ва бирикади. Ҳар бир аъзо ўз вазифасини бажарар экан, бутун бадан ўсиб боради ва меҳр–муҳаббат туфайли бақувват бўлади.

17 Шундай экан, Раббимиз Исонинг номидан қатъий тайинлаб, сизларга айтаман: энди худосиз одамлардай яшаманглар, улар сингари беҳуда ўй–хаёлларга берилманглар.

18 Уларнинг онгларини зулмат қоплаган, улар Худо берадиган янги ҳаётга бегонадирлар, чунки улар бағри тош бўлиб, жаҳолатда қолганлар.

19 Улар ҳар қандай ор–номус туйғусини йўқотиб, фисқу фужурга берилганлар, ҳар хил ифлос ишларни иштиёқ билан қиладилар.

20 Аммо сизлар Масиҳдан бундай ишларни ўрганмагансиз.

21 Сизлар Масиҳнинг сўзларини эшитиб, Унинг таълимотини олгансизлар, чунки ҳақиқат Масиҳда жамдир.

22 Олдинги яшаш тарзингизга тобе бўлманг, эски ўзлигингиздан воз кечинг, чунки у алдовчи эҳтирослар туфайли бузилиб кетган.

23 Янгичасига фикр–зикр қиладиган бўлинглар.

24 Худонинг суратида яратилган, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддасликдан иборат бўлган янги табиатга бурканинглар.

Янги ҳаёт учун йўл–йўриқлар

25 Энди ёлғон гапиришни бас қилиб, ҳар бирингиз ўз яқинингизга ҳақиқатни айтинглар, ахир, ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз–ку.

26 Ҳатто ғазабланганингизда ҳам гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча жаҳлдан тушинглар.

27 Иблисга фурсат берманглар.

28 Олдин ўғри бўлган энди ўғрилик қилмасин, балки ишласин, ўз қўллари билан меҳнат қилсин. Шунда муҳтожларга ҳам топган–тутганидан ёрдам бера олади.

29 Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин тингловчиларнинг эҳтиёжига кўра, керакли гапларни айтиб, уларга далда беринг, шунда сўзларингиз уларга фойда келтиради.

30 Худонинг Муқаддас Руҳини хафа қилманглар, чунки Муқаддас Руҳ сизларнинг Худога тегишли эканингизнинг ҳамда бир кун келиб, бутунлай озод бўлишингизнинг далилидир.

31 Ҳар қандай гина–кудурат, қаҳру ғазаб, жанжалкашлик, ғийбатчиликни ҳамда бошқа ҳар хил ёмонликларни ўзингиздан соқит қилинглар.

32 Бир–бирингизга нисбатан кўнгилчан ва меҳр–шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ орқали кечиргандай, сизлар ҳам бир–бирингизни кечиринглар.

1 Худонинг севикли фарзандлари экансиз, энди Худодан ўрнак олинглар.

2 Масиҳ бизни яхши кўриб, биз учун Ўзини фидо қилди ва шу йўсин Худога маъқул келадиган қурбонлик бўлди. Сизлар ҳам Исо Масиҳга ўхшаб, худди шундай меҳр–муҳаббат билан яшанглар.

3 Сизларнинг орангизда фаҳш, зинокорлик, ифлослик ёки хасислигу очкўзлик ҳатто тилга ҳам олинмасин. Булар Худонинг азизларига муносиб эмас.

4 Шунингдек, орангизда беадаблик, ножўя сўзлару қўпол ҳазиллар ҳам бўлмасин, чунки бундай қилиқлар сизларга тўғри келмайди. Яхшиси, Худога шукур қилинглар.

5 Шуни билиб қўйингларки, ҳеч бир фаҳшбоз, ифлос ёки хасису очкўз инсон Масиҳнинг ва Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайди, чунки айтиб ўтилганларнинг ҳаммаси бутпарастлик билан тенгдир.

6 Ўшандай гуноҳларни қилишга баҳона излаганлар сизларни қуруқ гаплар билан алдамасин, чунки Худонинг қаҳр–ғазаби Унга итоатсиз бандаларнинг бошига тушади.

7 Шунинг учун уларга шерик бўлманглар.

8 Бир вақтлар сизлар зулматга тўла эдингиз, энди эса Раббимиз Исога тегишли бўлганингиз учун нурга тўлдингиз. Шундай экан, нурга тўла инсонлар каби яшанглар.

9 Ахир, ҳар қандай эзгулик, солиҳлик ва ҳақиқат нурнинг самарасидир.

10 Раббимизга нима мақбул эканлигини билишга тиришинглар.

11 Зулматнинг бесамара ишларида иштирок этманглар, аксинча, уларни фош этинглар.

12 Махфий равишда қилинадиган ўша ишлар ҳақида гапириш ҳам уятдир.

13 Аммо нур порлаганда ҳамма нарса фош бўлиб, очиқ–ошкор кўринади. Ахир, нур ҳамма нарсани очиқ–ойдин намоён қилади–ку!

14 Мана шу сабабдан шундай деймиз:

“Эй ухлаётган, тур!

Ўликдан тирил!

Масиҳ сенга нур сочар.”

15 Шундай қилиб, қай тарзда яшаётганингизга диққат қилинглар. Нодонлар каби эмас, балки донолардай ҳаёт кечиринглар.

16 Фурсатни ғанимат билинглар, чунки биз яшаётган бу кунлар ёмонликка тўла.

17 Шунинг учун беақл бўлманглар, балки Раббимиз Исонинг иродаси нима эканлигини англашга ҳаракат қилинглар.

18 Шароб ичиб маст бўлманглар, чунки бу бузуқликка олиб боради. Аксинча, Муқаддас Руҳга тўлиб–тошинглар.

19 Бирга йиғилганингизда санолар, руҳий мадҳиялару қўшиқлар куйланглар. Мусиқа асбобларию хонишларингиз билан чин юракдан Раббимизга ҳамдлар айтинглар.

20 Ҳар доим, ҳар бир нарса учун Раббимиз Исо Масиҳ номи билан Отамиз Худога шукур қилинглар.

Оилавий муносабатлар ҳақида насиҳатлар

21 Исо Масиҳни иззат–ҳурмат қилганингиз учун бир–бирингизга бўйсунинглар.

22 Эй хотинлар, сиз Раббимиз Исога қандай бўйсунсангиз, эрларингизга ҳам шундай бўйсунинг.

23 Масиҳ имонлилар жамоатининг боши бўлгани каби, эр ҳам хотиннинг бошидир. Масиҳ Ўз танаси бўлган жамоатнинг Нажоткоридир.

24 Жамоат Масиҳга қандай тобе бўлса, хотинлар ҳам ҳар жиҳатдан ўз эрларига шундай тобе бўлишлари керак.

25 Эй эрлар, Масиҳ жамоатни яхши кўриб, Ўзини жамоат учун фидо қилганидай, сизлар ҳам хотинларингизни шундай яхши кўринглар.

26 Масиҳ жамоатни сув ва Худонинг каломи орқали поклаб, муқаддас қилиш ниятида Ўзини фидо қилди.

27 Жамоатни Ўз ҳузурига келтирганда, жамоат ҳар қандай ғубор, ажин ва доғдан холи бўлиб, улуғвор, муқаддас ва бенуқсон бўлиши учун Масиҳ Ўз жонини аямади.

28 Эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган эркак ўзини севган бўлади.

29 Ҳеч ким ҳеч қачон ўз танасини ёмон кўрмайди. Аксинча, уни озиқлантириб, парвариш қилади. Масиҳ ҳам Ўз жамоатини худди шундай озиқлантириб, парвариш қилади.

30 Биз Масиҳ танасининг аъзоларимиз.

31 Муқаддас битикларда шундай ёзилган: “Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.”

32 Бу буюк сирдир, энди бу сир Масиҳ ҳамда жамоатга ҳам тааллуқлидир.

33 Хулласи калом, ҳар бир эр ўз хотинини ўзини севгандай севсин. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин.

1 Эй фарзандлар, Раббимиз Исога тегишли бўлганингиз учун ота–онангизга итоат қилинглар, чунки шундай қилиш тўғридир.

2-3 Ахир, Худо шундай амр қилган: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда ер юзида умрингиз узоқ бўлиб, бахтиёр яшайсиз.” Ваъда қўшиб берилган биринчи амр ўша амрдир.

4 Эй оталар, фарзандларингизнинг ғашига тегманг. Уларни Раббимизнинг таълим–тарбияси билан ўстиринг.

5 Эй қуллар, Масиҳга чуқур иззат–эҳтиром билан, чин юракдан итоат қилганингиз каби, хўжайинларингизга ҳам шундай итоат қилинглар.

6 Фақатгина инсонларни мамнун қилиб, хўжа кўрсинга хизмат қиладиган одамларга ўхшамасдан, Масиҳнинг қуллари каби, чин кўнгилдан Худонинг иродасини бажаринглар.

7 Инсонларга эмас, балки Раббимиз Исога хизмат қилаётгандек, бажону дил хизмат қилинглар.

8 Эсингизда тутинг: хоҳ қул, хоҳ эркин бўлсин, ҳар бир киши қилган яхшилигига яраша мукофотни Раббимиздан олади.

9 Эй хўжайинлар, сизлар ҳам қулларингизга яхши муомалада бўлинглар. Уларга дўқ–пўписа қилишни бас қилинглар, чунки биласизлар–ку, уларнинг ҳам, сизларнинг ҳам Хўжайинингиз самода, У тарафкашлик қилмайди.

Ёвузликка қарши кураш

10 Ва ниҳоят, Раббимиз Исо сизнинг қудрат манбаингиз бўлсин, Унинг буюк қудрати сизларни бақувват қилсин.

11 Иблиснинг ҳийлаларига қарши тура олишингиз учун Худо берган барча қурол–аслаҳалар билан қуролланинг.

12 Ахир, бизнинг курашимиз инсонларга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, руҳий ҳокимият ва ҳукмронликка ҳамда бу қоронғи дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир.

13 Шу сабабдан, Худонинг қурол–аслаҳалари билан қуролланинг, деб айтяпман. Шунда ёвузликка тўла кунларда маҳкам тура оласиз, қуролланиб тайёр турган бўласиз.

14 Ҳушёр туринглар! Белингизга ҳақиқат камарини тақинглар, кўксингизга солиҳлик совутини кийинглар,

15 тинчлик Хушхабарини ёйиш учун оёғингизга илдамлик пойабзалини кийинглар.

16 Буларга қўшиб, имон қалқонини қўлга олинглар. Шу қалқон билан ёвуз шайтоннинг ҳамма алангали ўқларини кучдан қолдирасизлар.

17 Шунингдек, бошингизга нажот дубулғасини кийинглар, Руҳ берадиган, Худонинг каломи бўлган қилични кўтаринглар.

18 Ҳар қандай шароитда Муқаддас Руҳга таяниб дуо–ибодат қилинглар. Ибодатда ҳушёр ва саботли бўлиб, Худонинг барча азизлари учун илтижо қилинглар.

19 Мен учун ҳам ибодат қилинглар. Мен оғзимни очганимда, зарур бўлган сўз менга берилсин, токи қўрқмасдан Хушхабар сирини баён эта олайин.

20 Шу Хушхабарнинг элчиси бўлганим учун ҳибсдаман. Элчига лойиқ равишда мен Хушхабарни жасурлик билан эълон қилишим учун ибодат қилинглар.

Сўнгги тилаклар

21 Тихикус сизларга менинг ҳол–аҳволимни, нималар қилаётганимни айтиб беради. У суюкли биродаримиз, Раббимиз Исонинг содиқ хизматкоридир.

22 Мана шу мақсадда, бизнинг аҳволимизни сизларга билдирсин, сизларга далда берсин деб, уни сизларнинг олдингизга юборяпман.

23 Биродарларим, Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга тинчлик, меҳр–муҳаббат ва имон ато қилсин.

24 Раббимиз Исо Масиҳни яхши кўрганларнинг ҳаммасига то абад Худонинг инояти ёр бўлсин.