4 Шоҳлар
Илёс ва шоҳ Охозиё
1 Исроил шоҳи Ахабнинг вафотидан кейин, Мўаб юрти Исроилга қарши исён кўтарди.
2 Исроил шоҳи Охозиё Самария шаҳридаги саройининг томи панжарасидан йиқилиб, қаттиқ шикастланди. Сўнг чопарларига: “Филистларнинг Эхрон шаҳридаги худоси Баал–Забуб ёнига бориб, ундан сўранглар–чи, мен соғаярмиканман”, деб уларни жўнатди.
3 Шунда Тишба шаҳридан бўлган Илёс пайғамбарга Эгамизнинг фариштаси гапирди:
— Қани, бўл, Самария шоҳи юборган чопарларга пешвоз чиқиб, уларга шу гапларни етказ: “Нима учун сизлар Эхрон шаҳрининг худоси Баал–Забубдан, шоҳ соғаярмикан, деб сўраб билиш учун боряпсизлар?! Исроилда Худо йўқ деб ўйлаяпсизларми?!
4 Энди Эгам шундай айтмоқда: шоҳингиз шу қилгани учун ётган жойидан турмай, ўлади.”
Илёс Эгамизнинг айтганини бажарди.
5 Чопарлар Охозиёнинг ҳузурига қайтиб бордилар. Шоҳ:
— Намунча тез қайтиб келдингизлар? — деб сўради.
6 Чопарлар Охозиёга айтдилар:
— Қаршимиздан бир одам бизга пешвоз чиқди. Сизнинг ҳузурингизга қайтишимизни, шу хабарни етказишимизни айтди: “Эгамиз шундай демоқда: нимага сен Эхроннинг худоси Баал–Забубдан, соғаярмиканман, деб сўраб билиш учун чопарлар жўнатдинг? Исроилда Худо йўқ деб ўйладингми?! Шу қилганинг учун ётган жойингдан турмай, ўласан.”
7 Охозиё чопарлардан:
— Сизларга пешвоз чиқиб, шу гапларни айтган одамнинг кўриниши қанақа эди? — деб сўради.
8 — У одам жундан тўқилган кийим кийган экан, белига чарм камар боғлаб олибди, — деб жавоб беришди чопарлар шоҳга.
— У Илёс, — деди Охозиё.
9 Шундан кейин шоҳ Охозиё Илёсни олиб келиш учун элликбошини элликта сипоҳи билан жўнатди. Илёс тоғ тепасида ўтирган эди. Элликбоши Илёсни топиб, унга деди:
— Эй Худонинг одами! Тезроқ пастга тушар экансиз, шоҳимиз шундай деб амр қилмоқда.
10 — Агар мен Худонинг одами бўлсам, — дея жавоб берди Илёс, — осмондан олов тушиб, сени ва элликта сипоҳингни ёндириб юборсин.
Шу заҳоти осмондан олов тушиб, элликбошини ҳам, ҳамма сипоҳларини ҳам ёндириб юборди.
11 Шоҳ Илёснинг олдига яна бошқа элликбошисини элликта сипоҳи билан жўнатди. У элликбоши ҳам:
— Эй Худонинг одами! Тезроқ пастга тушар экансиз, шоҳимиз шундай деб амр қилмоқда, — деди.
12 — Агар мен Худонинг одами бўлсам, — деб жавоб берди Илёс, — осмондан олов тушиб, сени ва элликта сипоҳингни ёндириб юборсин.
Шу заҳоти осмондан олов тушиб, элликбошини ҳам, элликта сипоҳини ҳам ёндириб юборди.
13 Охозиё учинчи марта яна элликта сипоҳ билан бошқа элликбошини жўнатди. Элликбоши Илёснинг олдига чиқиб, унинг қаршисида тиз чўкди ва унга илтижо қилиб деди:
— Эй Худонинг одами! Менинг жонимга ва мана шу элликта қулингизнинг жонига раҳм қилинг.
14 Осмондан олов тушиб, мендан олдинги иккала элликбоши ҳам барча сипоҳлари билан ёниб кетганди. Энди менинг жонимга раҳм қилинг.
15 Шунда Илёсга Эгамизнинг фариштаси зоҳир бўлиб:
— Шоҳдан қўрқма, элликбоши билан бирга боравер, — деб айтди. Илёс элликбоши билан бирга шоҳ ҳузурига бориб,
16 унга шундай деди:
— Эгамиз айтмоқда: “Исроилда Худо йўқдай, Эхроннинг худоси Баал–Забубдан, соғаярмиканман, деб сўраб билиш учун чопарлар жўнатдинг. Шу қилганинг учун ётган тўшагингдан турмай, ўласан.”
17 Шундай қилиб, Эгамизнинг Илёс орқали айтганига мувофиқ, шоҳ Охозиё вафот этди. Шоҳнинг ўғли бўлмагани учун унинг ўрнига укаси Ёрам шоҳ бўлди. Бу воқеа юз берганда, Яҳудо шоҳи Ёҳурам иккинчи йил шоҳлик қилаётган эди. Ёҳурам Ёҳушафатнинг ўғли эди.
18 Охозиёнинг бошқа ишлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
Илёс осмонга олинади
1 Эгамиз Илёсни қуюн ичида осмонга кўтариб кетадиган вақт келди. Илёс билан Элишай Гилгал шаҳридан чиқиб кетишаётганда,
2 Илёс Элишайга:
— Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Байтил шаҳрига бор, деб амр қилган, — деди.
— Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — деди Элишай.
Сўнгра улар Байтилга жўнадилар.
3 Байтилда пайғамбарлар гуруҳи Элишайга пешвоз чиқиб:
— Эгамиз бугун ҳазратингни олиб кетади, буни биласанми? — деб сўрадилар.
— Биламан, — деди Элишай, — лекин менга бу тўғрида гапирманглар.
4 Кейин Илёс Элишайга:
— Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Ерихо шаҳрига бор, деб амр берган, — деди.
— Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — дея жавоб қайтарди Элишай. Сўнгра улар Ерихога келишди.
5 Ерихода пайғамбарлар гуруҳи Элишайнинг олдига келиб, ундан:
— Эгамиз бугун ҳазратингни олиб кетади, буни биласанми? — деб сўрашди.
— Биламан, — деди Элишай, — лекин менга бу тўғрида гапирманглар.
6 Кейин Илёс Элишайга:
— Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Иордан дарёсига бор, деб амр берган, — деди.
— Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — деди Элишай.
Шундай қилиб, икковлари жўнаб кетишди.
7 Пайғамбарлардан элликтаси келиб, узоқроқда Илёс билан Элишайнинг рўпарасида тўхтадилар. Иккови эса Иордан дарёси бўйида турардилар.
8 Бир пайт Илёс чакмонини олди–да, бураб эшиб, сувга урган эди, сув икки томонга сурилиб, йўл очилди. Икковлари қуруқ жойдан ўтдилар.
9 Улар нариги қирғоққа ўтиб олишгач, Илёс Элишайга деди:
— Мени ҳадемай Эгамиз олиб кетади. Айт, шу воқеа юз бермасдан олдин сен учун нима қилай?
Шунда Элишай:
— Илтимос, сизнинг пайғамбарлик руҳингиздан менга икки ҳисса кўп мерос қолсин, токи сизнинг издошингиз бўлай, — деди.
10 — Қийин нарсани сўраяпсан, — деди Илёс. — Майли, агар мен ёнингдан кўтарилиб кетаётганимни кўра олсанг, истаганинг бажо бўлади. Агар кўра олмасанг, бажо бўлмайди.
11 Улар йўлда суҳбатлашиб кетишаётган эди, бирдан олов отлар қўшилган олов арава пайдо бўлиб, уларнинг ўртасига елдек учиб келди. Илёс қуюн ичида осмонга чиқиб кетди. Шундай қилиб, икковлари бир–бирларидан айрилдилар.
12 Элишай буни кўриб Илёсга хитоб қилди:
— Отам! Отам! Сиз Исроилнинг қудратли ҳимоячиси эдингиз! Исроилнинг жанг араваси ва отлиқ лашкари каби эдингиз–а! Қаёққа кетиб қолдингиз–а!
Элишай Илёсни бошқа кўра олмагани учун эгнидаги кийимини иккига бўлиб ташлади.
13 Илёснинг эгнидан чакмони тушиб қолган эди. Элишай ўша чакмонни олиб орқасига қайтиб, Иордан дарёси қирғоғига келди.
14 Элишай Илёснинг чакмонини сувга уриб: “Эгам Илёсга қилганидай, мен учун ҳам мўъжиза кўрсатадими?” — деди. Элишай чакмонини яна сувга урган эди, дарё суви икки томонга сурилиб йўл очилди. Элишай ўша жойдан ўтиб кетди.
15 Ерихолик пайғамбарлар гуруҳи олисдан Элишайни кўриб:
— Элишайда Илёснинг руҳи бор, — деб Элишайга пешвоз чиқдилар. Уни кутиб олдилар, ер ўпиб унга таъзим қилдилар.
16 Сўнгра пайғамбарлар Элишайга:
— Биз, қулларингизда элликта бақувват одам бор, — дедилар. — Ижозат беринг, улар бориб, ҳазратингизни излашсин. Балки Эгамизнинг Руҳи уни бирор тоққа ёки водийга бошлаб кетгандир.
— Йўқ, юборманглар, — деди Элишай уларга.
17 Лекин пайғамбарлар гуруҳи илтимос қилавериб, охири уни кўндирдилар. Элишай: “Майли, юборинглар”, деди. Пайғамбарлар гуруҳи элликта одамни жўнатдилар. Одамлар уч кун қидириб, Илёсни топа олмаганларидан кейин,
18 Элишайнинг ёнига қайтиб келдилар. Элишай бу пайтда Ерихода эди. Элишай уларга:
— Сизларга, борманглар, деб айтмаганмидим?! — деди.
Элишайнинг мўъжизалари
19 Ўша шаҳарнинг аҳолиси Элишайга мурожаат қилди:
— Ҳазратимиз кўриб турганларидай, шаҳар яхши ерга жойлашган, лекин суви яхши эмас, ери ҳам ҳосил бермайди.
20 Шунда Элишай:
— Менга янги косага туз солиб беринглар, — деди. Улар Элишайнинг айтганини бердилар.
21 Элишай булоқ бошига чиқиб, тузни сувга ташлади–да, шундай деди:
— Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен бу сувни тоза қилдим, энди бу сув туфайли ҳечам ўлим бўлмайди, бундан буён ерингиз ҳам ҳосил беради.”
22 Элишай айтганидек, сув тоза бўлди ва ҳозиргача тозадир.
23 Шундан кейин Элишай у ердан Байтил шаҳрига йўл олди. У йўлда кетаётган эди, Байтилдан чиққан ёш болалар унга эргашиб:
— Жўнаб қол, йўқол, кал! Жўнаб қол, кал! — деб уни масхара қилишди.
24 Элишай орқасига қайрилиб, болаларга қаради ва уларни Эгамизнинг номи билан қарғади. Шу пайт ўрмондан иккита урғочи айиқ чиқиб, болалардан қирқ иккитасини бурда–бурда қилиб ташлади.
25 Элишай бу ердан Кармил тоғига кетди, у ердан эса Самарияга қайтди.
Мўаб ва Исроил ўртасидаги уруш
1 Ахаб ўғли Ёрам Самарияда Исроил тахтига ўтирди ва ўн икки йил шоҳ бўлди. Бу пайтда Ёҳушафат Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўн саккиз йил бўлган эди.
2 Ёрам Эгамиз олдида қабиҳликлар қилган бўлса ҳам, отаси ва онасичалик эмасди. Отаси Баалга атаб ўрнатган тошни у қўпориб ташлади.
3 Шундай бўлса ҳам, Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.
4 Мўаб шоҳи Меша чорвачилик билан шуғулланарди. У Исроил шоҳига ҳар йили 100.000 та қўзини ва 100.000 та қўйнинг жунини ўлпон қилиб тўларди.
5 Ахаб вафот этгандан кейин, Мўаб шоҳи Исроил шоҳига қарши бош кўтарди.
6 Шунда шоҳ Ёрам Самариядан чиқиб, жамики Исроил лашкарини тўплади.
7 Сўнгра Яҳудо шоҳи Ёҳушафатга шу хабарни етказди: “Мўаб шоҳи менга қарши қўзғалди. Мўабга қарши уришгани мен билан борасизми?” Яҳудо шоҳи қуйидагича жавоб жўнатди: “Бораман, мен сен билан биргаман, менинг халқим сенинг халқингдир, менинг отларим сенинг ҳам отларингдир.”
8 “Биз қайси йўлдан боришимиз керак?” сўради Яҳудо шоҳи. “Эдом саҳросидаги йўлдан”, жавоб берди шоҳ Ёрам.
9 Исроил, Яҳудо ва Эдом шоҳлари биргаликда йўлга чиқдилар. Улар етти кун йўл юрганларидан кейин, бирга борган лашкар учун ҳам, ҳайвонлар учун ҳам сув тугади.
10 Шунда Исроил шоҳи:
— Эвоҳ, Эгамиз бизни — учала шоҳни Мўаб шоҳи қўлига бериш учун бир жойга тўплабди–да, — деди.
11 — Бу ерда Эгамизнинг пайғамбари йўқми? Агар бўлса, биз ўша пайғамбар орқали Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билардик, — деди Ёҳушафат.
Исроил шоҳининг аъёнларидан бири:
— Шофот ўғли Элишай шу ерда, у доимо Илёснинг хизматида бўлган эди, — деб жавоб берди.
12 — Эгамизнинг хабарини бизга у айта олади, — деди Ёҳушафат. Сўнгра Исроил шоҳи, Ёҳушафат ва Эдом шоҳи Элишайнинг ҳузурига бордилар.
13 Элишай Исроил шоҳига айтди:
— Мен сенга қандай ёрдам бера оламан?! Бор, ўз ота–онангнинг пайғамбарларидан маслаҳат сўра.
Исроил шоҳи Элишайга:
— Йўқ, Эгамиз бизни — учала шоҳни Мўаб шоҳининг қўлига бериш учун тўплаган, — деди.
14 — Ўзим хизматида бўлган Сарвари Олам шоҳид! — деди Элишай. — Агар мен Яҳудо шоҳи Ёҳушафатни ҳурмат қилмаганимда, сенга ҳеч ҳам қарамаган, ҳатто назар солмаган ҳам бўлардим.
15 Энди менга бир созанда олиб келинглар!
Созанда мусиқа чалган эди, Эгамиз Элишайга Ўз қудратидан берди.
16 Элишай деди:
— Эгамиз шундай айтмоқда: “Қуриб қолган бу сойлик сувга тўлади.
17 На шамолни, на ёмғирни кўрасизлар, лекин бу сойлик сувга тўлиб–тошади, — деб айтмоқда Эгамиз. — Ўзларингиз ҳам, от–уловларингиз ҳам, чорвангиз ҳам шу сувдан ичасизлар.”
18 Эгамиз қиладиган бу ишлар ҳали камдир: У Мўаб халқини сизларнинг қўлингизга беради.
19 Сизлар эса Мўабнинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларини, энг чиройли шаҳарларини вайрон қиласизлар, ҳамма мевали дарахтларини кесиб ташлайсизлар, ҳамма булоқларини кўмасизлар, ҳосилдор далаларининг ҳаммасини тошлоқ қилиб, яроқсиз ҳолатга келтирасизлар.
20 Кейинги куни эрталабки қурбонлик пайтида, бирдан Эдом томондан сув тўлиб–тошиб оқа бошлади. Ҳамма ерни сув босиб кетди.
21 Мўаб халқи шоҳлар жанг қилиш учун келаётганини эшитди–ю, ҳаммалари — қурол кўтаришга ярайдиганларидан тортиб, катталаригача йиғилишиб, чегарага келишди.
22 Улар саҳарда турганларида, қуёш сув устида ёғду сочар, сув Мўаб лашкарига узоқдан қонга ўхшаб қизариб кўринарди.
23 — Бу қон–ку, — дейишди улар, — шоҳлар бир–бирлари билан жанг қилибдилар, бир–бирларини қирибдилар. Қани, ўлжага, Мўаб лашкари!
24 Аммо Мўаб лашкари Исроил қароргоҳига борганда, Исроил лашкари уларга бирдан ташланиб, ҳужум қилиб қолди, Мўаб лашкари эса қочиб қолди. Исроил лашкари Мўаб юртига кириб ҳам ҳужумни давом эттирди.
25 Шаҳарларини вайрон қилдилар, даладаги ҳамма ҳосилдор ерларга тош отавериб, далани тошга тўлдириб ташладилар, булоқларини кўмиб юбордилар, барча мевали дарахтларини кесдилар. Фақат Хир–Харасот шаҳридаги тош деворлар қолди, холос. Палахмончилар шаҳарни қуршаб олиб, тош ирғитавердилар.
26 Мўаб шоҳи жангда мағлуб бўлаётганини англаб етгач, етти юзта қиличбозини ёнига олди. У Эдом шоҳи кучларини ёриб ўтмоқчи бўлди, лекин бунинг уддасидан чиқолмади.
27 Шундан кейин Мўаб шоҳи тахт вориси бўлган тўнғич ўғлини олиб келди–да, уни девор устида куйдириб қурбонлик қилди. Бу воқеадан Исроил лашкари қаттиқ ваҳимага тушди. Улар Мўаб шоҳидан узоқлашиб, ўз юртига қайтиб кетдилар.
Элишайнинг бева аёлга ёрдами
1 Илгари пайғамбарлар гуруҳида бир пайғамбар бўлар эди. Ўша пайғамбарнинг беваси Элишайнинг олдига келиб фарёд қилди:
— Сизга хизмат қилиб юрган менинг эрим вафот этди. Ўзингиз биласиз, у Эгамиздан қўрқарди. Бир одам олдин қарз берган эди. Энди у иккала ўғлимни ўзига қул қилиб олиб кетгани келди.
2 Шунда Элишай:
— Айт–чи, сен учун мен нима қилай? Уйингда нима бор? — деди.
— Бу чўрингизнинг уйида зайтун мойи солинган хумчадан бошқа ҳеч вақо йўқ, — деди аёл.
3 — Бор, ҳамма қўшниларингдан бўш идишларини сўраб ол, — деди Элишай. — Иложи борича кўпроқ сўраб ол.
4 Борганингдан кейин ўғилларинг билан бирга уйга кириб, эшикни ёпиб қўй. Сўнг ҳамма идишга зайтун мойи қуй, тўлган идишларни нари суриб қўявер.
5 Аёл Элишайнинг олдидан кетгач, ўғиллари билан бирга уйга кириб, эшикни беркитди. Ўғиллари идишларни узатиб туришди, аёл эса қуяверди.
6 Ҳамма идишлар тўлгандан кейин, аёл ўғлига:
— Яна идиш узат, — деди.
— Бошқа идиш йўқ, — деди ўғли. Шундан сўнг зайтун мой ҳам оқмай қолди.
7 Аёл пайғамбар ҳузурига келиб, бўлган воқеани айтиб берди.
— Бор, мойни сотиб, қарзингни тўла, — деди Элишай. — Ортиб қолган мойни ишлатиб, ўғилларинг билан кун кечир.
Элишай ва Шунамлик бой аёл
8 Бир куни Элишай Шунамга келди. У ерда бир бой аёл: “Меникига кириб, чой–пой ичиб кетинг”, деб илтимос қилиб, кўндирди.
Элишай қачон келмасин, ҳар доим тамадди қилгани ўша аёлникига кирадиган бўлди.
9 Бир куни аёл эрига:
— Шу йўлдан доимо ўтиб юрадиган одам Худонинг муқаддас одами эканини билиб олдим, — деди.
10 — Келинг, том устига чоғроққина болохона қуриб, у ерга кўрпа–тўшак, хонтахта, курси, мойчироқ қўяйлик. У бизникига келганда, болохонада турсин.
11 Кунларнинг бирида Элишай Шунамга келганда, болохонага кириб, ёнбошлади.
12 Кейин хизматкори Гахазига: “Шунамлик аёлни чақир”, деб буюрди. Хизматкор аёлни чақириб келди. Аёл келгач,
13 Элишай хизматкорига гапирди:
— Бу аёлга шундай деб айт: “Сен бизга ғамхўрлик қиляпсан. Бунинг эвазига сен учун нима қилайлик? Сенинг бирор ишинг юзасидан шоҳ билан ёки лашкарбоши билан гаплашиш керак эмасми?”
— Йўқ, — деди аёл, — мен халқим орасида яшасам, бас.
14 Элишай Гахазидан:
— Ундай бўлса, бу аёл учун нима қилишим керак? — деб сўради.
— Унинг ўғли йўқ экан, эри эса кексайиб қолибди, — деди Гахази.
15 — Чақир уни! — буюрди Элишай. Хизматкор аёлни чақириб келди, аёл эшик олдида ҳозир бўлди.
16 — Келгуси йили худди шу пайтда қўлингда ўғлингни кўтариб юрган бўласан, — деб айтди Элишай аёлга.
— Йўқ, ҳазратим, эй Худонинг одами, бу чўрингизни беҳудага умидвор қилманг, — деди аёл.
17 Лекин Элишай айтганидай, аёл ҳомиладор бўлиб, келгуси йил ўша вақтда ўғил туғди.
18 Бола улғаяверди. Бир куни бола ўроқчилар орасида ишлаётган отаси ёнига бориб:
19 “Вой бошим! Бошим оғриб кетди!” деди отасига. Отаси эса хизматкорига: “Онасига олиб бор”, деб буюрди.
20 Хизматкор болани кўтариб, онасига олиб борди. Бола тушгача онасининг тиззасида ўтирди–ю, сўнгра вафот этди.
21 Она боласини кўтариб бориб, пайғамбар ётадиган тўшакка ётқизди–да, эшикни беркитиб, ташқарига чиқди.
22 Сўнг эрини чақириб келиб, унга айтди:
— Менинг ёнимга хизматкорларингиздан биттасини эшаги билан бирга юборинг. Мен пайғамбар ҳузурига бориб, тезда қайтиб келаман.
23 — Нимага унинг олдига бугун боришинг керак?! — деди эри. — Бугун янги ой шодиёнаси куни эмас, Шаббат куни ҳам эмас.
— Ҳечқиси йўқ, — деди аёл.
24 Шундан кейин аёл эшакни эгарлаб, хизматкорга:
— Эшакни ҳайда, — деди, — мен сенга гапирмагунимча секинлама.
25 Аёл жўнаб кетди. У пайғамбар ёнига — Кармил тоғига етиб борди. Пайғамбар уни узоқдан кўриб, хизматкори Гахазига:
— Бу ўша Шунамлик аёл–ку! — деди.
26 — Югур, уни кутиб ол, “Ўзинг яхшимисан? Эринг соғ–саломатми? Боланг яхшими?” деб ундан сўра.
— Ҳаммаси яхши, — деди аёл.
27 Аёл тоққа, пайғамбар ёнига етиб келгач, унинг оёқларига ёпишиб олди. Гахази, аёлни четроққа олиб қўяй, деб яқин келган эди, Элишай Гахазига айтди:
— Уни тинч қўй, унинг дили озор чеккан. Эгамиз эса буни мендан яширди, менга маълум қилмади.
28 — Мен ҳазратимдан ўғил сўраганмидим?! — деди аёл. — “Мени беҳудага умидвор қилманг”, деб айтмаганмидим?!
29 Элишай Гахазига айтди:
— Қани бўл, менинг таёғимни қўлингга олиб югур. Бирортасини учратиб қолсанг, у билан саломлашма, ким сенга салом берса, саломига алик олма. Борганингдан кейин таёғимни боланинг юзига қўй.
30 — Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сизсиз кетмайман, — деди боланинг онаси Элишайга. Элишай ўрнидан туриб, аёлни эргаштириб кетди.
31 Гахази олдин етиб бориб, таёқни боланинг юзига қўйди. На бир садо, на бир жавоб бўлмагандан кейин Элишайга пешвоз чиқиб: “Бола уйғонмаяпти”, деди.
32 Элишай ичкарига кирди. Қараса, ўлган бола Элишайнинг тўшагида ётган экан.
33 Элишай хонага киргач, эшикни беркитди–да, Эгамизга ёлвориб ибодат қилди.
34 Сўнг боланинг устига чўзилиб ётди. У оғзини боланинг оғзига, кўзларини кўзларига, кафтини кафтига қўйди, боланинг устида чўзилиб ётганда, боланинг танаси исиди.
35 Сўнгра у ўрнидан туриб болохонанинг у ёғидан бу ёғига юрди. Кейин яна қайтиб келиб, боланинг устига чўзилди. Бола етти марта аксириб, кўзларини очди.
36 Элишай Гахазига: “Аёлни чақир!” — деди. Гахази аёлни чақириб келди. Аёл Элишайнинг олдига яқинлашди. Элишай унга: “Ол ўғлингни!” — деди.
37 Аёл ичкари кириб, Элишайнинг оёқларига йиқилди, боши ерга теккудай бўлиб таъзим қилди. Ўғлини олиб, чиқиб кетди.
Яна икки мўъжиза
38 Элишай Гилгалга қайтиб келди. Бу ерда очарчилик ҳукм сураётган эди. Пайғамбарлар гуруҳи Элишайнинг олдига йиғилишган эди. Шунда Элишай хизматкорига:
— Катта қозон ўрнатиб, пайғамбарлар гуруҳи учун бирор таом пишир! — деди.
39 Пайғамбарлардан биттаси далага кўкат тергани чиқди. У ерда чирмашиб ўсадиган ёввойи қовоқларни топиб, этагини тўлдириб қовоқлардан терди. У қовоқларни олиб келиб тўғради ва таом қайнаётган қозонга ташлади. Ўша одам қовоқнинг қанақалигини билмас эди.
40 Ҳаммаларига таомдан қуйиб берилди. Улар таомни татиб кўришлари биланоқ: “Эй пайғамбар ҳазратлари! Қозондаги таом заҳар бўлиб кетибди–ку!” деб шовқин кўтардилар. Таомдан ҳеч ким тановул қила олмади.
41 Шунда Элишай:
— Менга ун беринглар! — деди. Унни қозонга солгач, хизматкорга:
— Энди одамларга қуйиб беравер, еяверишсин, — деди. Қозондаги таом безарар бўлиб қолган эди.
42 Баал–Шолишо шаҳридан бир киши арпасининг биринчи ҳосилидан қилинган йигирмата кулча ва бир қоп янги узилган бошоқни пайғамбарга олиб келди. Элишай хизматкорига:
— Одамларга бер, тановул қилишсин, — деб буюрди.
43 Қандай қилиб шугинани юзта одамга бераман?! — деди хизматкор.
— Одамларга бўлиб бер, тановул қилишсин, — деди Элишай, — чунки Эгамиз шундай демоқда: “Ҳамма тўяди, ҳатто ортиб ҳам қолади.”
44 Хизматкор одамларга кулчаларни ва бошоқни бўлиб берди. Эгамиз айтганидай, одамлар еб тўйди, яна ортиб ҳам қолди.
Элишай Нўъмонга шифо беради
1 Орам шоҳининг Нўъмон деган лашкарбошиси бор эди. Хўжайини уни жуда улуғлар ва ҳурмат қилар эди, чунки Эгамиз Нўъмон орқали Орамга ғалаба ато қиларди. Нўъмон жуда довюрак жангчи эди–ю, лекин тери касаллигига чалинган эди.
2 Орам лашкари Исроил юртига бостириб борганда, кичкина қизчани асир қилиб олиб келган эди. Қизча Нўъмоннинг хотинига чўрилик қиларди.
3 Қизча бир куни бекасига айтиб қолди:
— Агар тўрам Самариядаги пайғамбар ҳузурига борганларида эди, ўша пайғамбар тўрамга шифо берган бўларди.
4 Шундай қилиб, Нўъмон ўз ҳукмдори ҳузурига борди. Шоҳга Исроил юртидан келтирилган қизчанинг айтганларини гапириб берди.
5 Орам шоҳи Нўъмонга:
— Йўлга отланавер, мен Исроил шоҳига мактуб ёзиб бераман, — деди. Нўъмон йигирма бир пуд кумуш, тўрт пуд олтин, ўн сидра қимматбаҳо кийим–бош олиб, йўлга чиқди.
6 Нўъмон мактубни Исроил шоҳига келтириб берди. Мактуб шу мазмунда битилган эди: “Ушбу мактуб етиб борганда, билингизки, хизматкорим Нўъмонни сизнинг ҳузурингизга юборган бўламан, уни тери касаллигидан сиз фориғ қилишингиз мумкин.”
7 Исроил шоҳи мактубни ўқиб, ваҳимага тушиб, кийимларини йиртди:
— Орам шоҳи мени ҳаёт бахш этадиган ва жон оладиган Худо деб ўйлаяптими?! Шифо беришим учун у менинг ҳузуримга одамини жўнатибди–я! Мана, билиб қўйинглар, Орам шоҳи мен билан уруш чиқариш учун баҳона излаяпти.
8 Исроил шоҳи ваҳимага тушиб либосларини йиртганини Элишай пайғамбар эшитгач, шоҳга хабарчи орқали шу гапни етказди: “Нега ваҳимага тушиб либосларингизни йиртдингиз? Ўша одам менинг олдимга келсин, Исроилда пайғамбар борлигини билиб қўйсин.”
9 Нўъмон отларию жанг араваларини Элишайнинг уйи эшиги олдига олиб келиб тўхтади.
10 Элишай Нўъмоннинг олдига хизматкорини чиқариб, у орқали Нўъмонга шу гапни етказди: “Бор, Иордан дарёсида етти марта ювин, шунда тананг янгиланиб, пок бўлади.”
11 Нўъмон эса дарғазаб бўлди: “Мен ўйлаган эдимки, пайғамбар албатта менинг олдимга чиқади, ўзининг Эгаси Худони чақириб илтижо қилади. Қўллари билан касал жойимни силаб, мени бу касалликдан фориғ қилади.
12 Дамашқдаги Абано ва Парфар дарёлари Исроилнинг ҳамма дарёларидан афзал эмасми?! Мен ўша дарёларда ювиниб, покланиб олаверардим–ку!”
Нўъмон жаҳл билан бурилиб кетди.
13 Шунда хизматкорлари келиб:
— Жаноби олийлари, агар пайғамбар сизга қийин нарсани айтганда, қилмасмидингиз? — деб гапиришди, — у сизга: “Ювингин, пок бўлиб қоласан”, деди холос–ку.
14 Охири, Нўъмон пайғамбарнинг айтганини қилиб, Иордан сувида етти марта шўнғиди. Шунда танаси худди ёш боланинг танаси каби янгиланиб, пок бўлди.
15 Нўъмон ва унинг барча ҳамроҳлари пайғамбар ҳузурига қайтиб келдилар. Нўъмон Элишайнинг ҳузурига келгач, айтди:
— Бутун ер юзида Исроил халқининг Худосидан бошқа Худо йўқлигини билдим. Марҳамат, энди мен, қулингизнинг ҳадяларини қабул қилинг.
16 Мен хизмат қилаётган Худо шоҳид! Ҳадянгни олмайман! — деди Элишай.
Нўъмон Элишайни қанча мажбур қилса ҳам, Элишай рад этди.
17 Шунда Нўъмон айтди:
— Ундай бўлса, мен, қулингизга иккита хачир кўтара оладиган тупроқ олиб кетишга ижозат беринг. Мен, қулингиз, бундан буён Эгамиздан бошқа худоларга ҳар хил қурбонликлару куйдириладиган қурбонликлар қилмайман.
18 Эгамиз мен, қулингизни фақат битта нарсада кечирсин: хўжайиним худо Риммон уйига бориб сажда қилиш учун қўлимга суянганда, мен ҳам Риммон уйида у билан бирга таъзим қиламан. Ўша ерда таъзим қилганимда, шу нарса учун Эгамиз мени кечирсин.
19 — Эсон–омон бор, — деди унга Элишай. Нўъмон Элишай ҳузуридан чиқиб, ҳали унча узоқ йўл юрмаган ҳам эдики,
20 Элишай пайғамбарнинг хизматкори Гахази ўзига ўзи айтди: “Ҳазратим анави Орам халқидан Нўъмон келтирган ҳадяларни қабул қилмасдан, унга ижозат берди. Худо ҳақи! Ортидан югуриб бориб, ундан бирор нарса ундирай.”
21 Гахази Нўъмоннинг орқасидан кетди. Нўъмон ортидан келаётган Гахазини кўриб, уни қарши олгани аравадан тушди.
— Тинчликми? — сўради Нўъмон.
22 — Тинчлик, — деди хизматкор, — хўжайиним мендан айтиб юборди, унинг ҳузурига Эфрайим қирларидаги пайғамбарлар гуруҳидан иккитаси келибди, уларга икки пуд кумуш ва икки сидра кийим–бош бераркансиз.
23 — Балки тўрт пуд оларсан, — деди Нўъмон ва Гахазини тўрт пуд олишга кўндирди. Нўъмон иккита қопдаги тўрт пуд кумушни ва икки сидра кийим–бошни боғлаб, ўзининг иккита хизматкорига берди. Хизматкорлар бу нарсаларни кўтариб, Гахазининг олдига тушиб жўнадилар.
24 Тепаликка келганларида, Гахази нарсаларни хизматкорларнинг қўлидан олди ва уйига олиб бориб яширди. Сўнгра Нўъмоннинг иккала хизматкорига ижозат берди.
25 Гахази қайтиб келгач, хўжайинининг ҳузурига кирди.
— Қаерда эдинг, Гахази? — сўради Элишай ундан.
— Мен, қулингиз, ҳеч қаерга бормадим, — жавоб берди у.
26 Элишай эса Гахазига:
— Ўша одам аравасидан тушиб сенга пешвоз чиққанда, менинг руҳим сен билан бирга эмасмиди?! — деди. — Ҳозир кумушу либослар ёки зайтунзорлару узумзорлар, қўю сигирлар, қулу чўрилар оладиган пайтми?!
27 Шу қилганинг учун Нўъмоннинг тери касаллиги сенга ва сенинг наслингга абадий ёпишиб қолсин.
Ўша заҳоти Гахазига яра тошиб, териси қордай оппоқ бўлиб қолди. У Элишайнинг ҳузуридан чиқиб кетди.
Болта сув юзига чиқади
1 Бир куни пайғамбарлар гуруҳи Элишайга:
— Қаранг, сиз билан биз йиғиладиган мана шу жойимиз тор, — дедилар.
2 — Ижозат беринг, Иордан дарёси бўйига борайлик, ҳар биримиз у ерда ёғоч кесиб, ўша ерда ўзимизга бошпана қурайлик.
— Майли, боринглар, — деди Элишай.
3 — Улардан биттаси:
— Марҳамат қилиб, сиз ҳам биз, қулларингиз билан бирга боринг, — деди.
— Хўп, бораман, — деди Элишай.
4 Элишай улар билан бирга кетди. Ҳаммалари Иордан дарёси бўйига етиб келиб, дарахт кеса бошладилар.
5 Биттаси дарахт кесаётиб, болтасини сувга тушириб юборди. У: “О, ҳазратим! Болтани омонатга олган эдим!” — деб бақирди.
6 — Болта қайси жойга тушди? — сўради пайғамбар. Ўша одам Элишайга болта тушган жойни кўрсатди. Элишай дарахтдан битта шох кесиб олиб, сувга ташлаган эди, болта сув юзига чиқди.
7 — Ол уни, — деди Элишай. Ўша одам қўлини узатиб, болтани олди.
Орам лашкари ва Элишай
8 Орам шоҳи Исроилга лашкар тортди ва “Фалон жойга лашкаримни жойлаштираман”, деб лашкарбошилари билан маслаҳатлашиб олди.
9 Пайғамбар Исроил шоҳига: “Ўша жойдан ўтманг, чунки у ерга Орам лашкари пистирма қўйган” деган хабар юборди.
10 Исроил шоҳи пайғамбар айтган жойга хабарчи жўнатди. Ўша ерда яшайдиган одамлар бу хавфнинг чорасини кўрдилар. Бундай воқеа бир–икки марта эмас, кўп марта юз берди.
11 Бу ҳодисадан Орам шоҳи қаттиқ безовталанди. У лашкарбошиларини чақириб:
— Менга айтинглар–чи, қайси бирингиз Исроил шоҳи билан алоқадасиз? — деди уларга.
12 — Ҳеч қайсимиз, шоҳ жаноблари! — деди лашкарбошилардан бири. — Бу Исроилдаги Элишай пайғамбарнинг иши, у ҳатто ётоқхонангизда айтган гапингизни ҳам Исроил шоҳига аён қилиб туради.
13 — Боринглар, унинг қаердалигини билиб келинглар! — деб буюрди Орам шоҳи. — Мен бирортасини юбораман–да, уни қўлга тушираман.
Шундан кейин: “Элишай Дўтанда”, деб шоҳга хабар етказдилар.
14 Орам шоҳи ўша ерга отлиқлар, жанг аравалари ва катта куч жўнатди. Улар тунда келиб, шаҳарни ўраб олдилар.
15 Тонгда пайғамбарнинг хизматкори ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Қараса, шаҳар атрофида отлиқ лашкар, жанг аравалари турибди. Шунда хизматкор:
— Эвоҳ! Ҳазратим, энди нима қиламиз? — деб сўради.
16 — Қўрқма, — деди Элишай, — чунки бизнинг ҳимоячиларимиз уларникидан жуда кўп.
17 Кейин Элишай илтижо қилди:
— Эй Эгам! Хизматкоримнинг кўзини оч, у кўрсин!
Эгамиз хизматкорнинг кўзини очиб юборди. Элишайнинг атрофидаги қирлар оловли отлар ва жанг араваларига тўлиб кетганини хизматкор кўрди.
18 Орам лашкари Элишайга ҳужум қилган эди, Элишай Эгамизга: “Уларни кўр қилиб қўй!” деб илтижо қилди. Эгамиз Элишайнинг илтижосини эшитди–да, Орам лашкарини кўр қилиб қўйди.
19 Кейин, Элишай Орам лашкарига деди:
— Сизлар адашиб қолибсизлар, сизлар излаётган шаҳар бу эмас. Ортимдан юринглар, мен сизларни излаётган одамингиз олдига олиб бораман.
Шундай қилиб, Элишай Орам лашкарини Самарияга бошлаб келди.
20 Улар Самарияга етиб келганларидан кейин Элишай:
— Эй Эгамиз! Уларнинг кўзларини оч, токи улар кўрсин, — деб илтижо қилган эди, Эгамиз Орам лашкарининг кўзини очди. Улар қарасалар, Самариянинг ўртасида турибдилар.
21 Исроил шоҳи Орам лашкарини кўргач Элишайдан:
— Уларни қириб ташлайми, ота? — деб сўради.
22 — Йўқ, ўлдирма! — деди Элишай. — Нега ўлдирар экансан?! Сен уларни жанг қилиб асир олганингда ҳам ўлдирмасдинг. Уларга нон, сув бер, еб–ичиб, ўзларининг ҳукмдори ёнига қайтиб кетишсин.
23 Шоҳ асирларга катта зиёфат тайёрлади. Асирлар еб–ичиб бўлишгач, Исроил шоҳи уларни йўлларига қайтариб юборди. Орам лашкари ўз ҳукмдори ёнига кетди. Бу босқинчилар қайтиб Исроил ерларига қадам босмадилар.
Самарияда очарчилик
24 Орадан анча вақт ўтгач, Орам шоҳи Банҳадад бутун лашкарини йиғиб Самарияни қамал қилди.
25 Орам лашкари Самарияни қамал қилиб турар экан, у ерда оғир қаҳатчилик юз берди. Натижада эшакнинг калласи саксон кумуш тангага, икки коса каптар ахлати беш кумуш тангага сотилди.
26 Бир куни Исроил шоҳи шаҳар девори устида кетаётган эди, бир аёл: “Шоҳ ҳазратлари! Ёрдам беринг”, деб фарёд қилди.
27 — Сенга Эгамиз ёрдам бермаса, мен қандай ёрдам бера оламан?! — деди шоҳ. — Мен буғдой ёки шароб бера олармидим?!
28 Дардинг нима?
— Мана бу аёл: “Ўғлингни бер, уни бугун ейлик, менинг ўғлимни эртага еймиз”, деб айтган эди.
29 Менинг ўғлимни пишириб едик. Эртаси куни мен унга: “Ўғлингни бер, уни ейлик”, деган эдим, у ўғлини яшириб қўйибди, — деди у.
30 Шоҳ аёлнинг сўзларини эшитгач, қайғудан либосларини йиртди. Халқ девор устида кетаётган шоҳнинг либоси ичидаги қанорни кўриб қолди.
31 Сўнгра шоҳ деди:
— Агар шу бугун Элишайнинг боши олинмаса, Худо мени не кўйга солса солсин, ундан ҳам баттарроғини қилсин.
32 Шоҳ хабарчи жўнатганда, Элишай ўз уйида оқсоқоллар билан бирга ўтирган эди. Шоҳ юборган хабарчи Элишайникига келмасдан олдин, Элишай оқсоқолларга айтди:
— Кўряпсизларми қотилни?! Менинг бошимни олмоқ учун қотил ўз одамини жўнатди! Қараб туринглар, хабарчи келганда, эшикни ёпинглар, уни ичкарига киритманглар. Ҳадемай, хўжайинининг ўзи ҳам унинг орқасидан етиб келади!
33 Элишай оқсоқоллар билан суҳбатлашиб ўтирганда, хабарчи унинг олдига келиб, шоҳнинг қуйидаги сўзларини етказди: “Шунча кулфат Эгамиздан келди! Нима учун мен энди Унга умид боғлашим керак?!”
1 Элишай айтди:
— Эгамизнинг сўзини эшитинглар: У шундай демоқда: “Эртага худди шу пайтда Самария дарвозаси олдида ярим тоғора яхши ун бир кумуш тангадан, бир тоғора арпа ҳам бир кумуш тангадан сотилади.”
2 Шоҳнинг энг яқин амалдори шу ерда эди. У Элишайга:
— Ҳатто Эгамиз осмоннинг қопқасини очиб, ёмғир ёғдирганда ҳам шундай бўлмас–ов, — деди. Шунда Элишай:
— Сен кўзинг билан кўрасан, лекин сенга насиб қилмайди, — деди.
Қамал тугайди
3 Шу вақтда шаҳар дарвозаси ташқарисида тери касаллигига чалинган тўртта одам: “Ўлимимизни кутиб, шу ерда ўтираверамизми?!” деб бир–бирига гапирди.
4 “Агар шаҳарга кирадиган бўлсак, у ерда очарчилик бўляпти, биз ҳам ўша ерда ўлиб кетамиз. Шу ерда ўтираверсак ҳам ўламиз. Яхшиси, Орам лашкарининг қароргоҳига борайлик. Агар бизни тирик қолдиришса, яшаймиз, ўлдиришса, ўламиз.”
5 Улар оқшом пайти Орам лашкарининг қароргоҳига бормоқчи бўлишиб, отланишди. Орам лашкарининг қароргоҳи чеккасига келиб қарасалар, у ерда бирорта ҳам одам йўқ экан.
6 Раббий Орам лашкарига жанг араваларининг тақир–туқурини, отларнинг кишнашини, кўп лашкарнинг шовқин–суронини эшиттирган эди. Улар бир–бирларига: “Исроил шоҳи бизга қарши ҳужум қилгани Хет ва Миср лашкарларини ёллаганга ўхшайди”, дедилар.
7 Улар оқшом пайти жонларини қутқариш учун чодирларини, отларини, эшакларини, бутун қароргоҳни шундайича ташлаб қочиб қолган эдилар.
8 Ўша касал одамлар қароргоҳга келиб, бир чодирга кирдилар. Чодирда еб–ичиб, у ердан кумуш, олтин, кийим–кечакларни олиб кетиб, яшириб қўйдилар. Кейин қайтиб келиб бошқа чодирга кирдилар, у ердан ҳам топганларини олиб бориб яширдилар.
9 Сўнгра улар бир–бирларига айтдилар:
— Биз тўғри иш қилмаяпмиз. Бу кун — хушхабарлар юз берган кундир. Агар биз сусткашлик қилиб, тонг отишини кутсак, жазога тортилишимиз аниқ. Кетдик, шоҳ саройига бориб хабар берайлик.
10 Касал одамлар бориб, шаҳар дарвозабонларини чақирдилар–да, уларга шундай дедилар:
— Биз Орам лашкарининг қароргоҳига борган эдик. У ерда на бирор тирик жон бор, на бирор инсон товуши эшитилади. Фақат боғловлиқ отлар, эшаклар турган экан. Чодирларни, қандай турган бўлса, шундайлигича ташлаб кетибдилар.
11 Дарвозабонлар жар солиб бу хушхабарни шоҳ саройига етказдилар.
12 Шоҳ тунда ўрнидан туриб, лашкарбошиларига шундай деди:
— Орам лашкари қандай режа тузаётганларини сизларга айтиб қўяй. Биз қаҳатчиликни бошдан кечираётганимизни улар билади. Шаҳардан чиққанимиздан кейин, бизни тириклайин қўлга олиб, шаҳарга ёриб киришни режалаштирган. Шу мақсадда далада пистирма қўйиш учун қароргоҳдан чиқиб кетган.
13 Шоҳнинг аъёнларидан бири деди:
— Шу пайтгача қанча одам ўлди, шаҳарда қолганларимиз ҳам барибир ўлимга маҳкуммиз! Энди бир нечта одамни юборайлик. Улар шаҳарда қолган отлардан бештасини олсин ва бориб, аҳволни билиб келсин.
14 Улар иккита отлиқ одамни тайёрладилар. Шоҳ ўша одамларни Орам лашкари изидан жўнатар экан: “Бориб, нима бўлганини билиб келинглар”, деди.
15 Отлиқлар Орам лашкарининг изидан Иордан дарёсигача боришди. Йўл бўйи кийим–кечак, буюмлар сочилиб кетган эди. Бу нарсаларни Орам лашкари шошиб–пишиб қочаётганларида ташлаб кетган эдилар. Юборилган одамлар қайтиб келиб, шоҳга хабар бердилар.
16 Халқ Орам лашкарининг қароргоҳига бориб, у ерни талон–тарож қилди. Эгамиз айтганидай, ярим тоғора яхши ун бир кумуш тангадан, бир тоғора арпа ҳам бир кумуш тангадан сотилди.
17 Шоҳ ўша яқин амалдорини дарвозага тайинлаган эди. Халқ амалдорни дарвоза олдида босиб, янчиб ўтиб кетди, амалдор ўлди. Шоҳ пайғамбар ҳузурига борганда, пайғамбар бўладиган ҳодисаларни унга олдиндан айтган эди.
18 Ҳаммаси пайғамбар айтганидай бўлди. У шоҳга: “Эртага худди шу пайтда Самария дарвозаси олдида ярим тоғора яхши ун бир кумуш тангадан, бир тоғора арпа бир кумуш тангадан сотилади”, деган эди.
19 Амалдор эса пайғамбарга: “Ҳатто Эгамиз осмоннинг қопқасини очиб, ёмғир ёғдирганда ҳам, шундай бўлмас–ов”, деб жавоб берган эди. Элишай эса унга: “Сен кўзинг билан кўрасан, лекин сенга насиб қилмайди”, деганди.
20 Шундай қилиб, айтилган воқеа юз берди: халқ ўша амалдорни дарвоза олдида босиб, янчиб ўтиб кетди, амалдор ўлди.
Шунамлик аёл қайтиб келади
1 Элишай ўзи тирилтирган боланинг онасига шундай деган эди:
— Тур ўрнингдан, ўзинг ва хонадонинг аҳли билан бирга жўна. Қаерда яшай олсанг, ўша ерда яшайвер, чунки Эгамиз юртга етти йил қаҳатчилик юборишга қарор қилди.
2 Аёл пайғамбарнинг айтганларига қулоқ солди. Унинг ўзи ва хонадони аҳли Филистлар ерига бориб, у ерда етти йил истиқомат қилди.
3 Орадан етти йил ўтгач, ўша аёл Филистлар еридан қайтиб келди. Сўнг уйимни ва даламни қайтариб олай деб, шоҳ ҳузурига келди.
4 Шу пайтда шоҳ Элишайнинг хизматкори Гахази билан гаплашаётган эди:
— Элишай қилган ҳамма ажойиботлар ҳақида менга айтиб бер–чи, — деди шоҳ.
5 Пайғамбар ўликни қандай тирилтирганини Гахази шоҳга гапираётган эди, ҳалиги аёл шоҳдан ўз уйи ва даласини қайтариб олиш учун сўраб келиб қолди.
— Шоҳ ҳазратлари! — деди Гахази. — Бу ўша аёлдир. Ана, Элишай тирилтирган ўғли ҳам ёнида турибди.
6 Шоҳ аёлдан бўлиб ўтган воқеаларни сўради. Аёл шоҳга ҳаммасини айтиб берди. Шундан сўнг шоҳ сарой амалдорларидан бирини чақириб, аёл билан бирга жўнатар экан, амалдорга амр берди:
— Бу аёлнинг ҳамма нарсаси, бу юртдан чиқиб кетган кундан бошлаб бугунгача олинган жамики даромади билан бирга даласи қайтарилсин.
Элишай ва Орам шоҳи Банҳадад
7 Элишай Дамашққа келди. Орам шоҳи Банҳадад хаста эди. “Пайғамбар шу ерга келибди”, деб шоҳга хабар етказишди.
8 Шоҳ шунда Хазайил деган одамга деди:
— Бирорта ҳадя олгин–да, пайғамбарга пешвоз чиқ. У орқали Эгамиздан сўраб кўр–чи, мен шу касалликдан халос бўлармиканман.
9 Хазайил Дамашқдаги энг яхши ҳадялардан қирқта туяга юклаб, Элишайни кутиб олгани кетди. Элишайнинг олдига келгач, унга шундай деди:
— Орам шоҳи — қулингиз Банҳадад мени сизнинг ҳузурингизга юборди. “Шу касалликдан халос бўлармиканман ёки йўқмикан, билиб кел”, деди.
10 — Шоҳнинг ҳузурига бориб, албатта соғайиб кетаркансиз, деб айт, — деди Элишай Хазайилга, — лекин Эгамиз менга аён қилди: шоҳ ўлади.
11 Хазайил уятдан қизаргунча, Элишай унинг юзига тик қараб тураверди. Кейин пайғамбар йиғлай бошлади.
12 — Ҳазратим нечун йиғлаяптилар? — деб сўради Хазайил.
— Исроил халқига қиладиган ёвузликларингни билганим учун йиғлаяпман, — деди Элишай. — Сен Исроил халқининг қалъаларига ўт қўясан, йигитларини қиличдан ўтказасан, гўдакларини ерга уриб ўлдирасан, ҳомиладор аёлларнинг қорнини ёриб ташлайсан.
13 — Кўппакдан фарқ қилмайдиган мен, қулингиз, ким бўлибманки, шунақа ишларни қила олар эканман?! — деди Хазайил.
— Эгамиз менга аён қилди: сен Орам шоҳи бўласан, — дея жавоб берди Элишай.
14 Хазайил Элишайнинг ҳузуридан чиқиб, ҳукмдори Банҳададнинг ёнига қайтиб келди.
— Элишай сенга нима деди? — сўради шоҳ Хазайилдан.
— У менга айтдики, сиз албатта соғайиб кетаркансиз, — деб жавоб берди Хазайил.
15 Эртаси куни Хазайил кўрпани олиб, сувга ботирди–да, ҳўл кўрпани шоҳнинг юзига ёпиб, уни бўғди. Шундай қилиб, Хазайил шоҳни ўлдириб, унинг ўрнига ўзи шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Ёҳурам
16 Ёҳушафат ҳали Яҳудо шоҳи бўлиб турганда, унинг ўғли Ёҳурам ҳам тахтга ўтирди. Бу воқеа Исроил шоҳи Ёрам ҳукмронлигининг бешинчи йилида юз берди.
17 Ёҳурам Яҳудо шоҳи бўлганда, ўттиз икки ёшда эди. У Қуддусда саккиз йил ҳукмронлик қилди.
18 Хотини Ахабнинг қизи бўлгани учун Ёҳурам ҳам, Ахаб хонадони сингари, Исроил шоҳлари йўлидан юриб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди.
19 Эгамиз Ўз қули Довуд ҳақи–ҳурмати учун Яҳудони ҳалокатга учратишни истамади, чунки Эгамиз Довудга: “Сенинг наслингга то абад сўнмайдиган чироқ бераман”, деб ваъда қилган эди.
20 Ёҳурам даврида Эдом Яҳудо шоҳлигига қарши исён қилди. Эдом халқи ўзларининг мустақил шоҳлигини қурдилар.
21 Шундан сўнг Ёҳурам ҳамма жанг араваларини бошлаб Зоирга борди. Эдом лашкари Ёҳурамни ва унинг жанг аравалари сардорларини ўраб олган эди, лекин Ёҳурам тунда ҳужум қилиб, қамални ёриб чиқди. Яҳудо лашкари уйларига қочиб кетди.
22 Ўша пайтдан бери ҳозиргача Эдом халқи Яҳудо ҳукмронлигидан озоддир. Ўша даврда Либна шаҳри ҳам исён кўтарган эди.
23 Ёҳурамнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
24 Ёҳурам оламдан ўтди. У Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Охозиё шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Охозиё
25 Исроил шоҳи Ёрам ўн иккинчи йил шоҳлик қилаётганда, Охозиё Яҳудо шоҳи бўлди. У Ёҳурамнинг ўғли эди.
26 Охозиё тахтга ўтирганда, йигирма икки ёшда эди. У Қуддусда бир йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Оталиё бўлиб, Исроил шоҳи Омрининг невараси эди.
27 Охозиё ҳам Ахаб хонадонининг йўлидан кетди. Ахаб наслига ўхшаб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Чунки у Ахаб хонадонига қариндош эди.
28 Охозиё билан Ёрам бирга Гиладдаги Рамўтга бориб, Орам шоҳи Хазайилга қарши уруш очди. Шоҳ Ёрам шу урушда ярадор бўлди.
29 У ярасини даволатиш учун Йизрил шаҳрига қайтиб келди. Яҳудо шоҳи Охозиё эса яраланган Ёрамни кўргани Йизрилга борди.
Ёҳу Исроил устидан шоҳ қилиб тайинланади
1 Элишай пайғамбарлар гуруҳидан биттасини чақириб, унга деди:
— Қани, бўл, қўлингга анави мой солинган идишни ол, Гиладдаги Рамўтга бор.
2 У ерга борганингдан кейин, Ёҳуни қидириб топ. Нимши деганнинг набираси Ёҳу Яҳошафат деган одамнинг ўғлидир. Уни ўртоқлари орасидан чақириб чиқиб, бошқа хонага олиб кир.
3 Сўнгра мой солинган идишни ол. Ёҳунинг бошига мойни суртгин–да, шундай дегин: “Эгамиз шундай айтмоқда: сенга мой суртиб, Исроил устидан шоҳ қилиб танладим.” Кейин эшикни очгин–у, кутмасдан қоч.
4 Ёш пайғамбар Гиладдаги Рамўтга кетди.
5 Ўша жойга етиб келганда, лашкарбошилар суҳбатлашиб ўтирган эди.
— Сенда гапим бор, лашкарбоши, — деди у.
— Қайси биримизда гапинг бор? — деб сўради Ёҳу.
— Сенда, лашкарбоши, — деди у Ёҳуга.
6 Ёҳу ўрнидан туриб, бошқа хонага кирди. Ёш пайғамбар унинг бошига мойни суртгач, деди:
— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Сенга мой суртиб, Ўзимнинг халқим Исроил устидан шоҳ қилиб тайинладим.
7 Сен ҳукмдоринг Ахабнинг хонадонини қириб ташлайсан, токи пайғамбар қулларим ва бошқа ҳамма қулларимнинг тўкилган қонлари учун Мен Изабелдан ўч олай.
8 Ахабнинг бутун хонадони йўқ бўлади. Исроилда Ахабнинг уруғидан ҳар бир эркак зотини, хоҳ қул бўлсин, хоҳ озод бўлсин, қириб ташлайман.
9 Ахаб хонадонини Набат ўғли Ерибомнинг хонадони ва Охиё ўғли Башонинг хонадони кўйига соламан.
10 Изабел эса Йизрил ерларида итларга ем бўлади, уни дафн қиладиган ҳеч кимса бўлмайди.”
У шундай деб эшикни очди–ю, қочди.
11 Ёҳу лашкарбоши дўстлари олдига қайтди.
— Тинчликми? Анави телба сенинг олдингга нима учун келибди? — деб сўрашди дўстлари ундан.
— Э, бунақа одамларни биласизлар–ку, валдирайверадилар–да, улар, — деди Ёҳу дўстларига.
12 — Эй ёлғончи! Қани, бизга ҳам айт–чи, — дейишди улар.
Ёҳу дўстларига: “Эгамиз менга мой суртиб Исроил устидан шоҳ қилиб тайинлабди”, деб пайғамбарнинг гапларини айтиб берди.
13 Ҳаммалари шошилиб қолишди. Ҳар ким либосларини ечиб, Ёҳу турган зинапояга тўшадилар ва бурғу чалиб: “Ёҳу шоҳ бўлди!” деб жар солдилар.
Ёҳу Ёрамни ўлдиради
14 Ёҳу Ёрамга қарши фитна уюштирди.
Бу пайтда бутун Исроил лашкари шоҳ Ёрам бошчилигида Гиладдаги Рамўт шаҳрини Орам шоҳи Хазайилдан ҳимоя қилаётган эди.
15 Ёрам Хазайил билан жанг қилганда, Орам лашкари уни яралаган, Ёрам эса яраларини даволатиш учун Йизрилга қайтган эди.
Ёҳу дўстларига:
— Агар сизлар мен томонда бўлсангизлар, шаҳардан бирор кимса чиқиб кетишига ва Йизрилга хабар олиб боришига йўл қўйманглар, — деди.
16 Ёҳу отига миниб, Йизрил шаҳрига йўл олди, чунки Ёрам касал бўлиб, у ерда ётган эди.
Яҳудо шоҳи Охозиё ҳам Ёрамни кўргани келган эди.
17 Йизрил минораси устида қоровул турарди.
Ёҳунинг одамлари яқинлашиб келарди. Қоровул уларни кўриб қолиб: “Бир талай одамни кўряпман”, деди. Ёрам қоровулга айтди:
— Бирорта отлиқни юбор, одамларни кутиб олиб: “Тинчлик билан келяпсизларми?” деб сўрасин.
18 Сувори Ёҳуга пешвоз чиқиб деди:
— Шоҳ: “Тинчлик билан келяпсизларми?” деб сўраяпти.
— Тинчликдан сенга нима?! Орқамдан юр, — деди Ёҳу. Қоровул эса: “Отлиқ уларнинг олдига етиб борди–ю, лекин қайтиб келмаяпти”, деб хабар берди.
19 Энди бошқа бир отлиқни юборишди, буниси ҳам уларнинг олдига келиб:
— Шоҳимиз: “Тинчлик билан келяпсизларми?” деб сўраяпти, — деди.
— Тинчликдан сенга нима?! Орқамдан юр, — деди Ёҳу.
20 Қоровул: “Отлиқ уларнинг олдига етиб борди–ю, қайтиб келмади, ўпкаси оғзига тиқилгандай ҳовлиқиб от чоптириб келишидан Ёҳуга ўхшайди”, деб хабар етказди.
21 — Аравани қўш! — деб буюрди Ёрам. Шоҳнинг жанг аравасини қўшдилар. Исроил шоҳи Ёрам ва Яҳудо шоҳи Охозиё ўз араваларига миниб, Ёҳуни кутиб олгани чиқдилар. Улар Ёҳуни Йизриллик Навўтнинг даласида кутиб олдилар.
22 Ёрам Ёҳуни кўргач, унга:
— Тинчлик билан келдингми, Ёҳу? — деб сўради.
— Онанг Изабел бошлаган зиною сеҳр–жоду бизда ҳанузгача давом этиб келар экан, қанақасига тинчлик бўлсин?! — деди Ёҳу.
23 Ёрам Охозиёга: “Қочдик, Охозиё! Хоинлик бу!” деди–ю, от тизгинини буриб, қочиб қолди.
24 Ёҳу камонни кучи борича тортиб, Ёрамнинг иккала кураги ўртасини мўлжаллаб отди. Ўқ Ёрамнинг қоқ юрагини тешиб ўтди. Ёрам араваси ичига йиқилди.
25 Ёҳу хизматкори Бидкарга деди:
— Унинг жасадини Йизриллик Навўтнинг даласига олиб бориб ташла, шуни ёдингдан чиқармагинки, биз, икковимиз, Ёрамнинг отаси Ахабнинг ортидан жанг аравасида борганимизда, Ахабга қарши Эгамиз шуни аён қилган эди:
26 “Кеча Навўт билан унинг ўғиллари қонини кўрдим. Сендан ўша далада қасос оламан.” Энди Эгамизнинг айтганига кўра, Ёрамнинг жасадини олиб, Навўтнинг даласига олиб бориб ташла.
Яҳудо шоҳи Охозиё ўлдирилади
27 Яҳудо шоҳи Охозиё бу ҳодисани кўриб, Байт–Хагон шаҳрига қараб қочди. Ёҳу унинг ортидан қувиб кетаётганда:
— Уни ҳам ўлдиринглар! — деб бақирди. Йиблаём шаҳри ёнидаги Гур тепалигида аравасида турган Охозиёни отдилар. Охозиё Магидў шаҳрига қочиб бориб, ўша ерда жон берди.
28 Аъёнлари унинг жасадини аравада Қуддусга олиб келдилар ва Довуд қалъасида, ота–боболари хилхонасига дафн қилдилар.
29 Ахаб ўғли Ёрам ҳукмронлигининг ўн биринчи йилида Охозиё Яҳудо шоҳи бўлган эди.
Изабел ўлдирилади
30 Ёҳу Йизрилга борди. Изабел эса бу хабарни эшитиб кўзларига сурма суртиб, сочларини тараб, деразадан қараб турган эди.
31 Ёҳу шаҳар дарвозасидан киргач, Изабел:
— Ҳа, сенмисан, ҳукмдорини ўлдирган Зимридан қолишадиган жойинг йўқ! Тинчлик билан келдингми? — деди.
32 Ёҳу кўзларини деразага қадаб:
— Ким мен томонда? Ким? — деб бақирди. Тепада ҳарам оғаларидан икки–учтаси пайдо бўлди.
33 — Уни пастга улоқтиринглар! — деб буюрди Ёҳу. Улар Изабелни ушлаб пастга улоқтирдилар. Унинг қони деворга, отларга сачради, Ёҳунинг оти жасадни эзғилаб ташлади.
34 Шундан кейин Ёҳу келиб, еб–ичди. Сўнгра:
— Анави лаънатини топиб, кўминглар, — деди, — нима бўлганда ҳам, шоҳ қизи–да.
35 Лекин Изабелнинг жасадини дафн қилишга борган одамлар, унинг бош суяги, оёғи ва қўл панжасидан бошқа бирор аъзосини топа олмадилар.
36 Ҳаммалари қайтиб келиб, Ёҳуни аҳволдан хабардор қилдилар. Ёҳу уларга шундай деди:
— Эгамизнинг Ўз қули Илёс орқали айтган бу сўзлари бажо бўлди:
“Изабелнинг жасади Йизрил ерларида кўппакларга ем бўлар,
37 Унинг жасади Йизрил далаларидаги гўнгга ўхшаб қолар,
Шунинг учун ҳеч ким, бу Изабелдир, деб айтмас.”
Ахаб хонадони ўлдирилади
1 Ахабнинг Самария шаҳрида етмишта ўғли бор эди. Ёҳу Самариядаги оқсоқолларга ва Ахаб ўғилларининг мураббийларига ҳамда Йизрил бекларига шу мазмунда мактуб ёзиб юборди:
2 “Шоҳингизнинг ўғиллари сизлар билан бирга турибдилар, жанг араваларингиз, отларингиз ва қурол–яроғларингиз ҳам бор, ўзларингиз мустаҳкам шаҳарда яшайсизлар. Ушбу мактуб сизларга етиб бориши биланоқ,
3 ҳукмдорингиз ўғилларидан энг муносибини танлаб олиб, отасининг ўрнига тахтга ўтқазинглар ва ҳукмдорингизнинг хонадонини ҳимоя қилиш учун мен билан жанг қилишга тайёрланинглар.”
4 Аммо Самариядагилар жуда қўрқиб кетдилар:
— Ёҳуга иккита шоҳ бардош беролмади–ю, биз қандай қилиб бардош берардик?! — дейишди улар.
5 Шундан кейин бош вазир, шаҳар ҳокими, оқсоқоллар, Ахаб ўғилларининг мураббийлари Ёҳуга шундай хабар беришди: “Биз ҳеч кимни шоҳ қилмаймиз. Биз сизнинг қулларингизмиз, нима буюрсангиз, шуни ижро қилармиз, сизга нима маъқул бўлса, шуни қилинг.”
6 Ёҳу эса уларга иккинчи марта шу мазмунда мактуб ёзди: “Агар сизлар мен тарафда бўлиб, менга итоат этишга тайёр бўлсангизлар, ҳукмдорингиз ўғилларининг бошларини олиб, эртага шу пайтда Йизрилга, менинг ҳузуримга келтиринглар.” Шоҳнинг етмишта ўғли бўлиб, уларни шаҳарнинг энг аслзодалари тарбия қилаётган эдилар.
7 Мактуб аслзодаларнинг қўлига теккач, улар шоҳ ўғилларини ушлаб, ҳаммаларини — етмиш кишини бўғизладилар, уларнинг бошларини саватга солиб, Йизрилга, Ёҳунинг ҳузурига жўнатдилар.
8 Хабарчи Ёҳуга: “Улар шоҳ ўғилларининг бошларини олиб келдилар”, деди. Ёҳу: “Каллаларни дарвоза олдига икки тўп қилиб тахланглар, эрталабгача ўша ерда қолсин”, деди.
9 Эртасига эрталаб Ёҳу халқнинг олдига чиқиб гапирди:
— Ўз ҳукмдоримга қарши мен исён кўтариб, уни ўлдирдим. Сизлар айбдор эмассизлар. Лекин мана бу одамларни ким ўлдирди?
10 Шуни билиб қўйингларки, Эгамизнинг Ахаб хонадони тўғрисида айтган биронта сўзи ижросиз қолмайди. Эгамиз Ўз қули Илёс орқали айтган сўзини бажо қилди.
11 Сўнгра Ёҳу Йизрилда Ахаб хонадонининг қолган–қутганини, унинг ҳамма аъёнларини, яқинларини, руҳонийларини ўлдирди. Шундай қилиб, Ахабнинг биронта ҳам одами тирик қолмади.
Шоҳ Охозиёнинг қариндошлари ўлдирилади
12 Шундан кейин Ёҳу Йизрилдан Самария томон йўлга чиқди. У йўлда чўпонларга қарашли Байт–Акад деган жойда
13 Яҳудо шоҳи Охозиёнинг қариндошлари билан учрашиб қолди ва улардан: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради.
— Биз Охозиёнинг қариндошларимиз, — дейишди улар. — Шоҳнинг оиласидан ва малика Изабелнинг ўғилларидан хабар олгани кетяпмиз.
14 — Буларни тириклайин ушланглар! — деб буюрди Ёҳу одамларига. Уларни тириклайин ушлаб ҳаммаларини — қирқ иккита одамни Байт–Акад сардобаси ёнида бўғизладилар. Улардан бирортасини ҳам тирик қолдирмадилар.
Ахабнинг бошқа қариндошлари ўлдирилади
15 Ёҳу у ердан жўнаб кетди. Йўлда унга пешвоз чиққан Ёҳунадав билан учрашиб қолди. Ёҳунадав Рахав деган одамнинг ўғли эди. Ёҳу у билан саломлашиб:
— Сенга менинг ниятим холис, сенинг ниятинг ҳам холисми? — деб сўради.
— Шундай, — деб жавоб берди Ёҳунадав.
— Ундай бўлса, қўлингни бер, — деди Ёҳу. Ёҳунадав қўлини узатди. Ёҳу уни ёнига — аравасига олди.
16 — Мен билан юр, мен Эгамиз учун қанчалик жон куйдиришимни кўриб қўй, — деди Ёҳу унга. Сўнгра уни аравасида Самарияга олиб кетди.
17 Ёҳу Самарияга етиб келгач, Эгамиз Илёс орқали айтганидай, Ахабнинг у ердаги қолган–қутган қариндошларини битта қўймай ўлдирди.
Баалга сиғинганлар ўлдирилади
18 Ёҳу жамики халқни тўплаб, уларга айтди:
— Ахаб Баалга унчалик сиғинмас эди, мен эса Баалга чин дилдан сиғинаман.
19 Энди менинг олдимга Баалнинг ҳамма пайғамбарларини чақириб келинглар, ҳеч ким келмай қолмасин, чунки мен Баалга жуда катта қурбонлик қиламан, келмаганлар ўлдирилади.
Аслида Ёҳу Баалга сиғинганларни ўлдириш мақсадида бир ҳийла ўйлаётган эди.
20 — Баалга бағишланган байрам йиғини бўлишини тайинланглар, — деди Ёҳу.
Бу тўғрида эълон қилдилар.
21 Ёҳу бутун Исроил бўйлаб хабар жўнатган эди, Баалга сажда қилувчиларнинг ҳаммаси келди, биронтаси ҳам келмай қолмади. Ҳамма Баалнинг уйига кирди. Баалнинг уйи лиқ тўлди.
22 Ёҳу муқаддас либосларни сақловчи хизматкорга:
— Баалга сиғинадиганларнинг ҳаммасига либослар келтир, — деб амр берди.
Хизматкор ҳар бирига либос келтирди.
23 Шу пайт Ёҳу Ёҳунадав билан бирга Баалнинг уйига кирди–да, сажда қилувчиларга:
— Атрофингизга яхшилаб қаранг, — деди. — Орангизда Эгамизга хизмат қиладиганлардан ҳеч ким бўлмасин, бу ерда фақат Баалга сажда қилувчилар бўлсин.
24 Шундан кейин Ёҳу билан Ёҳунадав куйдириладиган ва бошқа қурбонликларни келтира бошладилар. Бундан олдин эса Ёҳу Баалнинг уйи атрофига саксон кишини қўйиб, уларга шундай амр берган эди: “Қўлингизга мана бу одамларни топширяпман. Булардан бирортаси ҳам қочиб қолмасин. Ким қочишига йўл қўйса, боши билан жавоб беради.”
25 Ёҳу қурбонликларни куйдириб бўлиши биланоқ қўриқчиларга ва лашкарбошиларга: “Ичкарига кириб, ҳаммани ўлдиринглар, бирортаси ҳам қочиб кетмасин!” — деб буйруқ берди. Қўриқчилар ва лашкарбошилар ҳаммасини қилич дамидан ўтказиб, жасадларини ташқарига отдилар. Сўнгра Баалнинг уйидаги ичкари хонага кириб,
26 у ердаги бутсимон устунларни ташқарига олиб чиқиб, ёқиб юбордилар.
27 Баалга аталган тошни синдирдилар, уйини вайрон қилдилар. Халқ бу жойни ҳожатхонага айлантирди. Ўша жой бугунгача ҳожатхона бўлиб қолган.
28 Шундай қилиб, Ёҳу Исроил ерида Баалга сажда қилишга барҳам берди.
29 Бироқ Ёҳу Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди, яъни Байтил ва Дандаги олтин бузоқларга сажда қилишдан у қайтмади.
30 Эгамиз Ёҳуга:
— Менинг олдимда тўғри иш қилиб муваффақият қозондинг, — деди. — Ахаб хонадонига қарши Мен нима истаган бўлсам, ҳаммасини қилдинг. Бунинг учун сенинг наслинг тўртинчи авлодигача Исроил тахтида ўтиради.
31 Аммо Ёҳу Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг қонунларига бутун қалби билан итоат қилмади, Исроил халқини гуноҳга ботирган Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.
Ёҳунинг ўлими
32-33 Ўша пайтда Эгамиз Исроил ерларини парчалаб, кичрайтира бошлади.
Орам шоҳи Хазайил Иордан дарёсининг шарқида Гад, Рубен, Манаше қабилалари яшайдиган бутун Гилад ерларини, Арнон сойлигидаги Арор шаҳридан Гилад ва Башан ўлкаларига қадар бўлган жамики Исроил ерларини босиб олди.
34 Ёҳунинг бошқа ишлари, бутун фаолияти ва қаҳрамонликлари ҳақида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
35 Ёҳу оламдан ўтди. У Самарияда ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ёҳухоз шоҳ бўлди.
36 Ёҳу Самарияда йигирма саккиз йил Исроилга ҳукмронлик қилди.
Яҳудо маликаси Оталиё
1 Оталиё ўз ўғли шоҳ Охозиёнинг ўлдирилганини эшитгач, Яҳудода Охозиёнинг жамики уруғини қириб ташлашга киришди.
2 Шоҳнинг ҳамма ўғилларини ўлдириш режалаштирилган эди. Шоҳ Ёҳурамнинг Ёҳушева деган қизи бор эди. Ёҳушева Охозиёга ўгай сингил эди. Ёҳушева Охозиёнинг ўғли Йўшни шоҳнинг ўғиллари орасидан билдирмасдан олиб қочди. Оталиё болани ўлдирмаслиги учун уни энагаси билан бирга Эгамизнинг уйидаги ётоқхонага яширди.
3 Оталиё юртни бошқарган пайтда, бола олти йил давомида Эгамизнинг уйида энагаси билан бирга яшириниб юрди.
4 Еттинчи йили руҳоний Ёҳайидо Харёллик қўриқчиларнинг лашкарбошиларига ва сарой қўриқчиларининг лашкарбошиларига хабар бериб, уларни чақиртирди. Ҳаммаларини Эгамизнинг уйига йиғиб, улар билан аҳд тузди. Ҳаммаларига Эгамизнинг уйида онт ичиргандан кейин, шоҳнинг ўғли Йўшни уларга кўрсатди.
5 Ёҳайидо уларга шундай буюрди: “Энди сизлар бундай қиласизлар: Шаббат куни хизматда бўлган қўриқчиларнинг учдан бири шоҳ саройини қўриқлашади.
6 Учдан бири Сур дарвозасини, учдан бири эса сарой дарвозасини қўриқлашади ва сарой қўриқчилари ўрнига туришади.
7 Шаббат куни хизматда бўлмаган бошқа икки қисм сипоҳларингиз эса Эгамизнинг уйи атрофида туриб шоҳни қўриқласин.
8 Ҳамма қўлида қуроли билан шоҳни ҳар томондан ўраб олсин, ким сафга яқинлашса, ўлдирилсин. Шоҳ кирганда ҳам, чиққанда ҳам, унга ҳамроҳ бўлинглар.”
9 Юзбошилар руҳоний Ёҳайидонинг амрларини сўзсиз бажардилар. Ҳар бир юзбоши Шаббат куни хизматини бошлаган ва хизматини тугатган қўриқчиларини олиб, Ёҳайидонинг ёнига борди.
10 Руҳоний Эгамизнинг уйида турган шоҳ Довуднинг найзаларию қалқонларини юзбошиларга тарқатди.
11 Шоҳни қўриқлаш учун уйнинг жануб томонидан шимол томонигача, қурбонгоҳнинг ва уйнинг атрофига соқчилар жангга шай ҳолда қўйилди.
12 Ёҳайидо Йўшни ташқарига олиб чиқиб, бошига тож кийдирди. Унга шоҳлик қонунларини берди. Йўш шоҳ деб эълон қилинди. Унинг бошига мой суртишди, сўнгра: “Шоҳимизнинг умрлари узоқ бўлсин!” дея олқишлаб, қарсак чалдилар.
13 Оталиё қўриқчилар билан халқнинг шовқин–суронини эшитгач, Эгамизнинг уйига, у ерда йиғилганларнинг ёнига борди.
14 Қарасаки, одатга кўра, Эгамизнинг уйига кираверишдаги устун олдида шоҳ турибди, шоҳнинг атрофини лашкарбошилар, карнайчилар ўраб олган. Юртнинг бутун халқи шод–хуррам, карнай чаляпти. Шунда Оталиё ғазабдан либосларини йиртиб: “Хоинлик! Хоинлик!” деб бақирди.
15 Руҳоний Ёҳайидо юзбошиларга: “У хотинни бу ердан олиб чиқиб кетинглар, кимки унга эргашса, қиличдан ўтказинглар”, деб буйруқ берди. Руҳоний ўша аёлнинг Эгамиз уйида ўлдирилишини истамади.
16 Оталиё ушланди ва саройнинг От дарвозасига келтирилиб, ўша ерда қатл қилинди.
Ёҳайидо қилган ислоҳотлар
17 Руҳоний Ёҳайидо халқ, шоҳ ва Эгамиз орасида “Биз Эгамизнинг халқи бўламиз” деб аҳд тузди. Ундан кейин халқ билан шоҳ орасида ҳам аҳд тузди.
18 Сўнг бутун халқ Баалнинг уйига бориб, уни бузиб ташлади, у ердаги қурбонгоҳларни ва Баалнинг тасвирларини синдирди, Баалнинг руҳонийси Маттонни эса қурбонгоҳларнинг рўпарасида ўлдирди. Руҳоний Ёҳайидо Эгамизнинг уйига қўриқчилар тайин қилди.
19 Сўнгра юзбошиларни, Харёллик қўриқчиларни, сарой қўриқчиларини ва жамики халқни ёнига олиб, шоҳни Эгамизнинг уйидан олиб чиқди. Улар қўриқчилар дарвозасидан ўтиб, шоҳни саройга олиб келдилар ва тахтга ўтқаздилар.
20 Оталиё шоҳ саройида ўлдирилгани учун юрт халқи севинди. Қуддус осойишта бўлиб қолди.
21 Йўш тахтга ўтирган пайтда етти ёшда эди.
Яҳудо шоҳи Йўш
1 Исроил шоҳи Ёҳу ҳукмронлигининг еттинчи йилида Йўш Яҳудо шоҳи бўлган эди. У Қуддусда қирқ йил ҳукмронлик қилди. Онаси Бершеба шаҳридан бўлиб, исми Зибиёх эди.
2 Йўш умри бўйи Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди, чунки руҳоний Ёҳайидо унга йўл кўрсатарди.
3 Лекин саждагоҳлар ҳамон йўқ қилинмаган, халқ ҳали ҳам ўша жойларда қурбонлик қилиб, тутатқи тутатарди.
4 Йўш руҳонийларга фармон берди:
— Эгамизнинг уйига эҳсон сифатида олиб келинган кумушни, доимий солиқни, ваъда қилинган назрни ва ихтиёрий берилган ҳадяларни тўпланглар.
5 Бу кумушларни руҳонийлар олиб келувчилардан қабул қилиб олиб, Эгамиз уйининг бузилган жойларини тузатишга сарфлашсин.
6 Йўш ҳукмронлигининг йигирма учинчи йилида ҳам руҳонийлар Эгамиз уйининг бузилган жойларини ҳали тузатмаган эдилар.
7 Шундан кейин шоҳ Йўш руҳоний Ёҳайидо билан бошқа руҳонийларни чақириб:
— Нимага Эгамизнинг уйини тузатмаяпсизлар? — деди уларга, — энди одамлардан кумуш олманглар. Олган кумушларингизни Эгамизнинг уйини тузатишга беринглар.
8 Руҳонийлар халқдан ўзлари пул йиғмасликка ва Эгамизнинг уйи таъмирланишини назорат қилмасликка рози бўлишди.
9 Руҳоний Ёҳайидо бир қути олиб, қопқоғи устидан тешик очди. Уни қурбонгоҳнинг ёнига — одамлар Эгамизнинг уйига кирадиган жойнинг ўнг томонига жойлаштирди. Остонада қоровул бўлиб турган руҳонийлар Эгамизнинг уйига келтирилган ҳамма кумушни қутига ташлайверишди.
10 Қутида кўп пул йиғилгандан кейин, шоҳнинг мирзаси билан олий руҳоний келиб, Эгамизнинг уйига келтирилган кумушларни қопларга солиб тортишарди.
11 Тортилган кумушлар Эгамизнинг уйидаги ишларнинг бошида турган одамларга бериларди. Улар эса бу кумушларни Эгамизнинг уйида ишлаётган дурадгор ва бинокорларга,
12 тош терувчиларга, сангтарошларга тўлашар, уйни тузатмоқ учун ёғоч ва тош сотиб олишга ишлатишар, уйни тузатишга керак бўлган бошқа ашёларга сарф қилишарди.
13 Эгамизнинг уйида йиғилган кумуш бу жой учун кумуш тоғоралар, қайчилар, тоғорачалар ва карнайлар, ҳар хил олтин ёки кумуш буюмлар ясашга сарф қилинмади.
14 Бу кумушнинг ҳаммаси ишловчиларга тўлашга ва уйни тузатишга сарф қилинди.
15 Эгамизнинг уйида ишловчиларга пул тақсимлайдиган одамлардан ҳисоб–китоб талаб қилинмади, чунки улар ҳалол ишлашди.
16 Айб ва гуноҳ қурбонликларига қўшиб, зарарни қоплаш учун бериладиган пул эса Эгамизнинг уйига олиб киритилмасди. Бу пул руҳонийларга тегишли эди.
17 Ўша пайтда Орам шоҳи Хазайил Гат шаҳрига ҳужум қилиб, шаҳарни қўлга киритди. Кейин Қуддусга ҳужум қилмоққа қарор қилди.
18 Яҳудо шоҳи Йўш эса ота–боболари — Яҳудо шоҳлари Ёҳушафатнинг, Ёҳурамнинг, Охозиёнинг ва ўзининг Эгамизга атаган ҳамма муқаддас назрларини, Эгамизнинг уйидан ва сарой хазиналаридан олинган жамики олтинларни Орам шоҳи Хазайилга юборди. Шундан кейин Хазайил Қуддусга ҳужум қилиш қароридан қайтди.
19 Йўшнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
20 Шоҳ Йўшнинг аъёнлари исён кўтариб, уни Силлога борадиган йўлда — Миллодаги уйда ўлдирдилар.
21 Уни ўлдирганлар Йўшнинг аъёнларидан Шимат деган одамнинг ўғли Йўзабад билан Шўмер деганнинг ўғли Ёҳузабад эдилар. Йўш Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Эмозиё шоҳ бўлди.
Исроил шоҳи Ёҳухоз
1 Яҳудо шоҳи Йўш ҳукмронлигининг йигирма учинчи йилида Ёҳухоз Самарияда Исроил тахтига ўтирди ва ўн етти йил ҳукмронлик қилди. Ёҳухоз Ёҳунинг ўғли эди.
2 Ёҳухоз Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди ва Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибомнинг қилган гуноҳларига эргашди. У қабиҳ йўлидан асло қайтмади.
3 Шунинг учун Эгамиз Исроилдан ғазабланди ва Исроил халқини узоқ вақт Орам шоҳи Хазайил билан Хазайилнинг ўғли Банҳададнинг қўлига бериб қўйди.
4 Шу сабабдан Ёҳухоз Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз унинг илтижоларини эшитди. Исроил халқи чеккан азоб–уқубатларни, Орам шоҳи уларни сиқувга олганини Эгамиз кўриб турарди.
5 Эгамиз Исроилга бир қутқарувчи юборгандан кейин, улар Орам халқининг зулмидан халос бўлди ва олдингидай тинчгина яшайверди.
6 Аммо халқ Ерибом хонадони Исроилга олиб кирган гуноҳларга эргашаверди, бу гуноҳлардан қайтмади. Ашерага аталган устун ҳали ҳам Самарияда турган эди.
7 Орам шоҳи Ёҳухознинг лашкарини қириб, кулини кўкка совурган эди. Ёҳухознинг элликта отлиқ сипоҳи, ўнта жанг араваси, ўн мингта пиёда сипоҳидан бошқа кучи қолмаган эди.
8 Ёҳухознинг бошқа ишлари, бутун фаолияти ва унинг қаҳрамонликлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
9 Ёҳухоз оламдан ўтди. У Самарияда ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ёҳўш шоҳ бўлди.
Исроил шоҳи Ёҳўш
10 Яҳудо шоҳи Йўш ҳукмронлигининг ўттиз еттинчи йилида Ёҳўш Самарияда Исроил тахтига ўтирди ва ўн олти йил ҳукмронлик қилди. Ёҳўш Ёҳухознинг ўғли эди.
11 У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган жамики гуноҳларга эргашди, бу гуноҳлардан қайтмади.
12 Ёҳўшнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, Яҳудо шоҳи Эмозиё билан жанг қилганда кўрсатган қаҳрамонликлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
13 Ёҳўш оламдан ўтиб, Самарияда ота–боболари — Исроил шоҳлари ёнига дафн қилинди. Ўрнига ўғли Ёрубом шоҳ бўлди.
Элишайнинг ўлими
14 Элишай тузалмас хасталикка йўлиққанда, Исроил шоҳи Ёҳўш уни зиёрат қилгани бориб: “Отам! Отам! — деб йиғлаган эди. — Сиз Исроилнинг қудратли ҳимоячисисиз–ку! Исроилнинг жанг араваси ва отлиқ лашкари кабисиз! Бизни ташлаб кетманг!”
15 Ўшанда Элишай шоҳга: “Ёйинг билан ўқларингни ол!” деди. Шоҳ ёйи билан ўқларини олди.
16 Элишай: “Ёйни ҳозирла!” деб шоҳга буюрди. Шоҳ ёйни ҳозирлагач, Элишай қўлларини шоҳнинг қўллари устига қўйди.
17 Сўнгра унга: “Шарқ томондаги деразани оч!” деб буюрди. Шоҳ деразани очгандан кейин, Элишай: “Ўқни от!” деди. Шоҳ ўқни отди.
— Бу ўқ Эгамиз берадиган нажот аломатидир, у сени Орам лашкари устидан зафарга эриштиради, — деди Элишай. — Сен Орам лашкарини Офоқда йўқ қиласан.
18 Кейин Элишай шоҳга: “Қолган ўқларни ол!” деб буюрди. Исроил шоҳи ўқларни олгач, Элишай унга: “Ўқларни ерга ур!” деди. Шоҳ ўқларни уч марта ерга уриб, тўхтаб қолди.
19 Шунда пайғамбар шоҳдан аччиқланди:
— Беш–олти марта уришинг лозим эди, ўшанда Орам лашкарини тамомила мағлуб қилган бўлардинг. Энди эса уларни уч мартагина мағлуб этасан, холос.
20 Шундан кейин Элишай вафот этди, уни дафн қилдилар. Ҳар йили баҳорда Мўабдан босқинчилар Исроил ерларига бостириб келарди.
21 Бир сафар Исроил одамлари бир марҳумни дафн қилаётган эдилар, Мўаблик босқинчиларни кўрдилар–у, жасадни Элишайнинг хилхонасига ташлаб қочдилар. Жасад Элишайнинг суякларига текканда тирилиб кетди ва оёққа турди.
Исроил билан Орам ўртасидаги уруш
22 Орам шоҳи Хазайил Ёҳухознинг бутун шоҳлиги даврида Исроил халқига зулм ўтказиб келган эди.
23 Аммо Эгамиз Исроил халқига раҳм–шафқат кўрсатиб, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан қилган аҳдига кўра, Исроил халқига юз бурган эди. Эгамиз ҳозиргача Исроил халқини Ўз ҳузуридан қувиб чиқармади ва уларнинг қирилиб кетишига йўл қўймади.
24 Орам шоҳи Хазайил вафот этгач, ўрнига ўғли Банҳадад шоҳ бўлди.25 Сўнгра Ёҳўш отаси Ёҳухоз шоҳлиги даврида бой берган шаҳарларни Хазайилнинг ўғли Банҳададдан қайтариб олди. Банҳададни уч марта мағлуб қилиб, Исроил шаҳарларига бошқатдан эгалик қилди.
Яҳудо шоҳи Эмозиё
1 Исроил шоҳи Ёҳўш ҳукмронлигининг иккинчи йилида Эмозиё Яҳудо шоҳи бўлди. Эмозиё Йўшнинг ўғли эди.
2 Эмозиё шоҳ бўлганда, йигирма беш ёшда эди. У Қуддусда йигирма тўққиз йил ҳукмронлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёҳуваддон эди.
3 Эмозиё Эгамиз олдида тўғри ишлар қилса ҳам, бобоси Довуд каби эмасди. У ҳар қандай ишни отаси Йўш каби қилди.
4 Шу боисдан саждагоҳлар ҳамон йўқ қилинмаган, халқ у ерларда ҳали ҳам қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди.
5 Эмозиё ўз шоҳлигини мустаҳкамлаб олгандан кейин, отасини ўлдирган аъёнларни йўқ қилди.
6 Бироқ Мусонинг Таврот китобида ёзилганига кўра, қотилларнинг болаларини ўлдирмади, чунки Эгамиз: “Оталар фарзандларининг гуноҳи учун ўлдирилмасин, фарзандлар оталарининг гуноҳи учун ўлдирилмасин, ҳар ким ўзининг гуноҳи учунгина жазолансин”, деб амр қилган эди.
7 Эмозиё Туз водийсида ўн мингта Эдом сипоҳини ўлдирди. Села шаҳрини жанг қилиб қўлга қиритди ва у ерга Ёхтал деб ном берди. Ўша жой ҳозир ҳам шу ном билан юритилади.
8 Шундан сўнг Эмозиё Исроил шоҳи Ёҳўшга хабарчилар жўнатиб: “Қани, менга жанг майдонида рўбарў келиб кўр–чи”, деди.
9 Исроил шоҳи Ёҳўш эса бунга жавобан Яҳудо шоҳи Эмозиёга шу хабарни жўнатди: “Лубнон тоғларида бир ғовтикан садр дарахтига, қизингни ўғлимга хотинликка бер, деб хабар йўллабди. Ўша пайтда бир йиртқич ҳайвон ўша ердан ўтиб кетаётиб, ғовтиканни босиб янчиб кетибди.
10 Шунга ўхшаб, сен ҳам Эдом халқини мағлуб этганинг учун мағрурланиб кетдинг, Эмозиё. Ўша шуҳратинг билан кифояланиб, уйингда ўтиравер. Нима учун қитмирлик қиляпсан? Ўз бошингни ҳам, Яҳудо халқининг бошини ҳам балога гирифтор қиляпсан!”
11 Лекин Эмозиё қулоқ солмади. Шунинг учун Исроил шоҳи Ёҳўш Яҳудо шоҳи Эмозиё устига юриш қилди. Иккала томоннинг лашкари Яҳудонинг Байт–Шамаш шаҳрида рўбарў келди.
12 Исроил лашкари Яҳудо лашкарини мағлуб этди. Яҳудо лашкарининг ҳаммаси уйларига қочиб кетди.
13 Исроил шоҳи Ёҳўш Яҳудо шоҳи Эмозиёни Байт–Шамашда асир қилиб олди. Эмозиё Охозиёнинг невараси, Йўшнинг ўғли эди. Сўнг Ёҳўш Қуддусга келиб, Қуддус деворининг Эфрайим дарвозасидан Бурчак дарвозасигача бўлган 400 тирсак қисмини буздирди.
14 Эгамизнинг уйида ва саройнинг хазиналарида топилган олтину кумушни ва ашёларни тортиб олди. Булардан ташқари, асирларни ҳам олиб, Самарияга қайтиб кетди.
15 Ёҳўшнинг бошқа ишлари, Яҳудо шоҳи Эмозиё билан жанг қилганда кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
16 Ёҳўш оламдан ўтди. У Самарияда ота–боболари — Исроил шоҳлари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ёрубом шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Эмозиёнинг ўлими
17 Яҳудо шоҳи Эмозиё Исроил шоҳи Ёҳўшнинг ўлимидан кейин ўн беш йил яшади.
18 Эмозиёнинг бошқа ишлари ҳақида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
19 Қуддусда Эмозиёга қарши фитна уюштирилди. Эмозиё бундан хабар топиб, Лахиш шаҳрига қочди. Аммо душманлари Эмозиёнинг ортидан одам юбориб, уни ўша ерда ўлдиртирдилар.
20 Эмозиёнинг жасадини отда Қуддусга олиб келдилар. У Довуд қалъасида, ота–боболарининг ёнига дафн қилинди.
21 Сўнгра Яҳудо халқи ўн олти ёшли Уззиёни отаси Эмозиёнинг ўрнига шоҳ қилиб кўтардилар.
22 Отаси Эмозиё оламдан ўтгач, Уззиё Элет шаҳрини қайтадан Яҳудо ерларига қўшиб олиб, бошқатдан қурди.
Исроил шоҳи Ёрубом
23 Яҳудо шоҳи Эмозиё ҳукмронлигининг ўн бешинчи йилида Ёрубом Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва қирқ бир йил ҳукмронлик қилди. Ёрубом Ёҳўшнинг ўғли эди.
24 У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди ва Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.
25 Ёрубом Лево–Хоматдан Ўлик денгизгача бўлган Исроил ерларини қайтадан қўлга киритди. Зотан, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Ўз қули Юнус пайғамбар орқали бу тўғрида айтган эди. Юнус Амитай деганнинг ўғли бўлиб, у Гат–Хафер шаҳридан эди.
26 Эгамиз Исроил халқи тортаётган ниҳоятда оғир азобларни кўрди. Бу ерда Исроилга ёрдам беришга қодир на қул, на озод қолган эди.
27 Эгамиз Исроил халқи номини ер юзидан ўчиришни истамагани учун Ёрубом орқали уларни қутқарган эди.
28 Ёрубомнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, жангларда кўрсатган қаҳрамонликлари, илгаридан Яҳудога қарашли бўлган Дамашқ ва Хоматни қайтадан Исроил ерларига қўшиб олгани тўғрисида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
29 Ёрубом оламдан ўтиб, ота–боболари — Исроил шоҳлари ёнига дафн қилинди. Ўрнига ўғли Закариё шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Уззиё
1 Ёрубом Исроилда ҳукмронлик қилаётганига йигирма етти йил бўлганда, Уззиё Яҳудо шоҳи бўлди. Уззиё Эмозиёнинг ўғли эди.
2 Уззиё шоҳ бўлганда, ўн олти ёшда эди. У Қуддусда эллик икки йил ҳукмронлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёхолиё эди.
3 Уззиё ҳам, отаси Эмозиё каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
4 Лекин саждагоҳлар ҳамон йўқ қилинмаган, халқ ўша жойларда ҳали ҳам қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди.
5 Эгамиз Уззиёни жазолаб, тузалмас тери касаллигига йўлиқтирди. Уззиё умрининг охиригача бир уйда ёлғиз яшади. Юртдаги халқни ҳам, шоҳ саройини ҳам ўғли Йўтом бошқарарди.
6 Уззиёнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
7 Уззиё оламдан ўтиб, Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Йўтом шоҳ бўлди.
Исроил шоҳи Закариё
8 Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўттиз саккиз йил бўлганда, Закариё Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва олти ой ҳукмронлик қилди. Закариё Ёрубомнинг ўғли эди.
9 У ҳам, оталари каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.
10 Шаллум деган одам Закариёга қарши фитна уюштирди. Шаллум Ёбош деганнинг ўғли эди. Ҳамманинг олдида Закариёни ўлдириб, ўрнига ўзи шоҳ бўлди.
11 Закариёнинг бошқа ишлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
12 Шундай қилиб, Эгамизнинг Ёҳуга: “Сенинг наслинг тўртинчи авлодигача Исроил тахтида ўтиради”, деб айтган ваъдаси амалга ошди.
Исроил шоҳи Шаллум
13 Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўттиз тўққиз йил бўлганда, Шаллум Исроил шоҳи бўлди ва Самарияда бир ой ҳукмронлик қилди.
14 Манахим деган одам Тирзадан Самарияга келиб, Шаллумга суиқасд уюштирди. Манахим Гади деганнинг ўғли эди. Манахим Шаллумни ўлдириб, ўрнига ўзи шоҳ бўлди.
15 Шаллумнинг бошқа ишлари ва у қилган фитна ҳақида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
16 Ўшанда Тифсах аҳолиси таслим бўлмагани учун Манахим Тирзадан жўнаб кетди–да, бориб Тифсах шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни қирди. Ҳатто ҳомиладор аёлларнинг қоринларини ёриб ташлади.
Исроил шоҳи Манахим
17 Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўттиз тўққиз йил бўлганда, Гади ўғли Манахим Исроил шоҳи бўлган эди. Манахим Самарияда ўн йил ҳукмронлик қилди.
18 У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга умри бўйи эргашди.
19 Шундан кейин Оссурия шоҳи Тиғлатпиласар Исроил ерларига ҳужум қилди. “Тиғлатпиласар мени қўллаб–қувватласин, ўзим шоҳ бўлиб қолай” деган мақсадда Манахим унга 2000 пуд кумуш берди.
20 Манахим Исроилдаги ҳамма бойларни одам бошига эллик кумуш тангадан тўлашга мажбур қилиб, Оссурия шоҳига берилган кумушнинг ўрнини қоплади. Шундан сўнг Оссурия шоҳи Исроил ерларидан чиқиб, юртига қайтиб кетди.
21 Манахимнинг бошқа ишлари, унинг бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
22 Манахим оламдан ўтгач, ўрнига ўғли Пакахиё шоҳ бўлди.
Исроил шоҳи Пакахиё
23 Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига эллик йил бўлганда, Пакахиё Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва икки йил ҳукмронлик қилди. Пакахиё Манахимнинг ўғли эди.
24 Пакахиё Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.
25 Пеках деган лашкарбоши Пакахиёга қарши фитна уюштирди. Пеках Рамалиё деган одамнинг ўғли эди. Пеках ёнига Гиладлик элликта одамни олиб, Самариядаги шоҳ саройининг қалъасида Пакахиёни, Аргоб ва Орейни ўлдирди. Унинг ўрнига Пекахнинг ўзи шоҳ бўлди.
26 Пакахиёнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
Исроил шоҳи Пеках
27 Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига эллик икки йил бўлганда, Пеках Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва йигирма йил ҳукмронлик қилди.
28 У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.
29 Исроил шоҳи Пеках даврида Оссурия шоҳи Тиғлатпиласар бостириб келиб, Исроилнинг Ийхон, Овил–Байт–Махо, Ёнох, Кедеш, Хазор шаҳарлари билан бирга Гилад, Жалила ва бутун Нафтали ҳудудларини қўлга киритди ҳамда бу ерлардаги халқни Оссурияга асир қилиб олиб кетди.
30 Яҳудо шоҳи Йўтом ҳукмронлигининг йигирманчи йилида Хўшея Пекахга фитна уюштириб, уни ўлдирди ва ўрнига ўзи шоҳ бўлди. Хўшея Элох деганнинг ўғли эди.
31 Пекахнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
Яҳудо шоҳи Йўтом
32 Исроил шоҳи Пеках ҳукмронлик қилаётганига икки йил бўлганда, Йўтом Яҳудо шоҳи бўлди. Йўтом Уззиёнинг ўғли эди.
33 Йўтом йигирма беш ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн олти йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Еруша бўлиб, у Зодўхнинг қизи эди.
34 Йўтом, отаси Уззиё каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
35 Аммо саждагоҳлар ҳамон йўқ қилинмаган, халқ ўша саждагоҳларда қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди. Йўтом Эгамиз уйининг Юқори Дарвозасини қурди.
36 Йўтомнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти ҳақида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
37 Ўша кунларда Орам шоҳи Ратан билан Исроил шоҳи Пекахнинг Яҳудога ҳужум қилишларига Эгамиз йўл қўйиб берди.
38 Йўтом оламдан ўтиб, бобоси Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Охоз шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Охоз
1 Исроил шоҳи Пеках ҳукмронлик қилаётганига ўн етти йил бўлганда, Охоз Яҳудо шоҳи бўлди. Охоз Йўтомнинг ўғли эди.
2 Охоз йигирма ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн олти йил ҳукмронлик қилди. У бобоси Довуддан намуна олмади, Эгаси Худо олдида тўғри ишлар қилмай,
3 Исроил шоҳларининг йўлидан кетди. Канъон юртидан Эгамиз қувган қавмларнинг жирканч одатларига тақлид қилиб, ҳатто ўз ўғлини қурбонлик қилиб, оловда куйдирди.
4 Саждагоҳларда, тепаликларда ва ҳар қандай яшил дарахт остида қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди.
5 Орам шоҳи Ратан билан Исроил шоҳи Пеках Қуддусни босиб олиш учун юриш қилдилар. Шаҳарни қамал қилиб турсалар–да, Охозни енга олмадилар.
6 Шунда Орам шоҳи Ратан Элет шаҳрини қўлга киритиб, у ердаги Яҳудо халқини ҳайдаб чиқарди. Элетга жойлашган Орам халқи ҳозир ҳам ўша ерда истиқомат қилади.
7 Охоз Оссурия шоҳи Тиғлатпиласарга: “Мен сизга қарамман, қулингизман, келинг, менга ҳужум қилаётган Орам ва Исроил шоҳларининг қўлидан мени қутқаринг”, деб элчилар жўнатди.
8 Эгамизнинг уйидаги ва шоҳ саройининг хазиналаридаги олтину кумушларни Оссурия шоҳига ҳадя қилиб юборди.
9 Оссурия шоҳи Охознинг илтимосига рози бўлди. Дамашққа ҳужум қилиб, бу шаҳарни босиб олди. Шаҳар аҳолисини Хирга суриб чиқарди ва шоҳ Ратанни ўлдирди.
10 Шоҳ Охоз Оссурия шоҳи Тиғлатпиласар билан учрашиш учун Дамашққа борганда, у ердаги қурбонгоҳни кўрди. Қурбонгоҳнинг режасини ҳамма икир–чикирларигача чизиб, тайёрлаб, руҳоний Уриёга юборди.
11 Шоҳ Охоз Дамашқдан қайтгунга қадар, руҳоний Уриё, у юборганлари бўйича, айнан ўшандай қурбонгоҳ қурди.
12 Шоҳ Дамашқдан қайтгач, янги қурбонгоҳни кўриб, унинг устида қурбонликлар келтириш учун борди.
13 Куйдириладиган қурбонлигини ва дон назрини адо этди, янги қурбонгоҳ устига шароб назрини қуйди, тинчлик қурбонлигининг қонини қурбонгоҳга сепди.
14 Эгамизга бағишланган олдинги бронза қурбонгоҳ янги қурбонгоҳ билан Эгамизнинг уйи орасида эди. Охоз бронза қурбонгоҳни бир четга — ўзи қурган янги қурбонгоҳнинг шимол томонига кўчиртириб ташлади.
15 Сўнгра шоҳ Охоз руҳоний Уриёга шундай фармон берди: “Эрталабки куйдириладиган қурбонлик билан кечқурунги дон назрини, шоҳнинг куйдириладиган қурбонлигини ва унинг дон назрини, бундан ташқари, юрт халқининг куйдириладиган қурбонлигини, дон назрини ва шароб назрини мана шу катта қурбонгоҳ устида адо эт. Куйдириладиган қурбонлик билан бошқа қурбонликларнинг қонини шу қурбонгоҳга сеп. Келажакда нима бўлиши менга аён бўлиши учун эса бронза қурбонгоҳни сақла.”
16 Руҳоний Уриё шоҳ Охознинг ҳамма фармонини бажарди.
17-18 Шоҳ Охоз Оссурия шоҳини мамнун қилиш учун қуйидаги ишларни қилди: Худонинг уйидаги араваларнинг ён тўсиқларини кўчиртириб ташлади, буларнинг устидаги тоғораларни ҳам олдирди. Бронзадан ясалган буқаларнинг устидан ҳовузни олиб, тошдан қилинган тўшама устига жойлаштирди. Эгамизнинг уйи ичкарисида қурилган ва Шаббат куни шоҳ фойдаланадиган жойни, шоҳ ташқаридан кирадиган йўлакни олдириб ташлади.
19 Охознинг бошқа ишлари “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
20 Охоз оламдан ўтиб, Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн этилди. Ўрнига ўғли Ҳизқиё шоҳ бўлди.
Исроилнинг охирги шоҳи Хўшея
1 Яҳудо шоҳи Охоз ҳукмронлик қилаётганига ўн икки йил бўлганда, Хўшея Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва тўққиз йил ҳукмронлик қилди. Хўшея Элохнинг ўғли эди.
2 У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилган бўлса ҳам, ўзидан олдин ўтган Исроил шоҳлари қадар эмасди.
3 Оссурия шоҳи Шалманасар Хўшеяга қарши уруш очди. Хўшея таслим бўлиб, Шалманасарга ўлпон тўлай бошлади.
4 Лекин кейинроқ Хўшея Миср фиръавни Сўвахдан ёрдам сўраб хабарчилар жўнатди ва Оссурия шоҳига ҳар йили тўлаши керак бўлган ўлпонни тўламай қўйди. Хўшеянинг хоинлик қилганини Оссурия шоҳи билиб қолди, шунинг учун уни тутиб, зиндонга ташлади.
Самариянинг мағлубияти
5 Шалманасар Исроил ерларига ҳужум қилиб, Самарияни уч йил қамал қилиб турди.
6 Хўшея ҳукмронлигининг тўққизинчи йилида Оссурия шоҳи Самарияни қўлга киритиб, Исроил халқини Оссурияга кўчирди. Уларни Халах шаҳрига, Хавор дарёси бўйидаги Гозан ҳудудига ва Мидия шаҳарларига жойлаштирди.
7 Исроил халқи ўзларини Миср фиръавни ҳукмронлигидан халос қилиб, Мисрдан олиб чиққан Эгаси Худога қарши гуноҳ қилган эдилар. Уларнинг бошига келган жамики ғам–кулфатларнинг сабаби шу эди. Ўша пайтларда Исроил халқи бегона худоларга сажда қилишар,
8 Канъон юртидан Эгамиз қувган қавмларнинг одатларига ва Исроил шоҳлари ўзларича жорий қилган одатларга биноан яшардилар.
9 Ўзларининг Эгаси Худога маъқул келмайдиган ишларни қилардилар. Ҳамма ерда — қишлоқлардан тортиб, мустаҳкам шаҳаргача бўлган жойларда саждагоҳлар қурган эдилар.
10 Ҳар бир тепаликнинг устига, ҳар бир яшил дарахтнинг остига бутсимон тошларни, Ашерага атаб устунларни ўрнатган эдилар.
11 Канъон юртидан Эгамиз қувиб юборган халқлар сингари, Исроил халқи ҳамма саждагоҳларда қурбонликлар қилишарди. Улар қабиҳ ишлари билан Эгамизни ғазаблантирардилар.
12 Эгамиз: “Бундай ишларни қилманглар”, деб айтганига қарамасдан, бутларга хизмат қилаверардилар.
13 Эгамиз Исроил ва Яҳудо халқини ҳамма пайғамбарлар, валийлар орқали огоҳлантириб, уларга шундай амр берган эди: “Қабиҳ йўлларингиздан қайтинглар. Менинг амрларимга, фармонларимга итоат этинглар! Мен ҳамма қонунларимни ота–боболарингизга берганман, пайғамбар бўлган қулларим орқали сизларга юборганман.”
14 Аммо Исроил халқи қулоқ солмасди. Улар оталари каби ўжарлик қилавердилар, ўзларининг Эгаси Худога ишонмас эдилар.
15 Эгамизнинг фармонларидан, огоҳлантиришларидан ва оталари билан қилган аҳдидан юз ўгириб, бетайин худоларга сажда қилгани учун ўзлари ҳам бетайин бўлиб қолгандилар. Эгамиз: “Атрофингиздаги халқларга ўхшаб яшаманглар”, деб уларга амр берса ҳам, ўша халқларнинг одатларига кўра, яшайверардилар.
16 Исроил халқи ўзларининг Эгаси Худонинг ҳамма амрларидан юз ўгирганди. Улар топингани иккита бузоқ тасвирини ва Ашеранинг устунини ясадилар. Барча самовий жисмларга сажда қилиб, Баалга хизмат этардилар.
17 Ўғилларини, қизларини қурбонлик қилиб, оловда куйдирардилар, фол очтириб, таъбирчиларга эътиқод қилардилар. Эгамиз олдида қабиҳ ишларга муккасидан кетиб, Эгамизни ғазаблантиравердилар.
18 Эгамиз Исроил халқидан қаттиқ ғазабланиб, уларни Ўзининг ҳузуридан чиқариб ташлаганди. Яҳудо халқидан ташқари биронта қабила Эгамизнинг ҳузурида қолмаган эди.
19 Ҳатто Яҳудо халқи ҳам ўзларининг Эгаси Худонинг амрларига риоя қилмай қўйганди. Улар Исроил халқининг қабиҳ одатларига тақлид қилдилар.
20 Оқибатда Эгамиз Исроилнинг ҳамма қавмидан юз ўгирди. Уларни талончиларнинг қўлига бериб, жазолади. Охири, ҳаммасини ҳузуридан улоқтириб ташлади.
21 Дарвоқе, Эгамиз Довуд хонадонидан Исроилни тортиб олгандан кейин, Исроил халқи Набат ўғли Ерибомни шоҳ қилган эди. Ерибом Исроил халқини Эгамизнинг йўлидан оздириб, оғир гуноҳга ботирди.
22 Исроил халқи Ерибом қилган ҳамма гуноҳларга эргашди, бу гуноҳлардан қайтмади.
23 Натижада Эгамиз пайғамбар қуллари орқали айтганидай, Исроил халқини Ўз ҳузуридан қувган ва Исроил халқи ўз юртларидан Оссурияга сургун қилинган эдилар. Улар бугунгача ўша ерда яшайдилар.
Самарияга ўрнашган халқларнинг бутпарастлиги
24 Оссурия шоҳи Бобилдан, Гўсах, Иввах, Хомат ва Сефарвайим шаҳарларидан одамларни олиб келиб, Самария шаҳарларида Исроил халқи ўрнига жойлаштирди. Улар Самарияни эгаллаб, Самария шаҳарларида истиқомат қила бошладилар.
25 Улар бу жойларга дастлаб ўрнашганларида, Эгамизга сажда қилмадилар. Шунинг учун Эгамиз Самария шаҳарларига арслонлар юборди. Арслонлар ўша халқлардан баъзи одамларни ўлдирди.
26 Сўнгра Самариядан Оссурия шоҳига қуйидагича хабар жўнатилди: “Сиз Самария шаҳарларига кўчириб келиб ўрнаштирган халқлар бу юрт худосининг қонун–қоидаларини билмаяптилар. Шунинг учун ўша худо бу ерга арслонлар юборяпти, одамлар эса арслонларга ем бўляпти.”
27 Шундан кейин Оссурия шоҳи қуйидагича фармон берди: “Самариядан асир қилиб олиб кетилган руҳонийлардан бирортасини ўша ерга қайтариб юборинглар. Руҳоний ўша юртга бориб яшасин ва Самариянинг худоси қонун–қоидаларини ўша ердаги халқларга ўргатсин.”
28 Самариядан кўчириб юборилган руҳонийлардан бири қайтиб келиб, Байтилда истиқомат қила бошлади. У ўша ерда ўрнашган халқларга Эгамизга қандай сажда қилишни ўргатишга киришди.
29 Лекин Самария шаҳарларига жойлашган ҳар бир халқ ўз худоларининг тасвирини ясайверди. Исроил халқи Самарияда яшаганда барпо қилган саждагоҳларга ўша худоларнинг тасвирини қўйдилар.
30 Бобилликлар худо Сухотванотнинг, Хутликлар худо Наргалнинг, Хоматликлар худо Ошиманинг,
31 Иввахликлар эса худолар Нивхаз ва Тартоқнинг тасвирларини ясаб, ўша худоларга сажда қилдилар. Сефарвайимликлар ўзларининг худолари Одраммалек ва Анаммалекка болаларини куйдириб қурбонлик қилдилар.
32 Улар ҳам Эгамизга сажда қилдилар, айни пайтда ўз худоларининг саждагоҳларида хизмат қилиш учун ораларидан руҳонийлар ҳам сайлаб олдилар.
33 Улар Эгамизга сажда қилиш билан бирга, ўзлари олдин яшаган она юртининг одатларига мувофиқ ўз худоларига ҳам хизмат қилавердилар.
34 Ўша халқлар бугунгача эски одатлари бўйича яшаб келадилар: на Эгамиздан қўрқадилар, на Эгамиз Ёқубга, яъни Исроил наслига берган фармонларни, қоидаларни, қонун ва амрларни бажарадилар.
35 Илгарилари Эгамиз Исроил халқи билан аҳд тузиб, шундай амр этган эди: “Бегона худоларга сажда қилманглар, таъзим қилманглар, у худоларга хизмат қилманглар, қурбонлик келтирманглар.
36 Фақат Менга сажда қилинглар! Мен, Эгангиз, буюк қудратим ва ажойиботларим билан сизларни Мисрдан олиб чиққанман. Менга таъзим қилиб, қурбонлик келтиринглар.
37 Сизлар учун ёзган фармонларимни, қоидаларимни, қонунларимни ва амрларимни то абад ижро этинглар, бегона худоларга сажда қилманглар.
38 Сизлар билан тузган аҳдимни унутманглар, бегона худоларга сажда қилманглар.
39 Фақат Мен, Эгангиз Худогагина сажда қилинглар. Ҳамма ғанимларингиз қўлидан сизларни халос қиладиган Менман.”
40 Шунга қарамай, Самарияга ўрнашган халқлар Эгамизнинг амрларига қулоқ солмасдан эски одатларига кўра, яшайвердилар.
41 Бу халқлар бир пайтнинг ўзида ҳам Эгамизга сажда қилар, ҳам ўйиб ишланган тасвирларга хизмат қилардилар. Уларнинг болалари ва набиралари ҳам бугунгача оталари каби яшайдилар.
Яҳудо шоҳи Ҳизқиё
1 Исроил шоҳи Хўшея ҳукмронлик қилаётганига уч йил бўлганда, Ҳизқиё Яҳудо ҳукмдори бўлди. Ҳизқиё Охознинг ўғли эди.
2 Ҳизқиё йигирма беш ёшида шоҳ бўлди. У Қуддусда йигирма тўққиз йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Абиё бўлиб, Закариёнинг қизи эди.
3 Ҳизқиё, бобоси Довуд каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
4 У саждагоҳларни йўқотди, бутсимон тошларни парчалаб ташлади, Ашеранинг устунларини кесди. Мусо бронзадан ясаган Нахуштон номли илон тасвирини ҳам синдирди. Чунки Исроил халқи ўша кунгача бронза илон тасвирига қурбонлик келтирарди.
5 Ҳизқиё Исроил халқининг Худосига — Эгамизга ишонарди. Ҳизқиёгача ҳам, ундан кейин ҳам Яҳудо шоҳлари орасида унга ўхшагани бўлмади.
6 Ҳизқиё Эгамизга ниҳоятда содиқ бўлиб, Унинг йўлларидан озмади. Эгамиз Мусога берган амрларни бажарди.
7 Эгамиз Ҳизқиё билан эди. Ҳизқиё нима иш қилмасин, Эгамиз унга барака берди. У Оссурия шоҳига итоат қилмай, унга қарши бош кўтарди.
8 Ҳамма жойда — Ғазо ва унинг атрофларигача, қишлоқлардан тортиб, мустаҳкам шаҳаргача бўлган жойларда Филистларни мағлуб қилди.
9 Ҳизқиё ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Оссурия шоҳи Шалманасар Самарияга ҳужум қилиб, қамал қилди. Бу пайтда Исроил шоҳи Хўшея еттинчи йил шоҳлик қилаётган эди.
10 Қамалнинг учинчи йилида Самария қулади. Ҳизқиё ҳукмронлигининг олтинчи йилида ва Исроил шоҳи Хўшея ҳукмронлигининг тўққизинчи йилида Шалманасар Самарияни олди.
11 Оссурия шоҳи Исроил халқини Оссурияга кўчириб, уларни Халах шаҳрига, Хавор дарёси бўйидаги Гозан ҳудудига ва Мидия шаҳарларига жойлаштирди.
12 Улар ўзларининг Эгаси Худога итоат этмай, Унинг аҳдини бузганлари учун шу ҳодисалар юз берганди. Худонинг Ўз қули Мусо орқали берган бирорта амрига улар қулоқ солмадилар, ҳеч бирини бажармадилар.
Оссурия қўшини Қуддусни ўраб олади
13 Ҳизқиё ҳукмронлигининг ўн тўртинчи йилида Оссурия шоҳи Санхарив Яҳудо юртига ҳужум қилди. Унинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларини босиб олди.
14 Яҳудо шоҳи Ҳизқиё Лахиш шаҳрида турган Оссурия шоҳига шундай хабар юборди: “Мен айбдорман, менинг юртимдан кетинг, нимани талаб қилсангиз, рози бўламан.” Оссурия шоҳи Яҳудо шоҳи Ҳизқиёни 640 пуд кумуш ва 64 пуд олтинни ўлпон қилиб тўлашга мажбур қилди.
15 Ҳизқиё ҳамма кумушни Эгамизнинг уйидан ва шоҳ саройининг хазиналаридан топиб, унга берди.
16 Ҳизқиё яна Эгамизнинг уйи эшиклари билан эшик кесакилари устига илгари ўзи қоплатган олтин қопламаларни ҳам чиқариб олиб, Оссурия шоҳига берди.
17 Кейин Оссурия шоҳи ўзининг бош қўмондони, бош вазири ва мулозими бошчилигида катта лашкарни Лахишдан Қуддусга, шоҳ Ҳизқиёнинг устига сафарбар қилди. Лашкар Қуддусга бораётиб, Юқори ҳовуз ариғи ёнида тўхтади. Бу ариқ кир ювувчининг даласига борадиган йўл ёнида эди.
18 Улар шоҳ Ҳизқиёга хабарчи юборган эдилар, Хилқиё ўғли Элияқим, Шавна ва Осиф ўғли Йўх Қуддусдан чиқиб, Оссурияликларнинг ёнига бордилар. Шоҳ Ҳизқиёнинг саройида Элияқим бош вазир бўлиб, Шавна котиб, Йўх эса мушовир бўлиб хизмат қилар эдилар.
19 Мулозим уларга шундай деди:
“Улуғ Оссурия шоҳининг шу гапларини Ҳизқиёга етказинг: «Нимангга ишоняпсан ўзи?
20 Ҳарбий маҳоратингдан ва куч–қудратингдан гапиряпсан, лекин булар қуруқ гаплар–ку. Кимингга ишониб менга итоат этмаяпсан?
21 Ҳа, сен Мисрга ишоняпсан. Лекин Миср ёриқ қамишдан қилинган ҳассага ўхшайди–ку. Унга суянсанг, қўлингга санчилади. Миср фиръавнига ишонганларнинг ҳаммаси шу аҳволга тушади.
22 Балки сизлар: ‘Биз Эгамиз Худога ишонамиз’, деб айтарсизлар менга. Ахир, Ҳизқиё ўша Эгангизнинг саждагоҳу қурбонгоҳларини бузиб ташлаб, Яҳудо халқига ва Қуддусликларга: ‘Фақатгина Қуддусдаги қурбонгоҳнинг олдида сажда қилинглар’, деб айтган экан–ку!»
23 Келинглар, энди жаноби олийлари Оссурия шоҳи номидан сизлар билан бир гаров ўйнайлик. Биз сизларга икки мингта от берамиз, қани, уларни минишга одам топинглар–чи!
24 Қани, кўрайлик–чи, шоҳимнинг қуллари орасидаги энг кичик бир лашкарбошисини мағлуб қила оласизми?! Ахир, ўзингиз Мисрнинг жанг араваларию отлиқларига умид боғлаб ўтирибсиз.
25 Қолаверса, бизни Эгангизнинг хоҳишисиз бу юртни вайрон қилишга келган, деб ўйлайсизларми? Эгангизнинг Ўзи бизга: «Ўша жойга бориб, у ерни вайрон қилинглар», деб амр берган–ку!”
26 Хилқиё ўғли Элияқим, Шавна ва Йўх Оссуриялик мулозимга:
— Бу қулларингга орамийча гапиравер, орамийчани тушунамиз. Ибронийча гапирма. Тағин девор устидагилар бизнинг гапимизни эшитиб қолмасин, — дедилар.
27 Мулозим эса шундай жавоб берди:
— Шоҳим бу сўзларни фақат ҳукмдорингизга ва сизларга гапирсин деб, мени юборибдими?! Девор устида тўпланган одамларга ҳам гапиряпман–да. Улар ҳам, сизлар каби, тезакларини еб, сийдикларини ичишга гирифтор қилинган.
28 Сўнгра у тик туриб, баланд овоз билан ибронийча гапирди: “Улуғ Оссурия шоҳининг гапларини эшитинг!
29 Шоҳ ҳазратлари шундай айтмоқда: Ҳизқиё сизларни йўлдан урмасин. У барибир сизларни менинг қўлимдан қутқара олмайди.
30 «Эгамиз бизни албатта қутқаради, бу шаҳар Оссурия шоҳи қўлига таслим бўлмайди», деб Ҳизқиё сизларни Эгангиздан умидвор қилмасин.
31 Шоҳингиз Ҳизқиёга қулоқ солманглар. Мана, Оссурия шоҳи айтмоқда: мен билан сулҳ тузиб, менинг олдимга чиқинглар. Шунда ҳар кимга ўз узумзорию анжир дарахти ҳосилидан ейишга, ўз сардобасидан сув ичишга ижозат берилади.
32 Сўнгра мен сизларни ўз ўлкангизга ўхшаган бир юртга олиб бораман. У жой буғдой, шароб, нон, узумзорларга, зайтун мойи ва асалга бой юртдир. Ўлимни эмас, ҳаётни танланглар. «Эгамиз бизни қутқаради», деб сизларни алдамоқчи бўлган Ҳизқиёга қулоқ солманглар.
33 Қайси халқнинг худоси ўз юртини мен, Оссурия шоҳининг қўлидан қутқарибди?!
34 Хомат билан Арпад шаҳарларининг худолари қани?! Сефарвайимнинг, Хана ва Иввахнинг худолари–чи?! Бирорта худо Самарияни менинг қўлимдан қутқара олмади–ку!
35 Жамики халқларнинг худоларидан қайси бири ўз юртини менинг қўлимдан қутқарибдики, Эгангиз Қуддусни қутқара олса?!”
36 Аммо халқ жим тураверди. Биронтаси ҳам жавоб бермади. Чунки шоҳ Ҳизқиё: “Унинг гапига жавоб қайтарманглар”, деб фармон берган эди.
37 Шундан кейин бош вазир Элияқим, котиб Шавна ва мушовир Йўх қайғудан либосларини йиртиб, Ҳизқиёнинг олдига келдилар–да, Оссуриялик мулозимнинг гапларини Ҳизқиёга айтиб бердилар.
Шоҳ Ҳизқиё Ишаёдан маслаҳат сўрайди
1 Шоҳ Ҳизқиё буларни эшитгач, қайғудан либосларини йиртди. Қанорга ўраниб, Эгамизнинг уйига борди.
2 У бош вазир Элияқимни, котиб Шавнани ва оқсоқол руҳонийларни Омиз ўғли Ишаё пайғамбарнинг ҳузурига юборди. Ҳаммалари қанорга ўраниб олган эдилар.
3 Улар Ишаёнинг ҳузурига бориб, шундай дедилар:
— Ҳизқиё айтяптики: “Бугун жафо чекяпмиз, жазо оляпмиз, шарманда бўляпмиз. Биз туғаётган, лекин туғиш учун мадори қолмаган аёлга ўхшаймиз.
4 Барҳаёт Худони таҳқирлаш учун Оссурия шоҳи ўзининг мулозимини юборибди. Мулозимнинг сўзларини кошкийди Эгангиз Худо эшитса–ю, ўша сўзлари учун уларни жазоласа. Энди шаҳардаги тирик қолганлар учун илтижо қилинг.”
5 Шоҳнинг айтиб юборган бу хабарини Ишаё эшитгач,
6 Ҳизқиёнинг аъёнларига шундай деди:
— Шоҳингизга шу гапларни етказинглар: “Эгамиз шундай айтмоқда: Оссурия шоҳининг қуллари Мени ҳақоратлаб айтган сўзларидан қўрқма.
7 Мен Оссурия шоҳининг юрагига ғулғула соламан, у бир миш–мишни эшитиб, ўз юртига қайтиб кетади. Унга ўз юртида ажал келтираман.”
Оссурия шоҳининг Ҳизқиёга мактуби
8 Оссурия шоҳи Санхаривнинг Лахиш шаҳридан қайтиб кетганини эшитиб, шоҳнинг мулозими ҳам орқасига қайтди. Шоҳни Либна шаҳрига қарши уришаётган ерида топди.
9-10 Санхарив: “Ҳабашистон шоҳи Тирхоқо сен билан уруш қилгани отланди” деган хабарни эшитди. У Ҳабашистонга қарши жанг бошлашдан олдин Яҳудо шоҳи Ҳизқиёга яна одамлари орқали шу гапни етказди:
“Умид қилган худойинг сени алдамасин: «Қуддус Оссурия шоҳига таслим бўлмайди», деб сени лақиллатмасин.
11 Ахир, ўзинг эшитгансан–ку! Оссурия шоҳлари ҳамма юртларни ер билан яксон қилган. Энди сен қутуламан, деб ўйлаяпсанми?!
12 Оталарим қанча халқларни хонавайрон қилди. Уларни худолари қутқармади–ку! Гозан, Хорон, Разаф аҳолиси, Талассарда яшаган Эден халқлари қутула олдими?!
13 Қани, айт–чи, Хомат шаҳрининг шоҳи қани энди?! Арпад, Сефарвайим, Хана, Иввах шаҳарларининг шоҳлари қаерда?!”
Ҳизқиёнинг ибодати
14 Ҳизқиё хабарчиларнинг қўлидан мактубни олиб ўқигач, Эгамизнинг уйига кирди. Мактубни Эгамизнинг олдида очиб, ерга ёйди ва
15 ёлвориб ибодат қилди: “Эй икки каруб орасида тахт қурган Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! Бутун ер юзидаги шоҳликларнинг танҳо Худоси Сенсан. Осмонни ва ерни Сен яратгансан.
16 Эй Эгамиз! Қулоқ солиб, эшит. Эй Эгамиз, кўзларингни очиб, қара. Санхарив нималар айтганини, у барҳаёт Худони қандай ҳақоратлаганини билиб қўй.
17 Эй Эгамиз! Биз биламизки, Оссурия шоҳлари бир қанча халқларни ва уларнинг юртларини вайрон қилганлар.
18 Ўша халқларнинг худоларини оловда ёқиб, йўқ қилганлар. Чунки ўша нарсалар худолар эмас, балки инсон қўли билан ёғочдан, тошдан ясалган нарсалар эди.
19 Эй Эгамиз Худо! Энди Сен бизни Санхаривнинг қўлидан қутқаргин, токи бутун ер юзидаги шоҳликлар Сенинг танҳо Худо эканингни билишсин, эй Эгамиз!”
Ишаё башорат қилади
20 Омиз ўғли Ишаё Ҳизқиёга шундай хабар юборди:
“Исроил халқининг Худоси — Эгамиз айтмоқда: «Оссурия шоҳи Санхарив ҳақида қилган илтижоларингни эшитдим.»
21 Эгамиз унга қарши шу сўзларни менга аён қилди:
«Бокира қиз Қуддус сендан нафратланади,
Устингдан кулади.
Гўзал Сион орқангдан масхара қилади,
Бошини чайқайди.
22 Кимни ҳақорат қилдинг ўзи?
Кимни таҳқирладинг?
Кимга қўрс гапирдинг?
Киборларча боқдинг, ҳей?
Исроил халқининг Муқаддас Худосига!
23 Хабарчиларинг орқали Мен, Раббийни ҳақорат қилдинг.
Ўзинг ҳақингда айтдингки:
‘Кўплаб жанг араваларим билан
Тоғ чўққиларини забт этдим.
Лубнондаги инсон қадами етмаган жойларга етиб бордим.
Энг баланд садр дарахтларини,
Энг аъло сарв дарахтларини қўпордим.
Лубноннинг энг кимсасиз масканларига,
Ҳатто энг қалин ўрмонларига етиб бордим.
24 Бегона юртларда мен қудуқлар қазиб,
Сувларидан ичдим.
Мисрнинг ҳамма дарёларини
Оёғим кафти билан қуритдим.’
25 Эшитмаганмисан, эй Санхарив,
Анча олдин мўлжаллаб қўйган эдим,
Буни азалдан режа қилган эдим.
Энди амалга оширдим.
Қалъаларни вайронага айлантирсин деб,
Мен сенга куч бердим.
26 Қўлу қаноти қирқилди шаҳар аҳлининг,
Ваҳимага тушиб, уятга қолдилар.
Улар далада ўсган ўт, янги майсалар кабидир.
Томларда ўсган майсаларга ўхшаб,
Етилмасдан олдин қуриб қолдилар.
27 Сени ҳар томондан биламан, эй Санхарив!
Қачон урушга чиқиб,
Уйингга қачон қайтишингни ҳам биламан.
Биламан: Мендан ғазабдасан.
28 Мендан қаттиқ ғазабдасан.
Манманлигинг қулоғимга етиб келди.
Энди мен бурнингдан ҳалқамни,
Оғзингдан сувлиғимни ўтказаман.
Келган йўлингдан сени қайтариб олиб кетаман.»
29 Эй Ҳизқиё, мана булар сен учун нишона бўлади: бу йил ўз–ўзидан ердан ўсиб чиққанларини тановул қиласиз. Иккинчи йили ҳам ўрнидан ўсиб чиққанини ейсиз. Учинчи йил эса уруғ экиб, ҳосил ўрасиз. Узумзорлар барпо қилиб, мевасин тановул қиласиз.
30 Яҳудо халқининг қутулиб қолганлари яна илдиз отиб, мева беради.
31 Халқнинг қолгани Қуддусдан, қутулганлари Сион тоғидан келади. Сарвари Олам Ўз ғайрати билан буни амалга оширади.
32 Оссурия шоҳи тўғрисида Эгамиз шундай айтмоқда: Санхарив бу шаҳарга киролмайди, ўқлар отолмайди. Қалқони билан шаҳарга яқинлашмайди, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдирмайди.
33 Келган йўлидан қайтиб кетади, шаҳарга кирмайди, — деб айтмоқда Эгамиз.
34 — Ўзимнинг ҳақи–ҳурматим, қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати бу шаҳарни ҳимоя қилиб, сақлайман.”
35 Ўша кечаси Эгамизнинг фариштаси Оссурияликларнинг қароргоҳига бориб, 185.000 кишини ўлдирди. Эртасига уйғониб қарасалар, қароргоҳ жасадга тўлиб кетибди.
36 Оссурия шоҳи Санхарив қароргоҳни ташлаб, орқага қайтди. У Найнавога қайтиб, ўша ерда қолди.
37 Бир куни Санхарив ўз худоси Нисрохнинг уйида сажда қилаётган эди, ўғиллари Одраммалек билан Саризар унга қилич уриб ўлдирди. Иккови ҳам Арарат юртига қочиб кетди. Санхаривнинг ўрнига ўғли Исархаддўн шоҳ бўлди.
Ҳизқиё касал бўлади
1 Ўша кунлари Ҳизқиё тузалмас хасталикка йўлиқиб, ўлим тўшагига ётиб қолди. Омиз ўғли Ишаё пайғамбар унинг ҳузурига келиб, шундай деди: “Эгамиз шундай айтмоқда: тайёргарлигингни кўриб қўявер, энди тузалмайсан, ўласан.”
2 Ҳизқиё юзини деворга буриб, Эгамизга ёлворди:
3 “Эй Эгам! Чин қалбимдан Сенга содиқ бўлиб, йўлларингдан юрганимни ва олдингда тўғри ишлар қилганимни эсла.” Шундай деб аччиқ–аччиқ йиғлади.
4 Ишаё саройнинг ичкари ҳовлисидан чиқиб улгурмаган ҳам эдики, Эгамиз унга қуйидаги сўзларини аён қилди:
5 “Орқангга қайтиб бориб, халқимнинг ҳукмдори Ҳизқиёга шу хабарни етказ: «Бобонг Довуднинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: илтижоларингни эшитдим, кўз ёшларингни кўрдим. Сенга соғлигингни қайтараман. Учинчи куни Менинг уйимга чиқасан.
6 Умрингни яна ўн беш йилга узайтираман. Сени ва бу шаҳарни Оссурия шоҳининг қўлидан халос қиламан. Ўзим учун ва қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун бу шаҳарни муҳофаза қиламан.»”
7 Шундан кейин Ишаё:
— Анжир ширасини келтиринглар, ширани олиб, яранинг устига қўйинглар, шунда Ҳизқиё соғаяди, — деди.
8 Ҳизқиё Ишаёдан:
— Эгамиз мени соғайтиришини ва учинчи куни Эгамизнинг уйига боришимни қандай биламан? Буни нима исботлайди? — деб сўради.
9 Ишаё шундай жавоб берди:
— Эгамиз берган ваъдасини бажаришини исботлаб, сенга аломат кўрсатади. Соя Охознинг зинапоясидан ўн қадам олдинга кетсинми ёки ўн қадам орқага сурилсинми?
10 — Соя зинапоядан ўн қадам илгари кетмоғи одатдаги ҳолдир, шунинг учун ўн қадам орқага сурилсин, — деди Ҳизқиё.
11 Ишаё пайғамбар Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз сояни Охознинг зинапоясидан ўн қадам орқага сурди.
Бобилдан келган элчилар
12 Ўша пайтларда Бобил шоҳи Баладон ўғли Мардухбаладон шоҳ Ҳизқиёга мактублару ҳадялар жўнатди. У Ҳизқиёнинг хасталанганини эшитганди.
13 Ҳизқиё элчиларни кўриб хурсанд бўлди. Хазинасидаги бор нарса — омборлардаги ҳамма қимматбаҳо ашёларини, олтинни, кумушни, хушбўй ҳидли зираворларни ва мойларни, қурол–яроғ омборини уларга кўрсатди. Ҳизқиёнинг саройидаю ўз шоҳлигида уларга кўрсатмаган ҳеч нарсаси қолмади.
14 Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг ҳузурига келиб:
— Бу одамлар қаердан келибдилар? Сенга нима дедилар? — деб сўради.
— Узоқ бир юртдан, Бобилдан келибдилар, — деб жавоб берди Ҳизқиё.
15 Улар саройингда нималарни кўрдилар? — деб сўради Ишаё.
— Саройимдаги ҳамма нарсани кўрдилар, — дея жавоб берди Ҳизқиё. — Хазиналаримда мен уларга кўрсатмаган ҳеч нарса қолмади.
16 Шунда Ишаё айтди:
— Энди Эгамизнинг сўзига қулоқ сол.
17 Эгамиз айтмоқдаки: “Бир кун келиб, саройингдаги ҳамма нарса, ота–боболарингнинг бугунгача тўплаб қолдирганлари Бобилга ташиб кетилади. Ҳеч нарса қолмайди.
18 Сенинг пушти камарингдан бино бўлган ўғилларингдан баъзилари ҳам олиб кетилади, улар Бобил шоҳининг саройида бичилган қуллар бўлиб хизмат қилади.”
19 Ҳизқиё Ишаёга:
— Эгамиз сен орқали айтган сўзлар хосиятлидир, — деди–да, ичида: “Нима бўлгандаям, умрим охиригача тинч, хотиржам яшар эканман–ку”, деб ўйлади.
Ҳизқиё ҳукмронлигининг охири
20 Ҳизқиёнинг бошқа ишлари, қаҳрамонликлари, ҳовуз ва қувур қазиб, қандай қилиб шаҳарга сув келтиргани тўғрисида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
21 Ҳизқиё оламдан ўтгач, ўрнига ўғли Манаше шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Манаше
1 Манаше ўн икки ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда эллик беш йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Хафзибо эди.
2 У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Эгамиз Ўз халқи Исроилнинг олдидан қувиб юборган халқларнинг жирканч одатларига эргашди.
3 Отаси Ҳизқиё йўқ қилган саждагоҳларни қайтадан барпо этди. У Исроил шоҳи Ахаб каби Баалга атаб қурбонгоҳлар қурди, Ашеранинг устунини ўрнатди. Барча самовий жисмларга сажда этиб хизмат қилди.
4 Манаше Эгамизнинг улуғланиши керак бўлган уйида бегона худоларга атаб қурбонгоҳлар қурди.
5 Эгамиз уйининг иккала ҳовлисида ҳам жамики самовий жисмларга сажда қилиш учун қурбонгоҳлар барпо қилдирди.
6 Ўғлини қурбонлик қилиб, оловда куйдирди, фоллар очтирди, таъбирчиларга эътиқод қилди, арвоҳ чақирувчиларга маслаҳат солди. Эгамиз олдида кўп қабиҳ ишлар қилиб, Уни ғазаблантирди.
7 Манаше Ашерага атаб ўйиб ишланган устунни Эгамизнинг уйига қўйди. Эгамиз бу уй тўғрисида Довуд билан унинг ўғли Сулаймонга шундай деган эди: “Мен бу уйни ва Қуддусни Исроил қавмлари яшайдиган масканлар орасидан танлаб олганман. Мен то абад ўша ерда улуғланаман.
8 Улар амрларимни битта қолдирмай бажарсалар, қулим Мусо амр этган ҳамма қонунларга риоя қилсалар, Исроил халқининг ота–боболарига Мен берган ердан ҳайдалишларига йўл қўймайман.”
9 Аммо халқ қулоқ солмади. Манаше халқни шу қадар йўлдан оздирдики, Канъон юртидан Эгамиз йўқотиб юборган халқлардан ҳам кўра, кўпроқ қабиҳ ишлар қилдилар.
10 Эгамиз Ўз қуллари — пайғамбарлар орқали шундай деди:
11 — Яҳудо шоҳи Манаше жирканч ишлар қилгани, ўзидан олдинги Амор халқларидан ҳам баттар қабиҳликлар қилгани, бутлар ясаб, Яҳудо халқини гуноҳга ботиргани учун
12 Мен, Исроил халқининг Худоси — Эгангиз, айтмоқдаман: “Қуддуснинг ва Яҳудо халқининг бошига шундай фалокат келтираманки, бу фалокатни эшитганларнинг бошидан ҳуши учади.
13 Самарияга қарши ишлатган ўлчов ипини ва Ахабнинг хонадонига қарши ишлатган шоқулни Қуддусга қарши ишлатаман. Қуддусни бу қабиҳ халқдан тозалаб ташлайман, уни тоза косадай тўнтариб қўяман.
14 Ўз халқимнинг омон қолганларидан юз ўгираман ва ғанимларининг қўлига таслим эттираман. Ғанимлар Қуддус аҳолисини талон–тарож қилади, ўлжа қилиб олиб кетади.
15 Чунки улар олдимда қабиҳ ишлар қилдилар. Ота–боболари Мисрдан чиққан кундан бугунгача бу халқ Мени ғазаблантириб келади.”
16 Манаше шунчалик кўп айбсиз қон тўкдики, Қуддусни бу бошидан нариги бошигача қонга ботирди. Қон тўкишдан ташқари, Яҳудо халқини гуноҳга ботирди, улар Эгамиз олдида қабиҳликлар қилдилар.
17 Манашенинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, қилган гуноҳлари ҳақида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
18 Манаше оламдан ўтди ва саройидаги Уззо деган боққа дафн этилди. Ўрнига ўғли Омон шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Омон
19 Омон шоҳ бўлганда йигирма икки ёшда эди. У Қуддусда икки йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Машулламот бўлиб, Ётбахлик Хорузнинг қизи эди.
20 Омон ҳам, отаси Манаше каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди.
21 Худди отаси юрган йўллардан юриб, ўша бутларга хизмат этиб, сажда қилди.
22 Ота–боболарининг Худоси — Эгамиздан юз ўгириб, Унинг йўлидан юрмади.
23 Шоҳ Омоннинг аъёнлари фитна уюштириб уни ўз саройида ўлдирдилар.
24 Яҳудо халқи ўз шоҳи Омонга фитна уюштирганларнинг ҳаммасини ўлдириб, ўрнига ўғли Йўшиёни шоҳ қилиб кўтарди.
25 Омоннинг бошқа ишлари “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
26 Омон Уззо боғида, ота–боболари хилхонасига дафн этилди. Унинг ўрнига ўғли Йўшиё шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Йўшиё
1 Йўшиё саккиз ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўттиз бир йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Ёдидо бўлиб, Бозхатлик Одаёнинг қизи эди.
2 Йўшиё Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. Ўнгга ҳам, чапга ҳам оғмасдан, бобоси Довуднинг йўлидан юрди.
Қонун китоби
3 Йўшиёнинг Шофон деган котиби бор эди. Шофон Машуллом деган одамнинг набираси, Озалиё деганнинг ўғли эди. Йўшиё ўз ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йилида Шофонни Эгамизнинг уйига юбораётиб, унга шу гапларни айтди:
4 “Олий руҳоний Хилқиёнинг ҳузурига бор. Дарвозабонлар халқдан тўплаб, Эгамизнинг уйига келтирган кумушларни у ҳисоблаб чиқсин.
5-6 Сўнгра кумушларни Эгамизнинг уйида меҳнат қилаётган ишбошиларга берсин. Ишбошилар эса кумушларни олиб, Эгамизнинг уйидаги бузилган жойларни таъмирлаётган усталарга — дурадгорларга, бинокорларга ва тош терувчиларга берсинлар. Уйнинг тузатилиши учун лозим бўлган ёғочни, йўнилган тошни ҳам ўша кумушга сотиб олишсин.
7 Уларга берилган кумушнинг ҳисоби сўралмасин, чунки улар ҳалол ишлашяпти.”
8 Олий руҳоний Хилқиё котиб Шофонга: “Эгамизнинг уйидан Таврот китобини топиб олдим”, деб китобни Шофонга берди. Шофон китобни ўқиди.
9 Кейин шоҳнинг ҳузурига бориб: “Хизматкорларингиз Эгамизнинг уйидаги бор кумушни ўша ердаги ишбошиларга бердилар”, деб ҳисобот берди.
10 Кейин у шоҳга: “Руҳоний Хилқиё менга китоб берди”, деди–да, овоз чиқариб шоҳга китобни ўқиб берди.
11 Шоҳ Тавротда ёзилган сўзларни эшитгач, қайғудан либосларини йиртиб ташлади.
12 Кейин руҳоний Хилқиёга, Шофон ўғли Охихамга, Михиё ўғли Ахборга, котиб Шофонга ва ўзининг мулозими Осоёҳга шундай фармон берди:
13 “Боринглар, топилган бу китобдаги сўзларга мувофиқ, мен тўғримда ҳам, бутун Яҳудо халқи тўғрисида ҳам Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билинглар. Оталаримиз бу китобдаги сўзларга қулоқ солмаганлари, ҳаммамиз учун ёзилган бу сўзларга риоя қилмаганлари учун, Эгамизнинг даҳшатли ғазаби бизга қарши ғоятда аланга олган.”
14 Руҳоний Хилқиё, Охихам, Ахбор, Шофон ва Осоёҳ Хулда исмли пайғамбар аёл ҳузурига бориб, унга маслаҳат солдилар. Хулда пайғамбар Эгамизнинг уйидаги муқаддас либослар посбони Шаллумнинг хотини эди. Шаллум Тихвонинг ўғли, Хархаснинг набираси эди. Хулда Қуддуснинг Янги даҳасида яшарди.
15 Хулда уларга шундай деди:
“Исроил халқининг Худоси — Эгамиз айтмоқда: сизларни Менинг ҳузуримга юборган одамга шу гапларимни айтинглар:
16 «Яҳудо шоҳи ўқиган китобда ёзилгандай, бу юртга ҳам, бу юртда яшаётган халққа ҳам фалокат келтираман.
17 Улар Мендан юз ўгирганлари учун, бошқа худоларга қурбонликлар келтириб, ўз қўллари билан ясаган бутлари туфайли қаҳримни келтирганлари учун, бу юртга қарши ғазабим алангаланади ва асло босилмайди.»
18 Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билиш учун сизларни юборган Яҳудо шоҳига шу хабарни беринглар: Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сен эшитган сўзларинг тўғрисида шуни айтмоқда:
19 бу юрт вайрон бўлиб, бу юртда яшаганлар лаънати бўлсин деган сўзларимни эшитганингдан кейин, юрагинг юмшади, Менга бўйин эгдинг. Сен Менга бўйин эгганинг учун, қайғудан либосларингни йиртиб, ҳузуримда йиғлаганинг учун Мен илтижоларингни эшитдим.
20 Шунга кўра, сен ота–боболаринг ёнига хотиржам кетасан, ўз қабрингга дафн этиласан. Бу юртга Мен келтирадиган жамики фалокатларни сен кўрмайсан.”
Хилқиё ва унинг ҳамроҳлари бу хабарни шоҳга етказдилар.
Йўшиё бутпарастликни йўқ қилади
1 Шоҳ Йўшиё хабар бериб, Яҳудо ва Қуддуснинг ҳамма оқсоқолларини ҳузурига тўплади.
2 Жамики Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси, руҳонийлар, пайғамбарлар, зодагонлару авом халқ шоҳ бошчилигида Эгамизнинг уйига борди. Шоҳ Эгамизнинг уйидан топилган Таврот китобини бошидан охиригача уларнинг олдида ўқиди.
3 Шоҳ Эгамизнинг уйи эшиги олдидаги устун ёнида туриб: “Эгамиз кўрсатган йўлдан юраман, амрларига итоат этаман, шартларига, фармонларига бутун қалбим билан, жону дилим билан қулоқ соламан, бу китобда ёзилган аҳд сўзларини адо этаман”, деб Эгамиз билан қайта аҳд қилди.
Бутун халқ бу аҳдга қўшилди.
4 Шоҳ Йўшиё: “Баалга, Ашерага ва барча самовий жисмларга атаб қилинган нарсалар Эгамизнинг уйидан олиб чиқиб ташлансин”, деб олий руҳоний Хилқиёга, ундан кейинги руҳонийларга, Эгамизнинг уйи дарвозабонларига фармон берди. Ўша буюмларни Қуддус ташқарисидаги Қидрон сойлигига чиқариб ёқтирди, кулини Байтилга олиб келтирди.
5 Яҳудо шоҳлари юртнинг барча шаҳарларидаги ва Қуддус атрофидаги саждагоҳларда бутпараст руҳонийларни тайинлаган эдилар. Ўша руҳонийлар саждагоҳларда қурбонликлар келтирарди. Йўшиё Баалга, қуёшга, ойга, сайёраларга ва жамики самовий жисмларга қурбонлик қилган ўша руҳонийларни йўқ қилди.
6 У Эгамизнинг уйидан Ашеранинг устунини Қуддус ташқарисига — Қидрон сойлигига чиқариб ёқди. Майдалаб кул қилиб, кулни авом халқнинг қабрлари устига сепди.
7 Фоҳишларнинг Эгамиз уйидаги ҳужраларини бузди. У ерда аёллар Ашерага атаб тўқув ишларини бажаришарди.
8 Йўшиё Яҳудо шаҳарларидан ҳамма руҳонийларни чиқариб юборди. Гебодан Бершебагача руҳонийлар қурбонликлар келтирадиган саждагоҳларни булғаб, ҳаром қилди. У Қуддус ҳокими Ёшуа дарвозасининг киришидаги саждагоҳларни йўқотди. Бу дарвоза шаҳарга киришда чап томонда эди.
9 Саждагоҳларнинг руҳонийлари Эгамизнинг Қуддусдаги қурбонгоҳига қурбонлик қилишмас, лекин руҳоний биродарларнинг улушидан хамиртурушсиз нон тановул қила олардилар.
10 Йўшиё, бирортаси ўғлини ёки қизини Мўлахга қурбонлик қилмасин, оловда куйдирмасин деб, Хиннум сойлигидаги Тофатда жойлашган саждагоҳни булғаб, ҳаром қилди.
11 Яҳудо шоҳлари қуёшга атаган отларнинг ҳайкалини Эгамизнинг уйи эшиги олдидан йўқотди. Отлар Эгамиз уйининг ҳовлисида — аъён Натанмалекнинг хонаси ёнида эди. Йўшиё қуёшга аталган жанг араваларини ҳам оловда ёқди.
12 Охознинг болохонаси томидаги Яҳудо шоҳлари қилдирган қурбонгоҳларни ҳам, Эгамиз уйининг иккала ҳовлисида Манаше қилдирган қурбонгоҳларни ҳам бузди ва майдалаб туйиб, Қидрон сойлигига сочиб юборди.
13 Қуддуснинг шарқида — Макруҳ тоғининг жанубида Исроил шоҳи Сулаймон Сидоннинг макруҳ худоси Аштарет учун, Мўабнинг макруҳ худоси Хамўш учун ва Оммоннинг макруҳ худоси Мўлах учун қурдирган саждагоҳларни булғаб, ҳаром қилди.
14 У бутсимон тошларни синдириб, Ашерага аталган устунларни қўпориб ташлади, уларнинг ўрнини инсон суяклари билан тўлдирди.
15 Бундан ташқари, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом Байтилда ўрнатган саждагоҳни ҳам, қурбонгоҳни ҳам йўқотди. Саждагоҳга ўт қўйиб, кулини кўкка совурди. У Ашеранинг устунига ўт қўйиб юборди.
16 Сўнгра Йўшиё қайрилиб қараб, адирдаги қабрларни кўрди. У ердаги қабрларни кўргач, одамларини юбориб, мозорлардаги суякларни чиқартирди, Эгамизнинг сўзига биноан, суякларни қурбонгоҳда ёқди ва шу тариқа қурбонгоҳни булғаб, ҳаром қилди. Зотан, бу ҳақда пайғамбар қурбонгоҳга нидо қилган эди.
17 — Анави ёдгорлик тоши кимники? — деб сўради Йўшиё.
— Яҳудодан келиб, Байтилдаги қурбонгоҳда сиз қилган ишлар тўғрисида нидо қилган пайғамбарнинг қабридир, — дея жавоб беришди шаҳар аҳолиси.
18 — Унга тегманглар, — деди шоҳ. — Ҳеч ким унинг суякларини безовта қилмасин.
Шундай қилиб, пайғамбарнинг суякларига ҳам, Самариядан келган пайғамбарнинг суякларига ҳам тегмадилар.
19 Исроил шоҳлари бутун юрт бўйлаб бегона худоларнинг саждагоҳларини қуриб Эгамизни ғазаблантирган эдилар. Йўшиё, худди Байтилда қилганидай, бу саждагоҳларни вайрон қилиш учун сипоҳлар жўнатди.
20 Ўша шаҳарлардаги саждагоҳларнинг ҳамма руҳонийларини қурбонгоҳларда бўғизлади. Инсон суякларини қурбонгоҳларда ёқди. Шундан кейин Қуддусга қайтиб кетди.
Йўшиё Фисиҳ зиёфатини нишонлайди
21 Шоҳ: “Эгангиз Худонинг Фисиҳ зиёфатини бу Таврот китобида ёзилганидай нишонланг”, деб халққа фармон берди.
22-23 Шундай қилиб, Йўшиё ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йилида халқ Қуддусга йиғилиб, Эгамизга аталган Фисиҳ зиёфатини катта қилиб нишонлади. Исроилга раҳнамолик қилган ҳакамлар давридан буён на Исроил шоҳларининг, на Яҳудо шоҳларининг ҳукмронлиги пайтида Фисиҳ зиёфати шу қадар нишонланган эди.
Йўшиё жорий қилган ислоҳотлар
24 Йўшиё яна руҳоний Хилқиё Эгамизнинг уйидан топган китобда ёзилган қонунни ижро этмоқ мақсадида арвоҳ чақирувчиларни, фолбинларни, хонаки санамларни ва бошқа бутларни, Яҳудо ва Қуддусда пайдо бўлган ҳамма макруҳ нарсаларни йўқ қилиб ташлади.
25 Йўшиёдан олдин ҳам, кейин ҳам унга ўхшаб Мусонинг ҳамма қонунларига мувофиқ, бутун қалби билан, жону дили билан, бутун вужуди билан Эгамизга итоат этган бирон шоҳ чиқмади.
26 Лекин Манаше қилган гуноҳлари билан Эгамизнинг қаттиқ қаҳрини келтиргани учун, Эгамиз Яҳудога қарши алангаланган ғазабини ҳали қайтармаган эди.
27 Шунинг учун Эгамиз: “Исроил халқини ҳузуримдан қандай ҳайдаган бўлсам, Яҳудо халқини ҳам шундай ҳайдайман. Ўзим танлаган шаҳар — Қуддусдан юз ўгираман. Ҳа, Мен ўша ерда улуғланаман, деб айтган уйимни тарк этаман”, деган эди.
Йўшиёнинг ўлими
28 Йўшиёнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
29 Йўшиё ҳукмронлиги пайтида Миср фиръавни Нехо Оссурия шоҳига ёрдам бериш учун Фурот дарёси томон йўлга чиқди. Шоҳ Йўшиё эса Нехонинг устига юриш қилди. Магидўда тўқнашганларида, Нехо Йўшиёни ўлдирди.
30 Аъёнлари Йўшиёнинг жасадини жанг аравасида Магидўдан Қуддусга олиб келиб, ота–боболари хилхонасига дафн қилдилар. Яҳудо халқи Йўшиёнинг ўғли Ёҳухозга мой суртиб, уни отасининг ўрнига шоҳ қилиб кўтардилар.
Яҳудо шоҳи Ёҳухоз
31 Ёҳухоз йигирма уч ёшида тахтга ўтириб, Қуддусда уч ой шоҳлик қилди. Онасининг исми Хамутал бўлиб, Либналик Еремиёнинг қизи эди.
32 Ёҳухоз ота–боболарига ўхшаб Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди.
33 Фиръавн Нехо шоҳ Ёҳухознинг Қуддусдаги ҳукмронлигига чек қўйиб, уни Хомат юртидаги Ривло шаҳрида занжирбанд қилди. Юрт халқидан 200 пуд кумуш ва 2 пуд олтин ўлпон талаб қилди.
34 Фиръавн Нехо Йўшиёнинг ўғли Элияқимни отасининг ўрнига шоҳ қилди ва исмини ўзгартириб Ёҳайиқим қўйди. Сўнгра Ёҳухозни олиб Мисрга қайтди. Ёҳухоз ўша ерда вафот этди.
Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим
35 Ёҳайиқим фиръавн истаган олтин ва кумушни берди. Нехога ўлпон тўлаш учун эса юрт халқига солиқ солди ва ҳар биридан бойлигига қараб олтин ва кумуш йиғди.
36 Ёҳайиқим йигирма беш ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн бир йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Забудо бўлиб, Румахлик Подиёнинг қизи эди.
37 Ёҳайиқим, ота–боболари сингари, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди.
1 Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ҳукмронлиги даврида Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудога ҳужум қилди. Ёҳайиқим уч йил унинг ҳукмдорлиги остида бўлди. Охири у Навухадназарга қарши исён кўтарди.
2 Эгамиз Ўз қуллари пайғамбарлар орқали айтганига кўра, Яҳудо халқига қарши Бобил, Орам, Мўаб ва Оммон босқинчи тўдаларини юбориб, бу юрт халқини йўқ қилмоқчи бўлди.
3-4 Эгамизнинг амри билан Яҳудо халқининг бошига кўп кулфатлар келди. Манаше қилган барча гуноҳлари учун, айбсизларнинг қонини тўккани учун Эгамиз Яҳудо халқини Ўз ҳузуридан ҳайдамоқчи бўлди. Манаше Қуддусни айбсизларнинг қонига ботирган эди. Эгамиз Манашени бу қилмиши учун кечирмоқчи эмасди.
5 Ёҳайиқимнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
6 Ёҳайиқим оламдан ўтгач, ўрнига ўғли Ёҳайихин шоҳ бўлди.
7 Миср фиръавни қайтиб ўз юртидан ташқарига чиқмади. Бобил шоҳи Мисрнинг шимолий чегараси — Миср чегарасидаги ирмоқдан тортиб, Фурот дарёсигача фиръавнга қарашли бўлган ҳамма ерларни босиб олган эди.
Яҳудо шоҳи Ёҳайихин
8 Ёҳайихин ўн саккиз ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда уч ой ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Нахушта бўлиб, Қуддуслик Элнатаннинг қизи эди.
9 Ёҳайихин ҳам, отаси каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди.
10 Ўша пайтда Бобил шоҳи Навухадназарнинг лашкари Қуддусни қамал қилди.
11 Қамал пайтида Навухадназарнинг ўзи Қуддусга келди.
12 Яҳудо шоҳи Ёҳайихиннинг ўзи, онаси, хизматкорлари, лашкарбошилари, сарой аъёнлари Навухадназарга таслим бўлдилар. Бобил шоҳи ҳукмронлигининг саккизинчи йилида Ёҳайихин асирга олинди.
13 Эгамизнинг айтгани бўйича, Навухадназар Эгамизнинг уйидаги ва шоҳ саройидаги барча хазиналарни бўшатди. Исроил шоҳи Сулаймон Эгамизнинг уйи учун ясаттирган олтин ашёларнинг ҳаммасини майдалади.
14 Жамики Қуддус аҳолисини, бекларни, жасур сипоҳларни, ҳунармандларни, темирчиларни, ҳаммаси бўлиб ўн мингта одамни асир қилиб олиб кетди. Яҳудо халқининг энг қашшоқларидан бошқа ҳеч ким бу юртда қолмади.
15 Бобил шоҳи Навухадназар Ёҳайихинни асир қилгандан кейин, Бобилга олиб келди. Ёҳайихин билан бирга унинг онасини, хотинларини, аъёнларини ва юртнинг обрўли одамларини ҳам Қуддусдан Бобилга ҳайдаб келди.
16 Бундан ташқари, ҳамма жасур сипоҳларни — етти мингта сипоҳни, жанг қилишга қодир мингта ҳунарманд ва темирчини ҳам асир қилиб олиб кетди.
17 Ёҳайихиннинг ўрнига эса амакиси Маттаниёни шоҳ қилиб тайинлади ва унинг отини ўзгартириб, Зидқиё қўйди.
Яҳудо шоҳи Зидқиё
18 Зидқиё йигирма бир ёшида шоҳ бўлди ва Қуддусда ўн бир йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Хамутал бўлиб, Либналик Еремиёнинг қизи эди.
19 Зидқиё ҳам, Ёҳайиқим каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилгани учун
20 Эгамиз Қуддус ва Яҳудо халқидан ғоят ғазабланган, оқибатда уларни Ўз ҳузуридан қувиб юборган эди.
Қуддус қулайди
Зидқиё Бобил шоҳига қарши исён кўтарди.
1 Зидқиё ҳукмронлигининг тўққизинчи йили ўнинчи ойининг ўнинчи кунида Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусга қарши бутун лашкарини тортиб келиб, шаҳарни қамал қилди. Шаҳар девори атрофида қамал иншоотларини ясатди.
2 Шоҳ Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йилигача шаҳар қамалда қолди.
3 Тўртинчи ойнинг тўққизинчи куни шаҳарда очарчилик шу қадар кучайдики, халқ бир бурда нонга зор бўлди.
4 Бобилликлар Қуддус деворини ёриб кирдилар. Улар Қуддусни ҳар томондан қуршаб олишган бўлсалар–да, Яҳудо сипоҳлари шоҳ билан бирга қочиб кетдилар. Улар тунда саройнинг боғи яқинидаги икки девор орасидаги дарвозадан чиқиб, Иордан водийси томонга қочган эдилар.
5 Аммо Бобил сипоҳлари шоҳнинг орқасидан қувиб, Ерихо текислигида унга етиб олдилар. Бутун лашкар эса шоҳни ташлаб қочиб кетди.
6 Бобил сипоҳлари шоҳ Зидқиёни ушлаб, Ривло шаҳрига Бобил шоҳи ҳузурига олиб келдилар. Бобил шоҳи Зидқиёни ҳукм қилди.
7 Зидқиёнинг кўзи олдида ўғилларини қатл қилиб, ўзининг кўзларини ўйиб олдилар. Кейин уни кишанлаб, Бобилга олиб кетдилар.
Маъбад вайрон бўлади
8 Бешинчи ойнинг еттинчи кунида, Бобил шоҳи Навухадназар ҳукмронлигининг ўн тўққизинчи йилида Бобил шоҳининг амалдори — қўриқчилар сардори Набизарадон Қуддусга кирди.
9 У Эгамизнинг уйига, шоҳ саройига, ҳар бир ҳашаматли иморатга, Қуддусдаги ҳамма уйларга ўт қўйди.
10 Қўриқчилар сардори бошчилигида бутун Бобил лашкари Қуддус деворларини йиқитди.
11 Набизарадон қолган ҳамма халқни — шаҳарда тирик қолганларни, Бобил шоҳи томонга ўтган қочоқларни асир қилиб олиб кетди.
12 Узумчилик ва деҳқончилик билан машғул бўлсинлар дея, ҳеч вақоси йўқ, қашшоқ одамлардан баъзиларинигина қолдирди, холос.
13 Бобилликлар Эгамизнинг уйидаги бронза устунларни, араваларни, бронза ҳовузни парчалаб, бронзанинг ҳаммасини Бобилга олиб кетдилар.
14 Эгамизнинг уйида хизмат пайтида ишлатиладиган идишларни — қозонларни, куракларни, қайчилар ва куракчаларни, барча бронза ашёларни ҳам олиб кетдилар.
15 Набизарадон тоза олтин ва кумуш оловкуракларни, тоғорачаларни, ҳамма олтин ва кумуш буюмларни олиб кетди.
16 Эгамизнинг уйи учун Сулаймон қилдирган икки устун, ҳовуз ва араваларга беҳисоб бронза сарф қилинган эди.
17 Ҳар бир устуннинг баландлиги 18 тирсак бўлиб, тепасида бронзадан ясалган устунқош бор эди. Иккала устунқошнинг баландлиги 5 тирсакдан, атрофлари бронзадан ясалган тўрсимон безак ва анор тасвири билан безатилган эди.
Яҳудо халқи Бобилга кўчирилади
18 Қўриқчилар сардори Набизарадон олий руҳоний Сараёни, ундан кейинги руҳоний Зафаниёни ва учта дарвозабонни ҳам асирга олди.
19 Қуддусда қолган сипоҳларнинг лашкарбошисини, шоҳнинг бешта шахсий маслаҳатчисини, халқни лашкар сафига ёзган лашкарбошининг котибини ва халқдан шаҳарда қолган олтмиш кишини ҳам банди қилди.
20 Уларнинг ҳаммасини Ривло шаҳрига — Бобил шоҳи ҳузурига олиб келди.
21 Бобил шоҳи уларни Хомат юртида — Ривлода қатл қилди. Шундай қилиб, Яҳудо халқи ўз юртидан сургун бўлди.
Яҳудо ҳокими Гадалиё
22 Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудода қолган халқ устидан Гадалиёни ҳоким қилиб тайинлади. Шофоннинг набираси Гадалиё Охихамнинг ўғли эди.
23 Бобил шоҳи Гадалиёни ҳоким қилиб тайинлаганини лашкарбошилар ва сипоҳлар эшитишгач, Миспахга, Гадалиёнинг ҳузурига келдилар. Келганлар Натаниё ўғли Исмоил, Кариёх ўғли Йўханон, Натуфолик Танхумат ўғли Сараё, Махолик Язаниё ва уларнинг одамлари эди.
24 Гадалиё келганларга ва уларнинг одамларига онт ичиб, шундай деди: “Бобилликларга тобе бўлишдан қўрқманглар. Бу юртда ўрнашиб, Бобил шоҳига хизмат қилаверинглар. Шунда сизларга яхши бўлади.”
25 Ўша йилнинг еттинчи ойида шоҳ уруғидан бўлган Исмоил ўнта одами билан бирга Миспахга бориб, Гадалиёни ўлдирди. Исмоил Элишаманинг набираси, Натаниёнинг ўғли эди. У Миспахда Гадалиё билан бирга бўлган Яҳудо одамларини ва Бобилликларни ҳам қиличдан ўтказди.
26 Шундан кейин жамики халқ — бою камбағал Бобилликлардан қўрқиб, лашкарбошилар билан бирга, Мисрга қочиб кетди.
Ёҳайихин озодликка чиқади
27 Яҳудо шоҳи Ёҳайихин Бобилга сургун қилинганига ўттиз етти йил бўлганда, Бобил тахтига Эвилмардух ўтирди. Эвилмардух ўша йилнинг ўн иккинчи ойи йигирма еттинчи куни Яҳудо шоҳи Ёҳайихинни зиндондан озод қилди.
28 Унга яхши муносабатда бўлди, Бобилга сургун қилинган бошқа шоҳлардан кўра, баландроқ мартаба берди.
29 Шундай қилиб, Ёҳайихин зиндон кийимларини ечди. Умр бўйи доимо Бобил шоҳининг дастурхонидан таом еди.
30 Умрининг охиригача шоҳ тарафидан кундалик эҳтиёжи ҳар доим қондирилди.