2 Солномалар
Шоҳ Сулаймон донолик сўраб ибодат қилади
1 Довуд ўғли Сулаймон ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олди. Эгаси Худо у билан бирга бўлиб, уни ниҳоятда юксалтирди.
2 Сулаймон жамики Исроил халқини — мингбошиларни, юзбошиларни, ҳакамларни, Исроилнинг ҳамма йўлбошчиларини ва уруғбошиларини чақиртирди.
3 Сулаймон билан бутун жамоа Гивондаги саждагоҳга йўл олишди. Эгамизнинг қули Мусо саҳрода қурдирган Худонинг Учрашув чодири ўша даврда Гивонда жойлашган эди.
4 Худонинг Аҳд сандиғи эса Довуднинг ташаббуси билан Хират–Йўримдан Қуддусга олиб келинган эди, чунки Довуд Сандиқ учун Қуддусда бир жой тайёрлаб, чодир ўрнатиб қўйган эди.
5 Базалил қурган бронза қурбонгоҳ эса ҳануз Гивондаги Эгамиз Муқаддас чодирининг қаршисида жойлашган эди. Базалил Урининг ўғли ва Хурнинг невараси эди. Сулаймон ва жамоа қурбонгоҳ олдида Эгамизга сажда қилдилар.
6 Сўнг Сулаймон Эгамизнинг олдида Учрашув чодирининг қаршисидаги ўша бронза қурбонгоҳ устига чиқиб, мингта қурбонлик куйдирди.
7 Ўша куни кечаси Худо Сулаймонга зоҳир бўлиб, унга:
— Тила тилагингни! — деди.
8 Сулаймон Худога айтди:
— Сен отам Довудга улуғ севгингни кўрсатдинг. Мени унинг ўрнига шоҳ қилдинг.
9 Эй Парвардигор Эгам! Отам Довудга берган ваъданг устидан чиқ. Ахир, Сен мени ернинг қумидай кўп бўлган бир халқ устидан шоҳ қилдинг.
10 Бу халқни бошқара олишим учун менга донолик ва илму маърифат бергин. Бўлмаса Сенинг шу қадар беҳисоб халқингга ким ҳукмронлик қила олади?!
11 Худо Сулаймонга шундай жавоб берди:
— Мен сени халқим устидан шоҳ қилдим. Сен ўзинг учун мол–мулк, бойлик, шон–шуҳрат ёки душманларингнинг жонини сўрамадинг, ҳатто ўзингга узоқ умр ҳам тиламадинг. Аксинча, Менинг халқимни бошқарай деб, донолик ва илму маърифат сўраганинг учун
12 донолик ва илму маърифат сенга ҳадя бўлсин. Буларга қўшимча қилиб сенга бойлик, мол–мулк ва шон–шуҳрат бераман, сенгача ўтган ва сендан кейин бўладиган ҳеч қайси шоҳ сенга тенг келмайди.
13 Шундан кейин Сулаймон Гивондаги саждагоҳда жойлашган Учрашув чодиридан Қуддусга қайтиб кетди. У Исроил устидан ҳукмронлик қила бошлади.
Шоҳ Сулаймоннинг бойлиги
14 Сулаймон жанг аравалари ва отларни тўплади. Унинг 1400 та жанг араваси ва 12.000 та оти бор эди. Сулаймон буларнинг бир қисмини жанг аравалари сақланадиган шаҳарларга ва бир қисмини Қуддусга — ўзининг ёнига жойлаштирди.
15 Унинг ҳукмронлиги даврида Қуддусда олтину кумуш кўчадаги тошдай кўп эди. Садр ёғочлари ҳам худди Яҳудо қир этакларида ўсадиган оддий шикамора–анжир дарахтидай сероб эди.
16 Шоҳнинг савдогарлари Мисрдан ва Қуведан Сулаймон учун отлар олиб келишарди. Улар отларни Қуведан сотиб олишарди.
17 Мисрдан келтирилган ҳар бир жанг араваси учун 600 кумуш танга, ҳар бир от учун 150 кумуш танга тўлашарди. Сўнг буларни барча Хет шоҳларига ва Орам шоҳларига сотишарди.
Маъбад қурилиши учун тайёргарлик
1 Сулаймон Эгамизга атаб Маъбад ва ўзи учун шоҳона сарой бунёд этишга қарор қилди.
2 Сулаймон 70.000 нафар юк ташувчини, қирларда тош кесадиган 80.000 нафар сангтарошни ва булар устидан назоратчи қилиб 3600 кишини ёллади.
3 Сулаймон Тир шоҳи Хирамга шу хабарни етказди:
“Бир вақтлар сиз отам Довудга саройини қуриш учун садр ёғочларини жўнатганингиз каби, менга ҳам садр ёғочларини жўнатинг.
4 Мен Эгам Худога атаб бир уй қурмоқчиман. У ерда хушбўй тутатқилар тутатилади, доимий равишда муқаддас нонлар назр қилиниб, хонтахта устига терилади. Эрталаб ва кечқурунлари қурбонликлар куйдирилади, шунингдек, Шаббат кунларида, янги ой шодиёналарида ва Эгамиз Худо белгилаган байрамларда куйдириладиган қурбонликлар келтирилади. Исроил халқи буларга доимо, авлодлар оша риоя қилади.
5 Мен қурмоқчи бўлган уй ҳашаматли бўлади, чунки Худойимиз бошқа худолардан буюкдир.
6 Лекин ким Унга бир уй қура олар?! У осмонга, ҳатто фалак тоқига ҳам сиғмайди–ку! Мен ким бўлибманки, Унга уй қура олсам?! Фақат Унга қурбонликлар келтириш учун бир жой тайёрлай оламан, холос.
7 Шундай экан, менга моҳир бир устани юборинг. У ўймакорликдан ташқари, олтин, кумуш, бронза ва темирга ишлов бера оладиган, сафсар, қизил ва кўк матолар тўқий оладиган бўлсин. У Яҳудо ва Қуддусда, отам Довуд саралаган моҳир усталарим билан бирга ишлайди.
8 Менга Лубнондан садр, сарв ва сандал ёғочларини жўнатинг. Сизнинг хизматкорларингиз Лубнон дарахтларини кесишга уста эканини биламан. Менинг одамларим сизнинг одамларингиз билан бирга ишлайдилар.
9 Улар мен учун катта миқдорда ёғоч тайёрлаб беришсин. Мен қурмоқчи бўлган уй улкан ва ҳашаматли бўлиши керак.
10 Мен ёғоч кесадиган хизматкорларингизга иш ҳақи қилиб 200.000 тоғора янчилган буғдой, 200.000 тоғора арпа, 40.000 кўза шароб ва 40.000 кўза зайтун мойи юбораман.”
11 Шундан кейин Тир шоҳи Хирам мактуб орқали Сулаймонга шундай жавоб берди:
“Эгамиз Ўз халқини севгани учун улар устидан сизни шоҳ қилди.”
12 Хирам яна шу гапларни айтди:
“Еру кўкни яратган Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин. У шоҳ Довудга доно, ақлли, фаҳм–фаросатли ўғил ато қилибди. Шу ўғил Эгамизга атаб Маъбадни ва ўзи учун саройни бунёд қилади.
13 Сизга Хуром исмли ақлли, моҳир бир устани юборяпман.
14 Унинг онаси — Дан қабиласидан, отаси эса — Тирлик. Унинг ўзи олтин, кумуш, бронза, темир, тош ва ёғочга ишлов берадиган моҳир устадир. У сафсар, кўк, қизил матоларни ва майин зиғир матосини ҳам тўқишни билади, шунингдек, турли ўймакорлик ишларини бажара олади, ҳар қандай нақшни сола олади. Хуром сизнинг усталарингиз ва отангиз бўлмиш хўжайиним Довуд етиштирган усталар билан бирга ишлайди.
15 Жаноби олийлари! Ўзингиз айтган буғдой, арпа, зайтун мойи, шаробни қулларингизга юборинг.
16 Сизга керак бўладиган ҳар қандай дарахтни биз Лубнондан кесиб берамиз, ёғочлардан сол қилиб, денгиз соҳили бўйлаб Яффага қадар келтириб берамиз. Сиз ўша ердан ёғочларни Қуддусга олиб кетаверасиз.”
Маъбад қурилиши бошланди
17 Шундан кейин Сулаймон отаси Довуд сингари, Исроил юртида истиқомат қилаётган мусофирларнинг ҳаммасини рўйхатга олди. Мусофирларнинг сони 153.600 киши экан.
18 Сулаймон уларнинг 70.000 нафарини оғир юк ташувчи, 80.000 нафарини қирларда тош кесадиган сангтарош, 3600 нафарини эса ишлаётганлар устидан назоратчи қилиб тайинлади.
1 Сулаймоннинг отаси шоҳ Довуд Эгамизнинг уйи учун Қуддусда бир жой тайёрлаб қўйган эди. Бу жой Мориёх тоғида — Довудга Эгамиз зоҳир бўлган Ёбуслик Аравнонинг хирмонида эди. Сулаймон Эгамизнинг уйини ўша ерда барпо қила бошлади.
2 Қурилиш Сулаймон ҳукмронлигининг тўртинчи йили иккинчи ойининг иккинчи кунида бошланган эди.
3 Сулаймон Худонинг уйи учун пойдевор қўйди, пойдеворнинг узунлиги (қадимги ўлчов бирлигига асосан) 60 тирсак, эни 20 тирсак эди.
4 Уйнинг асосий хонаси олдида айвон бўлиб, айвоннинг узунлиги асосий хонанинг эни билан бир ўлчовда — 20 тирсак, баландлиги ҳам 20 тирсак эди. Сулаймон айвоннинг ичини тоза олтин билан қоплатди.
5 Асосий хонанинг деворларини олдин сарв ёғочи билан қоплатиб, устидан тоза олтинни қоплатди, сўнг хурмо дарахти ва занжирлар шаклларини ўйдириб солдирди.
6 Уйни қимматбаҳо тошлар билан безаттирди. Парвайимдан келтирилган олтин билан
7 уйнинг тўсинларини, остоналарини, деворларини ва эшикларини қоплатди. Деворларга карублар суратини ўйдирди.
8 Сулаймон Энг муқаддас хонани ҳам қурдирди. Бу хонанинг узунлиги асосий хонанинг эни билан бир ўлчовда — 20 тирсак, эни ҳам 20 тирсак эди. Сулаймон бу хонани 1300 пуд тоза олтин билан қоплатди.
9 Ишлатилган олтин михларнинг умумий оғирлиги 125 мисқол эди. Юқори хоналарнинг деворлари ҳам олтин билан қопланди.
10 Сўнг Сулаймон иккита каруб шаклини ясаттирди. Уларни олтин билан қоплатиб, Энг муқаддас хонага ўрнаштирди.
11-13 Карублар ёнма–ён, кираверишга қаратиб қўйилган эди. Ҳар бирининг иккитадан қаноти бўлиб, ҳар бир қанотининг узунлиги беш тирсак эди. Қанотлар ёйилган ҳолда ясалган бўлиб, карубларнинг бир қаноти деворга тегиб турар эди. Иккинчи қаноти эса хонанинг марказида бошқа карубнинг қанотига тегиб турар эди. Иккала карубнинг ёйилган қанотлари жами 20 тирсакни ташкил қилар эди.
14 Сулаймон кўк, сафсар, қизил матолардан ва майин зиғир матосидан ички парда қилдириб, парданинг устига карублар суратини солдирди.
Икки бронза устун
15 Сулаймон 18 тирсак баландликдаги икки устун ясаттириб, уларни Эгамиз уйининг олд томонига ўрнатди. Ҳар бир устун тепасида устунқош бўлиб, устунқошнинг баландлиги 5 тирсак эди.
16 Устунқошлар тўқилган занжирлар ва юзта анор тасвири билан безатилган эди.
17 Устунлар уйнинг олдига — биттаси ўнг томонга, иккинчиси чап томонга ўрнатилган эди. Ўнг томондаги устунга Ёхин деб, чап томондагисига Бўаз деб ном берилди.
Маъбад анжомлари
1 Шоҳ Сулаймон бронза қурбонгоҳ ясаттирди. Қурбонгоҳнинг узунлиги 20 тирсак, эни ҳам 20 тирсак, баландлиги 10 тирсак эди.
2 Кейин бронзани эритиб, думалоқ шаклда ҳовуз ясатди. Ҳовузнинг бир қирғоғидан нариги қирғоғигача 10 тирсак, баландлиги эса 5 тирсак эди. Айланаси 30 тирсак эди.
3 Ҳовузнинг ташқи томонида, қирғоғи остида айланасига икки қатор буқа шакли бор эди. Ҳар бир тирсак масофада ўнтадан шундай шакл қилинган эди. Бронза эритилиб, ҳовуз ясалаётган пайтда, бу буқа шакллари ҳам қилинган эди.
4 Ҳовуз бронзадан ясалган ўн иккита буқа устига ўрнаштирилган эди. Буқаларнинг учтаси шимолга, учтаси ғарбга, учтаси жанубга ва учтаси шарққа қаратилган эди. Буқаларнинг орқа томони ҳовузнинг ичкарисига қаратилган эди.
5 Ҳовузнинг қалинлиги тўрт энли бўлиб, четлари косанинг четларига ўхшар, шакли лолагулга ўхшарди. Унга 6000 кўза сув сиғарди.
6 Сулаймон ўнта тоғора ҳам ясатди. Тоғоранинг бештаси ҳовузнинг чап томонига, бештаси ўнг томонига ўрнатилди. Бу тоғоралар қурбонлик қилиб куйдириладиган ҳайвонларни ювиш учун мўлжалланган эди. Ҳовуз эса руҳонийларнинг ювиниши учун эди.
7-8 Сулаймон лойиҳага биноан ўнта олтин чироқпоя билан ўнта хонтахта ясатиб, уларни Маъбаднинг асосий хонасига ўрнаттирди. Бешта чироқпоя билан бешта хонтахтани хонанинг ўнг томонига, қолган бешта чироқпоя билан бешта хонтахтани хонанинг чап томонига ўрнаштирди. Булардан ташқари, олтиндан юзта тоғорача ҳам ясаттирди.
9 Сулаймон руҳонийлар учун ички ҳовлини қурдирди. Бундан ташқари, у ташқи ҳовлини қурдириб, икки ҳовли орасига эшиклар ясаттирди. Эшикларни бронза билан қоплатди.
10 Ҳовузни Эгамиз уйининг жануби–шарқ томонидаги бурчагига ўрнаттирди.
11 Хуром қозонлар, куракчалар ва тоғорачалар ҳам ясади. Шундай қилиб, у шоҳ Сулаймон учун Худонинг уйига оид қуйидаги ашёларни ясаб берди:
12 иккита устун,
устунларнинг тепасидаги иккита доира шаклидаги устунқош,
устунқошни ўраб турган иккита тўрсимон безак,
13 иккала безакнинг ёнларида тўрт юзта анор тасвири, яъни устунлар тепасида доира шаклидаги иккита устунқошни қоплаб туриш учун ҳар бир тўрсимон безакнинг иккала чеккасидаги анор суратлари,
14 аравалар, аравалар устидаги тоғоралар,
15 битта ҳовуз, ҳовуз остидаги ўн икки буқа шакли,
16 қозонлар, кураклар, санчқилар ва буларга алоқадор барча буюмлар.
Хуром шоҳ Сулаймон учун Эгамизнинг уйига оид ана шу ашёларни сайқалланган бронзадан ясаб берди.
17 Шоҳ бу нарсаларни Иордан водийси атрофларида — Сухот ва Зоратон орасида лойдан ясалган қолипларда қуйдирди.
18 Сулаймон бу нарсаларнинг ҳаммасини кўп миқдорда ясаттирди, шунинг учун ишлатилган бронзанинг ҳисобини аниқлаб бўлмади.
19 Сулаймон Худонинг уйи учун қуйидаги ҳамма буюмларни ҳам ясаттирди:
олтиндан ясалган тутатқи қурбонгоҳи,
устида муқаддас нонлар турадиган хонтахталар,
20 тоза олтиндан ишланган чироқпоялар ва уларнинг мойчироқлари, булар лойиҳага биноан, Энг муқаддас хонанинг олдида ёниб туриши керак эди,
21 яна тоза олтиндан гуллар, мойчироқлар, қисқичлар,
22 қайчилар, тоғорачалар, куракчалар ва оловкураклар ясатди. Энг муқаддас хона ва асосий хона эшиклари ҳам тоза олтиндан ясалган эди.
1 Шундай қилиб, Сулаймон Эгамизнинг уйига оид ҳамма ишларни битирди. Сўнгра у отаси Довуд назр қилган нарсаларни олиб келиб, кумуш, олтин ва ҳамма буюмларни Худонинг уйи хазинасига қўйди.
Аҳд сандиғи Маъбадга келтирилади
2 Шундан сўнг Сулаймон Эгамизнинг Аҳд сандиғини Довуд қалъасидан — Сиондан Эгамизнинг уйига олиб келмоқчи бўлди. Шу мақсадда у Исроил оқсоқолларини, ҳамма қабила йўлбошчиларини, Исроил халқи уруғбошиларини Қуддус шаҳрига чақиртирди.
3 Уларнинг ҳаммаси еттинчи ойда, Чайла байрами пайтида шоҳнинг ҳузурига йиғилишди.
4 Исроил оқсоқолларининг ҳаммаси келгач, левилар Сандиқни ердан кўтаришди.
5 Руҳонийлар ва левилар, Сандиқ билан бирга Учрашув чодирини, Чодирдаги барча муқаддас буюмларни Эгамизнинг уйига олиб келишди.
6 Шоҳ Сулаймон ва тўпланган бутун Исроил жамоаси Сандиқнинг олдида қўйлар, буқалар сўйиб қурбонлик қилишди. Қурбонлик қилинган қўй ва буқалар шу қадар кўп эдики, ҳисобига етиб бўлмасди.
7 Руҳонийлар Эгамизнинг Аҳд сандиғини алоҳида аталган жойга — Энг муқаддас хонага, карубларнинг қанотлари остига қўйишди.
8 Карубларнинг қанотлари Сандиқ усти бўйлаб чўзилган ва Сандиқ ҳамда унинг ходаларини беркитиб турарди.
9 Ходалар шунчалик узун эдики, уларнинг учи Энг муқаддас хонанинг шундайгина олдидан кўриниб турарди, бошқа жойдан эса кўринмасди. Ходалар бугунгача ҳам ўша ерда турибди.
10 Сандиқнинг ичида иккита тош лавҳадан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин, Эгамиз Синай тоғида улар билан аҳд тузган эди. Ўшанда Мусо бу тош лавҳаларни Сандиқ ичига солиб қўйган эди.
11-14 Бу ерда ҳозир бўлган руҳонийларнинг ҳаммаси, қайси гуруҳга қарашли бўлишидан қатъий назар, ўзларини поклаган эдилар. Жамики леви созандалари — Осиф, Хаман, Ёдутун, уларнинг ўғиллари ва қариндошлари майин зиғир матосидан тикилган либосларни кийиб олган эдилар. Левилар зил, арфа ва лираларни кўтариб қурбонгоҳнинг шарқ томонида турдилар. Уларнинг ёнидан карнай чаладиган 120 нафар руҳоний жой олди. Созандалару карнайчилар жўр бўлиб, Эгамизга ҳамду сано ва шукрона айтар эдилар. Карнай, зил ва бошқа созлар жўрлигида қўшиқчилар Эгамизга шундай ҳамду сано куйлар эдилар:
“Эгамиз яхшидир,
Унинг содиқ севгиси абадийдир.”
Руҳонийлар Муқаддас хонадан чиқиб кетаётганларида, бирданига Худонинг уйини булут қоплаб, Эгамизнинг улуғворлиги уйни тўлдирди. Шунинг учун руҳонийлар ўз хизматини давом эттира олмадилар.
Сулаймоннинг нутқи
1 Шунда Сулаймон ибодат қилди:
— Эй Эгамиз! Сен, зимзиё зулматда маскан қиламан, деган эдинг.
2 Мана энди Сенга ажойиб бир уй, абадий истиқомат қилишинг учун бир маскан барпо қилдим.
3 Кейин шоҳ орқасига қайрилиб, тик турган жамики Исроил жамоасини дуо қилди.
4 Шоҳ деди:
“Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин. У отам Довудга берган ваъдасини бажарди.
5 Эгамиз отамга шундай деган эди: «Халқим Исроилни Мисрдан олиб чиққан кунимдан бери Мен улуғланадиган уйни барпо қилиш учун Исроил қабилаларининг бирорта шаҳрини танламаган эдим, бирорта одамни халқимга ҳукмрон қилиб сайламаган эдим.
6 Мана энди эса улуғланишим учун Қуддусни танладим. Мен сени, эй Довуд, халқим Исроил устидан ҳукмдор бўлгин деб танладим.»
7 Исроил халқининг Худоси — Эгамизга атаб бир уй барпо қилмоқ отам Довуднинг нияти эди.
8 Лекин Эгамиз отам Довудга шундай деб айтди: «Модомики, Менга атаб бир уй барпо қилмоқни кўнглингга туккан экансан, яхши қилибсан.
9 Бироқ Менга атаб ўша уйни сен эмас, балки сенинг пушти камарингдан бино бўладиган ўғлинг барпо қилади.»
10 Эгамиз ваъда берган эди, бажо айлади: отам Довуднинг ўрнига тахтга мен чиқдим, Эгамиз ваъда этганидай, Исроил тахтига ўтирдим, Исроил халқининг Худоси — Эгамизга атаб бир уй барпо қилдим.
11 Ўша уйга Аҳд сандиғини ўрнаштирдим. Эгамизнинг Исроил халқи билан қилган аҳд лавҳалари шу Сандиқнинг ичида турибди.”
Сулаймоннинг ибодати
12 Сулаймон Эгамизнинг қурбонгоҳи олдида, Исроил жамоаси рўпарасида қўлларини кўкка чўзди.
13 У супанинг устида турар эди. Бу супани Сулаймон бронзадан ясаттириб, уни ҳовлининг ўртасига ўрнаттирган эди. Супанинг узунлиги беш тирсак, эни ҳам беш тирсак, баландлиги уч тирсак эди. Сулаймон бутун Исроил жамоаси олдида тиз чўкиб, қўлларини кўкка чўзганча,
14 ибодат қила бошлади:
“Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! Ер юзида ҳам, осмону фалакда ҳам Сенга ўхшаши йўқ! Сенга бутун қалби билан боғланиб, Сен кўрсатган йўлдан юрадиган қулларингга Ўзинг аҳдингни содиқ сақлайсан.
15 Қулинг — отам Довудга Сен Ўз оғзинг билан берган ваъдаларингни бугун Ўз қўлинг билан бажо айладинг.
16 Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! Ўзингнинг қулингга — отам Довудга: «Болаларинг ҳам сенга ўхшаб қонунларимга риоя қилиб, ўйлаб қадамини боссалар, сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроил тахтида ўтиради», — деб ваъда берган эдинг. Энди берган ваъдангни адо эт!
17 Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! Қулинг Довудга айтганларинг амалга ошсин, деб илтижо қиламан.
18 Эй Худо, Сен ер юзида инсон зоти билан яшармидинг?! Сен осмонга, ҳатто фалак тоқига ҳам сиғмассан. Фалак тоқи олдида мен қурган уй нима бўлибди?!
19 Эй Эгам Худо, илтижо билан қилган ибодатимни қабул эт! Сенга ёлвориб қилаётган илтижоларимга жавоб бер.
20 Сен: «Мен ўша ерда улуғланай», деб айтган эдинг. Кўзларинг кечаю кундуз ўша жойга — ўша уйга қадалиб турсин. Мен, қулинг, ўша томонга қараб ибодат қиламан, ибодатларимни тингла.
21 Исроил халқи билан бирга ўша томонга қараб қилган илтижоларимизга қулоқ тут. Самолардан — Ўз маконингдан туриб қулоқ сол, эшитгин–у, гуноҳимиздан ўт.
22 Кимдир гуноҳкорликда айбланса, ўша одам келиб, шу уйингдаги қурбонгоҳинг олдида, айбсизман, деб онт ичса,
23 эй Эгам, самодан туриб қулоқ сол, қулларингни Ўзинг ҳукм эт. Гуноҳкорнинг қилмишини бўйнига қўй, жазосини бер. Гуноҳсизнинг эса ҳақлигини кўрсат, ҳақ бўлгани учун уни озод қил.
24 Халқинг Исроил Сенинг олдингда гуноҳ қилгани учун ёвга мағлуб бўлса, яна қайтиб Сени тан олса, ўша уйда Сенга ёлвориб илтижо қилса,
25 Сен самодан туриб, уларнинг илтижоларига қулоқ сол, гуноҳларидан ўт. Оталарига ва уларга Ўзинг томондан берилган юртга уларни қайтар.
26 Улар Сенга қарши гуноҳ қилганлари учун осмон беркилиб, ёмғир ёғмаганда, улар ўша уйга қараб, Сени яна тан олиб илтижо қилсалар, Сен уларни гуноҳлари учун жазолаганингда, тавба қилсалар,
27 қулларинг Исроил халқига самодан туриб қулоқ сол, уларнинг гуноҳидан ўт. Уларга тўғри йўл кўрсат, токи ўша йўлдан юрсинлар, кейин халқингга мулк қилиб берган ерга ёмғир ёғдир.
28 Юртда очарчилик ё ўлат пайдо бўлса, гармсел, занг касали, чигиртка, қурт–қумурсқа босса ёки халқингни ёвлар қамал қилса, ёхуд кулфат, хасталик уларнинг бошига келса,
29 ҳар қандай инсон ёки халқинг Исроил Сенга ёлвориб ибодат қилса, ҳар ким ўз дард–ҳасратини айтиб, бу уй томон қўлларини чўзса,
30-31 Сен самодан — масканингдан туриб қулоқ сол ва уларнинг гуноҳидан ўт. Ҳар бирининг тутган йўлига қара, хизматига яраша бер, токи Сен Ўзинг ота–боболаримизга берган юртда улар умрларининг охиригача Сендан қўрқиб, Сенинг йўлларингдан юрсинлар. Зотан, жамики инсон боласининг кўнглидагини ёлғиз Сен биласан, холос.
32 Халқинг Исроилдан бўлмаган бегона одам Сени деб узоқ юртдан келса, Сенинг шуҳратинг, қудратинг ва ажойиботларинг ҳақида эшитиб, ўша уйга қараб ибодат қилса,
33 Сен маконингдан туриб қулоқ сол. Ўша одамнинг сўраганини бажо айла, токи ер юзидаги ҳамма халқлар Сени билсин, халқинг Исроил каби Сендан ҳайиқадиган бўлсин. Мен барпо қилган шу уй Сенга атаб қилинганини билсин.
34 Сен халқингни ғанимларига қарши жанг қилишга юборганингда, улар Ўзинг танлаб олган бу шаҳарга, Сенга атаб мен қурган уйга юз буриб, ибодат қилсалар,
35 самодан туриб уларнинг илтижоларини эшит, бажо айла.
36 Сенинг олдингда улар гуноҳ қилганларида, чунки гуноҳ қилмайдиган одамнинг ўзи йўқ, Сен ғазабланиб, уларни яқин ёки узоқ юртларга асир қилиб олиб кетадиган душманларнинг қўлига берганингда,
37 улар ғанимлари юртида асирликда юриб, эсини йиғиб олгач: «Гуноҳ қилдик, шаккоклик қилдик, айбдормиз», деб тавба қилиб, Сенга ёлворсалар,
38 асир бўлган юртда бутун қалби билан, жону дили билан Сенга қайтсалар, Ўзинг ота–боболарига берган юртга, Ўзинг танлаб олган шаҳарга, Сенга атаб мен қурган уйга юз буриб, ибодат қилсалар,
39 самодан — маконингдан туриб уларнинг қилган илтижоларини эшит, бажо айла. Халқинг Сенга қарши қанча гуноҳ қилган бўлмасин, уларни кечир.
40 Энди, эй Худойим, бизга назар сол, шу жойда қилган ибодатларимизга қулоқ тут.
41 Қани, эй Парвардигор Эгам, кел оромгоҳингга
Қудратинг рамзи бўлган Сандиқ билан бирга.
Эй Парвардигор Эгам!
Руҳонийларинг нажот кийимларини кийишсин.
Тақводорларинг эзгулигингдан шод бўлишсин.
42 Эй Парвардигор Эгам!
Танлаган шоҳингни рад қилмагин!
Қулинг Довудга кўрсатган севгингни ёдингда тутгин.”
Маъбад Эгамизга бағишланади
1 Сулаймон ибодат қилиб бўлиши биланоқ, осмондан аланга тушиб, куйдириладиган ва бошқа қурбонликларни ямлаб юборди. Эгамизнинг улуғворлиги Маъбадни тўлдирди.
2 Шунинг учун руҳонийлар Эгамизнинг уйига кира олмадилар.
3 Жамики Исроил халқи олов тушганини ва Эгамизнинг улуғворлиги Маъбадни тўлдирганини кўргач, ҳаммалари ерга мук тушиб, таъзим қилдилар ва Эгамизга сажда қилиб, Унга шукрона айтдилар:
“Эгамиз яхшидир,
Унинг содиқ севгиси абадийдир.”
4 Шундан кейин шоҳ ва барча халқ Эгамизга атаб қурбонлик қилдилар.
5 Шоҳ Сулаймон 22.000 буқани, 120.000 қўйни Эгамизга атаб қурбонлик қилди. Шу тариқа шоҳ ва бутун халқ Маъбадни Эгамизга бағишладилар.
6 Руҳонийлар ўз жойларини эгалладилар. Левилар ҳам мусиқа асбобларини кўтариб, руҳонийлар сингари ўз жойларига турдилар. Довуд бу мусиқа асбобларини Эгамизга ҳамду сано айтиш учун ясаттирган эди, Довуднинг ўзи Эгамизни мадҳ этиб, “Унинг содиқ севгиси абадийдир” деб ҳамду сано айтганда, ўша мусиқа асбобларидан фойдаланган эди. Халқ тик турар, левиларнинг қаршисидан жой олган руҳонийлар эса карнайлар чалардилар.
7 Сулаймон Эгамизнинг уйи олдидаги ҳовли ўртасини ҳам муқаддас қилди. Сўнг ўша ерда куйдириладиган қурбонликлар, дон назрлари ва тинчлик қурбонликларининг ёғини назр қилди, чунки буларнинг ҳаммаси у ясаттирган бронза қурбонгоҳ устига сиғмаган эди.
8 Кейин Сулаймон ва у билан бирга ниҳоятда катта жамоа — Лево–Хоматдан тортиб, Миср чегарасидаги ирмоққа қадар ерларда яшайдиган бутун Исроил халқи етти кун давомида Чайла байрамини нишонлашди.
9 Улар етти кун қурбонгоҳнинг Худога бағишланишини нишонлашди, кейин яна етти кун Чайла байрамини қилишди. Чайла байрамидан кейин муқаддас йиғин қилишди.
10 Еттинчи ойнинг йигирма учинчи куни Сулаймон халқни ўз уйларига жўнатди. Эгамизнинг Довудга, Сулаймонга ва Исроил халқига кўрсатган муруввати туфайли ҳамманинг кўнгли шодликка тўлган эди.
11 Сулаймон Эгамизнинг уйини ҳам, ўзининг саройини ҳам қуриб бўлди. Мўлжалланган ҳамма юмушларни муваффақият билан тамом қилди.
Худо Сулаймонга зоҳир бўлади
12 Кейин Эгамиз кечаси Сулаймонга зоҳир бўлиб, унга айтди:
“Менга қилган илтижоларингни эшитдим, бу уйни Ўзимга қурбонликлар келтириладиган жой қилиб танладим.
13 Ёмғир ёғмасин деб, осмонни беркитганимда, ёки чигирткаларга, ер юзини еб битиринглар деб, амр берганимда, ёхуд халқимнинг орасига ўлат касалини юборганимда,
14 Менинг номим билан аталган халқим тавба қилиб, Менга илтижо қилса, Менга юз буриб қабиҳ йўлларидан қайтса, Мен осмондан туриб уларнинг илтижоларини эшитаман, гуноҳларини кечириб, юртига шифо бераман.
15 Энди сизларга назаримни соламан, бу жойда қилган ибодатларингизга қулоқ тутаман.
16 Мен то абад улуғланишим учун бу уйни танлаб, муқаддас қилдим. Бу уйдан кўзимни узмайман, қалбим у ерни маскан қилади.
17 Агар сен Менинг олдимда отанг Довуд каби юрсанг, Мен амр этган ҳамма фармонларимни ижро этсанг, қонун–қоидаларимни маҳкам тутсанг,
18 шоҳлик тахтингни абадий мустаҳкам қиламан. Шунда отанг Довуд билан тузган аҳдим, унга: «Сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроилда ҳукмронлик қилади», деб айтган гапларим амалга ошади.
19 Борди–ю, сен ва сенинг наслинг йўлимдан қайтсангиз, берган амр ва фармонларимни тарк этсангиз, бориб бошқа худоларга хизмат қилсангиз, уларга топинсангиз,
20 сизларни Ўзим берган юртдан қўпориб ташлайман. Улуғланишим учун муқаддас қилган бу уйни тарк этаман. Ана ўшанда бу уй ҳамманинг оғзида дув–дув гап бўлади, ҳамма халқлар уйимни масхара қилади.
21 Ҳозир ажойиб бўлиб турган уйнинг ёнидан ўтганлар даҳшатга тушадилар:
— Нимага уларнинг Эгаси бу юртни ва бу уйни мана шу аҳволга солди экан–а? — дейдиган бўладилар.
22 Сўнг яна ўзлари шундай хулоса чиқарадилар:
— Эҳа, улар ота–боболарини Миср юртидан олиб чиққан Эгаси Худодан юз ўгирдилар–ку! Бошқа худоларга эргашиб, ўша худоларга топиниб, хизмат қилдилар–ку! Қилмишларига яраша ўзларининг Эгаси уларнинг бошига шу кўргиликларни солибди–да.”
Шоҳ Сулаймоннинг эришган ютуқлари
1 Сулаймон Эгамизнинг уйини ва ўз саройини йигирма йилда битирган эди.
2 Сўнгра у шоҳ Хирам берган шаҳарларни қайтадан қуриб, Исроил халқини ўша шаҳарларга жойлаштирди.
3 Сулаймон Хомат–Зўвога юриш қилиб, у жойни қўлга киритди.
4 У саҳродаги Тадмўр шаҳрини ва Хоматдаги омбор шаҳарларни тузатиб мустаҳкамлади.
5 У яна Тепадаги Байт–Хўронни ва Пастки Байт–Хўронни қайтадан қурди, бу шаҳарларни девор билан ўради, тамбаланадиган дарвозалар ўрнатди.
6 Баалат шаҳрини, ўзининг ҳамма омбор шаҳарларини, ҳамма жанг аравалари сақланадиган шаҳарларни, отлиқлари турадиган шаҳарларини қайтадан тузатиб мустаҳкамлади. Бундан ташқари, Қуддусда, Лубнонда, шоҳликнинг ҳамма бурчакларида нима истаса, барпо қилди.
7 Канъонда қолиб кетган Амор, Париз, Хив, Хет ва Ёбус халқлари Исроил халқидан эмасди.
8 Исроил халқи уларнинг бу юртда қолиб кетган авлодларини қириб битирмаган эди. Сулаймон ўша қолиб кетганларини қарол қилиб олди. Улар бугунгача бор.
9 Лекин Сулаймон Исроил халқидан бирортасини қароллик учун қул қилмади. Аксинча, уларни шоҳнинг сипоҳлари, аъёнлари, жанг араваларининг қўмондонлари ва сувориларининг қўмондонлари лавозимига тайинлади.
10 Сулаймоннинг ишбошилари 250 киши бўлиб, улар одамлар устидан назоратчи эдилар.
11 Сулаймон фиръавннинг қизини Довуд қалъасидан унга атаб барпо қилган янги саройга кўчиртирди. У шундай деган эди: “Менинг хотиним Довуд қалъасида ортиқ яшай олмайди, чунки Эгамизнинг Сандиғи сақланган ҳар қандай жой муқаддасдир.”
12 Сулаймон Маъбад айвонининг қаршисида қурган қурбонгоҳ устида Эгамизга қурбонликлар куйдира бошлади.
13 Бу қурбонликларни у Мусонинг талабларига риоя қилган ҳолда, Шаббат кунларида, янги ой шодиёналарида ва йилда бир мартадан нишонланадиган Хамиртурушсиз нон байрамида, Ҳосил байрамида ва Чайла байрамида келтирар эди.
14 Сулаймон, отаси Довуд жорий қилган қоидага кўра, руҳонийлар ва левиларнинг хизматларини тақсимлаб берди. Левилар Эгамизни мадҳ қилишда ва кундалик ишларда руҳонийларга ёрдам берардилар. Сулаймон Маъбад дарвозабонларини ҳам гуруҳларга бўлиб, ҳар бир дарвозада уларнинг ҳар куни қиладиган ишларини тақсимлаб берди. У буларнинг ҳаммасини Худонинг одами Довуднинг фармонига мувофиқ қилди.
15 Шоҳ Довуднинг руҳонийларга, левиларга, хазиналарга ва бошқа нарсаларга оид бирорта кўрсатмаси эътибордан четда қолмади.
16 Шундай қилиб, Сулаймон ҳамма ишни ўз ниҳоясига етказди. Эгамиз уйининг пойдевори қўйилгандан бошлаб, то уй тамомила қурилиб бўлгунча бажарилган ҳамма иш муваффақиятли бўлди.
17 Шундан сўнг Сулаймон Эдом юртидаги Қизил денгиз қирғоғида жойлашган Эзйўн–Гебер ва Элет шаҳарларига кетди.
18 Шоҳ Хирам ўз кемачилари ва тажрибали денгизчилари бошчилигида кемаларни Сулаймонга жўнатди. Улар Сулаймоннинг одамлари билан бирга Офир юртига сузиб бориб, у ердан Сулаймонга 960 пуд олтин келтириб бердилар.
Шава маликаси Қуддусга ташриф буюради
1 Шава маликаси Сулаймоннинг донғини эшитгач, Қуддусга келди. У Сулаймонга топишмоқлар айтиб синаб кўрмоқчи эди. Малика ўзи билан жуда кўп миқдорда олтин ва қимматбаҳо тошлар, хушбўй зираворлар юкланган катта карвонни бошлаб келган эди. Малика Сулаймоннинг ҳузурига киргач, кўнглида нима бўлса, ҳаммасини унга айтди.
2 Сулаймон маликанинг ҳамма саволларига жавоб берди, маликанинг биронта саволига жавоб беришда қийналмади.
3 Шава маликаси Сулаймоннинг донолигини, у қурган саройни,
4 дастурхонидаги ноз–неъматларни, хизматкорларининг яшаш шароитларини, шоҳ соқийларию баковулларини ҳамда уларнинг хизмат либосларини, Эгамизнинг уйида шоҳ Сулаймон куйдириб, назр қилган қурбонликларни кўрди. Малика ғоят ҳайратланиб,
5 шоҳга деди:
— Сизнинг ишларингиз, донолигингиз ҳақида юртимда эшитганларим тўғри экан.
6 Келиб ўз кўзларим билан кўрмагунимча, гап–сўзларга ишонмаган эдим. Менга донолигингизнинг ҳатто ярмини ҳам айтишмаган экан. Мен эшитгандан ҳам ортиқ бўлиб чиқдингиз!
7 Нақадар бахтиёрдир одамларингиз! Омадлидир хизматкорларингиз! Улар доимо ҳузурингизда бўлиб, донолигингиздан баҳра олишар.
8 Сиздан мамнун бўлиб, Ўз вакили сифатида сизни Исроил тахти узра ўтқазган Эгангиз Худога ҳамду санолар бўлсин. У Исроилни то абад севгани учун адолат ва тўғрилик билан ҳукм этсин деб, сизни шоҳ қилган экан.
9 Малика Сулаймонга 250 пуд олтин, беҳисоб хушбўй зираворлар ва қимматбаҳо тошлар ҳадя қилди. Шава маликаси ҳадя қилган хушбўй зираворларнинг сифати шу қадар юқори эдики, уларга тенг келадигани йўқ эди.
10 Хирам билан Сулаймоннинг Офирдан олтин олиб келган хизматкорлари сандал дарахти ёғочлари ва қимматбаҳо тошларни ҳам келтиргандилар.
11 Шоҳ ўша ёғочлардан Эгамизнинг уйи учун ҳам, шоҳ саройи учун ҳам зиналар, мусиқачилар учун лира ва арфалар ясаттирди. Буларга ўхшаганини Яҳудо юртида ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаган.
12 Шоҳ Сулаймон Шава маликасига истаганини ва сўраганининг ҳаммасини муҳайё қилди, маликага олиб келганидан ҳам зиёдроқ нарса берди. Шундан кейин малика ҳамма одамларини эргаштириб ўз юртига жўнаб кетди.
Шоҳ Сулаймоннинг бойлиги
13 Ҳар йили Сулаймонга келиб турадиган олтиннинг оғирлиги 1425 пуд эди.
14 Одамлар ва савдогарларнинг олди–сотдисидан олинадиган солиқ бунга кирмасди. Араб шоҳлари ва Исроил ҳокимлари ҳам Сулаймонга олтин, кумуш олиб келишарди.
15 Шоҳ Сулаймон олтиндан икки юзта катта қалқон ясаттирди. Ҳар бир қалқонни ясашга ярим пуд олтин сарф бўлди.
16 Яна олтиндан уч юзта кичик қалқон ҳам ясаттирди. Ҳар бир қалқон учун 400 мисқол олтин сарфланди. Шоҳ бу қалқонларни “Лубнон ўрмони” деган уйига қўйди.
17 У яна фил суягидан катта тахт ясатиб, уни тоза олтин билан қоплатди.
18 Тахтнинг олтита поғонаси ва ўриндиққа уланган олтин оёқ курсиси бор эди. Ўриндиқнинг икки томонида тирсаги бор эди. Тирсакларнинг ёнида иккита шер тасвири турарди.
19 Ҳар бир поғонанинг икки чеккасида ҳам биттадан шер тасвири бўлиб, тахтнинг олти поғонасида жами ўн иккита шер тасвири бор эди. Бундай тахт бошқа бирорта шоҳликда бўлмаган эди.
20 Шоҳ Сулаймоннинг ичимлик ичадиган ҳамма идишлари олтиндан, “Лубнон ўрмони” деган уйидаги ҳамма идишлар ҳам тоза олтиндан эди. Сулаймон даврида кумуш арзимас нарса бўлиб қолган эди.
21 Денгизда, Хирамнинг кемалари қаторида, Сулаймоннинг ҳам савдо кемалари бўлиб, бу кемалар ҳар уч йилда олтин, кумуш, фил суяги, турли–туман маймунлар олиб қайтарди.
22 Шундай қилиб, Сулаймон бойликда ҳам, доноликда ҳам ер юзидаги ҳамма шоҳлардан ўтиб кетди.
23 Сулаймонга Худо берган доноликни эшитмоқ учун ер юзидаги ҳамма шоҳлар унинг олдига келгани ошиқарди.
24 Келганларнинг ҳар бири кумуш ва олтин идишлар, кийим, қурол–аслаҳа, хушбўй зираворлар, от ва хачирлар ҳадя қилиб олиб келар эди. Бундай ҳол йиллаб давом этарди.
25 Сулаймоннинг отлари ва жанг аравалари учун 4000 та отхонаси, булардан ташқари, 12.000 та учқур оти ҳам бор эди. Сулаймон отларнинг бир қисмини аравалар сақланадиган шаҳарларга, иккинчи қисмини ўз ёнига — Қуддусга жойлаштирган эди.
26 У Фурот дарёсидан то Филистлар ерига қадар ва Миср чегараларига қадар бўлган ҳамма шоҳлар устидан ҳукмронлик қиларди.
27 Унинг ҳукмронлиги даврида Қуддусда кумуш кўчадаги тошдай кўп эди. Садр ёғочлари ҳам худди Яҳудо қир этакларида ўсадиган оддий шикамора–анжир дарахтидай сероб эди.
28 Шоҳнинг савдогарлари Сулаймон учун Мисрдан ва бошқа барча юртлардан отлар олиб келишарди.
Сулаймоннинг ўлими
29 Сулаймоннинг бошқа ишлари бошдан охиригача Натан пайғамбарнинг тарих китобида, Шилўлик Охиёнинг башоратларида ва валий Йиддонинг ваҳийларида баён этилган. Валий Йиддонинг ваҳийларида Набат ўғли Ерибом ҳукмронлиги тўғрисида ҳам ёзилган.
30 Сулаймон Қуддусда бутун Исроил устидан ҳукмдор эди. Унинг ҳукмронлиги қирқ йил давом этди.
31 Сулаймон оламдан ўтди. У отаси Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Рахабом шоҳ бўлди.
Шимолдаги қабилалар қўзғолони
1 Рахабом Шакам шаҳрига кетди. Жамики Исроил халқи ҳам, Рахабомни шоҳ қилиб кўтарамиз деб, Шакамга келишди.
2 Набат ўғли Ерибом бу ҳақда эшитиб, Мисрдан қайтди. У Сулаймоннинг дастидан Мисрга қочган эди.
3 Исроил халқи одам юбориб, уни чақиртириб келди. Сўнг Ерибом билан биргаликда ҳаммаси Рахабом ҳузурига келиб, унга шу гапни айтишди:
4 — Отангиз бизга оғир бўйинтуруқ солиб, оғир меҳнат қилишга бизни мажбурлаган эди. Энди сиз меҳнатимизни енгиллатиб, бизни бўйинтуруқдан халос қилинг. Ўшанда биз сизга итоат этамиз.
5 — Уч кундан кейин ҳузуримга келинглар, — деди Рахабом келганларга.
Шундай қилиб, халқ қайтиб кетди.
6 Шоҳ Рахабомнинг отаси Сулаймон ҳаётлиги даврида оқсоқоллар ҳар доим унинг олдида ҳозиру нозир эдилар. Шоҳ ўша оқсоқолларга маслаҳат солди:
— Сизлар нима дейсизлар, бу халққа нима деб жавоб берсам бўлади?
7 Оқсоқоллар шоҳга шундай деб маслаҳат беришди:
— Агар сиз бу халққа меҳр кўрсатиб, уларни мамнун қилсангиз, улардан яхши сўзингизни аямасангиз, улар сизга бир умр хизмат қиладилар.
8 Лекин шоҳ оқсоқолларнинг маслаҳатини рад қилди. Бирга ўсган ва ўзига хизмат қилаётган ёш йигитлар билан маслаҳатлашди.
9 Шоҳ ўша йигитларга деди:
— Бу халқ менга: “Отангиз бизга солган оғир бўйинтуруқдан энди бизни сиз халос қилинг”, деяпти. Уларга нима деб жавоб берайин? Сизлар қандай маслаҳат берасизлар?
10 Рахабом билан бирга ўсиб–улғайган ёш йигитлар унга шундай маслаҳат беришди:
— Арз қилган ўша халққа шундай деб айт: “Менинг жимжилоғим отамнинг белидан ҳам йўғон.
11 Отам сизларга оғир бўйинтуруқ солган эди, энди мен ундан ҳам баттарроғини қиламан. Отам сизларни қамчи билан жазолаган экан, мен эса чаёнларга чақтириб, жазолайман.”
12 Рахабом Ерибомга ва халққа: “Учинчи куни ҳузуримга келинглар”, деб айтгани учун халқ айтилган пайтда шоҳ Рахабомнинг ҳузурига келди.
13-14 Шоҳ оқсоқолларнинг берган маслаҳатларини писанд қилмай, ёш йигитларнинг гапига кириб, халққа кескин жавоб берди:
— Отам сизларга оғир бўйинтуруқ солган эди, энди мен ундан ҳам баттарроғини қиламан. Отам сизларни қамчи билан уриб жазолаган экан, мен эса чаёнларга чақтириб жазолайман.
15 Шундай қилиб, шоҳ халққа қулоқ солмади. Эгамизнинг Шилўлик Охиё орқали Набат ўғли Ерибомга берган сўзи бажо бўлиши учун Худо бу воқеани шундай режалаштирган эди.
16 Исроил халқи қарасаки, шоҳ гапга қулоқ солмаяпти. Шундан кейин халқ унга шундай хитоб қилди:
“Эссай ўғли Довуднинг бизга ўтказиб қўйган жойи йўқ,
Бизнинг ҳам ундан қарзимиз йўқ!
Эй Исроил халқи, ҳар бирингиз ўз уйингизга қайтинг!
Эй Довуд, энди ўз кўмочингга ўзинг кул тортавер!”
Шундай қилиб, Исроил халқи уйларига тарқалиб кетди.
17 Рахабом фақат Яҳудо шаҳарларида яшайдиган Исроил халқи устидангина ҳукмронлик қиладиган бўлиб қолди.
18 Шоҳ Рахабом қароллар бошлиғи Одонирамни Исроил халқи олдига юборган эди, Исроил халқи уни тошбўрон қилиб ўлдирди. Бу хабарни шоҳ Рахабом эшитди–ю, шоша–пиша жанг аравасига миниб Қуддусга қочди.
19 Исроил халқи ўша кундан бошлаб Довуд хонадонидан юз ўгирди.
Шамаёнинг башорати
1 Рахабом Қуддусга келиб, Яҳудо ва Бенямин қабилаларидан 180.000 одамни сипоҳликка танлаб олди. “Шоҳликни қайтариб оламан” деган мақсадда уларни Исроил халқига қарши жанг қилиш учун тайёрлади.
2 Лекин ўшанда Шамаё пайғамбарга Эгамизнинг қуйидаги сўзлари аён бўлди:
3 — Яҳудо шоҳи Сулаймон ўғли Рахабомга ҳамда Яҳудо ва Бенямин ҳудудларида истиқомат қилаётган бутун Исроил халқига шу гапларни етказ:
4 “Эгамиз шундай деб айтмоқда: қариндошларингизга қарши уруш бошламанглар! Ҳар ким ўз уйига қайтсин! Чунки бу ишлар ҳаммаси Мендан бўлди.”
Улар Эгамизнинг амрига итоат этиб, Ерибомга қарши уруш қилмадилар.
5 Рахабом Қуддусда яшади, у мудофаа учун Яҳудодаги қуйидаги шаҳарларни мустаҳкамлади:
6 Байтлаҳм, Этом, Тахува,
7 Байт–Зур, Сўху, Адуллам,
8 Гат, Моришо, Зиф,
9 Одорайим, Лахиш, Озикаҳ,
10 Зорох, Ойжавлон ва Хеврон. Бу шаҳарлар Яҳудо ва Бенямин ҳудудларидаги мустаҳкам шаҳарлар бўлди.
11 Рахабом қалъаларни мустаҳкамлади. У ерга қўмондонлар тайин қилиб, озиқ–овқат, зайтун мойи ва шароб ғамлади.
12 Ҳар бир шаҳарни қалқон ва найзалар билан таъминлаб, мудофаани ғоят кучайтирди. Шу тариқа у Яҳудо ва Бенямин қабилаларини қўли остида сақлади.
Руҳонийлар ва левилар Яҳудо юртига келадилар
13 Исроилнинг барча ҳудудларидаги руҳонийлар ва левилар Рахабомнинг тарафдорлари эдилар.
14 Левилар ҳатто ўз яйловларини ва мулкларини ташлаб, Яҳудо ва Қуддусга келган эдилар. Чунки Исроил шоҳи Ерибом ва унинг ўғиллари левиларга Эгамизнинг руҳонийлари сифатида хизмат қилишга йўл қўймаган эдилар.
15 Ерибом саждагоҳларда хизмат қилиш учун ўз руҳонийларини тайинлади. Улар Ерибом ясаттирган олтин бузоқларга ва эчки жинларга топинар эдилар.
16 Исроилнинг ҳамма қабилаларидан Эгамизга чин юракдан интилганлар эса левилар ва руҳонийларга эргашиб, Қуддусга келдилар. Улар Қуддусда ота–боболарининг Худоси — Эгамизга қурбонлик қилишарди.
17 Бунинг натижасида Яҳудо шоҳлиги мустаҳкам бўлди. Улар Довуд билан Сулаймонга қандай хизмат қилган бўлсалар, Рахабомга ҳам уч йил давомида садоқат билан хизмат қилдилар.
Рахабомнинг хонадони
18 Рахабом Довуд ўғли Яримўтнинг қизи Махалатга уйланди. Махалатнинг онаси Абуҳайил, Эссай ўғли Элиёбнинг қизи эди.
19 Махалат Рахабомга Ёуш, Шамариё ва Заҳам деган ўғиллар туғиб берди.
20 Кейинчалик Рахабом Абсаломнинг қизи Махони ўзига хотин қилиб олди. Махо унга Абиё, Аттай, Зизо ва Шалумит деган ўғиллар туғиб берди.
21 Рахабом бошқа хотинлари ва канизакларига қараганда, Абсаломнинг қизи Махони яхши кўрарди. Рахабомнинг ўн саккизта хотини ва олтмишта канизаги бўлиб, у йигирма саккиз ўғил ва олтмиш қиз кўрди.
22 Рахабом хотини Махо туққан ўғли Абиёни тахт вориси қилиш ниятида, ҳамма ака–укалари орасида бош шаҳзода қилиб тайинлади.
23 Рахабом доноларча иш тутиб, қолган ўғилларига масъулиятни тақсимлаб берди, уларни Яҳудо ва Бенямин ҳудудидаги мустаҳкам шаҳарларга ўрнаштирди. Уларга ҳамма нарсани мўл қилиб етказди, уларни кўп хотинларга уйлантирди.
Миср Яҳудо юртига ҳужум қилади
1 Рахабом ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб, кучайиб кетгач, у билан бирга бутун халқ Эгамизнинг қонунларидан юз ўгирди.
2 Улар Эгамизга қилган бевафолиги учун Рахабом ҳукмронлигининг бешинчи йилида Миср шоҳи Шишах Қуддусга бостириб келди.
3 Шишах ўзи билан 1200 та жанг аравасини, 60.000 нафар отлиқ лашкарни, шунингдек, Мисрдан Ливиялик, Сухотлик ва Ҳабашистонлик сон–саноқсиз қўшинни тортиб келди.
4 Шишах Яҳудонинг мустаҳкам шаҳарларини қўлга киритиб, Қуддусгача етиб борди.
5 Шунда Шамаё пайғамбар шоҳ Рахабомнинг ва Яҳудо лашкарбошиларининг олдига келди. Улар ўша пайтда Шишахдан қочиб, Қуддусга тўпланишган эди. Шамаё пайғамбар уларга деди:
— Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар Мени тарк этдингиз, шунинг учун Мен ҳам сизларни тарк этиб, Шишахнинг қўлига бераман.”
6 Шунда лашкарбошилар билан шоҳ ўз айбларини тан олиб: “Эгамиз адолатлидир”, дедилар.
7 Улар айбларини тан олганларини Эгамиз кўргач, Шамаёга шу сўзларини аён қилди: “Улар гуноҳларига иқрор бўлдилар, шунинг учун уларни қириб ташламайман. Шишах ҳужум қилганда, уларни қисман халос этаман. Шишахнинг қўли орқали Қуддусга ғазабимни сочмайман.
8 Бироқ уларни Шишахга қарам қилиб қўяман, шунда улар Менга хизмат қилиш билан бошқа юртларнинг шоҳларига хизмат қилиш орасидаги фарқни билиб оладилар.”
9 Миср шоҳи Шишах Қуддусга бостириб келганда, Эгамизнинг уйидаги ва саройдаги хазиналарни тортиб олди, қўлига нима илинса, ҳаммасини олди. Сулаймон ясаттирган олтин қалқонларни ҳам олди.
10 Шоҳ Рахабом олтин қалқонлар ўрнига бронза қалқонлар ясаттирди ва уларни шоҳ саройи дарвозасини қўриқлайдиган соқчилар бошлиқлари қўлига берди.
11 Шоҳ Эгамизнинг уйига кирганда, соқчилар қалқонларни кўтариб боришар, кейин эса қалқонларни жойига элтиб қўйишарди.
12 Рахабом ўз айбларини тан олгани учун Эгамиз ғазабидан тушиб, Яҳудо халқини тамомила қириб юбормади. Яҳудодаги аҳвол яхшиланди.
Рахабомнинг ҳукмронлиги
13 Шоҳ Рахабом Қуддусда ҳукмронлик қилиб, кучайиб бораверди. У тахтга ўтирган пайтда қирқ бир ёшда эди. Унинг онаси Оммонлик бўлиб, исми Намах эди. Рахабом Қуддусда ўн етти йил шоҳлик қилди. Эгамиз ҳамма Исроил қабилаларининг шаҳарлари орасидан Қуддус шаҳрини Ўзига сажда қилишлари учун танлаб олган эди.
14 Рахабом чин юракдан Эгамизга интилмагани учун қабиҳлик қилаверди.
15 Рахабом билан Ерибом бутун умри давомида уришиб келдилар. Рахабомнинг бутун фаолияти бошдан охиргача Шамаё пайғамбар ва валий Йиддо ёзган насабномада баён этилган.
16 Ниҳоят, Рахабом оламдан ўтиб, Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Абиё шоҳ бўлди.
Абиё билан Ерибом ўртасидаги уруш
1 Исроил шоҳи Ерибом ҳукмронлик қилаётганига ўн саккиз йил бўлганда, Абиё Яҳудога шоҳ бўлди.
2 У Қуддусда уч йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Махо бўлиб, Гиволик Уриёлнинг қизи эди.
Абиё билан Ерибом ўртасида уруш бўлди.
3 Абиё сараланган одамлардан ташкил топган 400.000 нафар ботир жангчисини урушга бошлади. Ерибом эса Абиёга қарши 800.000 нафар сараланган баҳодир жангчини саф торттирди.
4 Абиё Эфрайим қирларидаги Заморайим тоғи ён бағрига чиқиб, гапирди:
“Эй Ерибом ва бутун Исроил халқи, гапимни эшитинг!
5 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шоҳ Довуд билан қатъий аҳд тузиб, Исроил устидан ҳукмронлик қилишни то абад унга ва унинг наслига топширган. Наҳотки буни билмасангиз?!
6 Шундай бўлса–да, Набат ўғли Ерибом Довуд ўғли Сулаймоннинг хизматида бўла туриб, ўз хўжайинига қарши бош кўтарди.
7 Атрофига бир гуруҳ аллақандай ярамас одамларни тўплаб, Сулаймон ўғли Рахабомга қарши фитна уюштирди. Рахабом ўша пайтда ёш, тажрибасиз бўлгани учун уларга қаршилик кўрсата олмади.
8 Энди эса сизлар Довуд насли қўлидаги Эгамизнинг шоҳлигига қарши уруш қилмоқчисизлар. Ҳа, сизлар кўпчиликсиз. Ерибом худолар сифатида ясаттириб берган олтин бузоқлар ҳам ёнингизда.
9 Сизлар Ҳоруннинг наслидан бўлган Эгамизнинг руҳонийларини ва левиларни қувиб юбордингизлар. Бегона халқлардан ўрнак олиб, оддий одамларни руҳоний қилиб тайинладингизлар. Қойил–э! Ёш буқаси ёки еттита қўчқори бўлган ҳар ким сохта худоларингизга руҳонийлик қила олади–я!
10 Лекин Худойимиз Эгамиздир, биз Ундан юз ўгирмадик. Эгамизга хизмат қилаётган руҳонийларимиз Ҳорун наслидандир. Левилар уларга хизматда ёрдам беришяпти.
11 Улар ҳар куни эрталаб ва кечқурун Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар аташади, хушбўй тутатқилар тутатишади, покланган хонтахтага муқаддас нонлар қўйишади, ҳар оқшом олтин чироқпоядаги мойчироқларни ёқишади. Ҳа, биз Эгамиз Худонинг талабларини бажарамиз, сизлар эса Уни тарк этдингизлар.
12 Худо биз билан биргадир, У бизнинг йўлбошчимиздир. Унинг руҳонийлари карнайлар чалиб, сизларга қарши жангга даъват қилади. Эй Исроил халқи! Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгамизга қарши жанг қилманг, сиз барибир муваффақиятга эришмайсиз!”
13 Шу орада Ерибом билдирмай сипоҳларининг бир қисмини Яҳудо лашкарининг орқа томонига пистирма қўйиш учун жўнатди. Сипоҳларининг асосий қисми эса Яҳудо лашкарининг олд томонида саф тортган эди.
14 Яҳудо лашкари қарашса, қуршовда қолишибди. Улар Эгамиздан ёрдам сўраб ёлворишди, руҳонийлар карнайларини чалишди.
15 Яҳудо лашкари овози борича ҳайқиришди. Уларнинг жанговар ҳайқириғи остида Худо Ерибомни ҳамда бутун Исроил лашкарини Абиё ва Яҳудо халқи олдида мағлуб қилди.
16 Исроил лашкари Яҳудо лашкари олдига тушиб қочишди. Худо Исроил лашкарини Яҳудо лашкарининг қўлига берди.
17 Абиё ва унинг лашкари уларга оғир талафот етказдилар. Исроил лашкарининг 500.000 нафар сараланган сипоҳи қурбон бўлди.
18 Яҳудо лашкари ота–боболарининг Худоси — Эгамизга таянгани учун жангда Исроил лашкарини мағлуб қилиб, ғалабага эришган эди.
19 Абиё Ерибомни таъқиб қилиб, Байтил, Яшоно ва Эфрўн шаҳарларини ҳамда ўша шаҳарлар атрофидаги қишлоқларни қўлга киритди.
20 Ерибом Абиё даврида олдинги қудратини тиклай олмади. Эгамиз шоҳ Ерибомнинг жонини олиб, уни ҳалок қилди.
21 Абиё эса кучайиб бораверди. У ўн тўртта хотинга уйланиб, йигирма иккита ўғил ва ўн олтита қиз кўрди.
22 Абиёнинг бошқа ишлари, унинг фаолияти ва тутган йўллари Йиддо пайғамбарнинг тарихида баён этилган.
Шоҳ Осо Ҳабашистонни мағлуб қилади
1 Абиё оламдан ўтди. Уни Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилдилар, унинг ўрнига ўғли Осо шоҳ бўлди. Унинг ҳукмронлиги даврида юртда ўн йил тинчлик, осойишталик бўлди.
2 Осо Эгаси Худонинг олдида яхши ва тўғри ишлар қилди.
3 У бегона худоларга аталган қурбонгоҳларни ва саждагоҳларни йўқ қилди, бутсимон тошларни парчалаб ташлади, Ашеранинг устунларини кесди.
4 Осо Яҳудо халқига: “Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгамизга юз буринг, Унинг қонун ва амрларига риоя қилинг”, деб фармон берди.
5 У Яҳудонинг ҳамма шаҳарларидан саждагоҳларни ва тутатқи қурбонгоҳларини йўқотди. Унинг ҳукмронлиги даврида шоҳликда тинчлик, осойишталик бўлди.
6 Юртда тинчлик ҳукмрон бўлган пайтда, Осо Яҳудодаги шаҳарларни мустаҳкамлади. Эгамиз унга осойишталик ато қилгани учун ўша йиллари уруш бўлмади.
7 Осо Яҳудо халқига айтди: “Келинглар, шаҳарларни деворлар билан ўрайлик, миноралар қурайлик, тамбаланадиган дарвозалар ўрнатиб, шаҳарларни мустаҳкамлайлик. Биз Эгамиз Худога итоат қилганимиз учун, бу юрт ҳали ҳам бизники. Худо бизга ҳар тарафдан осойишталик ато қилган.” Шундай қилиб, улар қурилиш қилдилар, ҳузур–ҳаловатга етишдилар.
8 Осонинг Яҳудо қабиласидан 300.000 сипоҳи бўлиб, улар қалқон ва найзалар билан қуролланган эдилар. Бенямин қабиласидан эса 280.000 сипоҳи бўлиб, улар қалқон ва ёйлар билан қуролланган эдилар. Уларнинг ҳаммаси баҳодир жангчилар эди.
9 Ҳабашистонлик Зерах беҳисоб лашкари ва 300 жанг араваси билан Яҳудо юртига ҳужум қилиб, Моришо шаҳригача бостириб борди.
10 Осо унга қарши йўлга отланди. Иккала томон Моришо яқинидаги Зафито водийсида саф тортишди.
11 Осо ўзининг Эгаси Худога илтижо қилди: “Эй Эгамиз! Ёлғиз Сенгина заиф одамга кучли рақибини мағлуб қилишга ёрдам бера оласан. Эй Эгамиз Худо! Бизга ёрдам бер! Биз Сенга таянамиз. Сенинг номинг билан бу беҳисоб лашкарга қарши жангга отландик. Эй Эгамиз! Сен бизнинг Худойимизсан. Инсон зоти Сени мағлуб қилишига йўл қўйма!”
12 Осо ва Яҳудо лашкари ҳужумни бошлагач, Эгамиз Ҳабашистонликларни мағлуб қилди. Ҳабашистонликлар қоча бошладилар.
13 Осо лашкари билан уларни Гароргача қувиб борди. Ҳабашистонликларнинг бирортаси ҳам қочиб қутула олмади. Уларнинг ҳаммаси Эгамизнинг ва Унинг лашкари олдида қирилиб кетди. Яҳудо лашкари кўп миқдорда ўлжа олиб қайтди.
14 Гарор атрофидаги шаҳарларда яшайдиган халқ юз берган воқеани эшитиб, Эгамиздан қўрқиб қолган эди. Шу сабабдан Яҳудо лашкари ўша шаҳарларнинг ҳаммасини мағлуб қилиб, талон–тарож қилди, у ердан мўл ўлжа олиб кетди.
15 Улар чўпонларнинг чодирларига ҳам ҳужум қилиб, кўп миқдорда қўй, эчки, туяларни олдилар. Сўнгра Қуддусга қайтиб кетдилар.
Шоҳ Осонинг ислоҳотлари
1 Одод ўғли Озариёни Худонинг Руҳи қамраб олди.
2 Озариё Осонинг ҳузурига бориб деди:
— Эй шоҳ Осо! Эй Яҳудо ва Бенямин халқи! Гапимга қулоқ солинглар. Сизлар Эгамиз билан бўлар экансиз, У ҳам сизлар билан бирга бўлади. Агар сизлар Эгамизни изласангизлар, Уни топасизлар. Агар Уни тарк этсангизлар, У ҳам сизларни тарк этади.
3 Исроил халқи узоқ вақт давомида ҳақиқий Худосиз яшади. Уларга таълим берадиган руҳоний йўқ эди, улар қонундан маҳрум эдилар.
4 Лекин бошларига оғир кулфат тушганда, улар Исроил халқининг Худосига — Эгамизга юз бурдилар, Уни изладилар, шунда топдилар.
5 Ўша нотинч даврда йўлга чиқиш хатарли эди, чунки ҳамма жойда тартибсизлик ва беҳаловатлик ҳукмрон эди.
6 Бир халқ иккинчисини яксон қиларди, бир шаҳар бошқасини вайрон этар эди, чунки Худо уларни изтиробга солиб, беҳаловат қилиб қўйган эди.
7 Лекин сизлар дадил бўлинглар! Тушкунликка тушманглар! Сизлар қилган ишларингиз учун мукофот оласизлар.
8 Шоҳ Осо Одод ўғли Озариё пайғамбарнинг айтган башоратини эшитгач, дадиллашди. У Яҳудо ва Бенямин ерларидан, шунингдек, Эфрайим қирларида қўлга киритган шаҳарлардан макруҳ бутларни йўқ қилди. Маъбад ҳовлисидаги Эгамизнинг қурбонгоҳини тузатди.
9 У Яҳудо ва Бенямин халқини, шунингдек, ораларида истиқомат қилаётган Эфрайим, Манаше ва Шимўн қабиласидан бўлган мусофирларни тўплади. Уларнинг кўпчилиги Осо ҳукмронлиги даврида Яҳудога кўчиб келган эдилар, чунки Эгаси Худо Осо билан бирга бўлганини кўрган эдилар.
10 Улар Осо ҳукмронлигининг ўн бешинчи йили учинчи ойида Қуддусда тўпландилар.
11 Ўша куни ўзлари олиб келган ўлжалардан 700 та буқа ва 7000 та қўйни Эгамизга қурбонлик қилдилар.
12 Сўнг ота–боболарининг Худосига — Эгамизга бутун қалби билан, жону дили билан интилишга аҳд қилдилар.
13 Кимки Исроил халқининг Худосига — Эгамизга интилмаса, хоҳ ёш бўлсин, хоҳ қари, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ўлдириладиган бўлди.
14 Улар баланд овозда Эгамизга қасамёд қилдилар, ҳайқирдилар, карнай ва бурғулар чалдилар.
15 Жамики Яҳудо халқи чин дилдан қасамёд қилгани учун хурсанд бўлди. Улар Эгамизни астойдил излаганлари учун Уни топдилар. Эгамиз уларга ҳар тарафдан осойишталик ато қилди.
16 Шоҳ Осонинг бувиси Махо Ашеранинг макруҳ тасвирини ясаттирган эди, шунинг учун Осо бувисини маликалик мартабасидан маҳрум қилди. У бувиси ясаттирган бутни қўпориб ташлаб, парча–парча қилгандан кейин, Қидрон сойлигида ёқиб юборди.
17 Осо Исроилдаги саждагоҳларни йўқ қилмаган бўлса ҳам, умр бўйи Эгамизга содиқ қолди.
18 Отаси ва ўзи Худога атаб назр этган олтину кумушларни, идишларни Худонинг уйига олиб келди.
19 Осо ҳукмронлигининг ўттиз бешинчи йилига қадар уруш бўлмади.
Исроил шоҳи Башо Яҳудога ҳужум қилади
1 Осо ҳукмронлигининг ўттиз олтинчи йилида Исроил шоҳи Башо Яҳудога ҳужум қилди. Одамлар Яҳудо юртига осонликча кириб чиқа олмаслиги учун, Башо Рама шаҳрини мустаҳкамлади.
2 Осо Эгамизнинг уйидаги ва саройдаги хазиналардан кумуш ва олтинларни олиб, Дамашқда ўтирган Орам шоҳи Банҳададга жўнатди. Осо унга шу хабарни ҳам юборди:
3 “Сенинг отанг билан менинг отам ўртасида иттифоқ бўлгани каби, сен билан менинг ўртамда ҳам иттифоқ бўлсин. Сенга кумуш ва олтин бериб юборяпман. Исроил шоҳи Башо билан иттифоқ тузган эдинг, энди ўшани бекор қил, токи у юртимдан жўнаб қолсин.”
4 Банҳадад шоҳ Осонинг таклифини қабул қилди, лашкарбошиларига: “Исроил шаҳарларига ҳужум қилинглар”, деб уларни ўша ёққа юборди. Улар Ийхон, Дан, Овил–Байт–Махо шаҳарларини ва Нафтали ҳудудидаги барча омбор шаҳарларни босиб олдилар.
5 Башо бу воқеани эшитгач, Рамани мустаҳкамлаш фикридан воз кечиб, ишни тўхтатиб қўйди.
6 Шоҳ Осо жамики Яҳудо халқини чақиртириб, уларга Рама шаҳрини мустаҳкамлашда Башо ишлатган тош ва ёғочларни ташиттирди. Осо ўша тош ва ёғочлар билан Гебо ҳамда Миспах шаҳарларини мустаҳкамлади.
7 Шу вақтда валий Хонин Яҳудо шоҳи Осонинг ҳузурига келиб, унга айтди:
— Сен Эганг Худога суянмасдан, Орам шоҳига суяндинг. Шунинг учун Орам шоҳининг лашкарини қўлдан бой бердинг.
8 Наҳотки Ҳабашистонликлар билан Ливияликлар эсингда бўлмаса?! Улар сон–саноқсиз лашкарлари, кўплаб жанг аравалари ва отлиқ сипоҳлари билан келган эди–ку. Ўшанда Сен Эгамизга суянганинг учун, Эгамиз уларни сенинг қўлингга берган эди.
9 Эгамиз ер юзидаги ҳаммани кузатиб туради, Унга содиқ бўлганларга У куч–қудрат беради. Сен ақлсизларча иш тутдинг. Бундан буён сенинг бошинг урушдан чиқмайди.
10 Осо валийнинг бу гапларидан ғазабланди. У ғазаб устида валийни зиндонга ташлади. Халқдан баъзиларини ҳам шафқатсизларча эза бошлади.
Осо ҳукмронлигининг охирги даври
11 Осонинг бутун фаолияти бошидан охиригача “Яҳудо ва Исроил шоҳлари китоби”да ёзиб қолдирилган.
12 Ҳукмронлигининг ўттиз тўққизинчи йилида Осонинг оёқлари оғрийдиган бўлиб қолди. Унинг аҳволи жуда оғир бўлишига қарамай, у касаллик пайтида ҳам Эгамизга юзини бурмади, фақат табиблардан ёрдам сўради.
13 Ниҳоят, Осо қирқ бир йил ҳукмронлик қилиб, оламдан ўтди.
14 Уни атторлар тайёрлаган турли–туман зираворлар билан тўла тобутга ётқиздилар. У Довуднинг қалъасида, ўзи учун қояда ўйдирган қабрга дафн қилинди. Унинг шарафига катта гулхан ёқдилар.
Яҳудо шоҳи Ёҳушафат
1 Ёҳушафат отаси Осо ўрнига шоҳ бўлди, у Исроилдан ўзини ҳимоя қилиш учун мудофаани кучайтирди.
2 У Яҳудодаги ҳамма мустаҳкам шаҳарларга ҳарбий қисмларни жойлаштирди. Яҳудо ерларида ҳамда отаси Осо қўлга киритган Эфрайим шаҳарларида кўплаб қўнолғалар ўрнаштирди.
3 Ёҳушафат отаси Осодан ўрнак олиб, унинг илк ҳукмронлиги йилларига тақлид қилгани учун Эгамиз у билан бирга бўлди. Ёҳушафат Баалга сиғинмай,
4 отасининг Худосига интилди, Исроил шоҳлари йўлларидан юрмасдан, Худонинг амрларига итоат этди.
5 Шунинг учун Эгамиз унинг ҳокимиятини мустаҳкам қилди. Бутун Яҳудо халқи Ёҳушафатга ўлпон тўларди, у катта бойлик ва шуҳрат топди.
6 Эгамизга итоат қилишдан у завқ олар эди. Шу боис, у Яҳудодаги саждагоҳларни йўқотди, Ашерага аталган устунларни чопиб ташлади.
7 Ҳукмронлигининг учинчи йилида халққа таълим бериш учун ўз аъёнлари Банхайилни, Ободиёни, Закариёни, Натанилни ва Михиёни Яҳудо шаҳарларига жўнатди.
8 Левилардан Шамаё, Натаниё, Забадиё, Осойил, Шамиромўт, Йўнатан, Одониё, Тўвиёху ва Тўдониё ҳамда руҳонийлар Элишама ва Ёҳурам уларга ҳамроҳ бўлдилар.
9 Улар Эгамизнинг Таврот китобини олиб, Яҳудонинг ҳамма шаҳарларига боришди ва халққа таълим беришди.
10 Яҳудо атрофларидаги халқларга Эгамиз қўрқув солди, шунинг учун ўша халқлар Ёҳушафатга қарши уруш қилмадилар.
11 Баъзи Филистлар Ёҳушафатга катта миқдорда кумушни ўлпон қилиб олиб келдилар. Араблар ҳам 7700 та қўчқор ва 7700 та така олиб келдилар.
12 Ёҳушафат тобора кучайиб бораверди. У Яҳудода қалъалар ва омбор шаҳарлар қурдирди.
13 У ерга кўп миқдорда озиқ–овқат тўплади. Қуддусга тажрибали баҳодир жангчиларни жойлаштирди.
14 Бу жангчилар хонадонлари бўйича сафарбар қилинган эдилар:
Яҳудо қабиласининг сипоҳларига лашкарбоши Аднаҳ эди. Унинг қўли остида 300.000 нафар баҳодир жангчи бўлиб, улар 1000 нафар жангчидан ташкил топган бўлинмаларга бўлинган эдилар.
15 Иккинчи лашкарбоши Ёҳуханон эди, унинг қўли остида 280.000 нафар сипоҳи бор эди.
16 Учинчи лашкарбоши Зихри ўғли Амасиё эди, унинг қўли остида 200.000 нафар сипоҳи бор эди. Амасиё ўз хоҳиши билан Эгамизга хизмат қилаётган эди.
17 Бенямин қабиласининг сипоҳларига лашкарбоши Элёдах эди. У баҳодир жангчи бўлиб, қўли остида ёй ва қалқон билан қуролланган 200.000 нафар сипоҳи бор эди.
18 Элёдахнинг ўнг қўл ёрдамчиси Ёҳузабад эди, унинг қўли остида қуролланган 180.000 нафар сипоҳи бор эди.
19 Бу жангчилар шоҳга Қуддусда хизмат қилар эдилар. Булардан ташқари, шоҳ мустаҳкам шаҳарларга бошқа ҳарбий қисмларни жойлаштирган эди.
Михиё пайғамбар шоҳ Ахабни огоҳлантиради
1 Ёҳушафат ниҳоятда бой бўлиб, обрўси ошиб кетди. У ўғлига Исроил шоҳи Ахабнинг қизини олиб бериб, Ахаб билан алоқасини мустаҳкамлади.
2 Орадан бир неча йил ўтгач, Ёҳушафат Ахабни кўргани Самария шаҳрига борди. Ахаб Ёҳушафат ва унинг ҳамроҳлари шарафига кўплаб мол–қўй сўйди. У Ёҳушафатни Гиладдаги Рамўт шаҳрига ҳужум қилишга кўндирмоқчи бўлиб:
3 — Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа мен билан борасанми? — деб сўради.
— Мени гўё ўзинг деб бил, халқимни ўзингнинг халқинг деб бил. Биз сен билан бирга урушга борамиз, — деди унга Яҳудо шоҳи Ёҳушафат.
4 Ёҳушафат Исроил шоҳига яна айтди:
— Аввал Эгамизнинг хоҳиш–иродасини бил–чи, У нима дер экан.
5 Исроил шоҳи тўрт юз пайғамбарни тўплаб улардан сўради:
— Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа борайми ёки бормайми?
— Бораверсинлар, Худо у шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради.
6 — Бу ерда улардан бошқа Эгамизнинг бирорта пайғамбари қолмадими? Агар бўлса, ундан ҳам сўраб кўрайлик, — деди Ёҳушафат.
7 — Яна бир киши бор, — деди Ахаб Ёҳушафатга, — Йимлонинг ўғли Михиё. У орқали Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билсак бўлади. Лекин мен уни ёмон кўраман, чунки у мен ҳақимда башорат қилса, хайрли гап айтмайди, ҳар доим хунук гап айтади.
— Эй шоҳ, бундай деб айтма, — деди Ёҳушафат.
8 Исроил шоҳи мулозимини чақириб:
— Тез бориб, Йимлонинг ўғли Михиёни олиб кел, — деб буюрди.
9 Исроил шоҳи Ахаб ва Яҳудо шоҳи Ёҳушафат шоҳлик либосларини кийиб, ҳар қайсиси ўз тахтида Самария дарвозаси ёнида ўтирар, ҳамма пайғамбарлар эса уларнинг рўпарасида туриб башорат қилаётган эди.
10 Ханано ўғли Зидқиё темир шохлар ясаб, деди:
— Эгамиз: “Орам лашкарини қириб битирмагунингча, уларни шу шохлар билан сузаверасан”, деб айтмоқда.
11 Бошқа пайғамбарлар ҳам шоҳга:
— Рамўтга бораверсинлар, албатта ғалаба қиладилар, Эгамиз ўша шаҳарни шоҳимизнинг қўлларига беради, — деб башорат қилдилар.
12 Мулозим Михиёни чақириш учун кетди. У Михиёнинг олдига бориб, унга деди:
— Қара, ҳозир ҳамма пайғамбарлар бир оғиздан шоҳга яхшиликдан башорат қиляптилар. Сенинг башоратинг ҳам уларникидай бўлсин. Сен ҳам яхшиликдан каромат қил.
13 — Худо ҳақи! Худойим менга нимани аён қилса, шуни айтаман, — деди Михиё.
14 Михиё шоҳ ҳузурига келди.
— Эй Михиё, мен Гиладдаги Рамўт шаҳрини қайтариб олиш учун жанг қилмоқчиман. Рамўтга ҳужум қилайми ёки йўқми? — деб сўради шоҳ ундан.
— Ҳужум қилаверсинлар, албатта ғолиб келадилар, — деди Михиё. — Ўша шаҳар шоҳ ҳазратларининг қўлига берилади.
15 — Фақат ҳақиқатни айтишинг учун Эгамиз номини ўртага қўйиб, сенга неча марта онт ичдирайин? — деб шоҳ ундан яна сўради.
16 Михиё унга шундай жавоб берди:
— Исроил халқини кўриб турибман, улар тоғлар устида ёйилиб юрган чўпонсиз қўйларга ўхшайди. Эгамиз менга деди: “Уларнинг хўжайини йўқ, ҳар бири ўз уйига тинч–омон қайтиб кетсин.”
17 — У мен ҳақимда башорат қилганда хайрли гап айтмайди, балки хунук хабар айтади, деб сенга айтмаганмидим?! — деб хафалигини изҳор қилди Ахаб Ёҳушафатга.
18 — Ундай бўлса, Эгамизнинг сўзларини эшитсинлар, — деди Михиё Ахабга. — Мен Эгамизни Ўзининг тахтида ўтирган ҳолатда кўрдим. Жамики самовий мавжудотлар Унинг ўнг ва чап томонидан жой олган эди.
19 Эгамиз улардан сўради: “Исроил шоҳи Ахаб Гиладдаги Рамўт шаҳрига бориб, ўша ерда ҳалок бўлсин дея, ким уни ўзига оғдира олади?” Бири ундай деди, бошқаси бундай деди.
20 Бир пайт руҳлардан биттаси Эгамизнинг рўпарасида пайдо бўлди ва: “Уни мен кўндираман”, деди. “Қандай қилиб кўндирасан?” сўради Эгамиз.
21 “Мен чиқиб, ҳамма пайғамбарларнинг оғзида ёлғончи руҳга айланаман”, деди у. “Сен уни кўндир, бор, айтганингдай қил, сен уддасидан чиқасан”, деди Эгамиз.
22 Мана кўрдингизми, Эгамиз пайғамбарларингизнинг оғзига ёлғончи руҳ солиб қўйган. У бошингизга фалокат келтиришга қарор қилган.
23 Шу пайт Ханано ўғли Зидқиё Михиёнинг олдига келиб, унинг юзига бир шапалоқ урди:
— Наҳотки Эгамизнинг Руҳи мени тарк этиб, сен билан гаплашгани кетган бўлса?! Айт–чи, у қайси йўлдан кетди? — сўради Зидқиё.
24 — Қараб тур, сичқоннинг ини минг танга бўлиб, яширингани ичкари хонага югурганингда кўрасан, — деди Михиё Зидқиёга.
25 — Михиёни ушланглар! — буюрди Исроил шоҳи. — Уни шаҳар ҳокими Омоннинг ва шаҳзода Йўшнинг ҳузурига олиб боринглар.
26 Уларга менинг амримни етказинглар. Улар Михиёни зиндонга ташлашсин. Мен соғ–саломат қайтиб келгунимча, оз–моз нон–сув бериб турсин, холос.
27 — Эй халойиқ! Ҳаммангиз эшитиб қўйинг! Агар шоҳ ҳазратлари соғ–саломат қайтиб келсалар, Эгамиз мен орқали гапирмаган бўлади, — деди Михиё.
Ахаб ҳалок бўлади
28 Исроил шоҳи Ахаб билан Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Гиладдаги Рамўт шаҳрига кетишди.
29 — Мен қиёфамни ўзгартириб, жангга кираман, сен эса шоҳлик либосларингни кийиб ол, — деди Ахаб Ёҳушафатга.
Ахаб қиёфасини ўзгартириб, жангга кирди.
30 Орам шоҳи жанг аравалари қўмондонига: “Каттаси билан ҳам, кичиги билан ҳам жанг қилиб ўтирманглар, асосий ҳужумни Исроил шоҳининг ўзига қаратинглар”, деб амр берган эди.
31 Жанг аравалари қўмондонлари Ёҳушафатни кўргач: “Исроил шоҳи ана шу!” деб ўйлаб унга ҳужум бошладилар. Ёҳушафат лашкарини жангга даъват қилиб бақирганда, Эгамиз унга ёрдам бериб, ҳужумни қайтарди.
32 Араваларнинг қўмондонлари билдиларки, у Исроил шоҳи эмас экан. Қўмондонлар орқага қайтдилар.
33 Бир одам бехосдан ёйини тортиб қўйиб юборган эди, ўқ тўппа–тўғри Исроил шоҳига келиб тегди. Шоҳнинг устидаги совути уланган жойдан ўқ кириб кетган экан. Шоҳ оғир жароҳатланди.
— Отни орқага бур, мен жароҳатландим, лашкар орасидан мени олиб чиқиб кет! — деди шоҳ извошчисига.
34 Ўша куни ғоятда шиддатли жанг бўлди. Шоҳ Ахаб эса араваси устида суяниб, Орам лашкарини кузатиб турди. Кечга томон бориб шоҳ қазо қилди.
Валий Ёҳу Ёҳушафатга танбеҳ беради
1 Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Қуддусдаги саройига соғ–саломат қайтиб келди.
2 Хонин ўғли валий Ёҳу шоҳ Ёҳушафат билан учрашгани бориб, унга деди:
— Қабиҳларга ёрдам бериб, Эгамиздан нафратланганларни яхши кўриш тўғрими? Қилган бу ишинг учун Эгамиз сендан ғазабланди.
3 Шунга қарамай, сен яхши ишлар ҳам қилгансан. Сен Ашеранинг устунларини Яҳудо юртидан йўқ қилгансан, бутун юрагинг билан Худога интилишга қатъий қарор этгансан.
Шоҳ Ёҳушафатнинг ислоҳотлари
4 Ёҳушафат Қуддусда яшар эди. Бироқ у тез–тез халқ орасига чиқиб, жанубдаги Бершебадан тортиб, то шимолдаги Эфрайим қирларигача борар эди. Бутун халқни ота–боболарининг Худосига — Эгамизга юз буришга даъват этарди.
5 У Яҳудодаги мустаҳкам шаҳарларнинг ҳар бирига ҳакамлар тайинлаб,
6 уларга шундай кўрсатма берди:
— Ҳукм қилишда эҳтиёт бўлинглар, чунки сизлар инсон номидан эмас, балки Эгамиз номидан ҳукм қиласиз. Ҳукм қилаётганингизда У сизлар билан бирга бўлади.
7 Эгамиздан қўрқинг. Ҳукм чиқарганингизда эҳтиёт бўлинг, чунки Эгамиз Худо ноҳақликка, тарафкашлигу порага тоқат қилмайди.
8 Эгамизнинг қонуни билан боғлиқ бўлган ҳукмларни чиқариш ва одамлар орасидаги мунозараларни ечиш учун Ёҳушафат Қуддусда баъзи левиларни, руҳонийларни ва Исроил уруғбошиларини тайинлади. Улар Қуддусда яшардилар.
9 Ёҳушафат уларга шундай деб уқтирди:
— Ўз вазифангизни Эгамиздан қўрққан ҳолда, сидқидилдан, одилона бажаринг.
10 Бошқа шаҳарда истиқомат қиладиган биродарларингиз олдингизга қотиллик ёки қонун, амр, фармон, қоидалар билан боғлиқ бўлган даъволар билан келса, уларни огоҳлантиринг, токи улар Эгамизга қарши гуноҳ қилиб қўймасинлар, ўзларининг ва сизнинг бошингизга Эгамизнинг қаҳрини келтирмасинлар. Шундай қилсангиз, айбдан холи бўласизлар.
11 Сизлар Эгамизнинг ишлари юзасидан ҳамма ҳисоботни олий руҳоний Эмориёга, шоҳнинг ишлари юзасидан бўлган ҳисоботни эса Яҳудо қабиласининг бошлиғи Исмоил ўғли Забадиёга берасизлар. Суд қарорлари амалга ошишини левилар назорат қилиб турадилар. Дадил бўлинглар, тўғри иш қилганга Худо ёр бўлсин!
Эдомга қарши уруш
1 Орадан бир оз вақт ўтгач, Мўабликлар билан Оммонликлар ҳамда Мавун халқининг бир қисми Ёҳушафатга қарши уришгани отландилар.
2 Хабарчилар келиб, Ёҳушафатга: “Сон–саноқсиз лашкар Эдомдан — Ўлик денгизнинг нариги қирғоғидан сизга қарши келмоқда. Улар Хазазон–Тамарни қўлга киритиб бўлишган”, деб айтдилар. (Хазазон–Тамарнинг бошқа номи Эн–Геди эди.)
3 Ёҳушафат қўрқиб кетди. У Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлиб, бутун Яҳудо бўйлаб рўза эълон қилди.
4 Яҳудонинг ҳамма шаҳарларидан халқ Қуддусга йиғилиб, Эгамиздан мадад тилади.
Шоҳ Ёҳушафатнинг ибодати ва ғалабаси
5 Ёҳушафат Яҳудо ва Қуддус жамоаси қаршисида — Эгамизнинг уйи олдидаги янги ҳовлида туриб,
6 илтижо қилди:
“Эй ота–боболаримизнинг Худоси — Эгамиз! Самодаги ягона Худо Сенсан. Сен ер юзидаги барча халқларга ҳукмронлик қиласан. Куч–қудрат эгаси Ўзингсан. Ким Сенга бас кела олади?!
7 Эй Худойимиз! Халқинг Исроил бу юртга келганда, Сен уларнинг олдидан маҳаллий халқни ҳайдаб юбординг, бу юртни дўстинг Иброҳимнинг наслига то абад бердинг.
8 Ота–боболаримиз бу ерда яшаб, Сенга атаб бир Маъбад барпо қилдилар. Улар шундай деган эдилар:
9 «Бошимизга уруш, ўлат ва очарчилик каби кулфатлар тушганда, биз шу уйинг олдига — Сенинг ҳузурингга келамиз. Зеро, Сен шу ердасан. Кулфат ичра Сенга ёлворамиз, шунда Сен илтижоларимизни эшитиб, бизга нажот берасан.»
10 Мана қара, Оммон, Мўаб ва Эдом юртининг халқлари бизга ҳужум қиляптилар. Бизнинг ота–боболаримиз Мисрдан чиққанларида, Сен уларга бу юртларга киришга ижозат бермаган эдинг. Улар ўша юртларни айланиб ўтиб кетган ва у халқларни қириб юбормаган эдилар.
11 Энди эса бу халқларнинг бизга қайтарган мукофотини кўриб қўй! Сен бизга мулк қилиб берган юртдан улар бизни ҳайдаб юбормоқчилар.
12 Эй Худойимиз! Сен Ўзинг уларни жазола, чунки бизга ҳужум қилган бу улкан лашкарга биз қаршилик қилишга ожизмиз. Нима қилишни биз билмаймиз, Сендан келадиган ёрдамга кўз тутиб турибмиз.”
13 Шу пайтда жамики Яҳудо эркаклари хотин, бола–чақалари билан Эгамизнинг олдида — Маъбадда турган эдилар.
14 Шу он Эгамизнинг Руҳи жамоа орасида турган леви Закариё ўғли Яхазиёлни қамраб олди. Яхазиёл Осиф уруғидан бўлиб, Бинаёнинг невараси, Явиёлнинг эвараси ва Маттаниёнинг чевараси эди.
15 Яхазиёл деди:
— Эшитинглар, эй Ёҳушафат ҳазратлари, бутун Яҳудо ва Қуддус аҳли! Эгамиз сизларга шундай демоқда: бу сон–саноқсиз лашкардан қўрқманглар, ваҳимага тушманглар! Бу жанг сизники эмас, Худоникидир.
16 Эртага уларга ҳужум қилинглар. Улар Зиз довонидан ошиб келадилар. Сизлар уларни Ярубол адирларининг этагидаги сойлик бошида топасизлар.
17 Бу урушда сизлар жанг қилмайсизлар. Сизлар жойингизни эгаллаб, кутинглар. Эгамиз сизларни ғалабага эриштирганини кўрасизлар. Эй Яҳудо ва Қуддус аҳли! Қўрқманглар, ваҳимага тушманглар. Эртага уларга ҳужум қилинглар, Эгамиз сизлар билан бирга бўлади.
18 Шундан кейин Ёҳушафат ер ўпиб таъзим қилди. Бутун Яҳудо ва Қуддус аҳли ҳам таъзим қилиб, Эгамизга сажда қилди.
19 Қоҳот ва Кўрах наслларидан бўлган левилар тик туриб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизга баланд овоз билан ҳамду сано ўқидилар.
20 Яҳудо лашкари тонг саҳарда туриб, Тахува адирларига йўл олди. Улар йўлга чиққанларида, Ёҳушафат туриб деди:
— Эшитинг, эй Яҳудо ва Қуддус аҳли! Эгангиз Худога ишонинг, шунда бехатар бўласиз! Эгамизнинг пайғамбарлари айтган гапларига ишонинг, шунда муваффақиятга эришасиз!
21 Ёҳушафат халқ билан маслаҳатлашиб бўлгандан кейин, Эгамизни тараннум этадиган, муқаддаслигининг гўзаллигига ҳамду сано ўқийдиган қўшиқчиларни тайинлади. Улар лашкар олдида: “Эгамизга шукроналар айтинг, Унинг содиқ севгиси абадийдир”, деб қўшиқ айтишлари керак эди.
22 Улар қўшиқ ва ҳамду сано айтишни бошлашлари биланоқ, Яҳудога қарши келган Оммон, Мўаб ва Эдом халқларига Эгамиз ғойибдан ҳужум қилди, уларни тор–мор этди.
23 Оммон ва Мўаб халқлари Эдом халқига ҳужум қилиб, уларни битта қолдирмай қириб ташлашди. Уларни йўқ қилганларидан кейин эса бир–бирларини қиришди.
24 Яҳудо халқи адирларнинг бутун манзарасини кўрса бўладиган баландликка етиб келганларида, ғанимлар томонга қараб, фақат ерда чўзилиб ётган мурдаларни кўрдилар. Биронтаси ҳам қочиб қутулмаган эди.
25 Ёҳушафат ўлжа олиш учун лашкарини бошлаб борганда, улар кўп миқдорда юк ҳайвонларини, мол–ҳолни, кийим–кечакларни ва қимматбаҳо буюмларни топдилар. Кўтара олгунларича нарса олиб кетдилар. Ўлжанинг кўплигидан, улар уч кун нарса ташидилар.
26 Тўртинчи куни улар Барака водийсида йиғилишиб, Эгамизга ҳамду сано айтдилар. Шу сабабдан бу водийнинг номи бугунги кунда ҳам Барака водийси деб юритилади.
27 Кейин бутун Яҳудо ва Қуддус халқи Ёҳушафат бошчилигида хурсандчилик билан Қуддусга қайтдилар, чунки Эгамиз уларга душманлари устидан тантана қилишга имкон берган эди.
28 Улар арфа, лира ва карнай чалиб, Қуддусга — Эгамизнинг уйига келдилар.
29 Эгамиз халқи Исроилнинг душманларини мағлуб қилганини эшитган барча халқлар Худодан қўрқиб қолишди.
30 Ёҳушафатнинг шоҳлиги тинчликдан баҳра топди, Худо уларга ҳар тарафдан осойишталик ато қилди.
Ёҳушафат ҳукмронлигининг сўнгги даври
31 Шундай қилиб, Ёҳушафат Яҳудода ҳукмронлик қилди. У тахтга ўтирган пайтда ўттиз беш ёшда бўлиб, Қуддусда йигирма беш йил шоҳлик қилди. Онаси Озиба Шилхининг қизи эди.
32 Ёҳушафат отаси Осонинг йўлидан юрди, йўлдан озмай, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
33 Аммо саждагоҳларни йўқ қилиб ташламади. Халқ ҳануз ота–боболарининг Худосига чин юракдан боғланмаган эди.
34 Ёҳушафатнинг бошқа ишлари бошдан охиригача Хонин ўғли Ёҳунинг қўлёзмаларида баён этилган бўлиб, “Исроил шоҳлари китоби” таркибига киритилган.
35 Кейинчалик Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Исроил шоҳи Охозиё билан иттифоқ тузди. Охозиё кўп қабиҳ ишлар қилган эди.
36 Улар биргаликда Эзйўн–Геберда денгиз савдо кемаларини ясадилар.
37 Шунда Моришолик Дўдаваҳу ўғли Элиазар Ёҳушафатга қарши башорат қилиб: “Сен Охозиё билан иттифоқ тузганинг учун, Эгамиз бу кемаларингни бузиб ташлайди”, деб огоҳлантирди. Кемалар парчаланиб, улар денгизга чиқишга муваффақ бўла олмадилар.
1 Ёҳушафат оламдан ўтди. У ҳам Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ёҳурам шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Ёҳурам
2 Ёҳурамнинг Озариё, Ёхиёл, Закариё, Озариёҳу, Микойил ва Шафатиё деган укалари бор эди. Буларнинг ҳаммаси шоҳ Ёҳушафатнинг ўғиллари эди.
3 Отаси уларга кўп миқдорда олтину кумуш ва қимматбаҳо ашёлар билан бирга Яҳудо юртидаги мустаҳкам шаҳарларни ҳадя этган эди. Ёҳурамни эса, тўнғич ўғил бўлгани учун тахт вориси қилган эди.
4 Ёҳурам отаси ўрнига тахтга ўтириб, ўзини мустаҳкамлаб олгандан кейин, укаларининг ҳаммасини ва Исроил аъёнларидан баъзиларини қиличдан ўтказди.
5 Ёҳурам Яҳудо шоҳи бўлганда, ўттиз икки ёшда эди. У Қуддусда саккиз йил ҳукмронлик қилди.
6 Хотини Ахабнинг қизи бўлгани учун Ёҳурам ҳам, Ахаб хонадони сингари, Исроил шоҳлари йўлидан юриб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди.
7 Шундай бўлса–да, Довуднинг хонадонини Эгамиз ҳалокатга учратишни истамади, чунки У Довуд билан аҳд қилиб: “Сенинг наслингга то абад сўнмайдиган чироқ бераман”, деб ваъда қилган эди.
Эдомликларнинг исёни
8 Ёҳурам даврида Эдом Яҳудо шоҳлигига қарши исён қилди. Эдом халқи ўзларининг мустақил шоҳлигини қурдилар.
9 Ёҳурам ҳамма лашкарбошилари ва жанг араваларини Эдомга бошлаб борди. Эдом лашкари Ёҳурамни ва унинг жанг аравалари сардорларини ўраб олди, лекин Ёҳурам тунда ҳужум қилиб, қамални ёриб чиқди.
10 Ўша пайтдан бери ҳозиргача Эдом халқи Яҳудо ҳукмронлигидан озоддир. Ёҳурам ота–боболарининг Худоси — Эгамизни тарк этгани учун Либна шаҳри ҳам ўша даврда исён кўтарган эди.
11 Ёҳурам Яҳудо қирларида саждагоҳлар барпо қилди, у Яҳудо ва Қуддус аҳолисини Худога бевафолик қилишга бошлади, уларни ҳақ йўлдан оздирди.
12 Ўша пайтда Илёс пайғамбар унга қуйидагича мактуб юборди:
“Бобонг Довуднинг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: сен отанг Ёҳушафатнинг йўлидан юрмадинг, Яҳудо шоҳи Осонинг изидан ҳам бормадинг,
13 балки Исроил шоҳларининг йўлидан юрдинг. Ахаб хонадони Исроилни Менга бевафолик қилишга бошлагандай, сен ҳам Яҳудо ва Қуддус аҳолисини Менга бевафолик қилишга бошладинг. Сен ҳатто ўз укаларингни ўлдирдинг, улар сендан яхшироқ эди.
14 Шу сабабдан Мен, Эгангиз, сенинг халқинг, болаларинг, хотинларинг бошига ва бутун мол–мулкингга оғир кулфат келтираман.
15 Сен ўзинг эса оғир ичак хасталигига йўлиқасан. Ичак–човоқларинг ташқарига чиққунга қадар, хасталигинг кундан–кунга кучайиб бораверади.”
16 Эгамиз Филистларни ва Ҳабашистон ёнида яшаётган Арабларни Ёҳурамга қарши қўзғатди.
17 Улар Яҳудога бостириб келиб, шоҳ саройидаги ҳамма бойликларни, шоҳнинг ўғилларини ва хотинларини олиб кетдилар. Шоҳнинг Охозиёдан бошқа ўғли қолмади. Охозиё шоҳнинг кенжа ўғли эди.
Шоҳ Ёҳурам хасталаниб вафот этади
18 Шундан кейин Эгамиз шоҳ Ёҳурамни тузалмас ичак хасталигига йўлиқтирди.
19 Орадан икки йил ўтгач, Ёҳурамнинг хасталиги зўрайиб, ичак–човоқлари ташқарига чиқди. Ёҳурам қаттиқ азоб–уқубат тортиб, вафот этди. Одамлар Ёҳурамнинг ота–боболари шарафига гулхан ёқишган бўлса–да, Ёҳурамнинг шарафига гулхан ёқишмади.
20 Ёҳурам тахтга ўтирган пайтда ўттиз икки ёшда бўлиб, Қуддусда саккиз йил ҳукмронлик қилди. Унинг ўлими учун ҳеч ким қайғурмади. Гарчи уни Довуд қалъасига дафн этган бўлсалар–да, шоҳлар қабрига дафн қилмадилар.
Яҳудо шоҳи Охозиё
1 Араблар босқинчилик сафари давомида Ёҳурамнинг кенжа ўғли Охозиёдан бошқа ҳамма ўғилларини қатл қилган эдилар. Шунинг учун Қуддус аҳолиси Охозиёни ўзларига шоҳ қилишди.
2 Охозиё тахтга ўтирганда, йигирма икки ёшда эди. У Қуддусда бир йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Оталиё бўлиб, Исроил шоҳи Омрининг невараси эди.
3 Охозиё ҳам Ахаб хонадони йўлидан юрди, чунки онаси унга қабиҳ ишлар қилишни маслаҳат берарди.
4 Охозиё Ахаб наслига ўхшаб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Отаси Ёҳурамнинг вафотидан кейин, шоҳ Ахаб хонадонининг бошқа аъзолари Охозиёнинг маслаҳатчилари бўлиб, уни ҳалокатга бошладилар.
5 Охозиё уларнинг маслаҳатига кириб, Исроил шоҳи Ахаб ўғли Ёрам билан бирга Гиладдаги Рамўтга бориб, Орам шоҳи Хазайилга қарши уруш очди. Шоҳ Ёрам шу урушда ярадор бўлди.
6 У ярасини даволатиш учун Йизрил шаҳрига қайтиб келди. Яҳудо шоҳи Охозиё эса яраланган Ёрамни кўргани Йизрилга борди.
7 Худо Охозиёнинг бу ташрифини унинг ҳалокати учун ишлатди. Охозиё Ёрамникига етиб боргач, Ёрам билан биргаликда Нимшининг невараси Ёҳуни кутиб олгани чиқди. Ёҳуни Эгамиз Ахаб хонадонини қатл қилиш учун танлаган эди.
8 Ёҳу Ахаб хонадони устидан чиқарилган ҳукмни ижро этаётган пайтда, Охозиё билан бирга келган Яҳудо аъёнларига ва Охозиёнинг жиянларига дуч келди. Уларнинг ҳаммасини битта қолдирмай қириб юборди.
9 Сўнг Охозиёни қидира бошлади. Ёҳунинг одамлари Самарияда яшириниб юрган Охозиёни қўлга олдилар. Уни Ёҳунинг олдига олиб келиб ўлдирдилар. Аммо кейин дафн қилдилар, чунки улар: “Эҳа, бу Эгамизга чин юракдан интилган Ёҳушафатнинг невараси–ку!” деб айтган эдилар. Охозиё хонадонида шоҳлик қиладиган ҳеч бир кимса қолмади.
Яҳудо маликаси Оталиё тахтга ўтиради
10 Оталиё ўз ўғли шоҳ Охозиёнинг ўлдирилганини эшитгач, Яҳудода Охозиёнинг жамики уруғини қириб ташлашга киришди.
11 Шоҳнинг ҳамма ўғилларини ўлдириш режалаштирилган эди. Шоҳ Ёҳурамнинг Ёҳушева деган қизи бор эди. Ёҳушева Охозиёнинг ўгай синглиси бўлиб, руҳоний Ёҳайидога турмушга чиққан эди. Ёҳушева Охозиёнинг ўғли Йўшни шоҳнинг ўғиллари орасидан билдирмасдан олиб қочди. Оталиё болани ўлдирмаслиги учун, уни энагаси билан бирга Эгамизнинг уйидаги ётоқхонага яширди.
12 Оталиё юртни бошқарган пайтда, бола олти йил давомида Худонинг уйида улар билан бирга яшириниб юрди.
Оталиёга қарши исён
1 Еттинчи йили руҳоний Ёҳайидо қўрқмай ҳаракатга тушди. У қуйидаги юзбошилар билан аҳд қилди: Ерохам ўғли Озариё, Ёҳуханон ўғли Исмоил, Обид ўғли Озариё, Одаё ўғли Масиё ва Зихри ўғли Элишафат.
2 Улар Яҳудо юртини кезиб чиқдилар, Яҳудонинг ҳамма шаҳарларидан левиларни ва Исроил уруғбошиларини йиғиб, Қуддусга олиб келдилар.
3 Келганларнинг ҳаммаси Худонинг уйига йиғилиб, ўша ерда шоҳ билан аҳд қилдилар. Ёҳайидо уларга шундай деди:
— Мана шоҳнинг ўғли! Эгамизнинг Довуд ўғиллари ҳақида берган ваъдасига мувофиқ, бу ўғил ҳукмронлик қилсин.
4 Энди сизлар бундай қиласизлар: Шаббат куни хизмат қиладиган руҳоний ва левиларнинг учдан бир қисми дарвозаларни қўриқласин.
5 Учдан бири — шоҳнинг уйида, учдан бири эса Асос дарвозасида бўлсин. Халқ оммаси Эгамиз уйининг ҳовлиларида турсин.
6 Эгамизнинг уйига руҳонийлар билан хизматдаги левилардан бошқа ҳеч ким кирмасин. Фақат улар кира оладилар, чунки улар муқаддасдирлар. Қолган одамлар Эгамизнинг кўрсатмаларига риоя қилиб, ташқарида қолсинлар.
7 Левилар қўлида қуроли билан шоҳни ҳар томондан ўраб олсинлар, Эгамизнинг уйига ким кирса ўлдирилсин. Шоҳ кирганда ҳам, чиққанда ҳам, унга ҳамроҳ бўлинглар.
8 Левилар ва бутун Яҳудо халқи руҳоний Ёҳайидонинг амрларини сўзсиз бажардилар. Ҳар бир юзбоши Шаббат куни хизматини бошлаган ва хизматини тугатган қўриқчиларини олиб қолди, чунки ўша куни Ёҳайидо қўриқчиларининг бирорта бўлинмасига кетишга ижозат бермаган эди.
9 Руҳоний Ёҳайидо Худонинг уйида турган шоҳ Довуднинг найзаларини ҳамда катта ва кичик қалқонларини юзбошиларга тарқатди.
10 Шоҳни қўриқлаш учун уйнинг жануб томонидан шимол томонигача, қурбонгоҳнинг ва уйнинг атрофига одамларни жангга шай ҳолда жойлаштирди.
11 Ёҳайидо Йўшни ташқарига олиб чиқиб, бошига тож кийдирди. Унга шоҳлик қонунларини берди. Йўш шоҳ деб эълон қилинди. Ёҳайидо ва унинг ўғиллари Йўшнинг бошига мой суртишди, сўнгра: “Шоҳимизнинг умрлари узоқ бўлсин!” дея ҳайқиришди.
Оталиё ўлдирилади
12 Оталиё югураётган ва шоҳни олқишлаётган халқнинг шовқин–суронини эшитгач, Эгамизнинг уйига, у ерда йиғилганларнинг ёнига борди.
13 Қарасаки, одатга кўра, Эгамизнинг уйига кираверишдаги устун олдида шоҳ турибди, шоҳнинг атрофини лашкарбошилар, карнайчилар ўраб олган. Юртнинг бутун халқи шод–хуррам, карнай чаляпти, қўшиқчилар мусиқа асбоблари жўрлигида байрам ўтказяпти. Шунда Оталиё ғазабдан либосларини йиртиб: “Хоинлик! Хоинлик!” деб бақирди.
14 Руҳоний Ёҳайидо юзбошиларни чақириб: “У хотинни бу ердан олиб чиқиб кетинглар, кимки унга эргашса, қиличдан ўтказинглар”, деб буйруқ берди. Руҳоний ўша аёлнинг Эгамиз уйида ўлдирилишини истамади.
15 Оталиё ушланди ва саройнинг От дарвозасига келтирилиб, ўша ерда қатл қилинди.
Руҳоний Ёҳайидонинг ислоҳотлари
16 Руҳоний Ёҳайидо халқ, шоҳ ва Эгамиз орасида “Биз Эгамизнинг халқи бўламиз” деб аҳд тузди.
17 Сўнг бутун халқ Баалнинг уйига бориб, уни бузиб ташлади, у ердаги қурбонгоҳларни ва Баалнинг тасвирларини синдирди, Баалнинг руҳонийси Маттонни эса қурбонгоҳларнинг рўпарасида ўлдирди.
18 Ёҳайидо Довуд берган кўрсатмаларга риоя қилган ҳолда, Эгамиз уйининг назоратини леви руҳонийларига топширди. Уларга, Мусонинг қонунида ёзилганидай, Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар келтиришни ва Довуд амр этгандай, шод–хуррамлик билан қўшиқ айтишни буюрди.
19 Ҳеч ким Эгамизнинг уйига ҳаром бўлиб кирмасин деб, дарвозага соқчиларни жойлаштирди.
20 Сўнгра юзбошиларни, аслзодаларни, халқ йўлбошчиларини ва жамики халқни ёнига олиб, шоҳни Эгамизнинг уйидан олиб чиқди. Улар Юқори дарвозадан ўтиб, шоҳни саройга олиб келдилар ва тахтга ўтқаздилар
21 Оталиё ўлдирилгани учун юрт халқи севинди. Қуддус осойишта бўлиб қолди.
Яҳудо шоҳи Йўш
1 Йўш шоҳ бўлганда, етти ёшда эди. У Қуддусда қирқ йил ҳукмронлик қилди. Онаси Бершеба шаҳридан бўлиб, исми Зибиёх эди.
2 Руҳоний Ёҳайидо ҳаётлигида Йўш Эгамизнинг олдида тўғри ишлар қилди.
3 Ёҳайидо Йўшга иккита хотин олиб берди. Улар Йўшга ўғил–қизлар туғиб беришди.
4 Орадан бир оз вақт ўтгач, Йўш Эгамизнинг уйини тузатишга қарор қилди.
5 У руҳонийларни ва левиларни тўплаб, уларга айтди:
— Яҳудо шаҳарларига бориб, Худойингизнинг уйини тузатиш учун жамики Исроил халқидан йилига тўланадиган солиқни йиғиб келинглар. Бу ишни тезлик билан бажаринглар.
Лекин левилар бу ишни орқага сурдилар.
6 Шунда шоҳ олий руҳоний Ёҳайидони чақиртириб, ундан сўради:
— Нимага сиз левиларни солиқ йиғиб келишлари учун жўнатмадингиз? Эгамизнинг қули Мусо Муқаддас аҳд чодирининг харажатларини қоплаш учун бу солиқни Исроил жамоасига солган–ку.
7 Қабиҳ аёл Оталиёнинг издошлари Худонинг уйига бостириб кириб, у ердаги Эгамизга бағишланган ашёларни Баалнинг сажда маросимлари учун ишлатган эдилар.
8 Шоҳнинг буйруғи билан бир қути ясалиб, Эгамиз уйи дарвозасининг ташқи томонига ўрнатилди.
9 “Худонинг қули Мусо саҳрода Исроил халқига солган солиқни Эгамизга олиб келинглар”, деб Яҳудо ва Қуддус бўйлаб эълон қилинди.
10 Жамики йўлбошчилар ва халқ бажонидил солиқ пулларини олиб келиб, қутини тўлдиравердилар.
11 Қутида кўп пул йиғилгандан кейин, левилар қутини шоҳ аъёнларига олиб боришар эди. Шоҳнинг мирзаси билан олий руҳонийнинг ёрдамчиси қутини бўшатиб, уни ўз жойига қайтариб қўйишар эди. Улар ҳар куни шундай қилишарди. Шу тариқа кўп миқдорда кумуш тўплашди.
12 Шоҳ ва Ёҳайидо бу кумушларни Эгамизнинг уйидаги ишларнинг бошида турган одамларга берди. Улар эса бу кумушга Эгамизнинг уйини тузатиш учун тош терувчилар, дурадгорлар, темир ва бронзага ишлов берадиган усталарни ёлладилар.
13 Ҳаммалари чин юракдан меҳнат қилишди, Худонинг уйини олдинги ҳолатида тиклаб, мустаҳкамлашди.
14 Улар ҳамма ишларни тугатишгач, қолган кумушларни шоҳ билан Ёҳайидога беришди. Бу кумушлардан Эгамизнинг уйи учун буюмлар — хизматда ва қурбонликлар куйдиришда ишлатиладиган идишлар, шунингдек, олтин ва кумуш анжомлар ясалди. Руҳоний Ёҳайидо даврида Эгамизнинг уйида доимо куйдириладиган қурбонликлар келтириларди.
Руҳоний Ёҳайидонинг сиёсати бекор қилинади
15 Ёҳайидо роса кексайиб, бир юз ўттиз ёшида вафот этди.
16 У Исроил халқи, Худо ва Худонинг уйи учун қилган хизматлари эвазига Довуд қалъасида шоҳлар ёнига дафн қилинди.
17 Ёҳайидонинг вафотидан кейин Яҳудо аъёнлари шоҳ ҳузурига келишиб, унга таъзим қилдилар. Шоҳ уларнинг маслаҳатларига қулоқ солди.
18 Натижада халқ ота–боболарининг Худоси — Эгамизнинг уйини тарк этиб, Ашеранинг устунларига ва бутларга сиғина бошлади. Уларнинг бу гуноҳлари туфайли, Яҳудо ва Қуддус устига Эгамиз ғазабини сочди.
19 У, халқимни қайтарай деб, олдиларига пайғамбарларни юборди. Бироқ халқ пайғамбарларнинг огоҳлантиришларига қулоқ солмади.
20 Худонинг Руҳи руҳоний Ёҳайидонинг ўғли Закариёни қамраб олди. Закариё халқнинг олдида туриб, шундай деб айтди:
— Худо шундай демоқда: “Нимага сизлар Менинг амрларимга итоат этмаяпсизлар? Шунинг учун роҳат–фароғатга эришолмайсизлар. Сизлар Мен, Эгангизни тарк этганларингиз учун, Мен ҳам сизларни тарк этаман.”
21 Аъёнлар Закариёга қарши фитна уюштирдилар. Шоҳнинг фармони билан уни Эгамизнинг уйи ҳовлисида тошбўрон қилиб ўлдирдилар.
22 Шоҳ Йўш Закариёнинг отаси Ёҳайидо кўрсатган садоқатини эсламади, аксинча, унинг ўғлини ўлдирди. Закариё жон бераётганда: “Эгамиз бу қилмишингизни кўриб, жазоингизни берсин”, деди.
Шоҳ Йўш ҳукмронлигининг сўнгги даври
23 Ўша йилнинг охирида Орам лашкари Йўшга ҳужум қилди. Улар Яҳудо ва Қуддусни босиб олиб, ҳамма халқ йўлбошчиларини ўлдиришди, олган ҳамма ўлжаларини Дамашқ шоҳига жўнатишди.
24 Гарчи Орам лашкари озчилик бўлса ҳам, Эгамиз уларнинг қўлига Яҳудонинг катта лашкарини топширганди. Чунки Яҳудо халқи ота–боболарининг Худоси — Эгамизни тарк этганди. Шундай қилиб, шоҳ Йўш жазосини олди.
25 Йўш жангда оғир яраланди. Орам лашкари кетишлари биланоқ, Йўшнинг икки аъёни унга фитна уюштирдилар. Улар руҳоний Ёҳайидонинг ўлдирилган ўғли учун Йўшдан ўч олиб, уни ўз тўшагида ўлдирдилар. Йўшни Довуд қалъасига дафн қилдилар, бироқ шоҳлар қабрига уни қўймадилар.
26 Йўшга фитна уюштирганлар Оммонлик Шимат деган аёлнинг ўғли Йўзабад ва Мўаблик Шўмер деган аёлнинг ўғли Ёҳузабад эдилар.
27 Йўшнинг ўғиллари тўғрисидаги тўлиқ ахборот, Йўшга қарши айтилган кўп башоратлар ва Худонинг уйи тузатилгани тўғрисидаги маълумотлар “Шоҳлар китобига шарҳлар”да баён этилган. Йўшнинг ўрнига ўғли Эмозиё шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Эмозиё
1 Эмозиё тахтга ўтирган пайтда, йигирма беш ёшда эди. У Қуддусда йигирма тўққиз йил ҳукмронлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёҳуваддон эди.
2 Эмозиё Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди, аммо чин юракдан қилмаган эди.
3 Эмозиё ўз шоҳлигини мустаҳкамлаб олгандан кейин, отасини ўлдирган аъёнларни йўқ қилди.
4 Бироқ Мусонинг қонунида ёзилганига кўра, қотилларнинг болаларини ўлдирмади, чунки Эгамиз: “Оталар фарзандларининг гуноҳи учун ўлдирилмасин, фарзандлар оталарининг гуноҳи учун ўлдирилмасин, ҳар ким ўзининг гуноҳи учунгина ўлим жазосига тортилсин”, деб амр қилган эди.
Эдом юртига қарши уруш
5 Эмозиё Яҳудо ва Бенямин қабилаларини, уларнинг уруғларига кўра, ҳарбий қисмларга бўлди. Улар устидан мингбоши ва юзбошиларни тайинлади. Эмозиёнинг лашкари йигирма ва ундан юқори ёшдаги 300.000 сараланган жангчидан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳаммаси урушга яроқли, қилич ва қалқонни моҳирлик билан ишлата олар эди.
6 Булардан ташқари, Эмозиё 200 пуд кумушга Исроилдан 100.000 баҳодир жангчини ёллади.
7 Лекин Худонинг бир одами Эмозиёнинг ҳузурига келиб, шу гапни айтди:
— Эй шоҳ! Исроил лашкари сен билан бормасин, чунки Эгамиз улар билан эмас. Исроил халқига ёрдам беришдан Эгамиз воз кечган.
8 Сен жасорат билан жанг қилсанг ҳам, барибир Худо сени ғанимларинг олдида мағлуб қилади, чунки ёрдам берадиган ва мағлуб қиладиган Худодир.
9 Эмозиё Худонинг одамидан сўради:
— Исроил лашкари учун тўлаган икки юз пуд кумуш нима бўлади?
Худонинг одами:
— Эгамиз сенга бундан ҳам кўпроғини беришга қодир, — дея жавоб берди.
10 Шундан кейин Эмозиё Исроилдан келган лашкарга жавоб бериб, уларни уйларига қайтариб юборди. Улар Яҳудо халқидан қаттиқ ғазабланиб, жаҳл устида уйларига қайтиб кетдилар.
11 Эмозиё жасорат кўрсатиб, лашкарини Туз водийсига бошлаб борди. У ерда Эдомликлардан 10.000 нафарини ўлдирди.
12 Яҳудо лашкари уларнинг яна 10.000 нафарини тириклайин асирга олиб, қоя чўққисидан пастга итариб юборди. Уларнинг ҳаммаси тошларга урилиб ҳалок бўлдилар.
13 Шу орада Эмозиё орқага қайтариб юборган Исроил лашкари Самария билан Байт–Хўрон оралиғидаги Яҳудо шаҳарларига ҳужум қилди, улар 3000 кишини ўлдириб, кўп ўлжа олдилар.
14 Эмозиё Эдомликларни мағлуб қилгандан кейин ўзи билан Эдомликларнинг худоларини олиб келди. Уларни ўзига худо қилиб ўрнатди, ўша худоларга сажда қилиб, қурбонликлар келтирди.
15 Эгамиз бундан қаттиқ ғазабланиб, Эмозиёнинг ҳузурига пайғамбарини юборди. Пайғамбар унга шу сўзларини айтди:
— Нимага сен бегона худоларга сажда қиляпсан? Бу худолар ўз халқини сенинг қўлингдан қутқара олмади–ку!
16 — Қачондан бери сен шоҳнинг маслаҳатчиси бўлиб қолдинг?! — деб пайғамбарнинг гапини бўлди шоҳ. — Овозингни ўчир! Бўлмаса жонингни оламан.
Пайғамбарнинг гапи оғзида қолди, бироқ у шоҳни шундай деб огоҳлантириб қўйди:
— Сен шу ишни қилиб, менинг маслаҳатимга қулоқ солмаганинг учун Худо сени нобуд қилишга қарор қилганини биламан.
Исроил халқи Яҳудо юртини мағлуб қилади
17 Яҳудо шоҳи Эмозиё ўз аъёнлари билан маслаҳатлашиб, Исроил шоҳи Ёҳўшга: “Қани, менга жанг майдонида рўбарў келиб кўр–чи”, деган хабар жўнатди. Ёҳўш Ёҳухознинг ўғли, Ёҳунинг набираси эди.
18 Исроил шоҳи Ёҳўш эса бунга жавобан Яҳудо шоҳи Эмозиёга шу хабарни жўнатди: “Лубнон тоғларида бир ғовтикан садр дарахтига, қизингни ўғлимга хотинликка бер, деб хабар йўллабди. Ўша пайтда бир йиртқич ҳайвон ўша ердан ўтиб кетаётиб, ғовтиканни босиб янчиб кетибди.
19 Шунга ўхшаб сен ҳам: «Кўриб қўй, Эдомни мағлуб қилдим», деб мақтаниб, юрагинг киборликка тўлибди. Уйингда ўтиравер. Нима учун қитмирлик қиляпсан? Ўз бошингни ҳам, Яҳудо халқининг бошини ҳам балога гирифтор қиляпсан!”
20 Лекин Эмозиё қулоқ солмади. Бу Худонинг иши эди. Яҳудо халқи Эдомнинг худоларига сажда қилгани учун, Худо уларни душманнинг қўлига беришга қарор қилган эди.
21 Шунинг учун Исроил шоҳи Ёҳўш Яҳудо шоҳи Эмозиё устига юриш қилди. Иккала томоннинг лашкари Яҳудонинг Байт–Шамаш шаҳрида рўбарў келди.
22 Исроил лашкари Яҳудо лашкарини мағлуб этди. Яҳудо лашкарининг ҳаммаси уйларига қочиб кетди.
23 Исроил шоҳи Ёҳўш Яҳудо шоҳи Эмозиёни Байт–Шамашда асир қилиб олди. Эмозиё Охозиёнинг невараси, Йўшнинг ўғли эди. Сўнг Ёҳўш Эмозиёни Қуддусга олиб борди. У ерда Қуддус деворининг Эфрайим дарвозасидан Бурчак дарвозасигача бўлган 400 тирсак қисмини буздирди.
24 Худонинг уйида Обидадомнинг насли қўриқлаган ҳамма олтину кумушни ва ашёларни тортиб олди. Булардан ташқари, сарой хазинасини ва асирларни олиб, Самарияга қайтиб кетди.
25 Яҳудо шоҳи Эмозиё Исроил шоҳи Ёҳўшнинг ўлимидан кейин ўн беш йил яшади.
26 Эмозиёнинг бошқа ишлари бошдан охиргача “Яҳудо ва Исроил шоҳлари китоби”да ёзилган.
27 Эмозиё Эгамиздан юз ўгирган вақтда Қуддусда унга қарши фитна уюштирилди. Эмозиё бундан хабар топиб, Лахиш шаҳрига қочди. Аммо душманлари Эмозиёнинг ортидан одам юбориб, уни ўша ерда ўлдиртирдилар.
28 Эмозиёнинг жасадини отда Қуддусга олиб келдилар. У Довуд қалъасида ота–боболарининг ёнига дафн қилинди.
Яҳудо шоҳи Уззиё
1 Шундан кейин Яҳудо халқи ўн олти ёшли Уззиёни отаси Эмозиёнинг ўрнига шоҳ қилди.
2 Эмозиёнинг вафотидан сўнг, Уззиё илгарилари Яҳудога қарашли бўлган Элет шаҳрини қўлга киритиб, қайтадан қурди.
3 Уззиё шоҳ бўлганда, ўн олти ёшда эди. У Қуддусда эллик икки йил ҳукмронлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёхолиё эди.
4 Уззиё ҳам, отаси Эмозиё каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
5 Закариё ҳаётлиги даврида Уззиё Худога интиларди, Закариё унга Худонинг йўлидан юришни ўргатарди. Уззиё Эгамизга интилган пайтда, Худо унга ҳузур–ҳаловат бағишлади.
6 Уззиё Филистларга қарши уруш бошлаб, Гат, Ёбнах ва Ашдод шаҳарларининг деворларини бузиб ташлади. У Ашдод ҳудудида ва Филистларга қарашли бошқа жойларда шаҳарлар қурди.
7 У Филистларга, Гур–Баалда яшайдиган Арабларга ва Мавунларга қарши уруш қилганда, Худо унга мадад берди.
8 Мавун халқи Уззиёга ўлпон тўлайдиган бўлди. У ниҳоятда кучайиб кетганидан, шуҳрати Миср чегарасигача ёйилди.
9 Бундан ташқари, Уззиё Қуддусдаги Бурчак дарвозаси, Сойлик дарвозаси ва деворнинг қайрилган жойларида миноралар қуриб, бу минораларни мустаҳкамлади.
10 У саҳрода мудофаа қўрғонларини қурдирди. Яҳудо қир этакларида ва текисликларда боқилган подалари кўп бўлгани учун, кўплаб сардобалар қаздирди. Деҳқончиликка ихлос қўйгани учун адирлару унумдор ерларда экинлар эктириб, узумзорлар барпо қилди. У ерда ишлайдиган деҳқону боғбонлари бор эди.
11 Уззиёнинг моҳир жангчилардан ташкил топган лашкари бор эди. Бу жангчиларни котиб Явиёл ва унинг ёрдамчиси Масиё сафарбар қилиб, уларни бўлинмаларга бўлган эди. Котиб Явиёл билан Масиё Ханониёнинг қўли остида иш олиб борар эдилар. Ханониё шоҳнинг аъёни эди.
12 Бу сараланган жангчиларга 2600 уруғбоши қўмондонлик қиларди.
13 Уларнинг қўли остида жами 307.500 баҳодир жангчи бўлиб, бу катта лашкар шоҳни душманларидан ҳимоя қилар эди.
14 Уззиё бутун лашкарни қалқонлар, найзалар, дубулғалар, совутлар, камонлар ва сопқон тошлари билан таъминлаган эди.
15 У Қуддусдаги миноралар устига ва шаҳар девори бурчакларига олимлари кашф этган ўқ отадиган қуроллар ва катта тошларни улоқтирадиган қуролларни ўрнатди. Худо унга ёрдам бергани учун у ниҳоятда қудратли бўлиб, шуҳрати ҳар ёққа таралди.
Шоҳ Уззиё такаббурлиги учун жазоланади
16 Уззиё кучайиб кетгандан кейин, ҳалокатга олиб борадиган киборликка берилди. У Эгамизнинг Маъбадига кириб, тутатқи қурбонгоҳида тутатқи тутатди, шу йўсин ўзининг Эгаси Худога итоатсизлик қилди.
17 Руҳоний Озариё Эгамизнинг саксонта жасур руҳонийси билан бирга Уззиёнинг кетидан борди.
18 Улар шоҳ Уззиёга танбеҳ бериб дейишди:
— Эй шоҳимиз! Эгамизга тутатқи тутатиш сизнинг ишингиз эмас. Бу Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларнинг ишидир. Тутатқи тутатишга улар бағишланганлар. Қани бўлинг, бу муқаддас жойдан чиқиб кетинг! Сиз ўзбошимчалик қилдингиз. Бу қилмишингиз учун Парвардигор Эгамиз сизни юксалтирармиди?!
19 Уззиё ўша пайтда қўлидаги оловкураги билан тутатқи тутатишга тайёр бўлиб турган эди. У руҳонийларнинг танбеҳидан қаттиқ ғазабланган эди, шу заҳотиёқ пешанасига яра тошди. Бу ҳодиса Эгамизнинг уйидаги тутатқи қурбонгоҳи олдида, руҳонийларнинг кўз ўнгида содир бўлди.
20 Олий руҳоний Озариё билан бошқа руҳонийлар шоҳ пешанасидаги қўрқинчли яраларни кўришгач, шоҳни ташқарига олиб чиқишга шошилдилар. Шоҳнинг ўзи ҳам ташқарига отланди, чунки Эгамиз уни жазолаган эди.
21 Уззиё умрининг охиригача тери касаллигидан тузалмади. У алоҳида бир уйда ёлғиз яшади. Эгамизнинг уйига кириш унга ман этилган эди. Юртдаги халқни ҳам, шоҳ саройини ҳам ўғли Йўтом бошқарарди.
22 Уззиёнинг бошқа ишларини бошдан охиргача Омиз ўғли Ишаё пайғамбар ёзиб қолдирган.
23 Уззиё оламдан ўтиб, шоҳлар қабристонининг бир четига дафн қилинди. Бироқ тери касаллигига чалингани учун уни шоҳлар хилхонасига қўймадилар. Унинг ўрнига ўғли Йўтом шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Йўтом
1 Йўтом йигирма беш ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн олти йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Еруша бўлиб, у Зодўхнинг қизи эди.
2 Йўтом, отаси Уззиё каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. Аммо отасидан фарқли равишда Эгамизнинг Маъбадида тутатқи тутатмади. Халқ эса ҳамон бузуқ одатларини давом эттирарди.
3 Йўтом Эгамиз уйининг Юқори Дарвозасини қурди ва Офел тепалигидаги девор устида катта ишларни олиб борди.
4 Бундан ташқари, у Яҳудонинг қирларида шаҳарлар, ўрмонзорларда қалъалар ва миноралар қурдирди.
5 У Оммонликларга қарши жанг қилиб, уларни бўйсундирди. Оммонликлар уч йил давомида Йўтомга қуйидаги миқдордаги ўлпонни тўлашга мажбур бўлдилар: 200 пуд кумуш, 100.000 тоғора буғдой ва 100.000 тоғора арпа.
6 Йўтом Эгаси Худога содиқлик билан итоат этгани учун қудратли бўлиб кетди.
7 Йўтомнинг бошқа ишлари, қилган жанглари ва тутган йўллари “Исроил ва Яҳудо шоҳлари китоби”да ёзилган.
8 У йигирма беш ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн олти йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Еруша бўлиб, у Зодўхнинг қизи эди.
9 Йўтом оламдан ўтиб, Довуд қалъасида дафн қилинди. Ўрнига ўғли Охоз шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Охоз
1 Охоз йигирма ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн олти йил ҳукмронлик қилди. У бобоси Довуддан намуна олмади, Эгамизнинг олдида тўғри ишлар қилмай,
2 Исроил шоҳларининг йўлидан кетди. У Баалга сажда қилиш учун Баалнинг қуйма тасвирларини ясади.
3 Хиннум сойлигида бутларга атаб қурбонликлар куйдирди. Канъон юртидан Эгамиз қувган қавмларнинг жирканч одатларига тақлид қилиб, ҳатто ўз ўғилларини қурбонлик қилиб, оловда куйдирди.
4 Саждагоҳларда, тепаликларда ва ҳар қандай яшил дарахт остида қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди.
Орам ва Исроил халқлари Яҳудо юртига ҳужум қилади
5 Шоҳ Охоз гуноҳ қилгани учун, Эгаси Худо уни Орам шоҳининг қўлига берди. Орам шоҳи Охозни мағлуб қилиб, халқидан жуда кўпчилигини асир қилиб, Дамашққа олиб кетди.
Бундан ташқари, Эгамиз шоҳ Охозни Исроил шоҳи қўлига берди. Исроил шоҳи Охознинг бошига катта қирғин солиб, уни мағлуб қилди.
6 Бир куннинг ўзида Исроил шоҳи Рамалиё ўғли Пеках Яҳудо лашкарининг 120.000 баҳодир жангчисини ўлдирди. Бунга сабаб Яҳудо халқи ўз ота–боболарининг Худоси — Эгамизни тарк этгани бўлди.
7 Исроил халқидан бўлган баҳодир жангчи Зихри шоҳнинг ўғли Масиёни, сарой бошқарувчиси Озрикомни ва шоҳнинг ўнг қўл вазири Элқанани ўлдирди.
8 Яҳудо халқи уларга қариндош бўлишига қарамай, Исроил лашкари улардан 200.000 нафар аёл ва ўғил–қизларини асир қилиб, катта ўлжа билан бирга, Самарияга олиб кетишди.
Одод пайғамбар
9 Эгамизнинг Одод деган пайғамбари Самарияда эди. У қайтиб келган Исроил лашкарини қаршилаб чиқиб, уларга шундай деди:
— Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгангиз Ўз халқи Яҳудодан ғазаблангани учун уларни сизнинг қўлингизга топширди. Сизлар эса уларни шунчалик қаҳр билан қирдингизки, уларнинг садоси самоларга етди.
10 Шуниси етмагандай, сизлар Яҳудо ва Қуддус халқининг эркагу аёлини ўзингизга қул қилмоқчи бўлдингиз. Ўзингизга бир қаранг, Эгангиз Худо олдида қилган қилмишларингизнинг ҳаммаси турган–битгани гуноҳ–ку!
11 Энди гапимни эшитинг! Асир қилган бу қариндошларингизни орқага қайтариб юборинг. Акс ҳолда, Эгамиз Ўз ғазабини сизнинг устингизга сочади.
12 Исроил халқининг баъзи йўлбошчилари ҳам, чунончи, Йўханон ўғли Озариё, Машилламўт ўғли Бархиё, Шаллум ўғли Ёхизқиё ва Ҳадлай ўғли Эмоса урушдан қайтиб келганларга ўз норозилигини билдириб,
13 дедилар:
— Асирларни бу ерга олиб келманглар! Биз Эгамизга қарши гуноҳ қилиб, Унинг қаҳрини келтириб бўлдик. Сизлар эса шусиз ҳам ортиб ётган гуноҳимиз устига яна гуноҳ орттирмоқчисизлар.
14 Шунда сипоҳлар Исроил аъёнлари ва бутун жамоа олдида асирларни озод қилиб, ўлжаларни топширдилар.
15 Юқорида номлари айтилган тўртта йўлбошчи асирларнинг орасидаги яланғоч бўлганларнинг ҳаммасига ўлжа олинган нарсалардан уст–бош, оёқ кийим бердилар, едирдилар, ичирдилар, яраларига мой суртдилар. Кейин заифларни эшакларга миндириб, асирларнинг ҳаммасини Яҳудога қарашли пальма шаҳри Ерихога олиб бордилар. Сўнг Самарияга қайтиб келдилар.
Шоҳ Охоз Оссуриядан ёрдам сўрайди
16 Ўша пайтда шоҳ Охоз Оссурия шоҳидан ёрдам сўраб, ҳузурига одам жўнатди,
17 чунки Эдомликлар яна Яҳудо юртига ҳужум қилиб, кўп асирларни олиб кетган эдилар.
18 Шу орада Филистлар ҳам Яҳудо қир этакларидаги ҳамда Нагав чўлидаги шаҳарларга ҳужум қилиб, Байт–Шамаш, Ойжавлон ва Гадерўт шаҳарларини қўлга киритдилар, шунингдек, Сўху, Тимнах ва Гимзо шаҳарларини ва бу шаҳарлар атрофидаги қишлоқларни қўлга олиб, ўша жойларга ўрнашиб олдилар.
19 Шоҳ Охоз Яҳудо халқини гуноҳ қилишга ундаб, Эгамизга ҳаддан ташқари кўп хиёнат қилгани учун, Яҳудо халқини Эгамиз шу қадар таҳқирлаган эди.
20 Оссурия шоҳи Тиғлатпиласар келиб, Охозга ёрдам бериш ўрнига зулмни кучайтирди.
21 Охоз Эгамизнинг уйидан, шоҳ саройидан ва аъёнларнинг уйидан қимматбаҳо нарсаларни олиб, Оссурия шоҳига ўлпон қилиб берди. Бироқ бу ҳам ёрдам бермади.
Шоҳ Охознинг гуноҳлари
22 Ҳаётининг энг қийин дамларида ҳам ўша шоҳ Охоз Эгамизга янада баттарроқ хиёнат қилди.
23 Уни мағлуб қилган Орам халқининг худоларига қурбонликлар келтирди. У ичида шундай дерди: “Орам шоҳларининг худолари уларга ёрдам берди, агар мен Орам худоларига қурбонлик келтирсам, улар менга ҳам ёрдам беришади.” Ваҳоланки, бу худолар шоҳ Охознинг ва унинг қўли остидаги бутун халқнинг ҳалокатига сабаб бўлди.
24 Охоз Эгамизнинг уйидаги ҳамма ашёларни йиғиштириб олиб, чиқариб ташлади. Эгамизнинг уйи эшикларини беркитиб, Қуддуснинг ҳар бурчагида қурбонгоҳлар қурдирди.
25 Яҳудонинг ҳамма шаҳарларида бегона худоларга қурбонликлар куйдириш учун саждагоҳлар барпо қилиб, ота–боболарининг Худоси — Эгамизни ғазаблантирди.
26 Охознинг бошқа ишлари ва тутган йўллари бошидан охиригача “Яҳудо ва Исроил шоҳлари китоби”да ёзилган.
27 Охоз оламдан ўтиб, Қуддусда дафн қилинди. Лекин уни Исроил шоҳлари хилхонасига кўммадилар. Унинг ўрнига ўғли Ҳизқиё шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Ҳизқиё
1 Ҳизқиё йигирма беш ёшида шоҳ бўлди. У Қуддусда йигирма тўққиз йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Абиё бўлиб, Закариёнинг қизи эди.
2 Ҳизқиё, бобоси Довуд каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
Маъбад покланади
3 Ҳизқиё ўз ҳукмронлигининг биринчи йили биринчи ойида Эгамизнинг уйи эшикларини қайтадан очди, уларни тузаттирди.
4 Сўнг руҳонийларни ва левиларни чақиртириб, уларни Маъбаднинг шарқий ҳовлисига тўплади.
5 Ҳизқиё уларга деди:
— Гапимни эшитинглар, эй левилар! Ўзларингизни покланглар, ота–боболарингиз Худоси — Эгамизнинг уйини ҳам покланглар! Бу муқаддас жойдан ҳаром нарсаларни чиқариб ташланглар!
6 Бизнинг ота–боболаримиз бевафо эдилар. Улар Эгамиз Худо олдида ёмон ишлар қилиб, Уни тарк этдилар. Эгамизнинг маконидан юзларини ўгириб, Унга орқаларини бурдилар.
7 Маъбад эшикларини ёпиб ташладилар, чироқларни ўчириб қўйдилар. Исроил халқининг Худосига атаб, муқаддас масканда тутатқи тутатилмайдиган, қурбонликлар куйдирилмайдиган бўлди.
8 Шунинг учун Яҳудо ва Қуддусга Эгамиз Ўз қаҳрини сочди. Уларнинг аҳволидан ҳамма ёқасини ушлаб, даҳшату ваҳимага тушди. Сиз ўзингиз ҳам бундан хабардорсиз.
9 Шунинг учун оталаримиз жангда ҳалок бўлди, хотину ўғил–қизларимиз асирликка олиб кетилди.
10 Эгамиз биздан Ўз қаҳрини қайтарсин деб, мен Исроил халқининг Худоси — Эгамиз билан аҳд қилишга қарор этдим.
11 Ўғилларим! Энди эътиборсиз бўлманглар, чунки Эгамиз сизларни Унинг ҳузурида хизмат қилишингиз учун ва қурбонликлар куйдиришингиз учун танлаб олган.
12 Левилардан қуйидагилар шу ерда эдилар:
Қоҳот наслидан — Эмосай ўғли Махат, Озариё ўғли Йўэл,
Марори наслидан — Абди ўғли Киш ва Ёхалил ўғли Озариё,
Гершон наслидан — Зиммо ўғли Йўх, Йўх ўғли Эден,
13 Элизофон наслидан — Шимри, Ёвал,
Осиф наслидан — Закариё, Маттаниё,
14 Хаман наслидан — Ёхиёл, Шимах,
Ёдутун наслидан — Шамаё ва Узиёл.
15 Руҳонийлар билан левилар қолган леви биродарларини тўплаб, ҳаммаси ўзларини покладилар. Сўнг шоҳнинг фармони бўйича, Эгамизнинг қонун–қоидаларига риоя қилган ҳолда, Эгамизнинг уйини поклай бошладилар.
16-17 Улар биринчи ойнинг биринчи кунида ишга киришиб, саккиз кун давомида Эгамиз уйининг ҳовлиларини покладилар. Кейинги саккиз кун давомида уйнинг ўзини покладилар. Руҳонийлар Эгамизнинг уйига кириб, Маъбаддаги ҳамма ҳаром–хариш нарсаларни Эгамиз уйининг ҳовлисига олиб чиқдилар. Левилар эса бу нарсаларни шаҳар ташқарисига, Қидрон сойлигига олиб бориб ташладилар. Биринчи ойнинг ўн олтинчи кунига келиб, ҳамма ишларини тугатдилар.
18 Сўнгра улар шоҳ Ҳизқиё ҳузурига бориб, шундай дедилар:
— Биз Эгамизнинг бутун уйини, қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни ва қурбонгоҳнинг ҳамма ашёларини, муқаддас нонлар қўйиладиган хонтахтани ва хонтахтанинг ҳамма ашёларини покладик.
19 Шоҳ Охоз ўз бевафолиги дастидан чиқариб ташлаган ҳамма ашёларни биз олиб келиб, покладик. Мана, уларнинг ҳаммаси Эгамизнинг қурбонгоҳи олдида турибди.
Маъбадда хизмат тикланади
20 Шоҳ Ҳизқиё эртаси куни саҳарда шаҳар аъёнларини тўплаб, ҳаммаларини Эгамизнинг уйига бошлаб борди.
21 Улар шоҳ хонадонининг ва Яҳудо халқининг гуноҳини ювиш учун ҳамда Маъбадни поклаш учун гуноҳ қурбонлиги қилиб еттита буқа, еттита қўчқор, еттита қўчқор қўзи ва еттита такани олиб келдилар. Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларга шоҳ: “Буларни Эгамизнинг қурбонгоҳида назр қилинглар!” деб буюрди.
22 Руҳонийлар буқаларни сўйиб, қонини қурбонгоҳга сепдилар. Кейин қўчқорларни сўйиб, қонини қурбонгоҳга сепдилар. Қўзиларни ҳам сўйиб, қонини қурбонгоҳга сепдилар.
23 Сўнгра гуноҳ қурбонлиги қилинадиган такаларни шоҳ ва жамоа олдига олиб келдилар. Улар қўлларини такалар устига қўйдилар.
24 Руҳонийлар такаларни сўйдилар, бутун халқни гуноҳларидан поклаш учун қонни қурбонгоҳга сепдилар. Негаки, шоҳ: “Куйдириладиган қурбонликлар ва гуноҳ қурбонликлари жамики Исроил учун қилинсин”, деб фармон берган эди.
25 Ҳизқиё шоҳ Довуднинг кўрсатмаларига риоя қилиб, левиларни Эгамизнинг уйига жойлаштирди, уларга зил, арфа ва лираларни берди. Бу кўрсатмаларни Довудга Эгамиз Ўз пайғамбарлари Гад ва Натан орқали берган эди. Гад шоҳ Довуднинг хизматидаги валий эди.
26 Левилар Довуднинг чолғу асбобларини олиб, руҳонийлар карнайларини олиб, ўз жойларини эгалладилар.
27 Шундан кейин Ҳизқиё: “Қурбонгоҳда қурбонликлар куйдирилсин!” деб буюрди. Қурбонликлар куйдирила бошланган заҳоти қўшиқчилар Довуднинг чолғу асбоблари ва карнайлар жўрлигида Эгамизга ҳамду санолар айтишни бошладилар.
28 Қурбонликлар куйдирилиб бўлгунча, бутун жамоа сажда қилиб, қўшиқчилар қўшиқ айтиб, карнайчилар карнай чалиб турдилар.
29 Қурбонлик тугагач, шоҳ Ҳизқиё ва бутун халқ тиз чўкиб, Худога сажда қилди.
30 Шоҳ Ҳизқиё билан аъёнлар левиларга: “Довуд ва валий Осиф ёзган саноларни айтиб, Эгамизни мадҳ қилинглар!” деб буюрдилар. Левилар севинч ила сано куйлаб, тиз чўкиб сажда қилдилар.
31 Кейин Ҳизқиё халққа деди:
— Мана, сизлар ўзингизни Эгамизга бағишладингизлар. Энди атаган қурбонлигу шукрона назрларингизни Эгамизнинг уйига олиб келинглар.
Жамоа қурбонликлар ва шукрона назрларини келтирди. Баъзилари эса кўнгилдан чиқариб куйдириладиган қурбонлик учун ҳайвонларни ҳам олиб келдилар.
32 Куйдириладиган қурбонлик учун 70 та буқа, 100 та қўчқор ва 200 та қўзи келтирилди.
33 Булардан ташқари, жамоа 600 та буқа ва 3000 та қўйни қурбонлик қилиш учун олиб келди.
34 Аммо руҳонийлар озчилик бўлганлари учун куйдириладиган ҳайвонларнинг терисини шилишга улгура олмаётган эдилар. Шу сабабдан уларнинг қариндошлари левилар то иш тугагунча ва бошқа руҳонийлар ўзларини поклагунча уларга қарашиб турдилар. Левилар, руҳонийларга қараганда, ўзларини поклаш масаласига жиддийроқ ёндашган эдилар.
35 Куйдириладиган қурбонликларнинг миқдори ниҳоятда кўп эди. Булардан ташқари, тинчлик қурбонликларининг ёғлари ва куйдириладиган қурбонликлар билан бирга келтириладиган шароб назри ҳам ғоятда мўл эди. Шу йўсинда, Эгамиз уйидаги хизмат қайта тикланди.
36 Худонинг Ўз халқига қилган бу ишидан Ҳизқиё ва бутун жамоа севинди. Буларнинг ҳаммаси қисқа вақтда содир бўлган эди.
Шоҳ Ҳизқиё Фисиҳ зиёфати ва Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлайди
1-4 Исроил халқи Фисиҳ зиёфатини ўз вақтида — биринчи ойда нишонлай олмаган эди, чунки кўп руҳонийлар ўзларини ҳануз покламаган ва одамларнинг аксарият қисми Қуддусга йиғилмаган эди. Шунинг учун шоҳ Ҳизқиё, унинг аъёнлари ва Қуддусдаги жамоа Фисиҳ зиёфатини иккинчи ойда нишонлашга қарор қилдилар. Шоҳ Ҳизқиё бутун Исроил ва Яҳудо халқига, шунингдек, Эфрайим ва Манаше қабилаларига бу ҳақда хабар жўнатиб, уларни Исроил халқининг Худосига — Эгамизга аталган Фисиҳ зиёфатини нишонлаш учун Эгамизнинг Қуддусдаги уйига таклиф қилди.
5 Жанубдаги Бершебадан тортиб, то шимолдаги Дан шаҳригача бўлган Исроил ҳудудларида истиқомат қилган ҳамма одамлар Фисиҳ зиёфатини нишонлаш учун Қуддусга таклиф қилинди. Негаки бу зиёфат анча вақтдан бери, қонунда кўрсатилгандай, бутун халқ томонидан нишонланмаган эди.
6 Чопарлар шоҳ ва унинг аъёнлари номидан ёзилган мактубни бутун Исроил ва Яҳудо халқларига етказдилар. Мактубда қуйидагилар битилган эди:
“Эй Оссурия босқинчиларидан омон қолган Исроил халқи! Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худоси — Эгамизга қайтинглар, шунда У ҳам сизга қайтади.
7 Эгаси Худога хиёнат қилган ота–боболарингизга ва Исроиллик қариндошларингизга ўхшаманглар. Ўзингиз кўриб турганингиздай Худо уларни қаттиқ жазолади.
8 Ота–боболарингиз сингари қайсар бўлманглар, Эгамизга бўйсунинглар, Унинг Маъбадига келинглар. Эгамиз Маъбадни абадий муқаддас қилган. Эгангиз Худога сажда қилинглар, ана шунда У ғазабидан тушади.
9 Агар Эгамизга қайтсангиз, қариндошу бола–чақаларингизни асир қилган босқинчилар уларга раҳм қиладилар, уйларига қайтиб келишларига йўл қўядилар. Зотан, Эгангиз Худо иноятли ва раҳмдилдир. Унга қайтсангиз, У сиздан юзини ўгирмайди.”
10 Шундай қилиб, чопарлар то шимолдаги Забулун ҳудудигача бўлган Эфрайим ва Манаше ҳудудларидаги ҳамма шаҳарларга кириб чиқдилар. Лекин одамлар заҳархандалик билан уларни масхара қилдилар.
11 Фақат Ошер, Манаше ва Забулун қабиласидан баъзилари итоат этиб, Қуддусга келдилар.
12 Яҳудо халқини эса Худо бирлаштириб, уларга шоҳ ва аъёнларнинг кўрсатмасини бажаришга хоҳиш берган эди. Бу кўрсатма Эгамизнинг амрига асосланган эди.
13 Иккинчи ойда Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлаш учун жуда кўп халқ Қуддусга йиғилди.
14 Улар Қуддусдаги ҳамма бегона қурбонгоҳларни ва ҳамма тутатқи қурбонгоҳларини қўпориб, Қидрон сойлигига улоқтириб ташладилар.
15 Иккинчи ойнинг ўн тўртинчи куни эса Фисиҳ қўзиларини сўйдилар. Ўзларини покламаган руҳонийлар ва левилар уятли аҳволда қолганидан покланиш маросимини адо этиб, куйдириладиган қурбонликларини Эгамизнинг уйига олиб келдилар.
16 Сўнг улар Худонинг одами Мусонинг қонунига мувофиқ Маъбадда ўз жойларини эгалладилар. Руҳонийлар левиларнинг қўлидан қурбонлик қонини олиб, қурбонгоҳга сепдилар.
17 Халқдан кўпчилиги ўзларини покламагани учун Фисиҳ қўзисини қурбон қила олмадилар. Бундай одамларнинг Фисиҳ қўзисини сўйиш ва Эгамизга аташ вазифасини левиларнинг ўзлари бажардилар.
18 Эфрайим, Манаше, Иссахор ва Забулун қабиласидан келганларнинг аксарияти ўзларини покламаган бўлсалар–да, Худонинг қонунига зид равишда Фисиҳ таомидан тановул қилдилар. Лекин Ҳизқиё улар учун қуйидагича ибодат қилди: “Эй Эгам, мурувватинг ила бу бандаларингни кечир.
19 Улар покланиш маросимини адо этмаган бўлсалар–да, эй Эгамиз, улар Сенга чин юракдан сажда қилишга қарор этганлар. Ахир, Сен ота–боболарининг Худосисан.”
20 Ҳизқиёнинг ибодатини Эгамиз эшитиб, халқни кечирди, уларга зарар етказмади.
21 Қуддусда тўпланган халқ катта хурсандчилик билан етти кун давомида Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлади. Левилар ва руҳонийлар ҳар куни созларнинг баланд куйлари жўрлигида Эгамизни мадҳ қилдилар.
22 Ҳизқиё Эгамизга хизмат қилишда моҳирлик кўрсатган ҳамма левиларни руҳлантирди. Хуллас, халқ тинчлик назрларини қурбон қилди, ота–боболарининг Худосига — Эгамизга шукроналар айтиб, етти кун байрам таомини тановул қилди.
Иккинчи байрам
23 Бутун жамоа байрамни яна етти кун нишонлашга қарор қилди. Шундай қилиб, улар яна етти кун хурсандчилик билан байрам қилдилар.
24 Яҳудо шоҳи Ҳизқиё жамоага қурбонлик қилиш учун 1000 та буқа ва 7000 та қўй берди. Шоҳ аъёнлари эса 1000 та буқа ва 10.000 та қўй бердилар. Жуда кўп руҳонийлар ўзларини покладилар.
25 Яҳудо халқи, руҳонийлар, левилар, Исроил халқи, Исроил ва Яҳудода истиқомат қилаётган мусофирлар ўзларида йўқ хурсанд эдилар.
26 Қуддусда катта хурсандчилик ҳукм сурарди. Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймон замонидан бери Қуддусда бундай воқеа юз бермаган эди.
27 Сўнгра руҳонийлар ва левилар туриб, халқни дуо қилдилар. Уларнинг ибодати Худонинг самодаги муқаддас маконига етиб, ижобат бўлди.
Шоҳ Ҳизқиёнинг ислоҳотлари
1 Байрам тугагандан кейин, ўша ердаги бутун халойиқ Яҳудо, Бенямин, Эфрайим ва Манаше ҳудудидаги шаҳарларга бориб, бутсимон тошларни парчалаб ташладилар, Ашеранинг устунларини кесдилар, саждагоҳлар ва қурбонгоҳларни вайрон қилдилар. Биттасини ҳам қолдирмадилар. Шундан кейин ҳаммалари ўз шаҳарларига, ўзларининг мулкига қайтдилар.
2 Ҳизқиё руҳонийларни ва левиларни гуруҳларга бўлди. Ҳар бир гуруҳга қуйидаги вазифаларни тақсимлаб берди: Эгамизнинг Маъбади ҳовлисида куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини назр қилиш, у ерда хизмат қилиб, ҳамду сано ва мадҳиялар айтиш.
3 Эгамизнинг қонунига кўра, ҳар куни эрталаб ва кечқурун, Шаббат кунлари, янги ой шодиёналари ва тайинланган байрам кунлари куйдириладиган қурбонликлар келтирилиши лозим эди. Шоҳ Ҳизқиё ўзининг шахсий мулкидан бу қурбонликлар учун ҳайвонларни берди.
4 У Қуддусда яшаган халққа: “Руҳонийлар ва левиларга тегишли улушни беринглар, токи улар ўзларини тўлиқ Эгамизнинг қонунларини бажаришга бағишласинлар”, деб фармон берди.
5 Фармон берилгач, халқ буғдойнинг, шароб, зайтун мойи, асал ва далада етиштирилган донларнинг биринчи ҳосилидан мўл қилиб, олиб келдилар. Улар олиб келган ҳамма нарсанинг ушри ниҳоятда мўл эди.
6 Яҳудо шаҳарларида яшаган Исроил ва Яҳудо халқи мол–қўйларининг ушрини ҳамда Эгаси Худога атаб бағишланган инъомларнинг ушрини олиб келиб, уюм–уюм қилдилар.
7 Халқ инъомлар олиб келишни учинчи ойда бошлаб, еттинчи ойда тугатди.
8 Ҳизқиё ва унинг аъёнлари келиб уюм–уюм инъомларни кўришгач, Эгамизга ҳамду сано айтиб, Исроил халқини дуо қилишди.
9 Ҳизқиё руҳонийлар ва левилардан бу инъомлар ҳақида сўраганда,
10 Зодўх хонадонидан бўлган олий руҳоний Озариё Ҳизқиёга шундай жавоб берди: “Халқ инъомларни Эгамизнинг уйига олиб кела бошлаганидан бери, озуқамиз етарли. Жуда кўп ортиб қолгани ҳам бор. Ҳа, Эгамиз Ўз халқига барака берди, ортганининг кўплигини бир кўриб қўйинг.”
11 Шунда Ҳизқиёнинг буйруғига биноан, Эгамиз уйининг омборхоналари тайёрланди.
12 Бу омборхоналарга ҳамма ҳадялар, ушрлар ва бағишланган инъомлар қўйилди. Буларга назоратчи қилиб леви Хонаниё, унинг ёрдамчиси қилиб укаси Шимах тайинланди.
13 Уларнинг қўли остида қуйидаги ўн нафар леви ишлайдиган бўлди: Ёхиёл, Озазиё, Нахат, Осойил, Яримўт, Йўзабад, Элиёл, Йисмахиё, Махат ва Бинаё. Буларнинг ҳаммаси шоҳ Ҳизқиё ва олий руҳоний Озариё томонидан тайинланган эдилар.
14 Кори Маъбаднинг шарқий дарвозаси дарвозабони бўлиб, Худога кўнгилдан қилинган назрлар учун масъул эди. Кори леви Йимнахнинг ўғли эди. Унинг вазифаси Эгамизга аталган инъомларни ва энг муқаддас назрларни руҳонийлар ва левиларга бўлиб бериш эди.
15 Унинг содиқ ёрдамчилари Эден, Минёмин, Ешува, Шамаё, Эмориё ва Шаханиё эдилар. Улар руҳонийларга қарашли шаҳарларда хизмат қилиб, у ердаги руҳонийларнинг оилаларига гуруҳлари бўйича улуш тақсимлаб беришар эди. Ёшу қарига бир хил улуш ажратишарди:
16 Эгамизнинг уйидаги хизматни гуруҳлари бўйича бажарадиган ҳамма эркакларга, шунингдек, насабномада номлари қайд этилган уч ва ундан юқори ёшдаги ўғил болаларга улуш беришарди.
17 Улар хонадонлари бўйича рўйхатга олинган руҳонийларга, шунингдек, йигирма ва ундан юқори ёшдаги левиларга улуш ажратишарди. Левиларнинг рўйхати бажарадиган вазифалари ва гуруҳлари асосида тузилган эди.
18 Насабномада номлари қайд этилган ҳамма эркакларнинг оилаларига — хотини, ўғил–қизлари, чақалоқларига ҳам улуш бериларди. Зотан, улар ўзларини пок сақлашда садоқат кўрсатар эдилар.
19 Шаҳарларнинг четларида истиқомат қилган, Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларга келсак, уларга ҳам улуш тарқатадиган одамлар тайинланган эди. Бу одамлар руҳоний уруғидан бўлган ҳар бир эркак зотига ва рўйхатга олинган ҳар бир левига улуш беришар эди.
20 Шу йўсинда, Ҳизқиё бутун Яҳудо бўйлаб улуш тарқатиш вазифасини уддалади. У Эгаси Худо олдида яхши, тўғри ва ҳалол ишлар қилди.
21 Маъбад хизматига, Худонинг қонунлари ва амрларига оид қилган ҳар бир ишини Худога интилган ҳолда, чин юракдан қилгани учун кўп муваффақиятга эришди.
Оссурияликлар Қуддусга хавф солади
1 Шоҳ Ҳизқиё садоқат билан бажарган бу ишларидан кейин, Оссурия шоҳи Санхарив Яҳудога бостириб келди. У мустаҳкам шаҳарларни эгаллаб олиш мақсадида уларни қамал қилди.
2 Санхарив Қуддусга ҳужум қилмоқчи бўлганини Ҳизқиё билгач,
3 лашкарбошилари ва жангчиларига маслаҳат солди. Улар шаҳар ташқарисидаги булоқлар оқимини тўхтатишга қарор қилдилар.
4 Бир талай халойиқ тўпланиб: “Нимага энди Оссурия шоҳи келиб, мўл–кўл сувга эга бўлар экан”, дея ҳамма булоқларни ва ҳудуддан оқиб ўтган ирмоқни тўхтатди.
5 Ҳизқиё қатъият билан ишга киришиб, бузилган деворни қурдирди, девор устига миноралар ўрнатди. Шаҳар деворининг ташқарисидан яна бир девор кўтартирди. Шунингдек, Довуд қалъасининг шарқ томонидаги Миллони тузаттирди, кўплаб қурол–аслаҳа ва қалқонлар ясаттирди.
6 Шаҳардаги ҳамма эркаклар устидан лашкарбошилар тайинлаб, уларни шаҳар дарвозаси олдидаги майдонга тўплади. Ҳаммаларига далда бериб, шундай деди:
7 “Дадил ва ботир бўлинглар, қўрқманглар. Оссурия шоҳи ва унинг тўдалари олдида ваҳимага тушманглар, чунки буюк куч биз томонда, улар томонда эмас.
8 Улар томонда инсоний қудрат бўлса, биз томонда Эгамиз Худодир. У бизга ёрдам беради, биз учун жанг қилади.” Яҳудо шоҳи Ҳизқиёнинг сўзларидан халқ руҳланиб кетди.
9 Оссурия шоҳи Санхарив жамики лашкари билан Лахиш шаҳрини қамал қилган пайтда, ўз аъёнларини Қуддусга — Яҳудо шоҳи Ҳизқиё ва Қуддус аҳолиси олдига қуйидаги хабар билан жўнатди:
10 “Оссурия шоҳи Санхарив шундай демоқда: сизлар ўзи нимангизга ишоняпсизлар? Нимага қамалда қолган Қуддусда ҳануз ўтирибсизлар?
11 Оссурия шоҳи қўлидан Эгамиз Худо бизни қутқаради, деб Ҳизқиё сизларни алдамасин. У сизларни очлигу ташналикдан ҳалок қилмоқчи!
12 Эгангизнинг саждагоҳларини ва қурбонгоҳларини йўқ қилган Ҳизқиёнинг ўзи эмасми?! У Яҳудо халқига ва Қуддусликларга: «Фақат битта қурбонгоҳ олдида сажда қилинглар, ёлғиз ўшанинг устида қурбонликлар келтиринглар», деб айтган экан.
13 Наҳотки мен ва оталарим бошқа юртларнинг халқларини нималар қилганини билмасангиз?! Ўша халқларнинг худолари қани?! Бирортаси ўз юртини менинг қўлимдан қутқара олдими?!
14 Менинг ота–боболарим ер юзидан супуриб ташлаган қайси бир халқнинг худоси ўз юртини менинг қўлимдан қутқара олибдики, Худойингиз сизни қутқара олса?!
15 Энди Ҳизқиёнинг алдовларига учманглар, у сизларни йўлдан урмасин. Унга ишонманглар, бирор халқнинг ёки шоҳликнинг худоси ўз халқини менинг қўлимдан ёки оталаримнинг қўлидан қутқара олмаган. Худойингиз ким бўлибдики, сизларни менинг қўлимдан қутқара олса.”
16 Санхаривнинг аъёнлари гапида давом этиб, Парвардигор Эгамиз ва Унинг қули Ҳизқиёни ҳақоратладилар.
17 Шоҳ Санхарив ёзган мактубида ҳам Исроил халқининг Худоси — Эгамизни таҳқирлаб, Уни шундай сўзлар билан масхара қилган эди: “Бошқа юртларнинг худолари ўз халқларини менинг қўлимдан қутқара олмагани сингари, Ҳизқиёнинг худоси ҳам ўз халқини менинг қўлимдан қутқара олмайди.”
18 Аъёнлар бу гапларини иброний тилида девор устида турган Қуддус халқига бақириб айтдилар. Улар Қуддусни қўлга киритиш ниятида аҳолини ваҳимага солиб, қўрқитиб қўймоқчи эдилар.
19 Қуддус Худосини бошқа халқларнинг худолари қаторида кўрдилар, У тўғрида худди инсон қўли билан яратилган бутлар ҳақида гапиргандай гапирдилар.
20 Шоҳ Ҳизқиё ва Омиз ўғли Ишаё пайғамбар Худога илтижо қилиб ёрдам сўрадилар.
21 Эгамиз фариштасини жўнатган эди, фаришта Оссурия шоҳи қароргоҳидаги ҳамма баҳодир жангчиларни, лашкарбошиларни ва аъёнларни қириб ташлади. Санхарив шармандаларча ўз юртига қайтиб кетди. У ўз худосининг уйига кирганда, ўғилларининг баъзилари унга қилич уриб ўлдирдилар.
22 Шундай қилиб, Эгамиз шоҳ Ҳизқиёни ва Қуддус аҳолисини Оссурия шоҳи Санхаривнинг қўлидан ва бутун ғанимлари қўлидан қутқарди. Яҳудо халқига Эгамиз ҳар тарафдан осойишталик ато қилди.
23 Кўп одамлар Қуддусга ташриф буюриб, Эгамизга назрлар, Яҳудо шоҳи Ҳизқиёга қимматбаҳо тортиқлар олиб келдилар. Ўша пайтдан бошлаб ҳамма халқлар Ҳизқиёни юксак даражада ҳурмат қиладиган бўлдилар.
Шоҳ Ҳизқиёнинг хасталиги
24 Ўша кунлари Ҳизқиё тузалмас хасталикка йўлиқиб, ўлим тўшагига ётиб қолди. У Эгамизга ибодат қилган эди, Эгамиз унга жавоб бериб, хасталигидан тузалишини тасдиқлайдиган бир аломат кўрсатди.
25 Аммо Ҳизқиё ношукурчилик қилиб, ўзини мағрур тутгани учун ўз бошига ҳамда Яҳудо ва Қуддус устига Эгамизнинг ғазабини келтирди.
26 Ниҳоят, Ҳизқиё ва Қуддус аҳолиси юрагидаги мағрурлигидан тавба қилди. Шу сабабдан Эгамиз шоҳ Ҳизқиё даврида халққа ғазабини сочмади.
Шоҳ Ҳизқиёнинг бойлиги ва ҳашамати
27 Ҳизқиё бой–бадавлат бўлиб, юксак обрўга эришди. У ўзининг кумушлари, олтин, қимматбаҳо тошлари, зираворлари, қалқонлари ва ҳамма қимматли буюмлари учун хазиналар қурдирди.
28 Буғдой, шароб ва зайтун мойлари учун омборхоналар, барча турдаги моллари учун оғилхоналар, қўйлари учун қўтонлар қурдирди.
29 Кўплаб шаҳарлар бунёд этиб, пода ва сурувларини кўпайтирди, чунки Худо унга беҳад бойлик берган эди.
30 Ҳизқиё Гихўн булоғининг юқори қисмини беркитиб, қаздирган қувур орқали сувни Қуддус ичига олиб кирди. У ҳамма ишларида муваффақиятга эришди.
31 Бироқ Бобил шаҳзодалари Яҳудо юртида юз берган мўъжизали аломат тўғрисида сўраш учун ўз элчиларини Ҳизқиё ҳузурига жўнатганларида, Худо Ҳизқиёни ўз ҳолига қўйиб қўйганди. Худо Ҳизқиёни синаб, унинг дилидаги асл ниятларини билмоқчи эди.
32 Ҳизқиёнинг бошқа ишлари, қилган яхшиликлари “Яҳудо ва Исроил шоҳлари китоби”даги “Омиз ўғли Ишаё пайғамбарнинг ваҳийси”да ёзилган.
33 Ҳизқиё оламдан ўтиб, Довуд насли хилхонасининг тўрига дафн қилинди. Ҳизқиё вафот этганда, бутун Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси унга иззат–ҳурмат кўрсатди. Унинг ўрнига ўғли Манаше шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Манаше
1 Манаше ўн икки ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда эллик беш йил ҳукмронлик қилди.
2 У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Эгамиз Ўз халқи Исроилнинг олдидан қувиб юборган халқларнинг жирканч одатларига эргашди.
3 Отаси Ҳизқиё бузиб ташлаган саждагоҳларни қайтадан барпо этди, Баалга атаб қурбонгоҳлар қурди, Ашерага атаб устунлар ўрнатди. Барча самовий жисмларга сажда этиб хизмат қилди.
4 Манаше Эгамизнинг то абад улуғланиши керак бўлган уйида бегона худоларга атаб, қурбонгоҳлар қурди.
5 Эгамиз уйининг иккала ҳовлисида ҳам жамики самовий жисмларга сажда қилиш учун қурбонгоҳлар барпо қилдирди.
6 Ўғилларини Хиннум сойлигида қурбонлик қилиб, оловда куйдирди, фоллар очтирди, таъбирчиларга эътиқод қилди, сеҳр–жоду билан шуғулланди, арвоҳ чақирувчиларга маслаҳат солди. Эгамиз олдида кўп қабиҳ ишлар қилиб, Уни ғазаблантирди.
7 Ўзи ясаттирган бутни Худонинг уйига ўрнатди. Худо бу уй тўғрисида Довуд билан унинг ўғли Сулаймонга шундай деган эди: “Мен бу уйни ва Қуддусни Исроил қавмлари яшайдиган масканлар орасидан танлаб олганман. Мен то абад ўша ерда улуғланаман.
8 Улар амрларимни битта қолдирмай бажарсалар, қулим Мусо орқали берган қонун–қоида ва талабларимга риоя қилсалар, Исроил халқининг ота–боболарига Мен берган ердан ҳайдалишларига йўл қўймайман.”
9 Манаше Яҳудо халқини ва Қуддус аҳлини шу қадар йўлдан оздирдики, улар Канъон юртидан Эгамиз йўқотиб юборган халқлардан ҳам кўра, кўпроқ қабиҳ ишлар қилдилар.
Шоҳ Манаше тавба қилади
10 Эгамиз шоҳ Манашени ва унинг халқини огоҳлантирди, лекин улар қулоқ солмадилар.
11 Шунинг учун Эгамиз уларга қарши Оссурия лашкарбошиларини жўнатди. Улар Манашени асирга олдилар, бурнидан ҳалқа ўтказиб, уни занжирбанд қилдилар ва Бобилга олиб келдилар.
12 У кулфатда қолгач, Эгаси Худодан шафқат сўраб илтижо қилди, ота–боболарининг Худосига бўйин эгди.
13 Илтижо қилганда, Худо Манашенинг илтижосини қабул қилди, уни яна Қуддусга — ўз шоҳлигига қайтарди. Шунда Манаше, Эгамиз ҳақиқатан ҳам Худо эканлигини билди.
14 Шундан кейин Манаше Довуд қалъасининг шарқ томонидаги ташқи деворини тузатиб, уни баланд қилиб кўтартирди. Бу девор Қидрон сойлигидаги Гихўн булоғидан то шимолдаги Балиқ дарвозасигача ва шаҳардаги Офел тепалигининг атрофи бўйлаб қурилган эди. Манаше Яҳудонинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларига лашкарбошилар тайинлади.
15 Эгамизнинг уйидан бегона худоларнинг тасвирларини ва ўзи ўрнатган бутни олиб ташлади, Эгамизнинг уйи турган тоғда ва Қуддуснинг бошқа жойларида ўзи қурдирган қурбонгоҳларни буздириб, шаҳар ташқарисига чиқартирди.
16 Сўнг Эгамизнинг қурбонгоҳини қайтадан қурдириб, қурбонгоҳ устида тинчлик қурбонликлари ва шукрона қурбонликларини атади. Яҳудо халқига: “Исроил халқининг Худоси — Эгамизга сажда қилинглар”, деб фармон берди.
17 Халқ бошқа саждагоҳларда қурбонлик қилишда давом этди. Аммо қилган барча қурбонликларини улар Эгаси Худога атар эдилар.
Манаше ҳукмронлигининг сўнгги даврлари
18 Манашенинг бошқа ишлари, Худога қилган ибодати, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз номидан валийлар унга берган хабарлар “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
19 Унинг илтижоси ва Худонинг берган жавоби, тавба қилмасдан олдин қилган ҳамма гуноҳлари ва Худога қилган хиёнати, қурдирган саждагоҳлари, сиғинган бутлари ва Ашеранинг устунлари тўғрисида валийлар китобида ёзилган.
20 Манаше оламдан ўтиб, ўз уйида дафн қилинди. Ўрнига ўғли Омон шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Омон
21 Омон шоҳ бўлганда, йигирма икки ёшда эди. У Қуддусда икки йил ҳукмронлик қилди.
22 Омон ҳам, отаси Манаше каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Отаси Манаше ясаттирган ҳамма бутларга қурбонлик қилиб, хизмат этди.
23 Отаси Манаше Эгамизга бўйин эгган бўлса, Омон Эгамизга бўйин эгмади, отасидан ҳам кўпроқ гуноҳ орттирди.
24 Омоннинг аъёнлари фитна уюштириб, уни ўз саройида ўлдирдилар.
25 Яҳудо халқи ўз шоҳи Омонга фитна уюштирганларнинг ҳаммасини ўлдириб, ўрнига ўғли Йўшиёни шоҳ қилиб кўтарди.
Яҳудо шоҳи Йўшиё
1 Йўшиё саккиз ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўттиз бир йил ҳукмронлик қилди.
2 У Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. Ўнгга ҳам, чапга ҳам оғмасдан, бобоси Довуднинг йўлидан юрди.
3 Ҳукмронлигининг саккизинчи йилида, ёшлигидан бобоси Довуднинг Худосига интила бошлади. Ҳукмронлигининг ўн иккинчи йилида эса Яҳудо ва Қуддусни саждагоҳлардан, Ашеранинг устунларидан, ўйма ва қуйма бутлардан тозалай бошлади.
4 Унинг кўрсатмаси билан Баалнинг қурбонгоҳлари буздирилди, бу қурбонгоҳларнинг ёнидаги тутатқи қурбонгоҳлари ҳам синдириб ташланди. Ашеранинг устунлари, шунингдек, ўйма ва қуйма бутлар парчаланиб, бўлаклари ўша бутларга қурбонлик қилганларнинг қабрлари устига сочиб ташланди.
5 Йўшиё бутпараст руҳонийларнинг суякларини ўзлари сажда қилган қурбонгоҳлар устида ёқди. Шундай қилиб, у Яҳудо ва Қуддусни поклади.
6 Шимолдаги Нафтали ҳудудигача бўлган Манаше, Эфрайим ва Шимўн шаҳарларидаги ва уларнинг атрофида бўлган вайроналардаги
7 қурбонгоҳларни синдирди, Ашерага аталган устунларни кесди, бутларни парчалаб ташлади. Исроил юрти бўйлаб ҳамма тутатқи қурбонгоҳларини бузди. Шундан кейин Қуддусга қайтиб кетди.
Қонун китоби топилади
8 Йўшиё юртни ва Эгамизнинг уйини поклагандан кейин, ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йилида Озалиё ўғли Шофонни, Қуддус ҳокими Масиёни ва мушовир Йўхоз ўғли Йўхни Эгаси Худонинг уйини тузатишга юборди.
9 Улар олий руҳоний Хилқиёнинг олдига келиб, Худонинг уйига келтирилган кумушни унга топширдилар. Леви дарвозабонлари бу кумушни Манаше, Эфрайим ва Исроил халқининг омон қолганларидан, шунингдек, Яҳудо, Бенямин қабилаларидан ва Қуддус аҳолисидан тўплаб олган эдилар.
10 Улар кумушни Эгамизнинг уйида меҳнат қилаётган ишбошиларга топширдилар. Ишбошилар эса кумушни олиб, Эгамизнинг уйидаги бузилган жойларни таъмирлаётган усталарга тўладилар.
11 Қолганини эса дурадгор ва бинокорларга бердилар. Улар бу кумушга Яҳудо шоҳлари қаровсиз қолдирган хароб биноларни тузатиш учун тош ва ёғочларни сотиб олдилар.
12 Ишчилар сидқидилдан меҳнат қилдилар. Уларга назоратчи қилиб Марори наслидан левилар Яхат ва Ободиё тайинланди, Қоҳот уруғидан эса левилар Закариё ва Машуллом тайинланди. Мусиқа асбобларини чаладиган ҳамма левилар
13 юк ташувчиларга ҳамда турли хизматдаги ишчиларга масъул эдилар. Левиларнинг баъзилари эса котиб, маъмур ва дарвозабон эдилар.
14 Эгамизнинг уйидаги кумуш олиб чиқилаётганда, руҳоний Хилқиё Эгамизнинг Мусо орқали берган Таврот китобини топиб олди.
15 У котиб Шофонга:
— Эгамизнинг уйидан Таврот китобини топиб олдим, — деб китобни Шофонга берди.
16 Шофон эса китобни шоҳга олиб бориб, ҳисобот берди: “Қулларингиз топширилган ҳамма ишларни бажаряптилар.
17 Улар Эгамизнинг уйидаги бор кумушни ўша ердаги ишбошиларга ва ишчиларга бердилар.”
18 Сўнг: “Руҳоний Хилқиё мана бу китобни менга берди”, — дея қўшимча қилгач, Таврот китобини шоҳга овоз чиқариб ўқиб берди.
19 Шоҳ Таврот сўзларини эшитгач, ваҳимага тушганидан кийимларини йиртди.
20 Кейин руҳоний Хилқиёга, Шофон ўғли Охихамга, Михиё ўғли Ахборга, котиб Шофонга ва ўзининг мулозими Осоёҳга шундай фармон берди:
21 — Боринглар, топилган бу китобдаги сўзларга мувофиқ, мен тўғримда ҳам, Исроил ва Яҳудо халқларининг омон қолганлари тўғрисида ҳам Эгамизнинг хоҳиш–иродасини сўранглар. Оталаримиз бу китобдаги сўзларга қулоқ солмаганлари учун, Эгамизнинг амрларига риоя қилмаганлари учун Эгамизнинг даҳшатли ғазаби бизнинг устимизга ёғилди.
22 Руҳоний Хилқиё ва шоҳ жўнатган одамлар Хулда исмли пайғамбар аёл ҳузурига бориб, унга маслаҳат солдилар. Хулда пайғамбар Эгамизнинг уйидаги муқаддас либослар посбони Шаллумнинг хотини эди. Шаллум Тихвонинг ўғли, Хархаснинг набираси эди. Хулда Қуддуснинг янги даҳасида яшарди.
23 Хулда уларга шундай деди:
“Исроил халқининг Худоси — Эгамиз демоқда: сизларни Менинг ҳузуримга юборган одамга шу гапларимни айтинглар:
24 «Мен бу юртга ҳам, бу юртда яшаётган халққа ҳам фалокат келтираман. Яҳудо шоҳи ҳузурида ўқилган китобдаги ҳамма лаънатларни уларга ёғдираман.
25 Улар Мендан юз ўгирганлари учун, бошқа худоларга қурбонликлар келтириб, ўз қўллари билан ясаган бутлари туфайли қаҳримни келтирганлари учун бу юртга ғазабим ёғилади ва асло босилмайди.»
26 Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билиш учун сизларни юборган Яҳудо шоҳига шу хабарни беринглар: Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сен эшитган сўзларинг тўғрисида шуни айтмоқда:
27 «Сен бу юртга ва юртнинг халқига қарши айтган сўзларимни эшитганингдан кейин, юрагинг юмшади, Менга бўйин эгдинг. Сен Менга бўйин эгганинг учун, қайғудан либосларингни йиртиб, ҳузуримда йиғлаганинг учун Мен илтижоларингни эшитдим.
28 Шунга кўра, сен ота–боболаринг ёнига хотиржам кетасан, ўз қабрингга дафн этиласан. Бу юртга ва унинг аҳлига Мен келтирадиган жамики фалокатларни сен кўрмайсан.»”
Хилқиё ва унинг ҳамроҳлари бу хабарни шоҳга етказдилар.
Шоҳ Йўшиёнинг аҳди
29 Шоҳ Йўшиё хабар бериб, Яҳудо ва Қуддуснинг ҳамма оқсоқолларини ўз ҳузурига тўплади.
30 Жамики Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси, руҳонийлар, левилар, зодагонлару авом халқ шоҳ бошчилигида Эгамизнинг уйига борди. Шоҳ Эгамизнинг уйидан топилган Таврот китобини бошидан охиригача уларнинг олдида ўқиди.
31 Шоҳ Эгамизнинг уйи эшиги олдидаги ўз жойида туриб: “Эгамиз кўрсатган йўлдан юраман, амрларига итоат этаман, шартларига, фармонларига бутун қалбим билан, жону дилим билан қулоқ соламан, бу китобда ёзилган аҳд сўзларини адо этаман”, деб Эгамиз билан қайта аҳд қилди.
32 Сўнгра у Бенямин қабиласига ва Қуддусдаги ҳамма одамларга бу аҳдга риоя қилиш тўғрисида фармон берди. Ўша кундан бошлаб Қуддус аҳолиси ота–боболарининг Худоси билан қилган аҳд талабларини бажара бошладилар.
33 Йўшиё Исроил халқига қарашли ҳамма ҳудудлардан макруҳ бутларни йўқотди. Исроил халқининг ҳаммасини Эгаси Худога сажда қилдирди. Унинг даврида халқ ота–боболарининг Худоси — Эгамиздан юз ўгирмай, Унга хизмат қилди.
Шоҳ Йўшиё Фисиҳ зиёфати ва Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлайди
1 Шоҳ Йўшиё Қуддусда Эгамизнинг шарафига Фисиҳ зиёфатини нишонлади. Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни Фисиҳ қўзилари қурбонлик қилинди.
2 Йўшиё руҳонийларни хизматга тайинлаб, Эгамизнинг уйидаги хизматга уларни рағбатлантирди.
3 Сўнг Эгамизга бағишланган ва халққа таълим берган левиларга деди:
— Муқаддас Сандиқни Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймон қурган Эгамизнинг уйига олиб киринглар. Сандиқни бундан буён елкангизда кўтариб юришга ҳожат йўқ. Энди Эгангиз Худога ва Унинг халқи Исроилга хизмат қилинглар.
4 Шоҳ Довуднинг ва ўғли Сулаймоннинг ёзиб қолдирган кўрсатмаларига мувофиқ, хонадонингиз ва гуруҳларингиз бўйича хизматга тайёрланинглар.
5 Муқаддас масканга шундай тартибда жойлашингларки, Исроил халқининг бирорта хонадони эътиборингиздан четда қолиб кетмасин.
6 Фисиҳ қўзисини сўйиб, ўзингизни покланглар. Сўнг юртдошларингиз учун Фисиҳ қўзиларини тайёрлаб беринглар. Хуллас, Эгамизнинг Мусо орқали берган кўрсатмаларига риоя қилинглар.
7 Шоҳ Йўшиё бу ерда ҳозир бўлган халққа Фисиҳ қурбонликлари учун 30.000 та қўзи ва улоқчани, 3000 та буқани берди. Буларнинг ҳаммаси шоҳнинг шахсий мулкидан эди.
8 Шоҳнинг аъёнлари ҳам халққа, руҳоний ва левиларга қурбонликлар учун кўнгилдан чиқариб ҳайвонларни бердилар. Худонинг уйида хизмат қилувчиларнинг бошлиқлари Хилқиё, Закариё ва Ёхиёл руҳонийларга Фисиҳ қурбонликлари учун 2600 та қўзи билан улоқча ва 300 та буқа бердилар.
9 Хонаниё, унинг укалари Шамаё ва Натанил, левиларнинг йўлбошчилари Хашавиё, Явиёл ва Йўзабад Фисиҳ қурбонликлари учун левиларга 5000 та қўзи билан улоқча ва 500 та буқа бердилар.
10 Фисиҳ маросимига оид тайёргарликлар тугагач, руҳонийлар билан левилар шоҳнинг буйруғига биноан ўз жойларини эгалладилар.
11 Левилар Фисиҳ қўзиларини бўғизлаб, қонини руҳонийларга бердилар. Руҳонийлар қонни қурбонгоҳга сепдилар. Левилар эса қўзиларнинг терисини шилишга киришдилар.
12 Улар сўйилган қўзи, улоқча ва буқаларнинг қурбонгоҳда куйдириладиган қисмларини ажратиб қўйдилар. Сўнг буларни одамларга хонадонлари бўйича тақсимлаб бердилар. Токи ҳар бир хонадон ўзига тегишли қурбонлигини Эгамизга бағишлаб, Мусонинг қонунидаги кўрсатмаларга биноан келтирсин.
13 Левилар қонун–қоидага мувофиқ, Фисиҳ қўзиларини оловда пиширдилар, муқаддас қурбонликлар гўштини эса тоғораларда, қозонларда ва товаларда қайнатдилар. Гўшт тайёр бўлгач, уни дарров халқнинг олдига дастурхонга тортдилар.
14 Шундан сўнггина левилар ўзлари учун ва руҳонийлар учун Фисиҳ таомини тайёрлашга киришдилар. Негаки, Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларнинг қўли кечгача бўшамади, улар куйдириладиган қурбонликларни ва ёғларни куйдириш билан овора эдилар.
15 Осиф наслидан бўлган қўшиқчилар шоҳ Довуднинг, Осиф, Хаман ва шоҳнинг валийси Ёдутуннинг кўрсатмасига биноан ўз жойларида турдилар. Маъбад дарвозабонлари ҳам ўз жойларидан силжимадилар. Леви биродарлари уларга Фисиҳ таомини тайёрлаганлари учун хизматларини тўхтатишга зарурат бўлмади.
16 Шундай қилиб, ўша куни шоҳ Йўшиёнинг фармонига кўра, Эгамизга бағишланган ҳамма хизматлар бажарилди. Фисиҳ зиёфати нишонланиб, Эгамизнинг қурбонгоҳида куйдириладиган қурбонликлар келтирилди.
17 Исроил халқи Фисиҳ зиёфатини ва етти кун давомида Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлади.
18 Шомуил пайғамбар давридан буён Исроилда Фисиҳ зиёфати бу сингари нишонланмаган эди. Исроил шоҳларидан бирортаси, Йўшиё сингари Фисиҳ зиёфатини руҳонийлар, левилар, жамики Яҳудо ва Исроил халқи ҳамда Қуддус аҳолиси иштирокида нишонламаган эди.
19 Бу Фисиҳ зиёфати шоҳ Йўшиё ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йилида нишонланди.
Йўшиё ҳукмронлигининг сўнгги даври
20 Бу воқеалардан сўнг, Йўшиё Маъбадни тартибга солиб бўлгач, Миср шоҳи Нехо жанг қилгани Фурот дарёси бўйидаги Кархамиш шаҳрига лашкарини бошлаб келди. Йўшиё унга қарши отланди.
21 Лекин Нехо Йўшиёга элчилар орқали шундай хабар юборди:
“Эй Яҳудо шоҳи! Сен бу жангга аралашма! Мен сенга эмас, ўз душманларимга қарши урушга отландим. Худо менга, шошил, деб амр берди. Худо мен томонда, Унга қаршилик кўрсатишни бас қил, акс ҳолда, нобуд бўласан.”
22 Аммо Йўшиё жанг қилишдан қайтмади. Худонинг Нехо орқали айтган сўзларига қулоқ солмади. Шоҳона кийимларини ўзгартириб, Магидў текислигида жангга кирди.
23 Жанг пайтида Миср камонкашлари шоҳ Йўшиёга ўқ отдилар. Шунда шоҳ аъёнларига: “Мени бу ердан олиб чиқинглар, оғир яраландим”, деди.
24 Аъёнлар Йўшиёни жанг аравасидан олиб, бошқа жанг аравасига солдилар–да, Қуддусга олиб келдилар. Йўшиё шу ерда вафот этди. У ота–боболарининг хилхонасига дафн қилинди. Бутун Яҳудо ва Қуддус аҳолиси Йўшиё учун аза тутди.
25 Еремиё пайғамбар шоҳ Йўшиёга атаб марсия айтди. Шу кунга қадар эркак ва аёл қўшиқчилар Йўшиёни хотирлаганларида шу марсияни айтишади, бу Исроилда одат бўлиб қолди. Бу марсия қўшиғи “Марсиялар тўплами”га киритилган.
26 Йўшиёнинг бошқа ишлари, Эгамизга содиқлиги, Унинг қонунига биноан олиб борган фаолияти,
27 ҳаётидаги барча воқеалар, бошдан охиригача “Исроил ва Яҳудо шоҳлари китоби”да ёзилган.
Яҳудо шоҳи Ёҳухоз
1 Яҳудо халқи Йўшиёнинг ўғли Ёҳухозни отасининг ўрнига шоҳ қилиб кўтарди.
2 Ёҳухоз йигирма уч ёшида тахтга ўтириб, Қуддусда уч ой шоҳлик қилди.
3 Сўнгра Миср шоҳи Нехо уни Қуддус тахтидан тушириб, юрт халқидан 200 пуд кумуш ва 2 пуд олтин ўлпон талаб қилди.
4 Миср шоҳи Ёҳухознинг укаси Элияқимни Яҳудо ва Қуддусга шоҳ қилиб тайинлади. Унинг исмини ўзгартириб Ёҳайиқим қўйди. Акаси Ёҳухозни эса Мисрга олиб кетди.
Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим
5 Ёҳайиқим йигирма беш ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн бир йил ҳукмронлик қилди. У Эгаси Худонинг олдида қабиҳ ишлар қилди.
6 Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудога ҳужум қилди. У Ёҳайиқимни Бобилга олиб кетиш ниятида занжирбанд қилди.
7 Эгамизнинг уйидаги бир қанча идишларни Бобилга олиб кетиб, уларни Бобилдаги саройига қўйди.
8 Ёҳайиқимнинг бошқа ишлари, унинг қилган жирканч қилмишлари, ҳамма камчиликлари “Исроил ва Яҳудо шоҳлари китоби”да ёзилган. Унинг ўрнига ўғли Ёҳайихин шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Ёҳайихин
9 Ёҳайихин ўн саккиз ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда уч ой ва ўн кун ҳукмронлик қилди. У Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилди.
10 Ўша йили баҳорда шоҳ Навухадназар Ёҳайихинни ҳибсга олиб, Бобилга олиб кетди. У билан бирга Эгамизнинг уйидаги қимматбаҳо идишларни ҳам олиб кетди. Ёҳайихиннинг ўрнига амакиси Зидқиёни Яҳудо ва Қуддус устидан шоҳ қилиб тайинлади.
Яҳудо шоҳи Зидқиё
11 Зидқиё йигирма бир ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн бир йил ҳукмронлик қилди.
12 У Эгаси Худонинг олдида қабиҳ ишлар қилди. Эгамизнинг сўзларини аён қилган Еремиё пайғамбарга бўйин эгмади.
Қуддус қулайди
13 Шоҳ Навухадназар Зидқиёга Худонинг номи билан садоқат онтини ичдирган бўлса ҳам, Зидқиё Навухадназарга қарши исён кўтарди. У қайсарлик қилиб, Исроил халқининг Худосига — Эгамизга тавба қилишдан бош тортди.
14 Бош руҳонийларнинг ҳаммаси омма қаторида ўзга халқларнинг жирканч одатларига тақлид қилиб, Худога ўта бевафо бўлдилар. Шу йўсин, улар Эгамизнинг Ўзи муқаддас қилган Қуддусдаги уйни булғадилар.
15 Ота–боболарининг Худоси — Эгамиз Ўз халқи ва масканига раҳм қилиб, уларнинг олдига қайта–қайта пайғамбарларини жўнатди.
16 Лекин улар Худонинг элчиларини ҳақорат қилиб, Худонинг сўзларидан нафратландилар, пайғамбарларни масхара қилдилар. Охири Эгамиз Ўз халқидан шу қадар ғазабландики, улар нажотсиз қолдилар.
17 Эгамиз уларга қарши Бобил шоҳини тортиб келди. Бобил шоҳи Маъбадда уларнинг ёшларини қиличдан ўтказди, на ёш эркакка, на аёлга, на кексага, на хастага шафқат қилди. Худо Яҳудо халқининг ҳаммасини Бобил шоҳининг қўлига берган эди.
18 Бобил шоҳи Худонинг уйидаги каттаю кичик буюмларни, жамики хазинани, шоҳ ва унинг аъёнлари хазиналарини, хуллас, ҳамма нарсани Бобилга олиб кетди.
19 Худонинг уйига эса ўт қўйди, Қуддус деворини бузиб ташлади, барча ҳашаматли биноларни ёндирди, Қуддусдаги ҳамма қимматбаҳо ашёларни йўқ қилиб ташлади.
20 Қиличдан омон қолганларини эса Бобилга сургун қилди. Форс шоҳлиги қарор топгунга қадар Яҳудо халқи Бобил шоҳига ва унинг авлодларига қул бўлиб қолди.
21 Юрт бўм–бўш чўлга айланди. Ерга дам берилмаган йилларнинг сони тўлгунча, етмиш йил давомида ташландиқ бўлиб ётди. Шундай қилиб, Эгамизнинг Еремиё пайғамбар орқали айтган сўзлари амалга ошди.
Шоҳ Куруш Яҳудо халқига озодлик беради
22 Форс шоҳи Куруш ҳукмронлигининг биринчи йилида Эгамизнинг Еремиё орқали билдирган сўзлари бажо бўлиши учун, Эгамиз шоҳ Курушнинг юрагига Қуддусдаги Маъбадни қайта қуриш истагини солди. Шундай қилиб, Куруш ўз шоҳлигининг ҳамма томонига хабарчилар жўнатди ва ёзма фармонда қуйидагиларни эълон қилди:
23 “Форс шоҳи Куруш шундай демоқда: Самовий Худо — Эгамиз ер юзидаги жамики шоҳликларни менга берган. У Яҳудо юртидаги Қуддусда Ўзига бир уй қуришни менга топширди. Худонинг халқидан бўлган ҳар бир кимса Қуддусга борсин, Эгаси Худо унга ёр бўлсин.”