2 Шоҳлар
Довуд Шоулнинг ўлимидан хабар топади
1 Шоул ҳалок бўлгандан кейин, Довуд Омолек халқини енгиб, Зихлах шаҳрига қайтиб келди ва у ерда икки кун қолди.
2 Учинчи куни Шоулнинг қароргоҳидан Довуднинг олдига бир одам келди. У қайғудан кийимларини йиртган, бошига тупроқ сочган, аянчли аҳволда эди. Ўша одам Довуднинг олдига келгач, мук тушиб, унга таъзим қилди.
3 — Қаердан келяпсан? — деб сўради Довуд.
— Исроил қароргоҳидан қочиб келдим, — деди у одам.
4 — Айт–чи, нима бўлди? — деб сўради Довуд.
— Сипоҳлар уруш майдонидан қочдилар, одамларимиздан кўплари ўлдирилди, Шоул билан ўғли Йўнатан ҳам ҳалок бўлди, — деди у. Шунда Довуд:
5 — Шоул билан ўғли Йўнатаннинг ҳалок бўлганини қаердан биласан? — деб сўради хабар келтирган йигитдан.
6 — Тасодифан Гилбова тоғига борган эдим, — деб гапида давом этди у. — Шоул найзасига зўрға суяниб турар, душман отлиқлари ва жанг аравалари эса унга томон ёпирилиб келаётган экан.
7 Шоул орқасига қараб, мени кўриб қолиб чақирди. “Лаббай”, дедим мен.
8 “Сен кимсан?” деб сўради Шоул. “Омолек халқиданман”, дедим мен.
9 Сўнг у: “Бу ёққа кел, мени ўлдир. Тарашадай бўлиб серрайиб қолдим–у, лекин жоним чиқмаяпти”, деди.
10 Шоҳ оғир яралангани учун энди яшай олмаслигига кўзим етиб, уни ўлдирдим. Бошидаги тожини ва қўлидаги билакузугини олиб, сизга — жаноби олийларига келтирдим.
11 Довуд бу гапни эшитиб, қайғудан кийимларини йиртди. Бошқалар ҳам шундай қилдилар.
12 Шоул ва унинг ўғли Йўнатан, Эгамизнинг лашкари — Исроил халқидан кўпчилиги жангда ҳалок бўлган эдилар. Шунинг учун ҳаммалари оқшомгача аза тутиб фарёд қилдилар, рўза тутдилар.
13 Довуд шум хабарни олиб келган йигитдан:
— Қаерликсан? — деб сўради.
— Мен Омолек халқиданман, бегона халқданман, — деди йигит.
14 — Эгам мой суртиб Шоулни шоҳ қилиб танлаган эди–ку! Шундай шоҳга қўл кўтариб, ўлдиришдан қўрқмадингми? — деди Довуд унга.
15 Кейин Довуд битта сипоҳини чақирди–да:
— Қани, ўлдир уни! — деб буюрди. Сипоҳ ўша Омолек йигитга бир қилич уриб ўлдирди. Довуд унга қарата:
16 — Тилинг ўзингнинг бошингга етди. Эгам мой суртиб танлаган шоҳни мен ўлдирдим, деб ўз оғзинг билан гувоҳлик бердинг, — деди.
Довуднинг марсияси
17 Шоул билан унинг ўғли Йўнатан учун Довуд марсия куйлади.
18 Сўнг, ушбу марсия Яҳудо халқига ўргатилсин, деб фармон берди. Бу марсия “Ёшур” китобида ёзилган.
19 “Эй Исроил, йўқ бўлди
Ғуруринг сенинг тепаликларингда,
Қандай қулаган экан довюраклар!
20 Бу хабарни Гатликларга эшиттирманг,
Ашқалон кўчаларида ёйиб юрманг.
Токи Филист қизлари севинмасин,
Суннатсизларнинг қизлари шод бўлмасин.
21 Эй Гилбова тоғлари,
Тепангизга шудринг, ёмғир тушмасин,
Ҳосилдор ерларингиз ҳосилсиз қолсин!
Ўша ерларда йўқотди шуҳратини
Баҳодирларнинг қалқони,
Шоулнинг қалқонига мой суртилмас энди.
22 Бир дам тинмади Йўнатаннинг ёйи
Ер тишлаганлар қонидан
Ва йигитларнинг танасидан.
Шоулнинг қиличи беҳуда кўтарилмасди.
23 Шоул билан Йўнатан азиз ва дилкаш эдилар,
Ҳаётда ҳам, ўлганда ҳам бирга бўлдилар.
Бургутдан чаққон,
Шердан кучли эди улар.
24 Шоул учун аза тутинг, эй Исроил қизлари!
У сизларга шоҳона либослар кийдирганди,
Либосингизни олтин тақинчоқлар ила безаганди.
25 Урушда қандай қулаган экан довюраклар!
Эй Исроил, сенинг тепаликларингда Йўнатан жонсиз ётар.
26 Қайғураман сен учун, биродарим Йўнатан,
Менга кўп азизу қадрдон эдинг сен,
Нақадар ажойиб эди менга бўлган муҳаббатинг,
Аёлларнинг севгисидан ҳам ортиқ эди.
27 Қандай қулаган экан довюраклар!
Қандай йўқ бўлди жанг қуроллари.”
1 Шундан кейин Довуд Эгамиздан:
— Яҳудо шаҳарларидан бирортасига борайми? — деб сўради.
— Бор! — деди Эгамиз.
— Қайси шаҳарга борай? — деб сўради Довуд.
— Хевронга бор! — деб жавоб берди Эгамиз.
2 Довуд иккала хотини — Йизриллик Охинавам ва Кармиллик Наволнинг беваси Обигайл билан ўша ёққа жўнади.
3 Одамларини ҳам оилалари билан бирга олиб кетди. Ҳаммалари Хеврон атрофидаги шаҳарларга жойлашдилар.
4 Яҳудо халқи Хевронга бориб, Довуднинг бошига мой суртиб, уни Яҳудо устидан шоҳ қилиб тайинлашди.
Шунда улар Довудга: “Гиладдаги Ёбош шаҳри аҳолиси Шоулни дафн қилибди”, деб хабар етказишди.
5 Довуд хабарчилар орқали Ёбош аҳолисига шундай хабар жўнатди: “Шоул шоҳ жанобларига садоқатингизни кўрсатиб, уни дафн қилибсизлар. Бунинг учун сизларни Худо ёрлақасин.
6 Эгам сизлардан марҳаматини ва садоқатини дариғ тутмасин. Қилган хайрли ишингизга яраша сизларга яхшилик қилай.
7 Энди дадил, мард бўлинглар. Шоҳ жаноблари Шоул оламдан ўтдилар. Яҳудо халқи эса менга мой суртиб ўзларига шоҳ қилди.”
Ишбосит Исроилга шоҳ бўлади
8 Нар деган одамнинг ўғли Абнур Шоулнинг лашкарбошиси бўлган эди. Абнур Шоулнинг ўғли Ишбоситни Моханайим шаҳрига олиб келди.
9 Уни Гилад, Ошер, Йизрил, Эфрайим, Бенямин ҳудудларига — бутун Исроилга шоҳ қилди.
10 Ишбосит қирқ ёшида шоҳ бўлиб, у Исроилда икки йил шоҳлик қилди.
Лекин Яҳудо халқи Довудга эргашди.
11 Довуд Хевронда Яҳудо халқига етти йилу олти ой шоҳлик қилди.
Исроил ва Яҳудо орасидаги уруш
12 Нар ўғли Абнур Ишбоситнинг одамларини бошлаб Моханайимдан чиқди ва Гивон шаҳрига қараб юрди.
13 Довуднинг одамларига Зеруя ўғли Йўаб бош бўлиб у ерга борганда, Гивон ҳовузи ёнида Ишбоситнинг одамларига дуч келиб қолди. Томонларнинг бири ҳовузнинг бир тарафида, иккинчиси бошқа тарафида тўхтади.
14 Абнур Йўабга:
— Қани, ҳар иккала томондан йигитлар рўпарамизда олишсинлар, — деди.
— Майли, олишаверсинлар, — деди Йўаб.
15 Ишбоситнинг Бенямин қабиласидан ўн иккитаси, Довуднинг одамларидан ҳам ўн иккитаси чиқди.
16 Улар бир қўли билан бир–бирларининг бошларини ушлашди, иккинчи қўли билан қиличларини бир–бирларининг биқинларига санчишди. Ҳаммалари бирга ерга йиқилиб жон беришди. Шу сабабдан Гивондаги ўша жойга “Тиғлар майдони” деб ном берилган.
17 Ўша кунги жанг жуда қаттиқ бўлди. Барибир, Абнур бошчилигидаги Исроил одамлари Довуднинг одамларидан енгилди.
18 Зеруянинг уч ўғли — Йўаб, Абушай ва Осойил ҳам ўша куни у ерда эдилар. Осойил, худди кийикка ўхшаб, жуда чопағон эди.
19 У ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилмай, тўппа–тўғри Абнурнинг изидан қувиб кетди.
20 Абнур орқасига қараб:
— Осойил, бу сенмисан? — деб сўради.
— Ҳа, менман, — деди Осойил.
21 — Ё ўнгга ёки чапга кет, йигитлардан бирортасига ҳамла қилиб, қурол–яроғини ол, — деди Абнур. Аммо Осойил Абнурнинг ортидан қолмади.
22 Абнур Осойилни яна огоҳлантирди:
— Мени қувлама, тағин абжағингни чиқариб юбормай! Акс ҳолда, аканг Йўабнинг юзига қандай қарайман?!
23 Барибир Осойил унинг ортидан қолмади. Абнур найзасининг орқа учи билан Осойилнинг қорнига бир урган эди, найза Осойилнинг орқасидан тешиб чиқди. Осойил ерга йиқилди–ю, жон берди. Ҳамма Осойил йиқилиб ўлган жойга етиб борди–ю, тўхтаб қолди.
24 Йўаб билан Абушай эса Абнурнинг изидан қолмади. Кун ботганда, улар Омоҳ тепалигига етиб боришди. Омоҳ Гивон чўлига борадиган йўлнинг шарқ томонидаги Гиёҳ деган жой яқинида эди.
25 Бенямин қабиласидан одамлар йиғилиб келиб, Абнурнинг атрофига бирлашди ва бир тепаликнинг устида тўхташди.
26 Сўнгра Абнур Йўабни чақириб, деди:
— Қачонгача бир–биримизни қирамиз?! Бунинг оқибати ёмон бўлишини биласан–ку! Одамларингга: “Бўлди, энди биродарларингизни таъқиб қилманглар”, деб қачон буйруқ берасан?
27 Йўаб эса шундай жавоб берди:
— Худо ҳақи, яхшиямки ўзинг айтдинг. Бўлмаса, одамларим эртага эрталабгача биродарларини таъқиб қилишни тўхтатмасдилар.
28 Йўаб бурғу чалдирди, ҳамма тўхтади. Шундан сўнг улар Исроил лашкарини таъқиб қилмадилар, улар билан жанг қилмадилар.
29 Абнур эса тун бўйи одамлари билан Иордан водийси бўйлаб юриб, Иордан дарёсини кечиб ўтди, улар жарликни ёқалаб, Моханайимга етиб келишди.
30 Йўаб Абнурни қувлашдан тўхтаб, орқасига қайтди ва ҳамма одамларини тўплади. Осойилдан ташқари, Довуднинг одамларидан яна ўн тўққиз киши ҳалок бўлган эди.
31 Лекин Довуднинг одамлари Абнурнинг қўли остидаги Бенямин қабиласидан уч юз олтмиш кишини ўлдирган эдилар.
32 Йўаб одамлари билан Осойилнинг жасадини олиб келиб, ота–боболарининг Байтлаҳмдаги хилхонасига дафн қилишди. Йўаб ва унинг одамлари туни билан йўл юриб, Хевронга етиб келишганда, тонг отган эди.
Довуднинг Хевронда туғилган болалари
1 Шоул хонадони билан Довуд хонадони ўртасидаги уруш узоқ давом этди. Шоулнинг хонадони заифлашган сари, Довуднинг хонадони кучайиб бораверди.
2 Довуднинг Хевронда туғилган ўғиллари қуйидагилардир:
тўнғичи — Омнўн. Омнўннинг онаси Йизриллик Охинавам эди.
3 Иккинчиси — Дониёр. Дониёрнинг онаси Кармиллик Наволнинг беваси Обигайл эди.
Учинчиси — Абсалом. Абсаломнинг онаси Гашур шоҳи Талмайнинг қизи Махо эди.
4 Тўртинчиси — Одониё. Одониёнинг онаси Хаггит эди.
Бешинчиси — Шафатиё. Шафатиёнинг онаси Обида эди.
5 Олтинчиси — Йитром. Йитромнинг онаси Эглах эди.
Довуднинг бу ўғиллари Хевронда туғилган эдилар.
Абнур Довудга қўшилади
6 Шоул хонадони билан Довуд хонадони ўртасида уруш бўлганда, Шоулнинг хонадонидан лашкарбоши Абнур тобора кучайиб бораверди.
7 Шоулнинг Ризпа деган канизаги бўларди. У Оё деган одамнинг қизи эди. Бир куни Ишбосит Абнурга:
— Нимага отамнинг канизаги билан бирга бўлдинг? — деб қолди.
8 Абнур Ишбоситнинг гапидан қаттиқ ғазабланиб:
— Мени, Яҳудога хизмат қилаётган кўппаклардан, деб ўйлаяпсизми? — деди. — Бугунгача отангиз Шоулнинг хонадонига, хеш–ақрабосига, ёр–биродарларига содиқ қолдим–ку. Сизни Довуднинг қўлига бермадим–ку. Энди эса ўша хотин туфайли мени айблаяпсиз.
9-10 Эгамиз: “Шоҳликни Шоул хонадонидан тортиб оламан, Дандан Бершебагача бўлган жойда яшовчи Исроил ва Яҳудо халқи устидан Довуднинг шоҳлигини барпо қиламан”, деб онт ичган. Энди мен ҳам Довуд учун хизмат қилмасам, Худо мени не кўйга солса солсин, ҳатто ундан баттарроғини қилсин.
11 Ишбосит Абнурдан қўрқди, унга чурқ эта олмади.
12 Шундан сўнг Абнур ўз номидан Довудга чопарлар орқали шундай хабар берди: “Бу юртда сиз ҳукмрон бўлишингиз керак. Мен билан аҳд қилинг. Ўшанда мен сиз томонда бўламан, бутун Исроил халқини сизга мойил қиламан.”
13 Довуд шундай жавоб жўнатди: “Яхши, сен билан аҳд қиламан. Лекин битта шартим бор: мени кўргани келганингда, Шоулнинг қизи, хотиним Михални ҳам олиб кел. Акс ҳолда, мени кўра олмайсан.”
14 Довуд Ишбоситга ҳам элчилар орқали шу хабарни жўнатди: “Хотиним Михални ўзимга қайтариб бер. Мен уни юзта Филистнинг суннат териси эвазига олган эдим.”
15 Ишбосит Михалнинг эри Палти ҳузурига одамлар жўнатиб, Михални олдириб келди. Палти Лайиш деганнинг ўғли эди.
16 Эри йўл бўйи йиғлай–йиғлай Бохурим шаҳригача Михалга эргашиб борди. Кейин Абнур унга:
— Орқангга қайт! — деди. Палти қайтиб кетди.
17 Абнур Исроил оқсоқолларига шундай хабар жўнатди:
— Сизлар анчадан бери, Довуд бизга шоҳ бўлсин, деб орзу қилиб келардингизлар.
18 Энди ҳаракат қилинглар. Чунки Эгамиз Довуд тўғрисида гапириб: “Халқим Исроилни қулим Довуд орқали Филистларнинг ва жамики ғанимларининг қўлидан қутқараман”, деган.
19 Абнур Бенямин одамлари билан юзма–юз гаплашди. Сўнг Исроил халқи ва Бенямин қабиласи билдирган истаги тўғрисида Довуд билан гаплашгани Хевронга борди.
20 Абнур йигирмата ҳамроҳи билан Довуднинг ҳузурига келди. Довуд Абнур ва унинг ҳамроҳлари шарафига зиёфат берди.
21 Абнур Довудга:
— Энди кетишга ижозат беринг, бутун Исроил халқини шоҳ ҳазратлари ҳузурига йиғиб келай, — деди. — Улар сиз билан аҳд қилганларидан кейин, ўзингиз истаган ҳамма жойда шоҳлик қилинг.
Довуд Абнурга ижозат берди. Абнур соғ–саломат ўз йўлига кетди.
Йўаб Абнурни ўлдиради
22 Худди шу пайтда Довуднинг Йўаб бошчилигидаги одамлари душман шаҳрини талон–тарож қилиб қайтишди. Улар бир қанча мол–мулкни ўлжа қилиб олиб келишди. Аммо Абнур Хевронда — Довуднинг ҳузурида эмас эди. Довуд Абнурга ижозат бергандан кейин, у соғ–саломат кетган эди.
23 Йўаб ҳамма жангчилари билан Хевронга етиб келганда, унга: “Абнур шоҳ ҳузурига келган эди, шоҳ унга қайтиб кетишга ижозат берди, Абнур эсон–омон кетди”, деб айтиб беришди.
24 — Нима қилиб қўйдингиз? — деди Йўаб шоҳнинг ҳузурига бориб. — Бу қанақаси, сизнинг ҳузурингизга Абнур ўз оёғи билан келса–ю, сиз эса уни қўйиб юборсангиз?! Абнур кетиб қолибди–ку.
25 Абнурни биласизми ўзи?! У сизни алдаган, қаерга боришингизни, келишингизни, нима қилаётганингизни билиш учун келган.
26 Йўаб Довуднинг ҳузуридан чиқибоқ, Абнурнинг орқасидан чопарлар жўнатди. Чопарлар Абнурни Сиро сардобаси бўйидан қайтариб келишди. Довуд бу воқеадан бехабар эди.
27 Абнурни Хевронга қайтариб келишгач, Йўаб: “Холи гаплашиб олайлик”, деб уни дарвоза йўлагига олиб ўтди. Укам Осойилнинг ўлими учун қасос олай деб, Абнурнинг қорнига пичоқ уриб, ўлдирди.
28 Довуд бу воқеани эшитгач, деди:
— Эгам олдида мен ҳам, шоҳлигим ҳам то абад Абнурнинг қони учун айбдор эмас.
29 Унинг қони Йўаб ва унинг жамики ота хонадони гарданига тушсин. Йўабнинг авлодидан яра тошган, тери касаллигига чалинган, чўлоқ, урушда ўлган, нонга зор бўлган кишилар ҳеч аримасин.
30 Йўаб акаси Абушай билан биргаликда Абнурни ўлдирди. Абнур Гивондаги урушда уларнинг укаси Осойилни ўлдирган эди.
Абнур дафн қилинади
31 Сўнгра Довуд Йўаб билан унинг ҳамма одамларига шундай амр берди:
— Абнурнинг жасади тепасида йиғланглар. Кийимларингизни йиртиб, қанорга ўранинглар.
Шоҳ Довуднинг ўзи тобутнинг орқасида борди.
32 Абнурни Хевронда дафн қилишди. Шоҳ Довуд Абнурнинг қабри устида йиғлади. Ўша ерда ҳамма ҳўнг–ҳўнг йиғлади.
33 Шоҳ Довуд Абнур учун йиғлаётиб, шундай марсия айтди:
“Эй Абнур, аҳмоқлардай ўлишинг керакмиди?!
34 Жиноятчилардай қўлларинг боғлиқ эмасди,
Жиноятчилардай оёқларингга кишан урилмаганди.
Инсофсизлар қўлига тушиб қолдинг сен,
Виждонсизлар дастидан нобуд бўлдинг сен.”
Ҳамма Абнурнинг тепасида яна йиғлади.
35 Қуёш ботмасдан олдин халқ Довуднинг ёнига бориб:
— Бирор нарса тановул қилиб олинг, — деб кўндирмоқчи бўлди.
— Қуёш ботмасдан олдин нон ёки бошқа бирор нарса тановул қилсам, Худо мени не кўйга солса солсин, ҳатто ундан баттарроғини қилсин, — деб онт ичди Довуд.
36 Шоҳнинг ҳамма қилган ишлари барчага маъқул келгани сингари, халқ унинг бу ишини ҳам маъқул топди.
37 Ўша куни бутун Исроил халқи Абнурнинг ўлдирилишида шоҳнинг қўли йўқлигини билди.
38 Шоҳ одамларига деди:
— Билмайсизларки, бугун Исроилдан бир йўлбошчи, улуғ бир инсон кетди.
39 Худо мой суртиб танлаган шоҳ бўлсам ҳам, бугун ожизман. Анави Зеруянинг ўғиллари мендан анча кучли. Эгам ёмонларнинг қилмишига яраша жазосини берсин.
Ишбосит ўлдирилади
1 Ишбосит Абнурнинг Хевронда ўлдирилганини эшитди–ю, бўшашиб қолди. Бутун Исроил халқи ваҳимага тушди.
2 Ишбоситнинг хизматида Банах ва Рахав деган иккита одам бор эди, улар босқинчи тўдалар сардори эдилар. Ўзлари Барўт шаҳридан бўлиб, Бенямин қабиласидан Риммон деганнинг ўғиллари эди. Барўт шаҳри у вақтда Бенямин ҳудудига кирарди.
3 Барўт аҳолиси Гитайим шаҳрига қочиб кетган эди. Ўшандан буён улар келгинди бўлиб ўша ерда яшайдилар.
4 Шоулнинг наслидан Мефибосит деган иккала оёғи ҳам ногирон бола бор эди. У Йўнатаннинг ўғли эди. “Шоул билан Йўнатан ҳалок бўлди”, деб Йизрил шаҳридан хабар келганда, Мефибосит беш ёшда эди. Энагаси, болани олиб қочаман деб, шоша–пиша кетаётганда, болани қўлидан тушириб юборган, бола эса ногирон бўлиб қолган эди.
5 Бир куни Рахав билан Банах кун роса қизиган пайтда Ишбоситнинг уйига келишди. Туш пайти, Ишбосит ўзининг хонасида ухлаётган экан.
6-7 Иккала ака–ука буғдой олиш баҳонасида уйга киришди. Уйга кирганлари заҳоти, Ишбоситнинг қорнига ханжар уриб, уни ўлдирдилар. Сўнг унинг бошини кесиб олиб кетдилар.
Рахав билан Банах тун бўйи Иордан водийси бўйлаб юришди.
8 Улар Ишбоситнинг бошини Хевронга — шоҳ Довудга олиб келишиб, унга шундай дейишди:
— Мана сизни ўлдирмоқчи бўлган ғанимингиз Шоулнинг ўғли Ишбоситнинг боши! Эгамиз бугун Шоулдан ва унинг хонадонидан шоҳ жаноблари учун ўч олди.
9 Бироқ Довуд Рахав билан укаси Банахга шундай деди:
— Жонимни ҳар турли бало–қазолардан асраган Худо шоҳид!
10 Шоулнинг ўлимини биттаси ўзича хушхабар деб олиб келган эди. Ўша одамни ушлаб, Зихлахда ўлдиртирган эдим. Унинг мукофоти шу бўлган эди!
11 Айбсиз одамни ўзининг уйида, тўшагида ўлдирган ёвуз кимсалар ҳам албатта ўлдирилади! Ҳозироқ сизлардан унинг хунини талаб қиламан, сизларни қуритиб юбораман!
12 Довуд йигитларига фармон берган эди, улар иккала ака–укани ўлдиришди. Сўнг қўл–оёқларини кесиб ташлаб, жасадларини Хеврондаги ҳовуз бўйидаги тик ўрнатилган ходаларнинг учларига қоқишди. Ишбоситнинг бошини Абнурнинг Хеврондаги хилхонасига олиб бориб дафн қилишди.
Довуд Исроил ва Яҳудо шоҳи бўлади
1 Жамики Исроил қабилалари Хевронга — Довуднинг ҳузурига келиб шундай дейишди:
— Биз ҳам сизнинг жигарингизмиз.
2 Илгари Шоул шоҳимиз бўлганда ҳам, урушларда Исроил лашкарига ўзингиз бош бўлар эдингиз. Эгамиз сизга: “Сен халқим Исроилнинг чўпони бўлиб, уларни боқасан, Исроилга сен раҳнамолик қиласан”, деб айтган эди.
3 Шундай қилиб, Довуд Хевронда Исроил оқсоқоллари билан Эгамиз олдида аҳд қилди. Исроил оқсоқоллари Довуднинг бошига мой суртиб, уни Исроил устидан шоҳ қилиб кўтаришди.
4 Довуд ўттиз ёшида шоҳ бўлиб, қирқ йил шоҳлик қилди:
5 Хевронда етти йилу олти ой Яҳудо устидан, Қуддусда эса ўттиз уч йил бутун Исроил ва Яҳудо устидан шоҳ бўлди.
6 Шоҳ Довуд одамлари билан Қуддусда яшаётган Ёбус халқига қарши отланганда, улар Довудга: “Сен бу ерга кира олмайсан, ҳатто орамиздаги кўрлар билан чўлоқлар ҳам сени орқангга улоқтириб юборади”, дейишди. Ёбус халқи: “Довуд шаҳримизни босиб ололмайди”, деб ўйлаган эди.
7 Аммо Довуд Сион қалъасига бостириб кириб, қалъани эгаллади. Кейинчалик бу қалъага “Довуд қалъаси” деб ном берилди.
8 Ўша куни Довуд одамларига шундай деди:
— Кимки Ёбус халқини енгмоқчи бўлса, шаҳарга қувур орқали кириб, “чўлоқ” ва “кўр” Ёбусларга ҳужум қилсин. Уларни кўргани кўзим йўқ.
Шу сабабдан: “Кўрлар билан чўлоқлар Худо уйига кирмайди” деган гап пайдо бўлган.
9 Шундай қилиб, Довуд қалъани эгаллаб, бу ерни “Довуд қалъаси” деб атади. У Қуддуснинг шарқ томонидаги Миллодан бошлаб, бутун шаҳар атрофини девор билан ўраб мустаҳкамлади.
10 Довуд тобора кучайиб борарди, чунки Парвардигори Олам — Эгамиз унга ёр эди.
11 Тир шоҳи Хирам Довудга элчилар жўнатиб, садр ёғочларини, дурадгорлар ва тош терувчиларни ҳам йўллади. Улар Довудга бир сарой қуриб беришди.
12 Довуд энди билдики, Эгамиз уни Исроил устидан шоҳ қилиб тайинлаган экан, Эгамиз Ўз халқининг ҳақи–ҳурмати учун унинг шоҳлигини юксалтирган экан.
13 Довуд Хеврондан Қуддусга келгандан кейин, бу ерда яна канизаклар, хотинлар олди, улар Довудга янада кўп ўғил–қизлар туғиб беришди.
14 Довуднинг Қуддусда туғилган фарзандлари қуйидагилар эди: Шаммува, Шўвав, Натан, Сулаймон,
15 Йибхар, Элишува, Нафах, Ёфия,
16 Элишама, Элёдах ва Элифалет.
Довуд Филистларни мағлуб қилади
17 Филистлар: “Исроил халқи Довудга мой суртиб шоҳ қилишибди” деган хабарни эшитишди. Шундан кейин барча Филист лашкари Довудни қидириб жангга отландилар. Довуд бу хабарни эшитиб, муҳофаза қўрғонига чиқди.
18 Филистлар келиб, Рафа водийсида ёйилдилар.
19 Довуд Эгамиздан:
— Филистларга ҳужум қилайми? Уларни қўлимга берасанми? — деб сўради.
— Ҳужум қил! — деб жавоб берди Эгамиз Довудга, — уларни албатта қўлингга бераман.
20 Шундай қилиб, Довуд Баал–Перазимга кетди ва у ерда Филистларни тор–мор қилди. Кейин шундай деди:
— Сув тўғондан тошиб, далани босгани сингари, Эгам ғанимларимни босиб, олдимдан улоқтириб юборди.
Шу сабабдан бу ерга “Баал–Перазим” деган ном берилди.
21 Филистлар ўша ерда бутларини ташлаб қочган эдилар, Довуд одамлари билан ўша бутларни олиб кетди.
22 Кўп ўтмай Филистлар яна Рафа водийсига келиб, жангга шай бўлиб туришди.
23 Довуд тағин Эгамизнинг хоҳиш–иродасини сўради. Эгамиз эса шундай жавоб берди: “Олд томонидан ҳужум қилма. Уларнинг орқасига айланиб ўтгин–да, мумиё дарахтлари томондан яқинлашиб бор.
24 Мумиё дарахтлари тепасида Менинг қадамим товушларини эшитганинг заҳоти уларга ҳужум қил. Ўшанда Мен Филист лашкарини йўқ қилиш учун сенинг қаршингдан чиққан бўламан.”
25 Довуд, Эгамиз амр берганидай қилиб, Гебодан Гезер шаҳригача бўлган жойларда Филистларни тор–мор қилди.
Довуд Аҳд сандиғини Қуддусга олиб келади
1 Довуд Исроил лашкаридан яна ўттиз минг сараланган одамларини тўплади.
2 Довуд ўз одамлари билан Яҳудодаги Баалах шаҳрига жўнади. Унинг мақсади икки каруб орасида тахт қурган Сарвари Олам — Худонинг Сандиғини олиб келиш эди.
3-4 Худонинг Сандиғи Абунадавнинг тепаликдаги уйида эди. Сандиқни янги арава устига ортишди. Абунадавнинг ўғиллари Уззох билан Охё Сандиқ ортилган аравани ҳайдаб кетишди. Охё Сандиқнинг олдида бораётган эди.
5 Довуд ва жамики Исроил халқи Эгамизнинг ҳузурида берилиб ўйин–кулги қилаётган эдилар. Улар лира, арфа, чилдирма, шақилдоқ ва зиллар чалиб, қўшиқлар билан бу воқеани байрам қилаётган эдилар.
6 Нохун деган одамнинг хирмонига етиб борганларида, ҳўкизлар қоқилиб кетди. Уззох қўлини узатиб Худонинг Сандиғини ушлаб қолди.
7 Лекин Уззох ҳурматсизлик қилгани учун, Эгамиз ундан ғазабланиб, ўша ердаёқ Уззохни уриб, жонини олди. Уззох Худонинг Сандиғи ёнгинасида жон берди.
8 Эгамиз Уззохни нобуд қилгани учун, Довуд қаттиқ ғазабланди. Ўша кундан буён шу жой “Параз–Уззох” деб айтилади.
9 Довуд ўша куни Эгамиздан қўрқиб: “Қандай қилиб Эгамнинг Сандиғини ўзим билан олиб кела олар эканман?” деб ўйлади.
10 Эгамизнинг Сандиғини ўзи билан Довуд қалъасига олиб боришни хоҳламай, уни Гатлик Обидадомнинг уйига ташлаб кетди.
11 Эгамизнинг Сандиғи у ерда уч ой турди. Эгамиз Обидадомга ва унинг бутун хонадонига барака берди.
12 “Эгамиз Ўзининг Сандиғи учун Обидадомнинг бутун хонадонига, унга қарашли ҳамма нарсага марҳамат қилди”, деб шоҳ Довудга хабар етказишди. Шундай қилиб, Довуд бориб, Обидадомнинг уйидан Худонинг Сандиғини ўз қалъасига катта тантана билан олиб келди.
13 Эгамизнинг Сандиғини олиб бораётганлар олти қадам юришганда, Довуд бир буқа билан бир бўрдоқи бузоқни қурбонлик қилди.
14 Довуд Эгамизнинг ҳузурида бутун вужуди билан ўйинга тушарди. У ўшанда руҳонийларнинг муқаддас либосини кийиб олган эди.
15 Довуд билан бутун Исроил халқи севинчли хитоблар, карнай садолари остида Эгамизнинг Сандиғини олиб келишарди.
16 Улар Эгамизнинг Сандиғини Довуд қалъасига олиб киришаётганда, Шоулнинг қизи Михал деразадан қараб турган эди. У Эгамизнинг олдида сакраб ўйнаётган шоҳ Довудни кўрди–ю, ўз кўнглида уни паст кўрди.
17 Довуд Эгамизнинг Сандиғи учун бир чодир ўрнатган эди. Одамлар Сандиқни ўша чодирнинг ичкарисига олиб кириб, махсус тайёрланган жойга қўйишди. Кейин Довуд Эгамизга куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирди.
18 У қурбонликлар қилиб бўлгандан кейин, Сарвари Олам номидан халқни дуо қилди.
19 Сўнг ҳаммага — эркагу аёлга, жамики Исроил жамоасига бир донадан гардиш нон, бир ҳовучдан хурмо ва бир ҳовучдан майиз тарқатди. Шундан кейин халқ уй–уйига тарқалди.
20 Довуд ўз оиласини дуо қилгани уйига келганда, Шоулнинг қизи — Довуднинг хотини Михал пешвоз чиқиб, Довудга шундай деди:
— Бугун Исроил шоҳи қандай ажойиб шуҳратга эришди–я! Худди бемаъни одамлардай, сен ярим яланғоч бўлиб, аъёнларингнинг чўрилари олдида ўзингни кўрсатдинг!
21 — Мен Эгам олдида ўйнадим! — деди Довуд. — У отанг ва унинг бутун хонадонидан мени ортиқ кўрган, Ўз халқи Исроилга мени раҳнамо қилиб танлаган. Ҳа, Эгам олдида албатта ўйнайман,
22 бундан буён ўзимни яна ҳам пастроқ тутаман, уларнинг олдида ўзимни янада ҳам кичик тутаман. Лекин билиб қўй, сен айтган ўша чўрилардан мен шараф топаман.
23 Шоулнинг қизи Михал умрининг охиригача бефарзанд ўтди.
Худо Довудга сўз беради
1 Шоҳ Довуд ўз саройида яшар эди, Эгамиз эса уни тўрт тарафдаги ғанимларидан омон сақларди.
2 Шоҳ бир куни Натан пайғамбарга деди:
— Қаранг, мен садр ёғочидан қурилган уйда яшаяпман, Худонинг Сандиғи эса чодирда турибди.
3 — Кўнглингда нима бўлса, шуни қилавер, Эгам сен билан, — деди Натан.
4 Ўша куни кечаси Натанга Эгамизнинг сўзи аён бўлди:
5 “Қулим Довуднинг олдига боргин–да, унга шу гапларни етказ: «Эгам шундай айтмоқда: истиқомат қилишим учун уйни Менга сен қурмайсан.
6 Исроил халқини Мисрдан олиб чиққанимдан то шу кунгача бирор уйда яшаган эмасман. У ердан–бу ерга кўчиб юрдим, чодирда маскан қилдим.
7 Мен ҳеч қачон Исроил халқининг раҳнамоларига шикоят қилмадим. Уларнинг зиммасига халқимга чўпонлик қилиш вазифасини юклаган бўлсам–да, ҳеч қачон уларнинг бирортасига: ‘Нима учун Менга садр дарахти ёғочидан уй қуриб бермадингизлар?’ деб айтмадим.»
8 Энди қулим Довудга айт: «Сарвари Олам шундай демоқда: Мен сени яйловлардаги қўй суруви орасидан танлаб олиб, халқим Исроилга ҳукмдор қилдим.
9 Қаерга борсанг, сен билан бўлдим, ҳужум қилганингда, ҳамма ғанимларингни йўқ қилдим. Энди сенинг номингни оламдаги улуғ одамларнинг номи сингари машҳур қиламан.
10-11 Халқим Исроилга илк ҳакамларни тайинлаганимдан буён виждонсиз одамлар бу халқимни эзиб келдилар. Энди халқим Исроил учун бир юрт тайин этиб, уларни ўша ерга ўтқазаман. Улар ўз юртида истиқомат қилишади, бошқа беҳаловат бўлишмайди. Сени ҳамма ғанимларингдан тинч–омон сақлайман. Мен, Эганг, сен учун бир хонадон яратаман, деб айтмоқдаман.
12 Сен оламдан ўтиб, ота–боболаринг ёнига дафн қилинганингдан кейин ҳам, Мен ўғилларингдан бирини, пушти камарингдан бино бўлган фарзандингни шоҳ қилиб, унинг шоҳлигини мустаҳкамлайман.
13 Менга атаб уйни у қуради. Мен эса унинг шоҳлик тахтини то абад мустаҳкам қиламан.
14 Мен унга ота бўламан, у эса Менга ўғил бўлади. Агар гуноҳ қилса, ота ўғлини жазолагандай, Мен ҳам уни жазолайман.
15 Сени шоҳ бўлсин деб, Шоулни марҳаматимдан маҳрум қилган эдим. Лекин ўғлингдан ҳеч қачон марҳаматимни дариғ тутмайман.
16 Хонадонинг ва шоҳлигинг Менинг олдимда абадий туради, тахтинг то абад мустаҳкам бўлади.»”
17 Худо аён қилганларнинг ҳаммасини Натан Довудга айтди.
Довуднинг шукрона ибодати
18 Шундан кейин шоҳ Довуд Эгамизнинг ҳузурида ўтириб, шундай ибодат қилди:
“Эй Эгам Раббий! Мен ким бўлибман, хонадоним нима бўлибдики, Сен мени бу қадар улуғладинг?!
19 Бунинг устига, эй Эгам Раббий, Сен келажак замонда юз берадиган воқеалардан хабар бериб, бу қулингнинг хонадони учун кўп ваъда бердинг. Сенинг бу ваъдаларинг жамики инсонларга тегишли бўлсин, эй Эгам Раббий!
20 Мен Сенга ортиқ нима дея олардим, Эгам Раббий! Ахир, бу қулингни биласан–ку.
21 Берган ваъдангга, Ўз хоҳишингга мувофиқ, шундай улуғвор иш қилдинг ва бу қулингга аён этдинг.
22 Нақадар улуғворсан, эй Эгам Раббий! Сенга ўхшаган бошқа худо ҳақида ҳеч қачон эшитмаганмиз. Сенинг асло ўхшашинг йўқ, Сендан ўзга Худо йўқ!
23 Халқинг Исроилга ўхшаши йўқ! Эй Худойим, бошқа қайси халқни Сен қулликдан халос қилиб, Ўзингнинг халқинг қилдинг?! Сен Ўз халқингни Мисрдан олиб чиқиб, бутун оламга шуҳратингни ёйдинг. Буюк ва ажойиб ишларинг орқали халқинг олдидан бегона халқлару худоларни қувдинг.
24 Халқинг Исроилни то абад Ўзингнинг халқинг қилдинг. Эй Эгам, Сен уларнинг Худоси бўлдинг.
25 Эй Парвардигор Эгам! Бу қулингга ва унинг хонадонига қарата айтган сўзингда то абад тур, берган ваъдангни бажар,
26 токи одамлар, Сарвари Олам — Исроил халқининг Худоси экан, деб номингни то абад мақтаб юрсинлар. Ҳа, қулинг Довуднинг хонадонини Ўзинг ҳар доим мустаҳкам қилгин.
27 Эй Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам! Бу қулингга, сенинг хонадонингни барпо этаман, деб аён этгансан! Шу сабабдан бу қулинг Сенга шундай деб ибодат қилишга журъат этди.
28 Эй Эгам Раббий! Сен Худосан, сўзларинг — ҳақ. Сен бу қулингга ана шундай эзгу нарсаларни ваъда қилгансан.
29 Агар Ўзинг маъқул кўрсанг, бу қулингнинг хонадонига марҳамат қилгин, токи Сенинг ҳузурингда то абад турсин. Сен сўз бергансан, эй Эгам Раббий! Сенинг марҳаматинг туфайли бу қулингнинг хонадони то абад марҳаматга сазовор бўлғай.”
Довуднинг зафарлари
1 Бирмунча вақт ўтгач, Довуд яна Филистларга ҳужум қилиб, уларни мағлуб қилди, шу тариқа юртни уларнинг ҳукмронлигидан озод этди.
2 Сўнг Мўаб халқини ҳам мағлуб қилди. Асирларни ерга қатор қилиб ётқизиб, қаторни арқон билан ўлчай бошлади. Бир ўлчаб, тирик қолдирди, икки ўлчаб ўлдирди. Шундай қилиб, Мўаб халқининг тирик қолганлари Довудга қул бўлиб, ўлпон тўлайдиган бўлишди.
3 Зўво шоҳи Ҳададзар ўз шоҳлигини бошқатдан ўрнатмоқчи бўлиб, Фурот дарёси бўйларига юриш қилган эди. Довуд уни ҳам тор–мор қилди. Ҳададзар Рехоб деганнинг ўғли эди.
4 Довуд Ҳададзарнинг 1700 нафар отлиқ, 20.000 нафар пиёда сипоҳини асирга олди. Ўзининг 100 та жанг араваси учун керакли отларни қолдириб, бошқа ҳамма отларни майиб қилди.
5 Дамашқдаги Орам халқи Зўво шоҳи Ҳададзарга ёрдамга келган эди, Довуд улардан 22.000 кишини ўлдирди.
6 Сўнг Дамашқдаги Орам халқининг шаҳарларига ўзининг қўнолғаларини жойлаштирди. Орам халқи ҳам Довудга қарам бўлиб, ўлпон тўлайдиган бўлди. Шундай қилиб, Довуд қаерга бормасин, Эгамиз уни зафарга эриштирди.
7 Довуд Ҳададзарнинг аъёнлари кўтариб юрадиган олтин қалқонларни қўлга киритиб, Қуддусга келтирди.
8 Яна Ҳададзарнинг қўли остидаги Тивхат ва Барўтай шаҳарларидан кўп бронза олиб келди.
9 Хомат шоҳи Тўах “Довуд Ҳададзарнинг бутун лашкарини мағлуб қилибди”, деб эшитиб қолди.
10 Тўах шоҳ Довуднинг ҳузурига ўғли Ёрамни юбориб, уни қутлади, жангда Ҳададзардан ғолиб келгани учун Довудни олқишлади. Тўах Ҳададзар билан узоқ вақтдан бери уришиб келарди. Ёрам Довудга олтин, кумуш, бронза идишларни ҳадя қилиб олиб келди.
11 Шоҳ Довуд бу инъомларни босиб олган юртлардан келтирган олтину кумушлар билан бирга Эгамизга назр қилди.
12 Булар Эдом, Мўаб, Оммон юртларидан, Филист ва Омолек халқларидан олиб келинган, Зўво шоҳи Ҳададзардан олинган ўлжалар эди.
13 Довуд Туз водийсида Эдом халқидан 18.000 кишини ҳалок қилиб қайтгандан сўнг, янада донг таратди.
14 Эдом юртининг ҳамма ерига ўз қўнолғаларини жойлаштирди. Эдом халқи Довудга қарам бўлди. Довуд қаерга бормасин, Эгамиз уни зафарга эриштирди.
15 Довуд бутун Исроилда шоҳлик қилар экан, халқини одиллик билан бошқарарди.
16 Зеруя ўғли Йўаб — лашкарбоши, Охилуд ўғли Ёҳушафат — мушовир эди.
17 Охитоб ўғли Зодўх билан Абуатар ўғли Охималек — руҳоний, Сараё мирза эди.
18 Ёҳайидо ўғли Бинаё Харетлик ва Палатлик қўриқчиларнинг бошлиғи эди. Довуднинг ўғиллари эса руҳоний эдилар.
Довуд Мефибоситга яхшилик қилади
1 Бир куни Довуд:
— Шоул хонадонидан бирор одам қолдими? — деб сўради. — Агар бўлса, Йўнатаннинг ҳақи–ҳурмати унга яхшилик қилайин.
2 Шоул хонадонида Зибах деган бир хизматкор бор эди. Уни Довуднинг ҳузурига чақириб келишди.
— Сен Зибахмисан? — деб сўради шоҳ.
— Ҳа, жаноби олийлари, менман, — деди Зибах.
3 — Шоул хонадонидан бирорта одам қолганми? — деб сўради шоҳ. — Унга Худонинг марҳаматини кўрсатайин.
— Йўнатаннинг бир ўғли бор, унинг иккала оёғи ҳам майиб, — деди Зибах.
4 — Қаерда у? — сўради шоҳ.
— Лўдаворда, Омиёл ўғли Мохирнинг уйида, — деди Зибах.
5 Шоҳ Довуд Лўдавордаги Мохирнинг уйидан Мефибоситни ўз ҳузурига чақиртирди.
6 Шоулнинг набираси Мефибосит Йўнатаннинг ўғли эди. Мефибосит Довуднинг ҳузурига келиб, мук тушиб таъзим қилди.
— Мефибосит! — деди Довуд.
— Қулингиз шу ерда, — деб жавоб берди Мефибосит.
7 Довуд унга деди:
— Қўрқма, отанг Йўнатаннинг ҳақи–ҳурмати учун сенга яхшилик қилай. Бобонг Шоулнинг ҳамма ерларини сенга қайтариб бераман. Ўзинг эса ҳар доим менинг дастурхонимдан таом ейсан.
8 Мефибосит таъзим қилиб:
— Мен, қулингиз, ким бўлибманки, ўлик итга ўхшаган мендек бир кимсага яхшилик қиляпсиз? — деди.
9 Сўнг шоҳ Довуд Шоулнинг хизматкори Зибахни чақиртирди:
— Илгари Шоулга ва унинг хонадонига нима тегишли бўлса, ҳаммасини хўжайинингнинг набираси Мефибоситга бердим, — деди Довуд унга.
10 — Мефибосит учун сен ўғилларинг ва қулларинг билан бирга ерга ишлов бериб, ҳосил олинглар, токи хўжайинингнинг набираси эҳтиёжига яраша озиқ–овқат билан таъминлансин. Хўжайинингнинг набираси Мефибосит ҳар доим менинг дастурхонимдан таом ейди.
Зибахнинг ўн беш ўғли ва йигирмата қули бор эди.
Шунда Зибах шоҳга:
11 — Жаноби олийлари бу қулига нима буюрган бўлсалар, ҳаммасини ижро этарман, — деди.
Мефибосит, худди шоҳ фарзандларининг биридай, шоҳ дастурхонидан таом ейдиган бўлди.
12 Мефибоситнинг Миха деган ёшгина ўғли ҳам бор эди. Зибах хонадонида яшаганларнинг ҳаммаси Мефибоситнинг хизматкори бўлди.
13 Мефибосит Қуддусда истиқомат қилиб қолди ва доим шоҳ дастурхонидан таом еди. Унинг иккала оёғи ҳам чўлоқ эди.
Довуд Оммон ва Орам халқларини бўйсундиради
1 Орадан бир қанча вақт ўтгач, Оммон шоҳи Нахош оламдан ўтиб, ўрнига ўғли Ханун шоҳ бўлди.
2 Довуд: “Нахош менга содиқ эди, мен ҳам унинг ўғли Ханунга содиқ бўлайин”, деб кўнглидан ўтказди. Шундай қилиб, Довуд Ханунга отасининг вафоти муносабати билан тасалли бериш учун ўз элчиларини жўнатди.
Довуднинг элчилари Оммон юртига боргач,
3 Оммон беклари ўзларининг шоҳи Ханунга шундай деб ўргатишди: “Довуд бу одамларини отангиз ҳурмати учун жўнатган, деб ўйлайсизми? Йўқ, Довуд элчиларини сизнинг ҳузурингизга ёмон ният билан юборган, у шаҳарни кузатиб, текшириб, кейин қўлга киритмоқчи.”
4 Шу гапдан сўнг Ханун Довуднинг элчиларини ушлади, уларнинг соқолларининг ярмини қирқиб, кийимларини сонларигача кестириб, орқага қайтариб юборди.
5 Довуд бу воқеани эшитди–ю, элчиларини кутиб олиш учун одамлар жўнатди. Элчилар жуда шармандали аҳволда қолган эдилар. Шоҳ ўша элчиларига: “Соқолингиз ўсгунча Ерихода қолинглар, кейин менинг олдимга қайтиб келинглар”, деб айттириб юборди.
6 Оммон халқи “Энди Довуднинг ғазабига дучор бўлдик”, деб ўйлади. Улар ҳар томонга хабар жўнатиб, Байт–Рехоб ва Зўво шаҳарларидан Орам халқининг 20.000 сипоҳини, Махо шаҳри шоҳидан 1000 нафар сипоҳни ва Тов халқидан 12.000 сипоҳни ёлладилар.
7 Довуд бу хабарни эшитди–ю, лашкарбоши Йўаб бошчилигида қўриқчиларининг ҳаммасини урушга сафарбар қилди.
8 Оммон лашкари шаҳар дарвозаси олдида Довудга қарши саф тортди. Рехоб ва Зўводан келган Орам сипоҳлари, Тов ва Маходан келган сипоҳлар эса ялангликда саф тортдилар.
9 Йўаб ғаним тўдалари орқаю олдиндан ҳужум қилаётганини кўрди. У Исроилнинг сараланган сипоҳларидан танлаб олди–да, Орам лашкарига қарши саф торттирди.
10 Қолганларига эса укаси Абушайни бош қилиб, Оммонларга қарши шай қилиб қўйди.
11 Йўаб Абушайга:
— Орам лашкари мендан устун келса, сен ёрдамга келасан, — деди. — Борди–ю, Оммонлар сендан баланд келса, мен ёрдамга бораман.
12 Бардам бўл! Халқимиз ва Худойимизнинг шаҳарлари учун мардларча кураш олиб борайлик. Эгамизнинг хоҳиш–иродаси бажо бўлсин.
13 Йўаб бошчилигидаги сипоҳлар Орам лашкарига қарши ташландилар. Орам лашкари эса уларнинг олдига тушиб қочиб қолди.
14 Уларнинг қочганини кўрган Оммонлар ҳам Абушайдан қочиб, шаҳарга беркиндилар. Шундан кейин Йўаб улар билан жанг қилмай, Қуддусга қайтиб кетди.
15 Орам лашкари Исроил лашкаридан енгилганини англаб етганидан сўнг, яна бир жойга тўпланишди.
16 Шоҳ Ҳададзар Фурот дарёсининг нариги томонидаги ўз лашкарига хабар бериб, уларни чақиртирди. Орам лашкари Ҳададзарнинг лашкарбошиси Шўвах бошчилигида Хелам шаҳрига келди.
17 Довуд бу воқеани эшитиб, жамики Исроил лашкарини йиғди, Иордан дарёсини кечиб ўтиб, Хеламга етиб борди. Орам лашкари саф тортиб, Довуд лашкари билан жанг қилди.
18 Аммо Орам лашкари яна Исроил лашкарининг олдига тушиб қочиб қолди. Довуд Орам лашкарининг 700 та жанг араваси аравакашини ва 40.000 нафар отлиқ сипоҳини ўлдирди. У Ҳададзарнинг лашкарбошиси Шўвахни ҳам яралаган эди, Шўвах жанг майдонидаёқ жон берди.
19 Шундай қилиб, Ҳададзарнинг қўли остидаги ҳамма шоҳлар мағлубиятга учраб, Исроил халқи билан сулҳ тузишга мажбур бўлди. Улар Исроил халқига қарам бўлиб қолди. Шундан кейин Орам халқи Оммон халқига ёрдам беришдан қўрқиб қолди.
Довуд билан Ботшева
1 Баҳор бошланиб, шоҳлар урушга кетадиган пайт ҳам бўлди. Довуд лашкарбошиларига ва бутун Исроил қўшинига Йўабни бош қилиб, урушга юборди. Улар Оммон лашкарини яксон қилиб, Рабба шаҳрини қамал қилишди. Довуднинг ўзи Қуддусда қолган эди.
2 Бир куни оқшом пайти Довуд ётоғидан чиқди–да, сарой томига кўтарилиб шаҳарни томоша қила бошлади. Бирдан чўмилаётган бир аёлни кўриб қолди. Аёл жуда гўзал эди.
3 Довуд биттасига:
— Бориб бил–чи, у ким экан, — деб жўнатди. Ўша одам қайтиб келиб:
— У аёл Элиёмнинг қизи, Хет халқидан бўлган Уриёнинг хотини, исми Ботшева экан, — деди.
4 Довуд: “Аёлни олиб келинглар”, деб хизматкорларини жўнатди. Аёлни Довуднинг ҳузурига олиб келишди. Аёл ҳайз кўрган бўлиб, тозаланиш расм–русумларини энди тугатган экан. Довуд у билан бирга бўлди. Кейин аёл уйига қайтди.
5 Аёл ҳомиладор бўлганини билди ва бу ҳақда Довудга хабар берди.
6 Довуд Йўабга, Хет халқидан бўлган Уриёни менинг олдимга юбор, деб хабар йўллади. Йўаб Уриёни Довуднинг олдига жўнатди.
7 Уриё келгандан кейин, Довуд ундан Йўаб ва сипоҳларнинг аҳволини, урушнинг қандай бораётганини сўради.
8 Сўнг Уриёга:
— Уйингга бор, дам ол, — деди.
Уриё саройдан чиққач, шоҳ унинг орқасидан ҳадялар жўнатди.
9 Лекин Уриё уйига кетмади, шоҳнинг соқчилари билан бирга сарой дарвозаси ёнида ухлашга қолди.
10 Довудга, Уриё уйига кетмабди, деб хабар етказишди. Довуд Уриёдан:
— Сен сафардан келдинг–ку, нега уйингга бормадинг? — деб сўради.
11 Уриё шундай жавоб берди:
— Худонинг Сандиғи ҳам, Исроил ва Яҳудо сипоҳлари ҳам чодирларда қолди, лашкарбошим Йўаб билан жаноби олийларининг одамлари яп–яланг майдонда чодир тикиб ётишибди. Аҳвол шунақалигини била туриб, мен еб–ичиш, хотиним билан бирга бўлиш учун уйимга борсам яхши бўлмас. Онт ичиб айтаманки, зинҳор бундай иш қилмайман.
12 Шундан кейин Довуд:
— Бугун шу ерда қол, эртага сени жўнатиб юбораман, — деди.
Уриё ўша куни Қуддусда қолди.
13 Эртасига Довуд Уриёни яна чақириб, едириб–ичирди. Уриё маст бўлиб қолди. Кеч киргач, Уриё тағин уйига кетмай, шоҳ соқчилари ёнидаги ўрнида ухлади.
14 Эртасига эрталаб Довуд Йўабга бир мактуб ёзиб, Уриё орқали бериб юборди.
15 Мактубнинг мазмуни шундай эди: “Уриёни уруш қизиган жойга юборгин–да, бир ўзини қолдир, токи у яраланиб ҳалок бўлсин.”
16 Йўаб шаҳарни қуршаб олган эди. Уриёни ғанимнинг кучли лашкари эгаллаган ерга юборди.
17 Ғаним лашкари шаҳардан чиқиб келиб, Йўабнинг сипоҳлари билан жанг қилди. Ғаним лашкари Довуднинг одамларидан баъзиларини ўлдирди, Хет халқидан бўлган Уриё ҳам ўлдирилди.
18 Йўаб урушнинг бориши ҳақида Довудга хабар бериш учун бир одамни жўнатаётиб, унга
19 шундай деб тайинлади:
— Сен урушга оид ҳамма хабарларни шоҳга айт.
20 Лекин шоҳ ғазабланиб, сенга шундай деб айтиб қолиши мумкин: “Улар билан жанг қилиш учун нимага шаҳарга бунчалик яқин бордингизлар? Улар шаҳар деворидан туриб ўқ отишларини билмасмидингизлар?
21 Гидўннинг ўғли Абумалекни ким ўлдирган эди? Эсингизда йўқми, Тавозда бир аёл Абумалекнинг устига девор тепасидан тегирмон тошини ташлаб юбориб ўлдирганди–ку! Шундай экан, нима учун деворга бунчалик яқин бордингизлар?” Агар шу гапларни айтса, сен: “Қулингиз Уриё ҳам ўлди”, дейсан.
22 Хабарчи жўнаб кетди. Довуднинг ҳузурига етиб боргач, Йўаб нима деб буюрган бўлса, ҳаммасини оқизмай–томизмай шоҳга айтиб берди:
23 — Оммонлар биздан устун келди, шаҳардан чиқиб биз билан даштда жанг қилди. Кейин уларни шаҳар дарвозасигача қувиб бордик.
24 Шу пайтда Оммонларнинг мерганлари шоҳ ҳазратларининг одамларини девордан туриб ўққа тутишди. Одамларингиздан баъзилари ўлди, қулингиз Уриё ҳам ўлди, — деди.
25 — Йўабга айт, — деди Довуд хабарчига. — Рўй берган ҳодисадан унинг кўнгли чўкмасин. Жанг қурбонсиз бўлмайди. Шаҳарга ҳужумни кучайтириб, ер билан яксон қилсин. Шундай деб, унга далда бер.
26 Уриёнинг хотини эрининг ҳалок бўлганини эшитиб, аза тутди.
27 Аза муддати тугагач, Довуд аёлни саройга олдириб келди. Аёл Довудга турмушга чиқди ва бир ўғил туғди.
Бироқ Довуднинг бу қилмиши Эгамизга маъқул келмади.
Натан пайғамбар Довудни койийди
1 Эгамиз Натан пайғамбарни Довуднинг ҳузурига жўнатди. Натан Довуднинг ҳузурига келиб, гап очди:
— Бир шаҳарда икки одам яшар экан. Ўша одамлардан бири бой, бошқаси камбағал экан.
2 Бойнинг жуда кўп мол–қўйлари бор экан.
3 Камбағалнинг эса биттагина сотиб олиб боқаётган совлиқ қўзичоқдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ экан. Қўзичоқ камбағал одамнинг уйида болалар билан бирга катта бўлаётган экан. Қўзичоқ унинг таомидан еб, идишидан сув ичар, қўйнида ухларкан. Қисқаси, қўзичоқ ўша одамнинг қизидай экан.
4 Бир куни бой одамнинг уйига бир йўловчи ташриф буюрибди. Бой меҳмонга таом ҳозирлаш учун ўзининг мол–қўйларидан биттасини ҳам сўйишга кўзи қиймабди–да, камбағалнинг қўзисини сўйиб, меҳмонга таом ҳозирлабди.
5 Довуд бой одамнинг ишидан қаттиқ ғазабланди:
— Худо шоҳид! Шундай иш қилган одам ўлимга лойиқдир! — деди Натанга.
6 — Бағритошлик қилиб, шундай иш қилгани учун у қўзичоқ эвазига тўртта қўй тўлаши лозим.
7 Шу гапдан кейин Натан Довудга:
— Ўша одам сенсан! — деди. — Исроил халқининг Худоси — Эгам шундай айтмоқда: “Мен сенга мой суртиб Исроилга шоҳ қилдим, Шоулнинг қўлидан халос этдим.
8 Сенга хўжайинингнинг хонадонини инъом қилдим, хотинларини қўйнингга солиб қўйдим. Исроил ва Яҳудо халқини сенга бердим. Агар булар оз бўлса эди, яна нималарни бермасдим!
9 Нега Менинг олдимда қабиҳлик қилиб, сўзимни писанд қилмадинг? Хет халқидан бўлган Уриёни ўлдирдинг, ҳа, Оммонларнинг қиличи билан жонини олдинг. Хотинини эса тортиб олдинг.
10 Мени писанд қилмаганинг учун, Уриёнинг хотинини тортиб олганинг учун бундан буён қилич сенинг хонадонингга доим хавф солиб туради.”
11 Эгам шундай айтмоқда: “Ўзингнинг хонадонингдан ўзингга ёмонлик келтираман. Кўз ўнгингда хотинларингни яқинларингдан бирига бераман. Ўша яқининг куппа–кундузи хотинларингнинг қўйнига киради.
12 Ҳа, сен бу ишни яширинча қилдинг, Мен эса, бутун Исроил халқи кўрсин деб, куппа–кундузи қиламан.”
13 — Эгам олдида гуноҳ қилдим! — деди Довуд Натанга.
— Эгам гуноҳингдан ўтди, ўлмайсан, — деди Натан.
14 — Бироқ сен шу ишни қилиб, Эгамизни менсимаганинг учун туғилган боланг нобуд бўлади.
15 Натан шу гапларни айтиб, уйига кетди.
Довуднинг ўғли вафот этади
Уриёнинг хотини Довуддан фарзанд кўрган эди. Эгамиз эса ўша болани оғир хасталикка мубтало қилди.
16 Довуд ўғли учун Худога илтижо қилиб, рўза тутди, уйига бориб кечалари кўкрагини захга бериб ётаверди.
17 Сарой оқсоқоллари уни ердан турғизмоқчи бўлишса ҳам, Довуд турмади, улар билан бирга таом ҳам емади.
18 Еттинчи куни бола оламдан ўтди. Аъёнлар, болангиз оламдан ўтди, деб хабар беришга қўрқишди. “Бола тирик пайтида, биз шоҳ билан суҳбатлашдик, аммо у бизнинг гапимизга қулоқ солмади”, дейишди ўзаро. “Болангиз вафот этди, деб шоҳга қандай айтамиз? У ўзини ўзи бирор нарса қилиб қўйиши мумкин.”
19 Довуд аъёнларининг ўзаро шивир–шивир қилаётганларини эшитиб, боласининг нобуд бўлганини билди.
— Болам нобуд бўлдими? — деб сўради улардан.
— Ҳа, нобуд бўлди, — дейишди аъёнлар.
20 Шундан кейин Довуд ердан турди. Ювиниб, хушбўй мой суртди ва кийимларини алмаштирди. Эгамизнинг уйига бориб, сажда қилди. Сўнг уйига қайтиб келиб:
— Менга таом келтиринглар, — деб буюрди. Довуд олдига қўйилган таомни еди.
21 Шунда аъёнлари сўрашди:
— Нимага бундай қиляпсиз? Бола тириклигида рўза тутдингиз, йиғладингиз, у нобуд бўлгандан сўнг эса, ўрнингиздан турдингиз, таом едингиз.
22 Довуд шундай жавоб берди:
— Ҳа, болам тириклигида рўза тутдим, йиғладим. Ким билади, Эгам менга шафқат қилар, болам тирик қолар, деб ўйлаган эдим,
23 лекин энди болам нобуд бўлди. Шундай бўлгач, нега рўза тутайин?! Болани қайтариб олиб кела олармидим?! Мен унинг ёнига бораман, лекин у менинг олдимга қайтиб келмайди.
Сулаймоннинг туғилиши
24 Довуд хотини Ботшевага тасалли берди, қўйнига кириб, у билан қовушди. Ботшева бир ўғил туғди. Довуд болага Сулаймон деб исм қўйди. Эгамиз ҳам болани яхши кўриб суйди
25 ва бу ҳақда Натан пайғамбар орқали хабар берди. Эгамиз болани севгани учун, Натан унга Ёдидаё деб исм қўйди.
Довуд Рабба шаҳрини қўлга киритади
26 Бу пайтда Йўаб Оммонларнинг Рабба шаҳрига ҳужумни давом эттираверди. Ниҳоят, шаҳарнинг шоҳ саройи жойлашган қалъасини босиб олди.
27 Кейин Довудга чопарлар орқали шундай хабар жўнатди: “Рабба шаҳрига ҳужум қилиб, ҳовузни қўлга киритдим.
28 Энди қолган сипоҳни бошлаб келинг, шаҳарни сиз ўраб, босиб олинг, токи шаҳарни мен қўлга киритган бўлмайин, акс ҳолда, шаҳарни Йўаб олган деб айтиб юришади.”
29 Довуд ҳамма сипоҳларини тўплаб, Рабба шаҳрига йўл олди. У шаҳарга ҳужум қилиб, қўлга киритди.
30 Оммон шоҳининг бошидаги тожини ҳам олди. Қимматбаҳо тошлар билан безатилган, оғирлиги икки пуд келадиган бу олтин тож Довуднинг бошига кийдирилди. Довуд шаҳардан катта миқдорда ўлжа йиғди.
31 У шаҳар аҳолисини арра, чўкич ва болта билан бажариладиган ишларга, ғишт тайёрлашга мажбур қилди. Довуд Оммон шаҳарларининг ҳаммасида шу усулни қўллади. Шундан кейин у жамики лашкарини бошлаб, Қуддусга қайтиб кетди.
Омнўн билан Тамара
1 Сўнгра шундай ҳодиса содир бўлди: Довуднинг Омнўн ва Абсалом деган ўғиллари бор эди. Унинг Тамара деган гўзал бир қизи ҳам бор эди. Тамара Абсаломнинг туғишган синглиси бўлиб, Омнўнга ўгай эди.
2 Омнўн ўгай синглиси Тамарани деб азоб чекавериб, касал бўлиб қолди. Тамара ҳали бокира бўлгани учун, Омнўн унга бирор нарса қилишга ожиз эди.
3 Омнўннинг Ёнадав деган дўсти бор эди. Ёнадав Довуднинг акаси Шимонинг ўғли бўлиб, жуда айёр йигит эди.
4 Бир куни Ёнадав Омнўнга деди:
— Эй шаҳзода, нимага кундан–кунга озиб–тўзиб кетяпсан? Менга ҳам сабабини айт–чи.
— Ўгай акам Абсаломнинг синглиси Тамарани севиб қолдим, — деди Омнўн.
5 — Тўшакка михланиб, ўзингни касалга сол, — деди Ёнадав. — Отанг сени кўргани келганда, унга: “Марҳамат қилиб, синглим Тамара келиб менга бирон таом берсин, таомни кўз олдимда тайёрлаганини мен кўрайин ва унинг қўлидан таом еяйин”, деб айтасан.
6 Хуллас, Омнўн тўшакка михланиб, ўзини касалга солди. Шоҳ уни кўргани келди.
— Марҳамат қилиб, синглим Тамара келиб, олдимда икки дона нон ёпсин, мен унинг қўлидан нон еяйин, — деди Омнўн.
7 Тамара саройда яшарди. Довуд унга: “Аканг Омнўннинг уйига бориб, унга нон ёпиб бер”, деб айттириб юборди.
8 Тамара ўгай акаси Омнўннинг уйига борди. Омнўн тўшакда ётган экан. Тамара хамир қориб, акасининг кўзи олдида нон ёпди.
9 Товадаги нонни олиб келиб, Омнўннинг олдига қўйган эди, у емади. Омнўн:
— Ҳузуримдан ҳамма чиқиб кетсин! — деб буйруқ берди, уйда ҳеч ким қолмади.
10 Шундан кейин Омнўн Тамарага:
— Таомни ётоқхонамга олиб кир, сенинг қўлингдан еяйин, — деди. Тамара ўзи ёпган нонларни акаси Омнўннинг ётоқхонасига олиб кирди.
11 Енг, деб нонни акасига яқин олиб борган эди, Омнўн бирдан Тамарага ёпишиб:
— Кел, мен билан бирга бўл, синглим! — деди.
12 — Йўқ, ака, мени зўрламанг! — деди Тамара. — Исроилда бунақа қилишмайди–ку! Бундай қабиҳ ишни қилманг!
13 Бундай шармандаликдан кейин мен қандай бош кўтариб юраман?! Сиз эса Исроилдаги разил одамлардан биттаси бўлиб қоласиз. Шоҳга айтсангиз, у мени сиздан аямайди–ку!
14 Лекин Омнўн Тамаранинг гапига қулоқ солмади. Омнўн Тамарадан кучлироқ эди, Тамарани зўрлаб ётқизиб, номусига тегди.
15 Кейин Омнўн Тамарадан шундай нафратланиб кетдики, унга бўлган нафрати ардоқлаган севгисидан кучли эди.
— Тур, жўна! — деди у Тамарага.
16 — Йўқ! — деди Тамара. — Мени ҳайдаяпсиз, лекин бу ишингиз менга қилган ҳозирги гуноҳингиздан оғирроқдир.
Бироқ Омнўн унинг гапига қулоқ солмади.
17 Хизматкорини чақириб:
— Бу хотинни ҳузуримдан ҳайдаб чиқариб, эшикни ёп! — деди.
18 Хизматкор Тамарани ташқарига ҳайдаб чиқариб, орқасидан эшикни ёпди. Тамара узун, чиройли гулли либос кийган эди. Шоҳнинг турмушга чиқмаган қизлари шундай кийинишарди.
19 Тамара қайғудан бошига кул сочиб, устидаги узун либосини йиртиб ташлади. Уятдан юзини қўли билан тўсиб, фарёд солганича кетди.
20 Акаси Абсалом ундан:
— Аканг Омнўн сен билан бўлдими? — деб сўради. — Майли, синглим, бу ҳақда бирортасига оғиз оча кўрма! Ахир, у аканг–ку! Бу воқеани кўнглингга олма.
Шундан сўнг Тамара акаси Абсаломнинг уйида яшаб юраверди. У доимо ёлғиз, ғамгин эди.
21 Шоҳ Довуд бўлиб ўтган воқеани эшитиб, қаттиқ ғазабланди.
22 Абсалом эса синглиси Тамаранинг номусини булғагани учун Омнўндан қанчалик нафратланса ҳам, унга бирор марта на яхши, на ёмон гап қилди.
Абсалом Омнўнни ўлдиради
23 Икки йилдан кейин Абсалом шоҳнинг ҳамма ўғилларини Баал–Хазорга зиёфатга таклиф қилди. Баал–Хазор Эфрайим шаҳри яқинида бўлиб, бу ерда Абсалом қўйларининг жунини қирқтираётган эди.
24 Абсалом шоҳнинг ҳузурига келиб:
— Қўйларимнинг жунини қирқтиряпман, марҳамат қилиб, шоҳ аъёнлари билан бирга мен, қулингизга ҳамроҳ бўлсинлар, — деди.
25 — Биз ҳаммамиз борсак, сенга юк бўламиз, ўғлим, — деди шоҳ Довуд. Абсалом қанча илтимос қилмасин, шоҳ, бора олмайман, деб унамади, бормаса ҳам, ўғлини дуо қилди.
26 — Бўлмаса, ижозат берсангиз, акам Омнўн биз билан борсин, — деди Абсалом.
— Омнўн нимага сен билан бориши керак? — деб сўради шоҳ.
27 Абсалом илтимос қилавергандан кейин, шоҳ Омнўнни ва бошқа ўғилларини у билан бирга жўнатди.
28 Абсалом хизматкорларига шундай буйруқ берган эди:
— Қараб туринглар, Омнўн шароб ичиб, сархуш бўлишини кутинглар. Сизларга “Омнўнни уринг”, деб айтишим биланоқ, уни ўлдирасизлар. Қўрқманглар, сизларга мен буйруқ беряпман. Дадил, мард бўлинглар!
29 Хизматкорлар Абсаломнинг буйруғини ижро этиб, Омнўнни ўлдирдилар. Шоҳнинг қолган ўғиллари эса хачирларига миниб қочиб қолишди.
30 Улар йўлда кетаётганларида, “Абсалом шоҳнинг ҳамма ўғилларини ўлдирибди, бирортаси ҳам тирик қолмабди” деган хабар Довуднинг қулоғига етди.
31 Шоҳ ўрнидан турди–да, қайғудан кийимларини йиртиб, ўзини ерга отди. Унинг ёнидаги барча аъёнлари ҳам кийимларини йиртишди.
32 Довуднинг Шимо деган акасининг ўғли Ёнадав шундай деди:
— Шоҳ ҳазратлари, ҳамма ўғилларимдан айрилибман, деб ўйламасинлар, фақат Омнўн ўлди, холос. У ўгай синглиси Тамаранинг номусига теккандан буён Абсалом Омнўнни ўлдиришга қасд қилиб юрарди.
33 Шоҳ жаноби олийлари, ҳамма ўғилларингиз ўлдирилибди деган хабардан хавотирга тушмасинлар. Фақат Омнўн ўлган, холос.
34 Абсалом ўша заҳоти қочиб кетди. Қуддус девори устидаги соқчи ғарб томондан шаҳарга қараб келаётган бир тўп оломонни кўрди.
35 Ёнадав шоҳга:
— Ана, ўғилларингиз келишяпти, мен, қулингиз, айтгандай бўлди, — деди.
36 У гапини тугатар–тугатмас, шоҳнинг ўғиллари етиб келиб, фарёд кўтаришди. Шоҳ ҳам, аъёнлар ҳам ҳўнг–ҳўнг йиғлаб кўз ёш тўкишди.
37-38 Абсалом қочиб кетиб, Гашур шоҳи Талмайнинг ёнига борди ва у ерда уч йил қолиб кетди. Талмай Омиҳуд деганнинг ўғли эди. Шоҳ Довуд эса ўғли Омнўн учун узоқ вақт мотам тутди.
39 Довуд Омнўннинг ўлимидан тасалли топгандан кейин, Абсаломни соғина бошлади.
Абсалом Қуддусга қайтиб келади
1 Шоҳ Довуд Абсаломни соғинаётганини Йўаб билди.
2 У биттасини Тахува шаҳрига юбориб, у ерда яшайдиган бир донишманд аёлни чақиртириб келди. Йўаб ўша аёлга:
— Сендан бир илтимосим бор, — деди. — Мотамсаро қиёфага кириб, аза кийимларингни киясан. Пардоз қилма, ўзингни худди марҳумга анчадан бери аза тутаётган аёлдай кўрсат.
3 Мен сенга нима айтсам, шоҳ ҳузурига бориб, унга етказасан.
Кейин Йўаб аёлга нималар айтиши лозимлигини ўргатди.
4 Тахувалик аёл шоҳ ҳузурига йўл олди. Унинг ҳузурига бориб, мук тушиб таъзим қилди–да:
— Эй шоҳим, ёрдам беринг! — деди.
5 — Нима бўлди? — деб сўради шоҳ.
— Мен бир бахтсиз тул аёлман, — деди у. — Эрим ўлган.
6 Бу чўрингизнинг икки ўғли бор эди. Иккови далада жанжаллашиб қолишибди. Ўша ерда уларни ажратиб қўядиган бирор кимса йўқ экан, биттаси иккинчисини уриб ўлдириб қўйибди.
7 Энди эса бутун қавмим бу чўрингизга қарши чиқиб: “Биродарини ўлдирганни бизнинг қўлимизга бер, биродарини ўлдиргани учун ундан қасос оламиз, қотилни ўлдирамиз, меросхўрини йўқ қиламиз”, дейишяпти, охирги умид нишонамдан ҳам айиришмоқчи. Агар яна фожиа юз берадиган бўлса, ер юзида эримнинг номини давом эттирадиган бирор кимса қолмайди–ку.
8 — Уйингга боравер, — деди шоҳ, — мен сенинг фойдангга амр бераман.
9 — Шоҳ ҳазратлари, бу воқеага мен ва отамнинг хонадони айбдор бўлсин, — деди Тахувалик аёл, — шоҳим ва унинг тахти бегуноҳ бўлсин.
10 — Ким сенга бирор нарса деса, уни менинг олдимга бошлаб кел. Шундай қилайинки, ўша одам сени бошқа хафа қилмайдиган бўлсин, — деди шоҳ.
11 — Бўлмаса, шоҳим ўзларининг Эгаси Худо номи билан онт ичсинлар, токи қасоскорлар яна зиён–заҳмат етказмасин, — деди аёл. — Акс ҳолда, ўғлимни ўлдириб қўйишади.
— Худо шоҳид! Ўғлингнинг бир тола сочига ҳам зарар етмайди, — деди шоҳ.
12 — Энди ижозат берсангиз, бу чўрингиз шоҳ ҳазратларига яна бир оғиз гап айтмоқчи эди, — деди аёл.
— Айт, — деди шоҳ.
13 Аёл гапини давом эттирди:
— Бўлмаса, нима учун шоҳ Худонинг халқига қарши бундай ноҳақликни раво кўраётирлар? Шоҳим ҳалиги гапи билан ўзларини гуноҳкор қилгандай бўлдилар. Чунки, шоҳим, ўзингиз қувғин қилган одамни қайтармаяпсиз.
14 Тупроққа тўкилган сувни қайта йиғиб бўлмаганидай, ҳаммамиз ҳам оламдан ўтиб кетамиз. Лекин Худо жонимизни олишни истамайди. Худо “Бадарға қилинган одам Ўзимдан узоқ кетмасин”, деб йўлларини қидиради.
15 Одамлар мени қўрқитгани учун шоҳ ҳазратларига шуларни айтиб беришга келдим. Ўзимга ўзим айтдим: “Шоҳга маслаҳат солай–чи, балки бу чўрисининг тилагини бажо айлар.
16 Ўғлим билан мени ўлдириб, бизни Худо берган меросдан маҳрум қиладиганнинг қўлидан қутқаришни фақат шоҳ ўз зиммасига олиши мумкин.
17 Шоҳ ҳазратлари ўз сўзи билан мени тинчлантирадилар. Чунки шоҳим, Худонинг фариштаси каби яхши–ёмон гапни тинглаб, ажрим қиладилар.” Эгангиз Худо сизга ёр бўлсин!
18 — Сендан бир нарсани сўрайман, лекин мендан ҳеч нарсани яшира кўрма! — деди шоҳ.
— Сўрасинлар, шоҳ ҳазратлари, — деди аёл.
19 — Бу айтганларингнинг ҳаммасида Йўабнинг қўли борми? — деб сўради шоҳ. Аёл унга шундай жавоб берди:
— Тўғриси, шоҳ ҳазратлари, сиздан ҳеч нарсани яшириб бўлмас экан! Ҳа, бу чўрингизга шу гапларни ўргатган ва буйруқ берган — қулингиз Йўаб бўлади.
20 Ҳа, қулингиз Йўаб вазиятни яхшилаш учун ўйлаб топди буни. Шоҳ ҳазратлари Худонинг фариштаси каби донодир, эл–юртда бўлиб ўтган воқеалар унинг назаридан четда қолмайди.
21 Шундан кейин шоҳ Йўабга:
— Сен истаганингдай бўла қолсин, бор, анави йигитни — Абсаломни қайтариб кел, — деди.
22 Йўаб мук тушиб таъзим қилди ва:
— Эй шоҳ ҳазратлари, бугун мен, қулингизнинг истагини бажо айлаб, менга илтифот кўрсатаётганингизни билиб турибман, — деб шоҳни мақтади.
23 Шундан кейин Йўаб Гашурга бориб, Абсаломни Қуддусга олиб келди.
24 Лекин шоҳ: “Абсалом уйига борсин, менинг ҳузуримга келмасин”, деб амр берди. Шунинг учун Абсалом шоҳни кўра олмай, уйига кетди.
25 Бутун Исроилда Абсалом каби чиройли, келишган одам йўқ эди. У бошдан–тирноғигача бенуқсон эди.
26 Сочини кўтариб юриш оғирлик қилгани учун ҳар йил олдирарди. Олдирган сочини тортиб кўрганда, сочининг оғирлиги шоҳликдаги ўлчов бўйича беш юз мисқол чиқарди.
27 Абсаломнинг уч ўғли ва Тамара деган гўзал бир қизи бор эди.
28 Абсалом Қуддусда икки йил турди. Лекин шу вақт давомида шоҳни кўра олмади.
29 Ниҳоят, Йўабни шоҳ ҳузурига жўнатмоқчи бўлиб, бу ҳақда унга хабар берди. Аммо Йўаб Абсаломникига келишни истамади. Абсалом иккинчи марта хабар юборди. Йўаб яна келмади.
30 Шунда Абсалом хизматкорларига:
— Кўряпсизларми, Йўабнинг арпа даласи меникига ёндош. Боринглар, унинг арпасига ўт қўйинглар, — деди.
Хизматкорлар бориб, Йўабнинг арпасига ўт қўйишди.
31 Шунда Йўаб Абсаломнинг уйига борди.
— Нимага хизматкорларинг даламга ўт қўйди? — деди.
32 Абсалом унга шундай жавоб берди:
— Сенга, меникига кел, сени шоҳ ҳузурига жўнатаман, деб хабар берган эдим. Сен орқали шоҳга: “Гашурдан нега келдим? Қайтанга ўша ерда қолганимда, менга яхшироқ бўларди” деган гапларни етказмоқчи эдим. Энди шоҳ ҳузурига борай. Агар менинг айбим бўлса, ўлдирсин.
33 Шундан сўнг Йўаб шоҳ ҳузурига бориб, Абсаломнинг айтганларини унга етказди. Шоҳ Абсаломни чақиртирди. Абсалом шоҳ ҳузурига кела солиб, мук тушиб таъзим қилди. Шоҳ Абсаломни ўпди.
Абсалом Довудга қарши бош кўтаради
1 Абсалом ўзи учун битта жанг араваси, отлар ва элликта қўриқчини тайёрлаб қўйди.
2 У эрталаб туриб, шаҳар дарвозасига борадиган йўл бўйида турадиган бўлди. Жанжалли иш билан шоҳ ҳузурига арз қилиб келаётган ҳар бир одамни Абсалом тўхтатиб:
— Қаерликсан? — деб сўрарди. Ўша одам: “Исроилнинг фалон қабиласиданман”, деб жавоб берарди.
3 Абсалом эса унга:
— Қара, даъволаринг тўғри, сен ҳақсан. Лекин сенинг гапингга қулоқ соладиган, шоҳ тайинлаган бирор вакил йўқ, — дерди.
4 Кейин: — Агар юртга мен ҳакам бўлганимда эди, — деб қўшиб қўярди, — шикоят ёки бирор масала билан менинг олдимга келган одамга адолат қилардим.
5 Бирортаси унинг олдига мук тушиб, таъзим қилиб келиши биланоқ, Абсалом ўша одамни турғизиб, ўпиб қўярди.
6 Шоҳ ҳузурига шикоят қилиб келган Исроил халқининг ҳаммасига Абсалом шундай муомала қиларди. Хуллас, Абсалом шу йўсинда Исроил халқини ўзига оғдириб олди.
7 Орадан тўрт йил ўтгач, Абсалом шоҳга деди:
— Ижозат берсангиз, мен Хевронга бориб, Эгамга атаган назримни адо этайин.
8 Чунки мен, қулингиз, Орамда — Гашур юртида яшаётганимда, Эгам мени Қуддусга қайтарса, албатта Хевронга бориб Унга сажда қиламан, деб назр атаган эдим.
9 — Эсон–омон бор! — деди шоҳ Абсаломга.
Абсалом Хевронга борган заҳоти
10 ҳамма Исроил қабилаларига махфий хабарчилар жўнатиб, уларга шундай деди: “Бурғу овозини эшитишингиз биланоқ, Абсалом Хевронда шоҳ бўлди, деб овоза қиласизлар.”
11 Абсалом Қуддусдан таклиф қилган икки юз киши у билан бирга Хевронга борганди. Таклиф қилинган одамлар, бўлиб ўтган воқеалардан бехабар, яхши ният билан Абсаломга эргашишганди.
12 Абсалом Хевронда қурбонлик қилаётиб, Довуднинг маслаҳатчиси Охитофелни ҳам чақиртириб келди. Охитофел Гилохда яшарди. Шу тариқа фитна кучайиб, Абсаломни қўллаётганлар тобора кўпайиб борарди.
Довуд Қуддусдан қочиб кетади
13 Бир хабарчи Довуднинг олдига келиб:
— Абсалом Исроил халқининг ишончини қозонди, — деди.
14 Шундан сўнг Довуд Қуддусда ўзига хизмат қилиб юрган ҳамма одамларига шундай буйруқ берди:
— Қани, қочиб қолайлик! Бўлмаса, Абсалом бизни соғ қўймайди. Ҳозироқ кетайлик, акс ҳолда, Абсалом орқамиздан бирпасда етиб олиб бизни бир балога гирифтор қилади, шаҳар аҳолисини бирма–бир қиличдан ўтказади!
15 — Шоҳ ҳазратлари нима қарорга келган бўлсалар, биз, қулларингиз, бажаришга тайёрмиз, — дейишди шоҳнинг аъёнлари.
16 Шундай қилиб, шоҳ бутун сарой аҳлини эргаштириб, йўлга тушди. Саройга қараб турсин деб, фақат ўнта канизагини у ерда қолдирди.
17 Шоҳ ва унинг ҳамроҳлари шаҳарнинг энг четидаги уйга етиб боришгач, ўша ерда тўхташди.
18 Шоҳнинг жамики лашкари, Харетлик ва Палатлик ҳамма қўриқчилар, Гат шаҳридан унга эргашиб келган олти юзта одам шоҳнинг олдидан ўтди.
19 Шоҳ Гатлик лашкарбоши Этхайга:
— Нимага сен биз билан келяпсан? — деди. — Орқангга қайт, ким шоҳ бўлса, ўша шоҳ билан қол, чунки сен ватанидан қувилган бир бегонасан.
20 Сен кечагина келдинг. Мен эса бугун қаерга боришимни ўзим билмайман–у, сени бирга олиб кетиб сарсон қилайми? Қани, биродарларинг билан орқага қайт. Эгам марҳаматини ва садоқатини сендан дариғ тутмасин!
21 Этхай шоҳга шундай жавоб берди:
— Шоҳ ҳазратлари! Худо шоҳид, онт ичиб айтаманки, сизни ташлаб кетмайман. Хоҳ ҳаёт учун бўлсин, хоҳ ўлим учун бўлсин, сиз қаерда бўлсангиз, мен — қулингиз ҳам ўша ерда бўламан.
22 — Бўпти, мен билан юравер, — деди Довуд Этхайга. Шундан кейин Гатлик Этхай, унинг ёнидаги ҳамма одамлари, бола–чақалари билан, Довуднинг ёнидан ўтиб йўлда давом этдилар.
23 Халқ йўлда давом этаркан, атрофда эл–юрт зор–зор йиғлаб фарёд чекарди. Шоҳ Қидрон сойлигини босиб ўтди. Халқ саҳрога борадиган йўл бўйлаб кетарди.
24 Руҳоний Зодўх билан Худонинг Аҳд сандиғини кўтариб бораётган левилар, руҳоний Абуатар ҳам шу ерда жам бўлган эдилар. Улар Худонинг Сандиғини ерга қўйиб, халқ шаҳардан чиқиб бўлгунча кутиб туришди.
25 Бир пайт Зодўхга шоҳ деди:
— Худонинг Сандиғини шаҳарга қайтариб олиб бор. Агар Эгам мендан рози бўлса, мени қайтарсин, Сандиқ турадиган жойни ва Сандиқни менга яна кўрсатсин.
26 Аммо Эгам: “Сендан рози эмасман”, деса, майли, Унга нима маъқул бўлса, шуни қилсин.
27 Шоҳ руҳоний Зодўх билан гапини давом эттирди:
— Ахир, сен валийсан–ку! Ўғлинг Охимасни ва Абуатарнинг ўғли Йўнатанни ёнингга ол. Абуатар билан бирга шаҳарга эсон–омон қайтиб боринглар.
28 Сизлардан аниқ хабар келмагунча, мен Иордан дарёсининг кечувида яшириниб ўтираман. Мен саҳрога кетишдан олдин Қуддусда нима бўлаётганини билайин.
29 Хуллас, Зодўх билан Абуатар Худонинг Сандиғини Қуддусга қайтариб олиб кетишди ва ўзлари ҳам ўша ерда қолишди.
30 Довуд эса йиғлай–йиғлай Зайтун тоғига кўтарила бошлади. У қайғу–аламлардан бошини ўраб олган, ялангоёқ, ёнидаги ҳамма одамлар ҳам бошларини ўраган, йиғлаганларича тоққа чиқишарди.
31 Шу пайт кимдир Довудга:
— Маслаҳатчи Охитофел ҳам Абсалом билан бирга фитна уюштирганларнинг орасида экан, — деб қолди.
— Эй Эгам! Илтижо қиламан: Охитофел Абсаломга аҳмоқона маслаҳат берсин! — деди Довуд.
32 Довуд Зайтун тоғининг тепасига, Худога сажда қилинадиган жойга чиқиб борганда, у ерда Довудни Орух уруғидан бўлган Хушай кутиб олди. Хушай аянчли аҳволда бўлиб, қайғудан кийимларини йиртган, бошига тупроқ сочган эди.
33 Довуд унга:
— Агар мен билан борсанг, менга юк бўласан, — деди.
34 — Сен шаҳарга қайтиб бор, Абсаломга: “Эй шоҳим, мен сизнинг қулингизман, отангизга олдин қандай итоат этган бўлсам, сизга ҳам шундай итоат этаман”, дейсан. Мен учун Охитофелнинг маслаҳатини йўққа чиқарасан.
35 Руҳонийлар Зодўх билан Абуатар ўша ерда сенинг ёнингда бўлишади. Шоҳ саройида нима эшитсанг, уларни хабардор қилиб тур.
36 Зодўхнинг ўғли Охимас билан Абуатарнинг ўғли Йўнатан ҳам ўша ерда. Нимаики эшитсангизлар, руҳонийларнинг ўғиллари орқали мени хабардор қилиб турасизлар.
37 Шундай қилиб, Довуднинг дўсти Хушай Қуддусга келди. Худди шу пайтда Абсалом ҳам Қуддусга кираётган эди.
Довуд билан Зибах
1 Довуд Зайтун тоғининг нариги томонига ошиб ўтаётганда, Мефибоситнинг хизматкори Зибахга дуч келиб қолди. Зибах эгарланган иккита эшак устига икки юзта нон, юз ҳовуч майиз, юз ҳовуч ҳўл мева ва бир меш шароб юклаб олган эди.
2 — Буларни нимага олиб келдинг? — деб сўради шоҳ Зибахдан.
— Эшакларни шоҳнинг хонадони аҳли минади, нон билан ҳўл меваларни йигитлар ейди, шаробни эса саҳрода толиқиб сулайиб қолганлар ичади, — деб жавоб берди Зибах.
3 — Хўжайининг Шоулнинг набираси қаерда? — сўради Довуд.
— Мефибосит Қуддусда қолди, — деди Зибах. — Исроил халқи бугун бобомнинг шоҳлигини менга қайтариб беради, деб ўйлаяпти у.
4 — Мефибоситнинг ҳамма нарсаси энди сеники, — деди шоҳ.
— Қулингиз бўлай, шоҳ ҳазратлари! Тилагим шуки, ҳар доим илтифотингизга сазовор бўлай, — деди Зибах.
Довуд билан Шимах
5 Шоҳ Довуд Бохуримга етиб борганда, Шоул хонадонидан Шимах деган бир одам қарғаниб ўртага чиқди. У Гера деганнинг ўғли эди.
6 Шоҳни ўнг ва чап томонида ҳамма одамлари, қўриқчилари ҳимоя қилиб туришарди. Шунга қарамай, Шимах Довудга ва унинг аъёнларига тош отарди.
7 Шимах шундай деб ҳақорат қилар эди:
— Йўқол, кет, эй разил одам, сенинг қўлинг қон!
8 Сен Шоулнинг ўрнига шоҳ бўлган эдинг. Шоул хонадонидан қанча қонлар тўккан бўлсанг, Эгам ҳаммасини ўз бошингга қайтарди, шоҳликни ўғлинг Абсаломга берди. Қўлинг қон бўлгани учун қилмишингга яраша кулфат тортяпсан.
9 — Бу ўлик кўппак нега шоҳ ҳазратларини ҳақорат қилар экан? — деди Зеруя ўғли Абушай Довудга. — Ижозат берсинлар, бориб бошини узиб ташлай.
10 Лекин шоҳ:
— Бу сизларга алоқадор иш эмас, эй Зеруя ўғиллари! — деди. — Эгам унга “Довудни қарға!” дегани учун мени қарғаётган бўлса, ким ундан: “Нега бундай қиляпсан?” деб сўрай олади?!
11 Кейин Довуд Абушай билан барча сипоҳларга айтди:
— Ўзимнинг пушти камаримдан пайдо бўлган ўғлим мени ўлдирмоқчи бўляпти–ю, Бенямин наслидан бўлган шу одамнинг қилиғига ҳайрон бўляпсизларми?! Қўйинглар уни, майли, ҳақорат қилаверсин, чунки унга шундай қил, деб Эгам буюрган.
12 Балки Эгам кулфатларимни кўриб, бугунги ҳақоратлар эвазига яхшилик қайтарар.
13 Довуд одамлари билан йўлида давом этаверди. Довуднинг ён томонида — қир ён бағрида юриб кетаётган Шимах уни қарғар, тош отарди.
14 Шоҳ ва ҳамроҳлари борадиган жойларига етиб келгунларича чарчашди ва дам олиш учун тўхташди.
Охитофел ва Хушайнинг маслаҳатлари
15 Ўша пайтда Абсалом билан унга эргашган Исроил халқи Қуддусга кирдилар. Маслаҳатчи Охитофел ҳам Абсалом билан бирга эди.
16 Довуднинг дўсти, Орух уруғидан бўлган Хушай Абсаломнинг ёнига бориб:
— Шоҳимизнинг умри узоқ бўлсин! Шоҳимизнинг умри узоқ бўлсин! — деб ҳайқирди.
17 Абсалом Хушайга:
— Дўстингга садоқатинг шуми? Нимага дўстинг билан кетмадинг? — деб сўради.
18 — Нега кетар эканман?! — деди Хушай. — Мен Эгам ва мана бу халқ, қолаверса, бутун Исроил халқи танлаган одамни ёқлайман, ўша одамнинг ёнида бўламан.
19 Ҳа, мен Довуднинг ўғли Абсаломдан бошқа яна кимга ҳам хизмат қилардим?! Отангга қандай хизмат қилган бўлсам, сенга ҳам шундай хизмат қиламан.
20 Шунда Абсалом Охитофелга қараб:
— Нима қилайлик, бизга маслаҳат бер–чи, — деди.
21 Охитофел шундай маслаҳат берди:
— Отанг, саройга қараб турасизлар, деб канизакларини қолдириб кетган эди. Ўша канизакларнинг олдига кир. Шунда сен отангни очиқчасига шарманда қилганингни Исроил халқи эшитади. Сени қўллаб–қувватлаган одамларнинг қарори янада қатъий бўлади.
22 Сарой томида Абсалом учун бир чодир қуришди. Абсалом эса жамики Исроил халқининг кўзи олдида отасининг канизаклари олдига кирди.
23 Ўша пайтлари Охитофелнинг айтган сўзлари шунчалик доно эдики, худди тўппа–тўғри Худодан келгандай туюларди. Шунинг учун Абсалом ҳам, Довуд қилганидай, Охитофелнинг ҳамма маслаҳатини сўзсиз қабул қиларди.
1 Охитофел Абсаломга шундай деди:
— Ижозат берсанг, ўн икки минг кишини танлаб оламан, шу кечасиёқ отланиб, Довуднинг орқасидан тушаман.
2 Довуд чарчаган, ҳолдан тойган, унга ҳужум қилиб қўрқитсам, ёнидагиларнинг ҳаммаси қочиб кетади. Мен фақат шоҳ Довудни ўлдираман, холос.
3 Кейин жамики халқни сенинг ихтиёрингга қайтариб олиб келаман. Ўзинг қидираётган одамни топиб ўлдирсанг бўлди — ҳамма сенга бош эгади, бутун халқ тинчийди.
4 Бу маслаҳат Абсаломга ҳам, жамики Исроил оқсоқолларига ҳам маъқул келди.
5 — Орух уруғидан бўлган Хушай бор–ку, уни ҳам чақириб келинглар, — деди Абсалом, — у нималар дер экан, эшитайлик–чи.
6 Хушай келди.
— Охитофел шундай–шундай маслаҳат берди, — деди Абсалом. — Унинг маслаҳатига амал қилсак бўладими? Бўлмаса, сен маслаҳат бер.
7 — Охитофелнинг бу сафарги маслаҳати яхши эмас, — деди Хушай Абсаломга.
8 — Отанг Довуд билан унинг одамлари моҳир жангчилар эканлигини биласан. Улар даштда болаларидан айрилган айиқдай ғазабга минганлар. Отанг тажрибали жангчи, тунни лашкар ёнида ўтказмайди.
9 Шу пайтда у бирорта ғорда ёки бошқа бир жойда яшириниб юрибди. У Абсаломнинг одамларидан баъзиларини биринчи ҳужумдаёқ ҳалок қилганда, бу ҳақда эшитган ҳар бир одам: “Абсаломга эргашганлар тор–мор бўлди”, дейди.
10 У пайтда ҳатто шер юракли баҳодир йигитлар ҳам қўрқувга тушади. Чунки Исроилдаги ҳар бир одам отангнинг жасурлигини, жангчиларининг ҳам ботирлигини билади.
11 Сенга маслаҳатим шу: Дандан Бершебагача чўзилган жойлардаги бутун Исроил лашкари атрофингга тўплансин. Ахир, Исроил халқи денгиз қирғоғидаги қум сингари сон–саноқсиз–ку! Уларни сен ўзинг жангга бошла.
12 Довуд қаерда яшириниб юрган бўлса ҳам, унга қарши юриш қиламиз, бутун ер юзини шудринг қоплаганидай, биз ҳам унинг устига бостириб борамиз. Довудни ҳам, ёнидагиларнинг бирортасини ҳам тирик қолдирмаймиз.
13 Агар у бирор шаҳардан бошпана топса, ҳамма Исроил одамлари арқон олиб, ўша шаҳарга боришади. Шунда ҳаммамиз биргаликда шаҳарни ағдариб, бир дона тошини ҳам қолдирмай, сойликка тортиб туширамиз.
14 Абсаломга қўшилиб ҳамма бир оғиздан:
— Орух уруғидан бўлган Хушайнинг маслаҳати Охитофелнинг маслаҳатидан анча маънили, — дейишди. Сабаби, Эгамиз Абсаломни кулфатга дучор қилиш ниятида Охитофелнинг яхши маслаҳатини беҳудага чиқаришни мўлжаллаб қўйган эди.
Хушай Довудга хабар беради
15 Хушай руҳонийлар Зодўх билан Абуатарга шундай деди:
— Охитофел Абсаломга ва Исроил оқсоқолларига ундай маслаҳат берди, мен эса бундай маслаҳат бердим.
16 Сизлар ҳозироқ шу хабарни Довудга етказинглар: бу кеча қирда — дарёнинг кечувида тунамасин, ҳозироқ нариги қирғоққа ўтаверсин. Бўлмаса, шоҳнинг ўзи ҳам, ёнидаги одамлари ҳам қирилиб кетади.
17 Бу пайтда Абуатар ўғли Йўнатан билан Зодўх ўғли Охимас Эн–Рўғол булоғида кутиб туришарди. Бир чўри қиз бўлиб ўтган гап–сўзларни уларга етказар, Йўнатан билан Охимас эса эшитганларини шоҳ Довудга етказиб туришарди. Ўзлари таваккал қилиб шаҳарга киролмас, бирортаси кўриб қолиши мумкин эди.
18 Лекин бир ўспирин ногаҳон уларни кўриб қолди ва Абсаломга хабар берди. Шундан кейин Йўнатан билан Охимас тезда бу шаҳардан чиқиб, Бохурим шаҳридаги бир одамнинг уйига келишди. Ўша уйнинг ҳовлисида бир қудуқ бор эди. Йўнатан билан Охимас қудуққа тушишди.
19 Ҳалиги одамнинг хотини қудуқ оғзини ёпинчиқ билан беркитди. Қуёшда қуритаётгандай бўлиб, устига бошоқ ёйиб қўйди. Шунинг учун ҳеч ким, бу ерда одам бор, деб шубҳаланмасди.
20 Абсаломнинг одамлари ўша уйга бориб, аёлдан:
— Охимас билан Йўнатанни кўрмадингми? — деб сўрашди.
— Ирмоқнинг нариги томонига ўтиб кетишди, — деб жавоб берди аёл. Абсаломнинг одамлари уларни қидириб кетишди, лекин топа олмай Қуддусга қайтишди.
21 Улар кетгандан сўнг Охимас билан Йўнатан қудуқдан чиқишди–да, бўлиб ўтган ҳодисалардан шоҳ Довудни хабардор қилиш учун унинг ёнига жўнашди.
— Қани, ҳозироқ дарёни кечиб ўтинглар, чунки Охитофел сизларга қарши шундай–шундай маслаҳат берди, — дейишди улар шоҳга.
22 Шу заҳоти Довуд ҳамма одамларини эргаштириб, Иордан дарёсини зудлик билан кечиб ўтди. Тонг отганда, ҳамма Иордан дарёсидан ўтиб бўлган, орқада бирорта ҳам одам қолмаган эди.
23 Охитофел берган маслаҳати амалга ошмаганини кўриб, эшагини эгарлаб жўнади. Ўз шаҳрига — уйига қайтиб келди. Ишларини саранжом–саришта қилиб бўлгандан кейин, ўзини осиб ўлдирди. Унинг жасадини ота–боболарининг хилхонасига дафн қилишди.
24 Абсалом билан Исроил лашкарининг ҳаммаси Иордан дарёсини кечиб ўтишаётганда, Довуд Моханайим шаҳрига етиб борган эди.
25 Абсалом Йўабнинг ўрнига Эмосани лашкарбоши қилиб тайинлаганди. Эмоса Йўабнинг жияни бўлиб, Исмоил қавмидан Этер деган одамнинг ўғли эди. Онасининг исми Обигайл бўлиб, Нахош деган одамнинг қизи эди. Обигайл Зеруянинг синглиси, Зеруя Йўабнинг онаси эди.
26 Абсалом ва унинг қўли остидаги Исроил лашкари Гилад ерларида қароргоҳ қуришди.
27-29 Довуд Моханайимга борганда, уни бир неча одам кутиб турарди. Улар Оммонларнинг Рабба шаҳридан Нахош ўғли Шўви, Лўдавор шаҳридан Омиёл ўғли Мохир ва Рўғолим шаҳридан Гиладлик Борзулай эдилар. Улар, одамлар чўлда толиққан, оч қолиб, чанқагандир, деб Довуд билан унинг одамларига кўрпа–тўшаклар, косалар, сопол идиш–товоқлар, буғдой, арпа, кепакли ун, қовурилган дон, ловия, ясмиқ дони, асал, сузма, пишлоқ ва қўйлар олиб келишган эди.
Абсаломнинг ҳалокати
1 Довуд ёнида юрган одамларини бир жойга тўплаб, улар устидан мингбошилар, юзбошилар тайинлади.
2 Сўнг одамларини уч қисмга бўлди, биринчи қисмга Йўаб бошчилик қиларди, иккинчисига Йўабнинг акаси Абушай (Зеруянинг ўғли), учинчисига Гатлик Этхай бошчилик қилишарди. Шоҳ одамларини жангга жўнатаётиб уларга:
— Мен ҳам сизлар билан бирга бораман, — деган эди,
3 улар:
— Биз билан борманг, — дейишди. — Борди–ю, қочишимизга тўғри келиб қолса, ғанимларимиз биз билан қизиқмайди. Ярмимиз ўлиб кетганимизда ҳам эътибор беришмайди. Сиз бизнинг ўн мингтамизга арзийсиз. Сиз бизга шаҳардан туриб ёрдам беринг, бизга шуниси яхши.
4 — Сизларга қайсиниси маъқул бўлса, шуни қилганим бўлсин, — деди шоҳ. Одамлар юз, минг кишилик тўдаларга бўлиниб шаҳардан чиқишаётганда, шоҳ дарвоза ёнида турган эди.
5 Шоҳ Йўабга, Абушай ва Этхайга:
— Абсалом ёш, менинг ҳурматим учун унга зиён етказманглар, — деб тайинлади. Шоҳнинг лашкарбошиларга Абсаломга алоқадор буйруқ берганини ҳамма сипоҳлар эшитишди.
6 Абсаломга эргашган Исроил лашкари билан жанг қилиш учун Довуднинг одамлари майдонга чиқишди. Жанг Эфрайим ўрмонида бўлди.
7 Довуднинг одамлари Исроил лашкарини мағлуб қилди. Катта талафот бўлди, ўша куни йигирма минг киши ўлди.
8 Жанг тобора ёйилиб борарди. Ўша куни ўрмондаги фалокатдан нобуд бўлган одамларнинг сони жангда ўлдирилганларнинг сонидан кўп эди.
9 Жанг пайти Абсалом хачирини миниб ёлғиз ўзи қочиб кетаётган эди, тўсатдан Довуднинг одамларига дуч келиб қолди. Хачир катта эман дарахтининг қалин шохлари тагидан елиб кетаётганда, Абсаломнинг боши шохлар орасига кириб қолди. Хачир елиб кетаверди, Абсалом эса дарахтга осилиб қолди.
10 Довуднинг одамларидан бири Абсаломнинг осилиб турганини кўриб қолди ва бориб Йўабга айтди:
— Абсаломни кўрдим, у бир эман дарахтида осилиб турибди!
11 Йўаб хабар олиб келган одамга:
— Уни кўрган бўлсанг, нимага ерга қулатиб ўлдирмадинг? Сенга ўн кумуш танга ва бир камар ҳадя этган бўлардим, — деди.
12 Ўша одам Йўабга шундай жавоб берди:
— Ҳатто минг кумуш танга санаб берганингизда ҳам, шоҳ ўғлига қўлимни теккизмайман. Чунки шоҳнинг сизга, Абушай ва Этхайга “Ёш Абсаломнинг жонини сақланг” деган буйруғини биз ҳам эшитган эдик.
13 Борди–ю, Абсаломнинг жонига қасд қилганимда, сиз ўзингизни четга тортмасмидингиз, ахир?! Барибир, шоҳимиз ҳамма нарсадан воқиф бўлади–ку!
14 Йўаб:
— Сен билан пачакилашиб вақтимни йўқотмай, — деди–ю, қўлига учта найза олиб ўша ерга борди. Абсалом эман дарахтида муаллақ осилиб турар, ҳали тирик эди. Йўаб Абсаломнинг юрагига найза санчди.
15 Сўнгра Йўабнинг ўнта қуролбардори Абсаломни ўраб олиб, тамомила ўлдиришди.
16 Йўаб жангни тўхтатиш учун бурғу чалдирди, шунда Довуднинг одамлари Исроил лашкарини қувлашдан тўхтаб, орқага қайтишди.
17 Абсаломни эса дарахтдан кўтариб олиб, ўрмондаги чуқур бир хандаққа улоқтиришди. Бир талай тош уйиб, хандақ оғзини беркитишди. Шу пайтда Исроил лашкарининг ҳаммаси уй–уйларига қочиб кетишган эди.
18 Абсалом ҳаётлигида “Номимни давом эттирадиган битта ҳам ўғлим йўқ”, деб Шоҳ сойлигида ўзига атаб бир ёдгорлик тоши ўрнатган ва ёдгорлик тошига ўзининг номини берган эди. Бу ёдгорлик шу кунгача “Абсалом ёдгорлиги” дейилади.
Довуд ўғлига аза тутади
19 Зодўхнинг ўғли Охимас Йўабга:
— Ижозат берсангиз, тез бориб шоҳимизга: “Эгам сизни ғанимларингиз қўлидан қутқарди”, деб хабар етказсам, — деди.
20 — Йўқ, — деди Йўаб, — бугун сен хабар олиб бормайсан. Бошқа сафар хабар етказарсан, лекин бугун эмас. Чунки шоҳнинг ўғли ўлди.
21 Кейин Йўаб Ҳабашистонлик бир одамга:
— Сен бориб, кўрганларингни шоҳга айт, — деб буюрди. Ўша одам Йўабга таъзим қилди–ю, югуриб кетди.
22 Аммо Охимас яна:
— Нима бўлса бўлар, ижозат беринг, мен анави Ҳабашистонликнинг орқасидан югуриб борайин, — деб илтимос қилди.
— Ўғлим, нимага югуриб боришни истаб қолдинг? Сенга манфаат келтирадиган хабар йўқ–ку! — деди Йўаб.
23 — Нима бўлса бўлар, ҳозир югуриб борай, — деб яна илтимос қилди Охимас.
— Майли, югур, — деди Йўаб. Охимас шу заҳоти Иордан текислиги бўйлаб югуриб, Ҳабашистонликдан ўзиб кетди.
24 Довуд бу вақтда шаҳар дарвозаси олдида ўтирган эди. Қоровул шаҳар дарвозаси тепасига чиқди. Атрофга назар ташлаб, биттасининг югуриб келаётганини кўрди
25 ва бу ҳақда шоҳга айтди.
— Биттаси келаётган бўлса, демак, яхши хабар олиб келяпти, — деди шоҳ.
Ўша одам тобора яқинлашиб келарди.
26 Қоровул яна бошқасининг югуриб келаётганини кўриб, дарвозабонга:
— Ана, яна биттаси югуриб келяпти, — деб хабар берди.
— У ҳам яхши хабар олиб келаётир, — деди шоҳ.
27 — Менимча, олдиндаги одам югуришидан Зодўх ўғли Охимасга ўхшайди, — деди қоровул.
— Охимас — яхши одам, яхши хабар олиб келади, — дея жавоб берди шоҳ.
28 Шу пайт Охимас баланд овоз билан шоҳга:
— Тинчлик–омонлик бўлсин, шоҳим! — деди.
Сўнг шоҳнинг олдида мук тушиб таъзим қилиб:
— Шоҳ ҳазратларига қўл кўтарганлар устидан ғалаба ато қилган Эгангиз Худога ҳамду санолар бўлсин! — деди.
29 — Болам Абсалом соғ–саломатми? — деб сўради шоҳ.
— Йўаб мен, қулингизни жўнатган пайтда катта ғалаён бўлаётган эди, кейин нима бўлганини билмайман, — деди Охимас.
30 — Бу томонга ўт, шу ерда кутиб тур, — деди шоҳ. Охимас нарига ўтиб кута бошлади.
31 Шу орада Ҳабашистонлик етиб келди.
— Шоҳ ҳазратларига хушхабар! — деди у. — Эгам адолат қилиб, сизга қарши исён кўтарганлар устидан ғалаба ато қилди.
32 — Болам Абсалом соғ–саломатми? — деб сўради шоҳ Ҳабашистонликдан.
— Шоҳ ҳазратлари! — деди Ҳабашистонлик. — Ғанимларингизнинг, ёмон ният билан сизга қарши отланганларнинг охирати шу йигитнинг охирати каби бўлсин.
33 Шоҳ эсанкираб қолди. Дарвоза тепасидаги болохонага чиқиб, фарёд қила бошлади. У болохонага чиқар экан:
— Оҳ, ўғлим Абсалом! Оҳ, ўғилгинам, болам Абсалом! Сенинг ўрнингга мен ўлсам бўлмасмиди, ўғлим?! Вой, болам Абсалом! — деб фарёд қиларди.
Йўаб Довудга танбеҳ беради
1 Шоҳ Довуд Абсалом учун кўз ёши тўкиб, аза тутаётир, деб Йўабга хабар беришди.
2 Довуднинг сипоҳлари ҳам: “Шоҳ ўғли учун аза тутяпти экан”, деб эшитишди. Шундай қилиб, ўша кунги ғалаба барча лашкар учун азага айланди.
3 Ўша куни сипоҳлар худди урушдан қочганлардай, шаҳарга хижолат тортиб, писиб киришди.
4 Шоҳ эса юзини беркитиб, бор овози билан: “Оҳ, ўғлим Абсалом! Абсалом, болагинам, жигарим!” деб фарёд қиларди.
5 Йўаб шоҳ турган уйга кириб, унга шундай деди:
— Бугун сизнинг жонингизни, ўғилларингиз, қизларингиз, хотинларингиз, канизакларингизнинг жонларини қутқарган одамларингизнинг ҳаммасини хижолатга қўйдингиз.
6 Чунки сиз ўзингиздан нафратланганларга меҳр қўйиб, сизни яхши кўрганлардан нафратланар экансиз. Бугун лашкарбошиларингиз ва мард йигитларингиз сизнинг олдингизда ҳеч нарсага арзимаслигини ошкор қилиб қўйдингиз. Ҳа, мен бир нарсани англаб етдим: бугун Абсалом омон қолиб, ҳаммамиз ўлиб кетсак, сизга яхши бўлар экан!
7 Энди туринг, ташқарига чиқиб, одамларингизга далда беринг! Эгамнинг номини ўртага қўйиб онт ичаманки, агар чиқмасангиз, шу кеча сизнинг ёнингизда бирорта одам қолмайди. Бу эса ёшлигингиздан то шу бугунгача бошингизга келган кулфатлар ичида энг ёмони бўлади!
8 Шу гапдан кейин шоҳ шаҳар дарвозаси олдига бориб ўтирди. Жамики лашкарга: “Шоҳ шаҳар дарвозасида ўтирибди” деган хабар етиб борди. Шундан кейин улар шоҳнинг ёнига ташриф буюришди.
Довуд Қуддусга қайтади
Бу пайтда Исроил халқидан Абсалом томонда бўлганлари уй–уйларига қочиб кетган эди.
9 Исроилнинг турли қабилаларидан бўлган одамлар бир–бирлари билан баҳс қилишарди:
— Бизни ғанимларимиз қўлидан Довуд халос қилган, Филистлар қўлидан қутқарган эди. У Абсаломдан қочиб, юртдан кетиб қолган.
10 Бизга йўлбошчи бўлсин деб, Абсаломга мой суртиб шоҳ қилган эдик, лекин у жангда ўлди. Шундай экан, Довуддан илтимос қилайлик, қайтиб келсин, бизнинг шоҳимиз бўлсин.
11 Шоҳ Довуд руҳонийлар Зодўх билан Абуатарга қуйидагича хабар жўнатди:
— Яҳудо оқсоқолларига бориб айтинглар, шоҳ шундай демоқда: “Бутун Исроил халқи, шоҳни ўз хонадонига қайтариш керак, деяпти. Исроил халқининг гаплари менинг қулоғимга етиб келди. Нима учун сизлар лоқайдлик қиляпсизлар?
12 Сизлар қариндошларимсиз, жигарларимсиз! Нега сизлар шоҳни қайтариб олиб келишни орқага суряпсизлар?”
13 Эмосага ҳам шу гапни етказинглар: “Сен жигаримсан–ку! Сени ҳозирдан бошлаб Йўабнинг ўрнига умрбод лашкарбоши қилиб тайинлайман. Шундай қилмасам, Худо мени не кўйга солса солсин, ҳатто ундан баттарроғини қилсин!”
14 Шундай қилиб, Довуд жамики Яҳудо халқини тамоман ўзига мойил қилди. Ниҳоят, улар шоҳга: “Ҳамма одамларингизни эргаштириб орқага қайтинг!” деб хабар беришди.
15 Шоҳ орқага қайтиб, Иордан дарёси бўйига етиб келди. Яҳудо халқи: “Шоҳни кутиб олайлик, Иордан дарёсидан олиб ўтайлик”, деб Гилгалга келди.
16 Бенямин қабиласидан Гера ўғли Шимах ҳам шу ерда эди. У шоҳ Довудни кутиб олиш учун шошилганича Бохурим шаҳридан Яҳудо одамлари билан бирга дарё бўйига етиб келди.
17 Унинг ёнида Бенямин қабиласидан минг киши бор эди. Шоул хонадонининг хизматкори Зибах ҳам ўн беш ўғлини ва йигирмата қулини эргаштириб келди. Улар дарё бўйига тезда шоҳдан олдин етиб келишди.
18 “Шоҳ хонадонини дарёдан олиб ўтайлик, шоҳнинг ҳамма хоҳишини бажо келтирайлик”, деб улар хизмат қилишди.
Довуд Шимахни кечиради
Шоҳ Иордан дарёсини энди кечиб ўтмоқчи бўлиб турган эди, Шимах ўзини шоҳнинг оёқлари остига ташлади–да,
19 унга ёлворди:
— Шоҳ ҳазратлари гуноҳимдан ўтсинлар! Қуддусдан чиққан кунингизда мен қилган гуноҳни эсламасинлар, хаёлларига келтирмасинлар, шоҳ ҳазратлари!
20 Чунки мен, қулингиз, ўз гуноҳимни биламан. Мана, шоҳ ҳазратларини кутиб олиш учун бугун жамики Исроилдаги одамлардан биринчи бўлиб мен келдим.
21 Шунда Зеруя ўғли Абушай:
— Наҳотки Эгам мой суртиб танлаган шоҳни ҳақорат қилгани учун Шимах ўлдирилмаса?! — деди.
22 — Эй Зеруя ўғиллари! — деди Довуд. — Ким сизларнинг фикрингизни сўради? Менга ақл ўргатмоқчимисизлар? Шу топда Исроил шоҳи эканимни ўзим билмайманми? Исроилда шу бугун бирорта одамнинг қони тўкилмайди!
23 Сўнг Довуд Шимахга:
— Ўлмайсан! — деб онт ичди.
Довуднинг Мефибоситга меҳрибонлиги
24 Шоулнинг набираси Мефибосит ҳам шоҳни кутиб олишга борган эди. Шоҳ кетган кундан бошлаб соғ–саломат қайтгунигача, Мефибосит на оёқларини, на кийимларини ювган, на соқолини қирққан эди.
25 Мефибосит шоҳни кутиб олишга Қуддусдан келганда, Довуд ундан:
— Мефибосит, нимага мен билан кетмадинг? — деб сўради.
26 Мефибосит шундай жавоб берди:
— Эй шоҳ ҳазратлари, мен, қулингиз, чўлоқ бўлганим учун қулим Зибахга: “Эшакни эгарла, мен эшакка миниб шоҳ билан бирга кетаман”, деган эдим. Лекин у мени алдади,
27 шоҳ ҳазратларининг олдида мен, қулингизнинг юзини қора қилди. Аммо сиз, шоҳ ҳазратлари, Худонинг фариштасидайсиз. Сизга нима маъқул келса, шуни қилинг.
28 Отам хонадонининг ҳамма аъзолари шоҳ ҳазратларидан фақат ўлимни кутиб юрганларида, мен, қулингизга, сиз хонадонингиз аъзолари қаторида дастурхонингиздан таом ейиш имтиёзини бердингиз. Сиздан бундан ортиқ бир нарса сўрашга қандай ҳақим бор, эй шоҳим?!
29 — Ўзингнинг ишларинг тўғрисида гапиришингга ҳожат йўқ, — деди шоҳ. — Сенга ва Зибахга, ерларни бўлишиб олаверинглар, деб буюрган эдим–ку.
30 — Шоҳ ҳазратлари ниҳоят саройга соғ–саломат қайтиб келдилар, шунинг ўзи менга кифоя, — деди Мефибосит. — Энди ҳамма ерни Зибах олаверсин.
Довуднинг Борзулайга меҳрибонлиги
31 Гиладлик Борзулай ҳам шоҳга Иордан дарёсини кечиб ўтишида ёрдам бериб, уни кузатиб қўяй деб, Рўғолимдан келган эди.
32 Борзулай анча кексайиб қолган, саксон ёшда эди. У бой одам бўлиб, шоҳ Моханайимда истиқомат қилиб турган пайтда, шоҳнинг тирикчилигини таъминлаган эди.
33 Шоҳ Борзулайга:
— Мен билан юринг, энди Қуддусда мен сизнинг тирикчилигингизни таъминлайман, — деди.
34 Лекин Борзулай:
— Қанча умрим қолдики, сиз билан Қуддусга кетсам? — деди.
35 — Мен, қулингиз, ҳозир саксон ёшдаман. Бундан бу ёғига нима ёқади, нима ёқмайди — ажрата билмасам, еб–ичганимнинг таъмини сеза олмасам. Яна эркак–аёл қўшиқчиларнинг овозини фарқлай олмасам. Шундай экан, нимага шоҳ ҳазратларига яна юк бўлайин?
36 Мен, қулингиз, Иордан дарёсини шоҳ билан бирга кечиб, сизга бир оз ҳамроҳ бўламан, холос. Шоҳ нима учун менга шу қадар илтифот қилиши керак?
37 Ижозат берсангиз, мен орқамга қайтайин, ўз шаҳримда жон бериб, ота–онамнинг хилхонасига дафн қилинайин. Лекин мана қулингиз Химхон шу ерда, у сиз билан нариги қирғоққа ўтсин. Унга нимани маъқул кўрсангиз, шуни қиларсиз.
38 — Химхон мен билан нариги қирғоққа кечиб ўтади, — деди шоҳ. — Сиз унга нимани маъқул кўрсангиз, у учун шуни бажо келтираман. Ўзингиз учун нима истайсиз? Айтинг, бажо қилайин.
39 Шундан сўнг шоҳ билан барча одамлар Иордан дарёсини кечиб ўтдилар. Шоҳ Довуд Борзулайни ўпиб, дуо қилди. Борзулай ўз юртига қайтиб кетди.
Яҳудо ва Исроил халқи шоҳни талашишади
40 Шоҳ Гилгалга жўнади. Химхон ҳам у билан бирга кетди. Яҳудо одамларининг ҳаммаси ва Исроил одамларининг ярми шоҳни кузатиб бораётган эдилар.
41 Бир пайт жамики Исроил халқи шоҳнинг олдига бориб шундай дейишди:
— Нега биродарларимиз Яҳудо халқи сизни олиб қочиб, ўзингизни, хонадонингизни, одамларингизни Иордан дарёсининг бу томонига ҳам ўтказиб қўйишди?
42 Яҳудо халқи Исроил халқига шундай жавоб қайтаришди:
— Чунки шоҳ бизнинг яқинимиз. Нимага сизлар хафа бўляпсизлар? Шоҳнинг ейдиганидан бирор нарса едикми?! Ёки ўзимизга бирор нарса олдикми?
43 — Исроилда ўнта қабила бор, — деб жавоб берди Исроил халқи. — Шунинг учун Довудда сизлардан кўра, бизнинг ўн марта ҳақимиз бор. Шундай экан, нега бизни менсимайсизлар?! Шоҳимизни қайтариб келайлик, деб биринчи бўлиб биз айтмаганмидик?!
Яҳудо халқининг гапи Исроил халқиникидан кўра, қаттиқроқ бўлди.
Шебанинг исёни
1 Ўша пайтда Бенямин қабиласидан Шеба деган ярамас бир одам шу ерда — Гилгалда эди. У Бихри деганнинг ўғли эди. Шеба бурғу чалиб, шундай хитоб қилди:
“Эссай ўғли Довуднинг бизга ўтказиб қўйган жойи йўқ,
Бизнинг ҳам ундан қарзимиз йўқ!
Эй Исроил эрлари, ҳамма ўз уйига қайтсин!”
2 Шундан кейин жамики Исроил одамлари Довудни тарк этиб, Шебага эргашиб, кетиб қолишди. Яҳудо халқи эса ўзларининг шоҳига содиқ қолиб, Иордан дарёсидан Қуддусгача унга ҳамроҳ бўлишди.
3 Шоҳ Довуд Қуддусдаги саройига етиб боргач, саройга қараб туринглар деб, қолдириб кетган ўнта канизагини алоҳида уйда сақлашни буюрди. Довуд уларни боқди, лекин бирортаси билан бирга бўлмади. Канизаклар эса умрларининг охиригача назорат остида, бева хотинлар каби яшадилар.
4 Шундан кейин шоҳ Довуд ўз лашкарбошиси Эмосага:
— Уч кун ичида Яҳудо халқини ҳузуримга чақириб кел, ўзинг ҳам шу ерда бўл, — деди.
5 Эмоса Яҳудо халқини чақириб келишга кетди. Аммо белгиланган вақтда қайтиб келмади.
6 Шундан сўнг Довуд бошқа лашкарбошиси Абушайга деди:
— Энди Шеба бизга Абсаломдан ҳам оғирроқ кулфат келтиради. Менинг одамларимни олиб, Шебанинг орқасидан қувла. Акс ҳолда, у мустаҳкам шаҳарга ўрнашиб олиб, биздан яширинади.
7 Ўша заҳоти Абушай Шебани тутиб келиш учун Қуддусдан чиқди. У Йўабни ва унинг одамларини, Харетлик ва Палатлик қўриқчиларни, ҳамма ботир сипоҳларни ёнига олди.
8 Улар Гивондаги катта қоянинг ёнига етиб борганда, Эмосани учратиб қолдилар. Йўаб жанг кийимларини кийиб олган эди. Кийимининг устидан камар боғлаган, ханжарини қинига солиб, камарига осиб олган эди. У Эмосанинг олдига сўрашиш учун қадам ташлади–ю, яширинча ханжарини қинидан суғурди.
Йўаб Эмосага:
9 — Яхшимисан, иним? — деди–ю, гўё уни ўпмоқчи бўлиб, ўнг қўли билан Эмосанинг соқолидан ушлади.
10 Эмоса Йўабнинг нариги қўлида ханжар борлигини сезмай қолди. Йўаб ханжарини Эмосанинг қорнига тиқди, Эмосанинг ичак–човоғи ерга тўкилди. Иккинчи марта ханжар уришига ҳожат қолмади, Эмосанинг жони чиқиб бўлган эди.
Шундан кейин Йўаб билан акаси Абушай Шебани қувлашда давом этишди.
11 Йўабнинг одамларидан бири Эмосанинг жасади тепасида туриб:
— Йўабга ким содиқ бўлса, ким Довуд тарафида бўлса, Йўабнинг орқасидан борсин, — деди.
12 Эмосанинг жасади қонга беланиб йўлнинг ўртасида ётар, ҳар бир одам жасадга яқинлашганда, унинг тепасида тўхтаб қоларди. Йўабнинг гапирган ўша одами бу аҳволни кўриб, Эмосанинг жасадини судраб, йўл ёқасидаги далага олиб бориб ташлади, устига кийим ташлаб қўйди.
13 Жасад йўлдан олиб ташлангандан сўнг, ҳамма Шебани қувлаб, Йўабнинг ортидан кетди.
14 Шу орада Шеба Исроил қабилаларининг ҳамма ерларини босиб ўтиб, Овил–Байт–Махо шаҳрига етиб келди. Бихри уруғининг ҳаммаси Шебага эргашиб, шаҳарга кириб олишди.
15 Сўнг Йўаб ва унинг ҳамма одамлари Овил–Байт–Махога бордилар, ўша шаҳарни қамал қилиб, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдилар ва тепага чиқиб девортешар қурол билан деворни йиқита бошладилар.
16 Шу пайт бир доно аёл шаҳар ичкарисидан овоз берди:
— Эшитинглар! Қулоқ солинглар! Йўабни айтиб юборинглар, бу ёққа келсин, у билан гаплашмоқчиман.
17 Йўаб аёлга яқинроқ борди.
— Йўаб сизмисиз? — сўради аёл.
— Ҳа, менман, — деди Йўаб.
— Бу чўрингизнинг сўзларини эшитинг! — деди аёл.
— Қулоғим сенда, — деди Йўаб.
18 Аёл гапида давом этди:
— Қадимдан “Овил шаҳрида маслаҳат қилинглар” деган гап бўларди, шунга риоя қилиб, ҳамма ҳар қандай ишларини ҳал қилишарди.
19 Биз Исроилнинг тинчлигини истаган содиқ кишилармиз. Сиз эса Исроилда онадай бўлган шаҳарни вайрон қилмоқчисиз. Нимага Эгамнинг меросини йўқ қилиш сизга керак бўлиб қолди?
20 — Худо сақласин! — деди Йўаб, — вайрон қилмоқчи ёки бутунлай йўқ қилмоқчи эмасман.
21 Ҳечам ундай эмас. Эфрайим қирларидан Бихри ўғли Шеба деган одам шоҳ Довудга қарши исён кўтарган эди. Фақат ўшани берсангизлар бўлди, мен шаҳардан тинчгина кетаман.
— Унинг бошини девордан ошириб, сизга ташлашади, — деди аёл.
22 Сўнг аёл бутун шаҳар аҳлига ўзининг доно гапларини етказди. Шаҳар аҳли Шебанинг бошини кесиб, девордан ошириб Йўабга ташлади. Йўаб бурғусини чалди. Йўабнинг одамлари шаҳардан чиқиб, уйларига қайтиб кетишди. Йўаб ҳам Қуддусга — шоҳнинг ёнига жўнади.
Довуднинг аъёнлари
23 Йўаб бутун Исроил қўшинининг лашкарбошиси эди. Ёҳайидо ўғли Бинаё эса Харетлик ва Палатлик қўриқчиларнинг сардори эди.
24 Одонирам қароллар устидан масъул, Охилуд ўғли Ёҳушафат мушовир эди.
25 Шаво — котиб, Зодўх билан Абуатар — руҳоний,
26 Ёвирлик Эро ҳам Довуднинг руҳонийси эдилар.
Гивонликлар Шоул хонадонидан ўч олади
1 Довуд шоҳлиги пайтида уч йил муттасил очарчилик ҳукм сурди. Довуд Эгамиздан шу ҳақда сўраган эди, Эгамиз шундай жавоб берди: “Қон тўккан Шоул ва унинг хонадони бу очарчиликка сабабчи, чунки Шоул Гивонликларни қирган эди.”
2 Шундан сўнг шоҳ Гивонликларни чақиртириб келди ва улар билан гаплашди.
Гивонликлар Исроил қавмларидан бўлмай, Амор халқларининг қолган–қутгани эди. Исроил халқи Гивонликларга, сизларни тирик қолдирамиз, деб онт ичишган эди. Шунга қарамай, Шоул уларни қириб ташлашга ҳаракат қилган, чунки у бутун юртни Исроил ва Яҳудо халқи назорат қилишини истаганди.
3 Хуллас, Довуд:
— Сизлар учун нима қилай? — деб сўради Гивонликлардан. — Эгамнинг халқини дуо қилишингиз учун бу гуноҳни қандай ювсам бўлади?
4 Гивонликлар унга:
— Бизга Шоул ва унинг хонадонидан олтин ҳам, кумуш ҳам керак эмас, Исроил халқидан бирортасини ўлдириш ниятимиз ҳам йўқ, — деб жавоб беришди.
— Нима истасангиз, бажо қиламан, — деди Довуд.
5 Шундан сўнг Гивонликлар айтишди:
— Шоул бизни Исроил юртида яшамасин деб, қириб ташлашни ва бизни йўқотишни мақсад қилиб қўйган эди.
6 Шунинг учун Шоулнинг ўғилларидан еттитаси бизга берилсин. Биз уларни Гивонда, айнан Эгамиз танлаб олган Шоулнинг шаҳрида, Эгамизнинг ҳузурида ўлдирамиз. Жасадларини тик ўрнатилган ходанинг учига қоқамиз.
— Сизларга бераман уларни, — деди шоҳ.
7 Довуд Шоулнинг набираси — Йўнатаннинг ўғли Мефибоситга раҳм қилиб, уни Гивонликларга бермади. Довуд билан Йўнатан Эгамизнинг номини ўртага қўйиб бир–бирига қасамёд қилишган эди.
8 Шоулга Оё қизи Ризпа Орманах ва Мофибасет деган икки ўғил туғиб берган эди. Довуд Шоулнинг ўша иккала ўғлини олди. Шоулнинг қизи Мерав Махлалик Борзулай ўғли Одриёлдан бешта ўғил кўрган эди. Довуд ўша ўғилларнинг
9 ҳаммасини Гивонликларнинг қўлига берди. Гивонликлар еттовини тоғда — Эгамизнинг олдида ўлдириб, жасадларини тик ўрнатилган ходанинг учига қоқишди. Еттови ҳам бирга жон берган эди. Улар ўлдирилганда, ўрим–йиғим энди бошланган, арпа ўримининг илк кунлари эди.
10 Оё қизи Ризпа қанор олди ва жасадлар ёнидаги бир қирнинг тепасига бориб, қанорни ёйди. Ўрим пайти бошлангандан то жасадлар устига осмондан ёмғир ёққунга қадар, Ризпа ўша ерда қолди. Жасадларни кундузи осмонда учадиган қушлардан, кечалари ёввойи ҳайвонлардан қўриқлади.
11 Шоулнинг канизаги Оё қизи Ризпа қилган ишни Довудга етказишди.
12 Довуд Гиладдаги Ёбош халқининг олдига бориб, Шоул ва унинг ўғли Йўнатаннинг суякларини улардан олди. Филистлар Гилбова тоғида Шоулни ўлдирган куни унинг ва ўғлининг жасадларини Байт–Шан шаҳри майдонида деворга қоқиб қўйган эдилар. Гиладдаги Ёбош халқи эса икковининг жасадини яширинча у ердан олиб кетишган эди.
13 Довуд Шоул билан ўғли Йўнатаннинг суякларини у ердан олиб келгандан сўнг, ўлдирилган етти кишининг жасадларини ҳам олишди.
14 Шоул билан ўғли Йўнатаннинг суякларини Бенямин ҳудудидаги Зилага — отаси Кишнинг хилхонасига дафн қилишди. Шундай қилиб, шоҳнинг ҳамма фармонларини ижро этишди.
Шундан кейин Худо юрт учун қилинган илтижоларга жавоб берди.
Филистларга қарши уруш
15 Филистлар билан Исроил лашкари ўртасида яна уруш бошланди. Довуд одамлари билан Филистларга қарши урушга отланди. Аммо жанглар давомида Довуд жуда толиқиб қолди.
16 Филист жангчиларидан бири Йишбибанув Довудни ўлдирмоқчи бўлди. Йишбибанув Рафа халқидан эди. У қўлида учи 750 мисқол келадиган бронза найза кўтарган, белига эса янги қилич боғлаб олганди.
17 Зеруя ўғли Абушай Довудни ҳимоя қилиб, ўша Филистни мағлуб қилиб ўлдирди. Шундан кейин Довуднинг одамлари унга: “Энди сиз биз билан бирга урушга бормайсиз, токи Исроилнинг чироғи ўчиб қолмасин”, деб айтишди.
18 Шундан сўнг Гов шаҳрида Филистлар билан янгидан уруш бошланди. Хушалик Сибахай бу урушда Соф деган одамни ўлдирди. Соф Рафа халқидан эди.
19 Кўп ўтмай Исроил лашкари билан Филистлар ўртасида Говда яна уруш бўлди. Ёвир ўғли Элханон Гатлик Гўлиётнинг укасини ўлдирди. Элханон Байтлаҳмлик эди. Гўлиёт найзасининг сопи тўқувчининг дастгоҳи ходасидай келарди.
20 Сўнгра яна Гат шаҳрида уруш бўлди. У ерда ҳам Рафа халқидан девдай бир одам бор эди. Унинг қўл–оёқлари олти бармоқли эди, ҳаммаси бўлиб йигирма тўртта бармоғи бор эди.
21 Ўша одам Исроил лашкарини ҳақорат қилган эди, Йўнатан уни ўлдирди. Йўнатан Довуднинг акаси Шимонинг ўғли эди.
22 Довуд ва унинг одамлари томонидан ўлдирилган ўша тўрталаси ҳам Гатлик бўлиб, Рафа халқидан эди.
Довуднинг зафар қўшиғи
1 Эгамиз Довудни жамики душманлари ва Шоулнинг қўлидан озод қилган куни Довуд Эгамизга атаб шу қўшиқни айтди:
2 “Эгам суянган қоямдир, менинг қалъам, қутқарувчимдир.
3 Ҳа, Худодир менинг қоям, Унда паноҳ топаман.
Удир менинг қалқоним, қудратли нажоткорим,
Қўрғониму бошпанам.
Халоскорим, зулмдан мени Сен қутқарасан!
4 Эгамга илтижо қиламан,
Ғанимларимдан У мени халос қилади.
Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!
5 Ўлим тўлқинлари мени қуршаб олганди,
Бало–қазо селлари даҳшат ила босганди,
6 Ҳа, ўликлар диёрининг тўрлари мени ўраб олганди,
Ўлим ўз тузоғига мени асир қилганди.
7 Кулфатда қолганимда Эгамга илтижо қилдим,
Ҳа, Худойимга илтижо қилдим.
Маъбадидан туриб У овозимни эшитди,
Оҳу нолам қулоғига етиб борди.
8 Ўша замон ер юзи титраб, тебранди,
Осмон пойдевори ларзага келди,
Эгам ғоят ғазабга минган эди.
9 Бурнидан тутун буруқсаб чиқарди,
Оғзидан оташ пишқирарди,
Олдидан қип–қизил чўғ ёғиларди.
10 У кўкларни ёриб, пастга тушди,
Оёқлари остида — қора булут.
11 Эгам бир карубга миниб учиб келди,
Ел қанотлари узра кўринган эди.
12 Атрофини зулмат билан ўради,
Атрофидаги қора булутларни Ўзига чайла қилди.
13 Улкан нур Эгамнинг олдидан чиқди,
Қип–қизил чўғ ёғилиб турди.
14 Эгамнинг овози кўклардан гулдиради,
Худойи Таолонинг садоси эшитилди.
15 Ўқлар отди, чақмоқ чақтириб, ёвларини тирқиратди,
Уларни саросимага солди.
16 Эгамнинг таҳдидларидан,
Унинг қаҳрли нафасидан
Денгизнинг туби кўриниб қолди,
Замин пойдевори яланғоч бўлиб қолди.
17 Эгам юқоридан қўл узатиб, мени тутди,
Баҳайбат сувлардан мени чиқариб олди.
18 Мени кучли ғанимларим қўлидан,
Мендан нафратланган ёвларимдан қутқарди,
Улар мендан кучли эдилар.
19 Қора кунимда улар менга ҳамла қилдилар,
Аммо Эгам менга таянч бўлди.
20 Мени бехавотир жойга чиқариб қўйди,
Мендан мамнун бўлиб, нажот берди.
21 Эгам солиҳлигим учун мени мукофотлайди,
Айбсизлигим учун мени тақдирлайди.
22 Зеро, мен Эгамнинг йўлидан юрдим,
Ахлоқсизлик қилмадим,
Худойимдан юз ўгирмадим.
23 Унинг ҳамма қонун–қоидаларига риоя қилдим,
Фармонларидан бўйин товламадим.
24 Унинг олдида бенуқсон бўлдим,
Гуноҳ қилишдан ўзимни сақладим.
25 Шу сабабли Эгам мени пок деб билди,
Солиҳлигимга яраша мукофот берди.
26 Эй Эгам! Сенга содиқ бўлганга Сен содиқ бўласан,
Яхши инсондан яхшилигингни аямайсан.
27 Пок кишига поклигингни кўрсатасан,
Эгрининг айёрлигини ўз бошига соласан.
28 Аҳли камтарга эса нажот берасан,
Димоғдорни кузатиб, ерга урасан.
29 Эй Эгам! Сен Ўзинг чироғимсан,
Зулматни мен учун ёруғликка айлантирасан.
30 Эй Худойим! Сенга суяниб лашкарни йўқ қиламан,
Сенга суяниб деворлардан ошиб ўтаман.
31 Худонинг йўли комилдир,
Эгамизнинг каломи чин ҳақиқатдир,
Паноҳ излаб борганга У қалқондир.
32 Эгамиздан бошқа Худо ким экан?!
Худойимиздан бўлак суянчиқ Қоя бормикан?!
33 Менинг мустаҳкам қалъам Худодир,
Йўлимни Ўзи бехатар қилади.
34 У оёқларимни кийик оёғидай қилади,
Чўққилар узра мени бехатар юргизади.
35 Қўлларимни жанг қилишга ўргатади,
Бармоқларим бронза ёйни бука олади.
36 Эй Эгам, Сен менга зафар қалқонингни бергансан,
Мададинг эса мени юксалтиради.
37 Оёқларим учун йўлимни кенг қилгансан,
Оёқларим сира оғиб кетмайди.
38 Ғанимларимни қувлаб, ҳалок қилдим,
Уларни йўқ қилмай ортга қайтмадим.
39 Уларни шундай эздимки, ҳеч ҳам тура олмадилар.
Оёқларим остида чўзилиб қолдилар.
40 Сен менга қувват бериб, жангга юбординг,
Менга қарши отланган ёвни олдимда бош эгдирдинг.
41 Ғанимларимни мендан қочирдинг,
Мендан нафратланганларни мен йўқ қилдим.
42 Улар мадад сўраб фарёд қилдилар,
Нажоткорни эса тополмадилар,
Эй Эгам, ғанимларим Сенга ёлвордилар,
Аммо Сен жавоб бермадинг.
43 Ердаги тупроқ сингари уларни эздим,
Йўлдаги лойдек тепкилаб босдим.
44 Сен мени халқим ғийбатидан халос қилдинг,
Мени элларга йўлбошчи қилиш учун сақладинг.
Ўзим танимаган элат менга қарам бўлди.
45 Ёт эллар менга бўйин эгдилар,
Овозимни эшитибоқ қулоқ тутдилар.
46 Ёт эллар ҳолсизланиб йиқилдилар,
Қалтираб манзилидан чиқиб қочдилар.
47 Эгам барҳаётдир! Суянган Қоямга олқишлар бўлсин!
Нажотим қояси — Худойим юксалсин!
48 Қасдимни олган Худодир,
Халқларни менга У тобе қилган.
49 Мени ғанимларимдан У қутқарган,
Босқинчилардан мени устун қилган,
Мени зўравонлар қўлидан халос этган.
50 Шу боис, эй Эгам, халқлар ичра
Сенга ҳамдлар айтаман!
Сени куйлаб сано айтаман!
51 Эгамиз Ўз шоҳини улуғ зафарларга эриштиради,
Ўзи танлаган шоҳ Довуд ва унинг наслига
То абад содиқ севгисини кўрсатади.”
Довуднинг васияти
1 Эссай ўғли Довуднинг сўзлари.
Довудни Худо юксалтирган,
Ёқубнинг Худоси мой суртиб, шоҳ қилган уни,
Довуд Исроилнинг суюкли қўшиқчиси бўлган.
Довуднинг охирги сўзлари қуйидагилардир:
2 “Эгамнинг Руҳи мен орқали гапирди,
Тилимдан Унинг каломи тўкилди.
3 Исроил халқининг Худоси мен орқали сўзлади,
Исроилнинг ишонган Қояси менга шундай деб айтди:
«Инсонларни адолат билан бошқараётган,
Худодан қўрқиб шоҳлик қилаётган инсон
4 Бамисоли тонг шафағидир,
Мусаффо тонгда нур сочаётган қуёш кабидир,
Нурлари ёмғирдан сўнг тупроқда майса ундирар.»
5 Хонадоним Худо олдида шундай эмасми?!
Чунки У мен билан абадий бир аҳд тузган,
Бу аҳд ҳар томонлама ишончли, мустаҳкамдир.
Албатта ғолиб бўлишим учун, ҳар қандай тилагимга етишим учун,
У шак–шубҳасиз менга мадад беради.
6 Шаккоклар улоқтирилажак тикан кабидир,
Чунки уларни қўл билан ушлаб бўлмас.
7 Тикан йиғмоқчи бўлган киши
Темир асбоб ёки найзанинг сопидан фойдаланар.
Тиканларга ўт қўйиб, кулини кўкка совурар.”
Довуднинг “Уч қаҳрамон” ва “Ўттиз қаҳрамон” деган гуруҳларидаги баҳодир жангчилар
8 Довудга хизмат қилган баҳодир жангчиларнинг исмлари қуйидагича: биринчиси — Хахмўн уруғидан Ёшувам. У “Уч қаҳрамон”нинг сардори эди. У найзаси билан саккиз юз кишига ҳужум қилиб, ҳаммасини бир жангда ўлдирган эди.
9 “Уч қаҳрамон”дан иккинчиси Охўва уруғидан Дўдў ўғли Элазар эди. У жанг қилиш учун тўпланган Филистларни Довуд билан бирга мағлуб қилган эди. Исроил лашкари у пайтда чекинган эди.
10 Лекин Элазар жойида тураверди, чекинмади. Қўли толиқиб, увушиб қолгунча Филистларни ўлдирди. Ўша куни Эгамиз уни улуғ зафарга эриштирди. Сўнгра Исроил лашкари фақат ҳалок бўлганларни талон–тарож қилиш учун Элазарнинг орқасидан борди.
11 “Уч қаҳрамон”дан учинчиси Харорлик Агей ўғли Шаммох эди. Филистлар Лехидаги бир ясмиқзор ёнига йиғилиб келганда, Исроил лашкари уларнинг олдига тушиб қочишган эди.
12 Лекин Шаммох ясмиқзорнинг ўртасида туриб олиб, ўша ерни ҳимоя қилди ва Филистларни тор–мор қилди. Шу тариқа, Эгамиз уни ҳам улуғ зафарга эриштирди.
13 Ўрим–йиғим пайтида ўша учаласи (улар “Ўттиз қаҳрамон” гуруҳи таркибига кирар эдилар) Довуднинг ёнига — Адуллам ғорига кетдилар. Рафа водийсида Филистлар лашкари қароргоҳ қурган эди.
14 Бу пайтда Довуд ўзининг адирдаги қароргоҳида эди. Битта Филист қўнолғаси эса Байтлаҳмда жойлашган эди.
15 Довуд ҳасрат билан:
— Қанийди бирортаси Байтлаҳм дарвозасининг ёнидаги қудуқдан менга сув олиб келиб берса! — деди.
16 Ўша учта қаҳрамон Филистлар қароргоҳини ёриб ўтишди–да, Байтлаҳмдаги дарвозанинг ёнидаги қудуқдан сув тортиб, Довудга олиб келишди. Лекин Довуд сувни ичмай, ерга тўкиб, Эгамизга бағишлади.
17 — Эй Эгам! — деб хитоб қилди. — Бундай қилишдан мени Ўзинг асра! Шу йигитларнинг қонини ичайми? Ахир, улар жонини хавф–хатарга қўйиб, сув олиб келгани боришди–ку!
Шунинг учун ҳам Довуд сувни ичишни истамади. “Уч қаҳрамон” ана шундай жасурлик кўрсатишган эди.
18 Йўабнинг акаси Абушай “Ўттиз қаҳрамон”нинг сардори эди. Абушай найзаси билан уч юз кишини ўлдирди. Шу тариқа у “Уч қаҳрамон” сингари донг таратди.
19 У “Ўттиз қаҳрамон”дан ҳам машҳур эди, уларнинг йўлбошчиси бўлди. Лекин “Уч қаҳрамон”дан бири ҳисобланмасди.
20 Яна Кабзил шаҳридан Ёҳайидо ўғли Бинаё деган жасур бир жангчи бор эди. У ажойиб ишлар қилди, Мўаблик икки довюрак одамни ўлдирди. Қор ёққан кунда бир хандаққа тушиб, шерни ўлдирди.
21 Яна девдай бир Мисрликни ҳам ўлдирди. Мисрликнинг қўлида найзаси бор эди. Бинаё унинг устига таёқ билан бостириб борди. Найзани Мисрликнинг қўлидан тортиб олди–да, ўша найза билан уни ўлдирди.
22 Бинаёнинг қилган ишлари ана шулардир. Шу тариқа, Бинаё “Уч қаҳрамон” каби донг таратди.
23 У “Ўттиз қаҳрамон” орасида шуҳрат топди, лекин “Уч қаҳрамон”дан бири ҳисобланмасди. Довуд уни қўриқчилар сардори қилиб тайинлади.
24 Қуйидагилар ҳам “Ўттиз қаҳрамон”дан эдилар:
Йўабнинг укаси Осойил,
Байтлаҳм шаҳридан Дўдў ўғли Элханон,
25 Харўд шаҳридан Шаммох ва Элихо,
26 Палат шаҳридан Халез,
Тахува шаҳридан Ихеш ўғли Эро,
27 Онотўт шаҳридан Абуазар,
Хуша шаҳридан Сибахай,
28 Охўва уруғидан Залмон,
Натуфо шаҳридан Махрай,
29 Натуфо шаҳридан Банах ўғли Халед,
Бенямин наслидан Гиволик Рибай ўғли Этхай,
30 Пиратон шаҳридан Бинаё,
Гаш сойликларидан Хурай,
31 Байт–Араба шаҳридан Абуалвон,
Бохурим шаҳридан Озмобит,
32-33 Шалбим шаҳридан Элияхба,
Ёшоннинг ўғиллари,
Харор шаҳридан Шахей ўғли Йўнатан,
Харорлик Шорор ўғли Охиём,
34 Махо шаҳридан Ахазбай ўғли Элифалет,
Гилох шаҳридан Охитофел ўғли Элиём,
35 Кармил шаҳридан Хазро,
Оров шаҳридан Парай,
36 Зўво шаҳридан Натан ўғли Йихал,
Гад қабиласидан Баних,
37 Оммон халқидан Зилах,
Барўт шаҳридан Зеруя ўғли Йўабнинг қуролбардори Нахрай,
38 Йитар уруғидан Эро ва Горив,
39 Хет халқидан Уриё.
Ҳаммаси бўлиб ўттиз етти киши эди.
Довуд аҳолини рўйхат қилади
1 Исроил халқига Эгамиз яна ғазабини сочди. Эгамиз халққа зарар етказмоқчи бўлиб, аҳолини рўйхат қилишга Довудни мажбур этди: “Қани, Исроил ва Яҳудо халқини санаб чиқ”, деди.
2 Шоҳ ёнида турган лашкарбошиси Йўабга шундай буйруқ берди:
— Исроилнинг ҳамма қабилаларини — Дандан Бершебагача бўлган жойларни кезиб, халқни санаб чиқинглар, токи қанча аҳоли борлигини мен билайин.
3 Лекин Йўаб шундай деди:
— Эгангиз Худо халқнинг ҳозирги сонини юз карра кўпайтирсин, шоҳ ҳазратлари ҳам ўша кунларни кўрсин! Шоҳим нимага буни истаб қолдилар?
4 Лекин Йўаб ва лашкарбошиларнинг сўзидан шоҳнинг сўзи устун келди. Шундан сўнг улар шоҳнинг ҳузуридан чиқиб, Исроил халқини санаш учун кетишди.
5 Улар Иордан дарёсини кечиб ўтишди ва Арор шаҳри ёнида чодир қуриб, ўша ерда истиқомат қиладиган Исроил халқини санашди. Арор шаҳри сойликдан жанубда жойлашган эди. Кейин улар Гад қабиласининг ҳудудига бориб, Язир шаҳрининг аҳолисини санашди.
6 Сўнг Гилад ерларини босиб ўтиб, Тахтим–Ходши ерларига боришди. Сўнгра Данёнга, Данёндан эса Сидон атрофларига айланиб бориб, бу ернинг халқини санашди.
7 Яна Тир қалъасидаги, Хив ва Канъон халқларининг ҳамма шаҳарларидаги Исроил халқини санаб чиқишди. Ниҳоят, жанубга — Яҳудонинг Нагав чўлидаги Бершеба шаҳрига келишди.
8 Улар тўққиз ой ва йигирма кун юртни у бошидан бу бошигача айланиб чиққанларидан кейин Қуддусга қайтиб келишди.
9 Йўаб рўйхат натижасини шоҳга маълум қилди: Исроилда жанг қилишга қодир 800.000 одам, Яҳудода эса 500.000 одам бор экан.
10 Халқни санаб чиққандан сўнг Довуднинг виждони қийналди.
— Бу ишни қилиб оғир гуноҳга ботдим, ақлсизларча иш тутдим. Ўтинаман, эй Эгам, бу қулингнинг гуноҳини кечир, — деб илтижо қилди.
11 Эртасига эрталаб Довуд уйқудан тургач, Довуднинг хизматида бўлган валий — Гад пайғамбарга Эгамизнинг шу сўзлари аён бўлди:
12 “Бориб Довудга шу гапларни етказ: «Эгам шундай деб айтмоқда: Мен сенга учта жазони таклиф қиламан, шулардан биттасини танла, кейин сенга ўша жазони юбораман.»”
13 Гад Довуднинг ҳузурига бориб, учта жазони бирма–бир баён қилди:
— Юртингда уч йил очарчилик бўлсинми? Ёки сени таъқиб қиладиган ғанимларингдан уч ой қочиб юришни истайсанми? Ё бўлмаса, юртингда уч кун ўлат бўлсинми? Энди яхшилаб ўйла, мени Юборганга нима деб жавоб берайин?
14 — Мен жуда оғир аҳволда қолдим–ку, — деди Довуд Гадга. — Нима бўлса ҳам, одамзоднинг қўлига тушмайин. Майли, Эгамнинг Ўзи бизни жазоласин, чунки У ғоят раҳмдил.
15 Шундай қилиб, Эгамиз ўша куни эрталабдан белгиланган вақтгача Исроил юртига ўлат юборди. Бутун юрт бўйлаб — Дандан Бершебагача бўлган жойда 70.000 киши ўлди.
16 Эгамизнинг фариштаси, Қуддусни йўқ қиламан деб, қўл кўтарганда, Эгамиз раҳм қилиб, бало–қазо жўнатмайдиган бўлди. Халқни қираётган фариштага:
— Бўлди, бас! Етади! — деб амр берди.
Эгамизнинг фариштаси ўша пайтда Қуддусда — Ёбус халқидан бўлган Аравно деган одамнинг хирмонида эди.
17 Довуд халқни ўлдираётган фариштани кўргач, Эгамизга деди:
— Гуноҳ қилган менман, мен айбдорман! Қўйдай беозор бу инсонлар нима айб қилибди? Ғазабингни менга ва отам хонадонига соча қол!
18 Ўша куни Гад Довуднинг ҳузурига борди ва унга:
— Ёбус халқидан бўлган Аравнонинг хирмонига бориб, ўша ерда Эгамга атаб бир қурбонгоҳ қургин, — деди.
19 Довуд Гаднинг сўзига кириб, худди Эгамиз амр этганидай, хирмонга борди.
20 Аравно шоҳ билан аъёнларнинг ўзига томон келаётганини кўрди ва Довуднинг олдига бориб, ерга мук тушиб таъзим қилди.
21 — Шоҳ ҳазратлари нечун бу қулининг олдига ташриф буюрдилар? — деб сўради.
— Эгамга атаб бир қурбонгоҳ қуриш учун хирмонингни сендан сотиб олгани келдим, токи ўлат халқдан даф бўлсин, — деди Довуд.
22 — Шоҳ ҳазратлари нимани маъқул топсалар, Эгамизга ўшани назр қилсинлар, — деди Аравно. — Ана, куйдириладиган қурбонликлар учун ҳўкизлар, ўтин учун эса хўптир ва ҳўкизларнинг бўйинтуруқлари бор.
23 Эй шоҳим, буларнинг ҳаммасини сизга инъом этаман.
Кейин қўшиб қўйди:
— Эгангиз Худо сиздан рози бўлсин!
24 — Бўлмайди! — деди шоҳ. — Сендан бу нарсаларни ўз баҳосида сотиб оламан. Текин тушган қурбонликларни Эгам Худога куйдириб назр қилмайман.
Шундан сўнг Довуд хирмонни ва ҳўкизларни эллик кумуш тангага сотиб олди.
25 Довуд ўша ерда Эгамизга атаб қурбонгоҳ қуриб, куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини атади. Эгамиз эса Исроил юрти учун Довуднинг илтижоларига жавоб берди. Шундай қилиб, Исроилдан ўлат даф қилинди.