1 Тимўтий

1 Тимўтий

Дуойи салом

1 Нажоткоримиз Худонинг ва биз умид боғлаган Исо Масиҳнинг амрига кўра, Масиҳнинг ҳаворийси этиб тайинланган мен — Павлусдан

2 имондаги содиқ ўғлим Тимўтийга салом! Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сенга иноят, марҳамат ва тинчлик ато қилсин.

Сохта таълимотлардан эҳтиёт бўл

3 Мен Македонияга кетаётганимда, сенга тайинлаганимдай, Эфес шаҳрида қол. У ердаги баъзи кишилар сохта таълимотни ўргатаётган эканлар. Уларнинг бу қилмишларига барҳам бер.

4 Уларга, афсоналар ва шажаралар хусусидаги бемаъни баҳслар билан банд бўлманглар, деб буюр. Ахир, бундай баҳслар фақат жанжалларга сабаб бўлади. Одамлар Худонинг нажот режасини англашларига булар ёрдам бермайди. Зеро, инсон Худонинг нажотини имон орқалигина англаб олади.

5 Мен бу насиҳатим билан сизларда меҳр–муҳаббат уйғотмоқчиман. Меҳр–муҳаббат соф юракдан, тоза виждондан, холис имондан ҳосил бўлади.

6 Орангиздаги баъзи одамлар эса булардан юз ўгириб, аҳмоқона баҳсларга берилиб кетганлар.

7 Улар одамларга Худонинг қонунини ўргатишни орзу қиладилар, қонунга тиши ўтмаса–да, у ҳақда сўзлаб, ишонч билан гапирадилар.

8 Биз биламизки, қонундан Худо кўзлагандай фойдаланилса қонун яхшидир!

9 Худонинг қонуни солиҳлар учун эмас, балки қонунсизу итоатсизлар учун берилгани ҳаммамизга маълум. Дарҳақиқат, қонун бетавфиқу гуноҳкорлар, диёнатсизу худобезорилар, ота ёки онасини ўлдирганлар, қотиллар,

10 фаҳшбозлар, баччабозлар, одам савдоси билан шуғулланувчилар, ёлғончилару сохта гувоҳлик берувчилар, хуллас, соғлом таълимотга зид иш қилаётганларнинг ҳаммаси учун берилган.

11 Худо менга ишониб топширган бу ҳақиқат Хушхабарда баён қилинган. Муборак Худонинг улуғворлиги Хушхабарда аён этилган.

Павлус Худога шукрона айтади

12 Ишимни бажаришда менга куч–қувват берган Раббимиз Исо Масиҳга шукурлар айтаман. У мени ишончли деб билиб, Ўз хизматига олгани учун ғоятда миннатдорман.

13 Мен илгарилари Масиҳга қарши чиқар эдим, Унинг издошларини таъқиб этиб, уларга жабр–зулм қилардим. Бироқ, шуларга қарамай, Худо менга раҳм қилди, ахир, мен Масиҳга ишонмаганим учун нима қилаётганимни ўзим ҳам билмасдим.

14 Раббимиз Исо Масиҳ менга чексиз иноят кўрсатди. Унинг Ўзи менга имон ато қилиб, меҳру оқибатни ўргатди.

15 “Исо Масиҳ гуноҳкорларни қутқариш учун дунёга келди” деган гап тўғри ва асослидир, ҳар жиҳатдан қабул қилинишга лойиқдир. Мен ўзим ўша гуноҳкорларнинг энг ашаддийси эдим!

16 Аммо Исо Масиҳ менга раҳм қилди. Менга ўхшаган ўтакетган гуноҳкорларга нисбатан У ниҳоятда сабрли эканини кўрсатди, токи бошқалар ҳам мендан ибрат олиб, Унга ишонсинлар, абадий ҳаётга эга бўлсинлар.

17 Мангу Шоҳга ҳамду санолар бўлсин! Ўлмас, кўринмас, ягона Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

18 Эй ўғлим Тимўтий, сен ҳақингда илгари айтилган башоратларга биноан сенга буюраман: ўша башоратларга таяниб, улуғ курашда жанг қилгин.

19 Имонингни маҳкам тут, виждонли бўл. Баъзи одамлар виждонини сотдилар, уларнинг имони ҳалокатга учраган кемадай барбод бўлди.

20 Хуманаёс ва Искандар шулар жумласидандир. Мен уларни шайтонга топширдим. Бу уларга сабоқ бўлиб, улар Худога ва Унинг азизларига қарши чиқишни бас қиладилар.

Дуо ва ибодатларга оид кўрсатмалар

1 Авваламбор, насиҳатим шуки, бутун инсоният учун илтижо қилинглар, тоат–ибодатда бўлиб, дуолар ўқинглар, шукроналар айтинглар.

2 Тақводор, обрў–эътиборли, осойишта, сокин ҳаёт кечиришимиз учун, ҳукмдорлару бошлиқлар учун ибодат қилинглар.

3 Бу хайрли иш бўлиб, нажоткоримиз Худога мақбулдир.

4 У ҳамма инсонларнинг нажот топишларини ва ҳақиқатни билиб олишларини истайди.

5 Зеро, ҳаммамизга маълумки,

Худо ягонадир,

Худо билан инсонлар орасидаги

Воситачи ҳам ягонадир.

Бу Воситачи Исо Масиҳдир.

У Ўзи инсон эди

6 Ва бутун инсониятни қутқариш учун

Ўз жонини фидо қилди.

Шу орқали Худо Ўзи белгилаган пайтда нажот режасини аён этди.

7 Мен нажот ҳақидаги бу хабарни эълон қилувчи ҳаворий этиб тайинландим. Тўғрисини айтяпман, ёлғон гапираётганим йўқ! Ҳақиқатан ҳам, мен турли халқларга имон ва ҳақиқатни ўргатиш учун юборилганман.

8 Эркаклар ҳамма жойда қўлларини дуога очиб, чин қалбдан ибодат қилсинлар. Улар ғазаб ва низодан йироқ бўлсинлар.

9 Хотинлар соддагина, дид билан кийинсинлар. Улар сочига ортиқча оро бермай, олтин ва марварид тақинчоқлар ёки қимматбаҳо кийимлар билан эмас, балки ор–номус билан безансинлар.

10 Художўй хотинларга муносиб хайрли ишлар билан ўзларига зеб берсинлар.

11 Таълим берилаётганда, хотинлар сукут сақласин, муаллимнинг гапини икки қилмасин.

12 Хотин эркакка таълим беришига ва унинг устидан ўз ҳукмини ўтказишига рухсат бермайман. Хотин сокин табиатли бўлсин.

13 Ахир, олдин Момо Ҳаво эмас, балки Одам Ато яратилган–ку.

14 Одам Ато эмас, хотин шайтонга алданиб, гуноҳ қилди.

15 Ўшандан буён, хотинлар туққанда лаънат туфайли дарду азоб чекадиган бўлдилар. Бироқ шунга қарамай, агар улар камтару бамаъни бўлишса, Масиҳга бўлган имонда собит қолиб, меҳр–оқибатли бўлиб, тақводор ҳаёт кечиришса, нажот топадилар.

Жамоат етакчисининг хислатлари

1 “Имонлилар жамоатининг етакчиси бўлишга интилган инсон олижаноб ишни орзу қилган бўлади” деган гап тўғри ва асослидир.

2 Дарҳақиқат, бундай олижаноб вазифага тайинланадиган инсон яхши ном чиқарган бўлиши шарт. У ўз хотинига вафодор, мулоҳазали, вазмин, одобли, меҳмондўст, таълим беришга қобилиятли бўлсин.

3 У майхўр, жаҳлдор, жанжалкаш эмас, балки мулойим, пулпарастликдан йироқ,

4 хонадонини яхши бошқарадиган, фарзандлари унга бўйсуниб ҳурмат қиладиган бўлсин.

5 Агар етакчи ўз хонадонини бошқара олмаса, Худонинг жамоатига қандай ғамхўрлик қила олади?!

6 Эндигина имонга кирган одам етакчи бўлмасин, тағин керилиб, иблиснинг ҳалокатли чангалига тушиб қолмасин.

7 У жамоатга қарашли бўлмаган одамлар орасида ҳам ҳурмат–эътиборга эга бўлсин. Шунда у маломатга қолмайди, шайтоннинг тузоғига тушмайди.

Жамоат хизматчисининг хислатлари

8 Имонлилар жамоатининг хизматчилари ҳам ҳурматга сазовор, самимий инсонлар бўлишлари лозим. Улар майхўр ёки молпараст бўлмасинлар.

9 Худо бизга аён этган ҳақиқат бўйича яшаб, барча ишни виждонан бажарсинлар.

10 Улар аввал синовдан ўтиши керак. Агар камчиликсиз бўлсалар, хизматга тайинлансинлар.

11-12 Ҳар бир хизматчи ўз хотинига вафодор, фарзандларини ва хонадонини яхши бошқарадиган одам бўлиши шарт. Хизматчи аёллар ҳам ҳурматга сазовор бўлишлари лозим. Улар ғийбат қилмайдиган, майхўрликка берилмаган, ҳар нарсада ишончли бўлсинлар.

13 Жамоатдаги ўз хизматини яхши бажарганлар эл орасида таниладилар. Улар Исо Масиҳга бўлган имонда юксак жасоратга эга бўладилар.

Худо аён этган ҳақиқат

14-15 Мен яқин орада олдингга бораман деган умиддаман. Борди–ю, кечиксам, Худонинг хонадонида одамлар ўзларини қандай тутишлари кераклигини билишинг учун буларни сенга ёздим. Зеро, жамоат барҳаёт Худога тегишлидир, жамоат ҳақиқатнинг пойдевори ва устунидир.

16 Дарҳақиқат, Худо бизга аён этган ҳақиқат буюкдир. Асл художўйликнинг манбаи бўлмиш бу ҳақиқат қуйидагичадир:

Масиҳ ер юзига инсон бўлиб келди.

Янги, улуғвор ҳаёт учун ўликдан тирилиб,

Худонинг Ўғли деб тасдиқланди.

У зоҳир бўлди фаришталарга.

У ҳақдаги Хушхабар эълон этилди халқларга,

Дунё бўйлаб одамлар Унга имон келтирди.

Улуғворликка бурканиб У самога юксалди.

Сохта устозларнинг ёлғон таълимоти фош этилади

1 Худонинг Руҳи яққол айтяптики, охирги замонларда баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар ёлғончи руҳларга ва жинлар таълимотига қулоқ соладилар.

2 Бундай таълимотни тарқатган одамлар риёкор ва ёлғончидирлар. Уларнинг виждони ўлган, гўё қиздирилган темир билан куйдирилиб йўқ қилинган.

3 Улар уйланишни ва эрга тегишни ман этадилар, маълум овқатларни тақиқлайдилар. Ҳолбуки, бу овқатларни Худо берган. Ҳақиқатни билиб олган имонлилар Унга шукрона айтиб, ейишлари учун яратган.

4 Чунки Худо яратган ҳар бир нарса яхшидир. Биз ҳеч бир таомни тақиқламай, шукрона айтиб, ҳаммасини ейишимиз лозим.

5 Биз овқатимиз учун Худога шукурлар айтганимизда, Худо барча озуқани ҳалол деб эълон қилганини эътироф этган бўламиз.

Исо Масиҳнинг содиқ хизматкори бўлгин

6 Сен бу насиҳатларимни биродарларингга ўргатсанг, Исо Масиҳнинг лаёқатли хизматкори бўласан. Ўзинг риоя қилаётган соғлом таълимотни ва имонимизнинг ақидаларини ўзлаштириб, руҳан озиқланиб борасан.

7 Сафсатабоз кампирларга хос бемаъни афсоналардан юз ўгир. Художўй бўлишга астойдил ҳаракат қил.

8 Ахир, шундай бир мақол бор–ку: “Жисмоний машқ тана учун фойда берар, художўйлик эса ҳар томонлама фойда келтирар, у дунёю бу дунёда ҳаёт бахш этар.”

9 Бу гап тўғри ва асослидир, у ҳар жиҳатдан қабул қилинишга лойиқдир.

10 Одамлар абадий ҳаётга эга бўлишлари учун биз жон–жаҳдимиз билан хизмат қиляпмиз. Барҳаёт Худога умид боғлаганмиз. У барча инсонларнинг, айниқса имонлиларнинг Нажоткоридир.

11 Сен биродарларга таълим бергин, бу ўгитларга риоя қилишларини уларга ўргатгин.

12 Ёшсан деб, ҳеч ким сени камситмасин. Аксинча, ҳамманинг ҳурматини қозониш учун сен сўзда, юриш–туришда, меҳр–оқибатда, имонда ва ахлоқда имонлиларга ўрнак бўлгин.

13 Мен олдингга боргунимча жамоатда Муқаддас битикларни овоз чиқариб ўқишга, насиҳат ва таълим беришга вақтингни бағишла.

14 Ўзингга берилган инъомга эътиборли бўл, уни ишга сол. Ахир, сен бу инъомингни айтилган башоратлар ва оқсоқоллар устингга қўл қўйиб қилган дуолари натижасида олгансан.

15 Айтганларимнинг ҳаммасини амалда қўлла. Ўзингни бу вазифага сидқидилдан бағишла, шунда сен Худонинг йўлида шахдам қадам билан, илдамлаб бораётганингни ҳамма кўради.

16 Ҳаёт тарзингга, нималар ўргатаётганингга эътибор қил. Бу фаолиятингни астойдил давом эттир, шундай қилсанг, ўзингни ҳам, тингловчиларингни ҳам қутқарасан.

Имонлилар жамоатидаги муносабатларга оид кўрсатмалар

Ёшу қариялар

1 Ёши катта одамга қаттиқ гапирма, уни отанг ўрнида кўриб, ҳурмат билан насиҳат қил. Ёшларга укаларингдек,

2 кампирларга оналарингдек муносабатда бўл. Ёш аёлларни сингилларинг ўрнида кўриб, уларга покдиллик билан насиҳат қил.

Бевалар

3 Суянчиғи йўқ бева хотинларга ғамхўрлик қил.

4 Агар беванинг болалари ёки набиралари бор бўлса, улар, энг аввало, ўз оиласи олдидаги, Худо буюрган фарзни адо этиб, фарзандлик бурчини бажарсинлар, чунки бу Худога мақбулдир.

5 Ёлғиз қолган, суянчиғи йўқ бева хотин бутун умидини Худога боғлаб, кечаю кундуз тоат–ибодат қилади.

6 Аммо кайф–сафога берилиб кетган бева хотин руҳан ўликдир.

7 Беваларга ва уларнинг оила аъзоларига буларни ўргат, токи улар маломатга қолмасинлар.

8 Зеро, ўз қариндошларига, хусусан, оила аъзоларига ғамхўрлик қилмаган киши имонни инкор этган бўлади. У имонсиздан ҳам баттардир.

9 Туллар рўйхатига фақатгина олтмиш ёшдан ошган, марҳум эрига вафодор бўлган бева аёлларни кирит.

10 Бу аёллар қилган эзгу ишлари билан танилган, яъни болаларига яхши тарбия берган, мусофирларга меҳмондўст бўлган, Худо азизларининг оёқларини ювган, қийналганларга ёрдам берган, ўзларини турли хил хайрли ишларга бағишлаган бўлишлари лозим.

11-12 Бева қолган ёшроқ хотинларни рўйхатга киритма. Чунки уларнинг эҳтироси жунбишга келганда, эрга тегишни истаб қоладилар. Шунда улар эрга тегмаслик ҳақидаги Масиҳга берган ваъдасини бузиб, одамлар орасида ёмон отли бўлиб қоладилар.

13 Бундан ташқари, улар бошқа бир хатарга йўлиқадилар: ялқовликка берилиб, уйма–уй юришга ўрганиб қоладилар. Шуниси етмагандай, ғийбат қилишга, бошқаларнинг ишига бурун суқиб, лозим бўлмаган нарсаларни гапиришга одатланадилар.

14 Шу сабабларга кўра, мен ёш беваларнинг эрга тегишини истардим. Улар бола туғиб, рўзғор ишлари билан машғул бўлсинлар, ғанимларимизнинг ёмон гапиришларига имкон яратиб бермасинлар.

15 Чунки шундоқ ҳам баъзи беваларимиз тўғри йўлдан озиб, шайтон йўлига кириб кетдилар.

16 Агар бирорта имонли аёлнинг бева қолган қариндошлари бўлса, уларга ўзи ёрдам берсин, бу вазифани имонлилар жамоатига юкламасин. Шунда суянчиғи йўқ бева хотинларга жамоат яхшироқ ёрдам бера олади.

Жамоат оқсоқоллари

17 Имонлилар жамоатини яхши бошқараётган, хусусан, астойдил ваъз айтиб, таълим бераётган оқсоқоллар ҳурматга сазовордирлар, улар қилган меҳнатларига яраша тақдирлансинлар.

18 Зеро, Муқаддас битикларда: “Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг” ва “Меҳнаткаш иш ҳақини олишга муносибдир”, — дейилган.

19 Икки ёки уч гувоҳ бўлмаса, ҳеч бир оқсоқолга қўйилган айбни қабул қилма.

20 Гуноҳ қилиб юрган оқсоқолларни эса ҳамманинг олдида фош қилиб, тавбага чақир, токи бошқаларнинг ҳам дилига қўрқув кирсин.

21 Худо, Исо Масиҳ ва танланган фаришталар ҳузурида сенга қатъий буюраман: ҳеч бир ишда юз–хотирчилик ва тарафкашлик қилмай, бу кўрсатмаларимга риоя қил.

22 Бирор одамни жамоат оқсоқоли вазифасига тайинлашга шошилма, тағин бировнинг гуноҳларига шерик бўлиб қолма. Ўзингни пок сақла.

23 Лекин сув ичиш билан чекланиб қолмай, озгинадан шароб ҳам ичиб тур. Бу ошқозонингга яхши таъсир қилиб, тез–тез юз бераётган касалликларингнинг олдини олади.

24 Баъзи одамларнинг гуноҳлари ҳозирдан очиқ–ошкор бўлиб, ҳатто қиёмат кунидан олдин фош бўлмоқда. Бошқаларнинг гуноҳлари эса охиратда маълум бўлади.

25 Шунингдек, қилинган хайрли ишлар ҳам ошкордир. Баъзилари ошкор бўлмаса–да, барибир пинҳон қолмайди.

Хўжайинлар ва қуллар

1 Қуллик бўйинтуруғи остида бўлганлар ўз хўжайинларини камоли эҳтиромга лойиқ ҳисобласинлар. Токи, ҳеч ким Худонинг номини ва таълимотини ҳақоратламасин.

2 Хўжайинлари имонли бўлган қуллар, “бир–биримизга биродармиз”, деб хўжайинларига ҳурматсизлик қилмасинлар. Аксинча, янада кўпроқ тиришиб, уларга хизмат этсинлар. Чунки азиз биродарлари бўлмиш хўжайинлари ўз қулларининг фаровонлигини кўзлаб, нонини бут қиляптилар.

Ана шу барча кўрсатмаларим ҳақида таълим бериб, насиҳат қил.

Сохта устозларнинг асл қиёфаси

3 Агар ким бегона таълимотни ёйса ва Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳақиқий каломига қарши чиқиб, художўйликка чорловчи таълимотимизни рад этса,

4 у босар–тусарини билмай қолган нодондир. Бундай одам бирор масала борасида талашиш ва икир–чикир гаплар ҳақида баҳслашиш касалига йўлиққан, унинг ғаламисона гаплари ҳасад, жанжал, туҳмат, тубан гумонлар

5 ва тўполонларга сабаб бўлади. Фикри бузуқ бундай одамлар ҳақиқатдан маҳрумдирлар. Улар сохта художўйлигини фойда манбаи деб биладилар.

6 Тўғри, художўйликдан фойда катта, қачонки биз бори билан қаноатлансак.

7 Ахир, биз бу дунёга ҳеч нарса олиб келмадик ва ундан ҳеч нарса олиб кета олмаймиз.

8 Қорнимиз тўқ, устимиз бут бўлса, шулар билан қаноат қилайлик.

9 Бойликка ўч бўлганлар эса васваса тузоғига тушадилар, улар кўп бемаъни ва зарарли ҳавасларга берилиб, ҳалокат гирдобига ғарқ бўладилар.

10 Пулпарастлик ҳар қандай ёмонликнинг негизидир. Мана, баъзилар бойлик кетидан қувиб, имондан қайтиб кетдилар ва ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар.

Тимўтийга сўнгги буйруқлар

11 Эй Худонинг қули Тимўтий, сен эса ўзингни бу иллатлардан олиб қоч. Солиҳлик, художўйлик, имон, севги, сабр–тоқат ва мулойимликнинг пайида бўл.

12 Абадий ҳаётга эришиш мақсадида, имон учун бўладиган улуғ курашда жанг қил. Ахир, Худо сени абадий ҳаётга даъват этган. Сен бу ҳаётга эга бўлиш учун кўп гувоҳлар олдида Исо Масиҳга бўлган имонингни мардларча тан олгансан.

13 Пўнтий Пилат қошида ҳақиқатни мардларча тан олган Исо Масиҳ ҳузурида ва бутун борлиққа ҳаёт бағишлаган Худо ҳузурида сенга буюраман:

14 зиммангдаги хизматингни ҳалоллик билан бажар. Раббимиз Исо Масиҳ келадиган кунгача ўзингни гап тегмайдиган қилиб тут.

15 Ягона муборак Ҳоким бўлган Худо Ўзи белгилаган пайтда Исо Масиҳни юборади. Худо шоҳларнинг Шоҳи, ҳукмдорларнинг Ҳукмдоридир.

16 У ягона мангу Худодир. У яқинлашиб бўлмайдиган нурда яшайди, Уни ҳеч бир инсон кўрмаган ҳамда кўриши мумкин эмас. Абадий салтанат Соҳиби бўлган Худога шон–шарафлар бўлсин! Омин.

Бой биродарлар учун насиҳатлар

17 Бу дунёда бойлик топган биродарларга айт, мағрурланмасинлар, бевафо бойликка умид қилмасинлар. Аксинча, умидини Худога боғласинлар. Худо бизга ҳамма нарсани хурсанд бўлишимиз учун саховат билан беради.

18 Уларга буюр, яхшилик қилсинлар, хайрли ишларга бой, сахий, очиқ қўл бўлсинлар.

19 Шунда улар асл хазина тўплаб, келгуси дунё учун ўзларига мустаҳкам замин яратган бўладилар, ҳақиқий ҳаётга эришадилар.

Тимўтийга сўнгги панд–насиҳатлар

20 Эй Тимўтий, сенга ишониб топширилган Хушхабарни асрагин. Худодан узоқлаштирадиган қуруқ гаплару ҳақиқатга зид бўлган таълимотлардан қочгин. Баъзи одамлар адашиб, буларни “билим” деб атайдилар.

21 Бундай “билим”га таянган баъзилар ҳақ йўлдан оздилар.

Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин.